– Кел, сув ичириб қўяман, – у шундай деди-да, бир ҳовуч сувни хотинига тутди. Райҳонбиби кичкина қўллари билан эрининг катта ҳовучи остидан тутиб, сув ича бошлади. Шу пайт куёв шивирлаб, келиннинг қулоғига нимадир деди. Уялиб кетган келинчак ҳовучидаги сувни йигитга сепиб юборди. Куёв ҳам “ўч” олди. Келинчакнинг кўйлаги чиппа хўл бўлиб, баданига ёпишди. Шу пайт Турсунбойнинг кўзи йўлни чангитиб шу томонга келаётган “виллис”га тушди.
Яқин келиб, ғийқиллаб тўхтаган машинадан раис тушди.
– Ҳа, Турсунбой, ҳамма далада, йиғим-терим қизғин, сенлар ҳали ҳам йўлда юрибсанлар. Бўл иккаланг ҳам, чаққон-чаққон қимирланглар! Одамлар тарозуни кутиб қолди.
Шу тобда унинг кўзи ҳўл кўйлак баданига ёпишган келинга тушди, бошдан оёқ еб қўйгудек ғаразли қараш қилди. Уялиб кетган Райҳонбиби эрининг орқасига ўтди. Ва шунинг баробарида юраги недир нохуш ғижимлади. Кўнгли хира бўлган аёл эрига эргашди.
Раис машинага ўтириб, бу иккаласини чангга ботириб жўнаб кетди. Тез орада янги келиннинг чевар теримчи эканлиги маълум бўлиб қолди. Барча теримчилар пахтасини бир хирмонга тўкса-да, илғор пахтакорлар учун рақамланган алоҳида қанорлар ажратилган, айниқса, Райҳонбибининг қанори ҳамманикидан тезроқ баландлар, ҳалиги бечора қиз ҳам ўзини бундан кам эмаслигини исбот қилмоқчидай жон-жаҳди билан терарди. Турсунбой пайдар-пай пахта ўлчаб олаётган бир пайтда, яна олисдан раиснинг машинаси кўринди.
– Э, ҳорманглар!
– Бор бўлинг, раис бова.
– Ҳа, Турсунбой, анча пахта териб қўйибсизлар-ку, а?
Раис жавоб ҳам кутмай, қанорлар томон юрар экан, уларнинг биридан бир сиқим пахта олиб сифатига қаради-да, дуруст, дуруст, ким терди буни, – деди.
– Келинингиз, – деди Турсунбой ғурур билан.
– Ие-ие, барака топсин, келин жуда чевар экан-ку! Бундай ёшларни қадрлаш керак. Эл-юртга танитиш керак! Мукофотлаш керак. Қани келинни чақир-чи, мундай бир яхши гаплар билан қўллаб-қувватлаб қўяйлик ҳозирча.
Райҳонбиби терган пахтани эгатдан кўтариб чиқиб, ўлчатиб, қанорга жойлаб юрган бола югуриб пахтазорга кириб кетди.
– Янга, сизни Турсунбой акам чақиряпти.
– Нима иши бор экан акангизни, айтмадими, укажон?
– Раис келди. Келинни чақириб келинглар деяпти.
Райҳонбиби истар-истамай белига боғланган этакни ечиб жўякка қўйгач, болага эргашди. Пахтазордан чиқиб келар экан, то тарозу бошига етгунча ўзига еб қўйгудай қадалиб турган ҳаром нигоҳни ҳис қилиб, кўнгли айниди.
– Ие, бу Жумагулнинг келини зўр теримчи экан-ку! Қани келинхон бир қўлингизни сиқиб, табриклаб қўяйлик!
Раиснинг узатилган қўли ҳавода қолди. Райҳонбиби қўлларини орқасига бекитди.
– Ие, шунақами? Ҳа майли, майли. Кўрамиз, кўрамиз.
Раиснинг “кўрамиз, кўрамиз”, деган сўзлари остида аёл недир таҳқирли таҳдидни ҳис қилиб, баттар юраги сиқилди.
Раис Турсунбойга яқин келди.
– Эртага кечқурун келинни колхоз клубига олиб бор. Мажлис бўлади. Кейин илғор теримчиларни мукофотлаш маросими бўлади. Келинга ҳам мукофот берамиз. Албатта келинглар.
У кетаётиб жўяклардан пахта кўтариб чиқаётганларга далда берган бўлди:
– Э, баракалла, баракалла! Фақат яхши очилмаган пахтани терманглар, сифати паст пахтани район қабул қилмаяпти. Агар билиб қолсам, ҳаммангни жазолайман!
-- Тезроқ бўл, энди клубга борамиз,- деди Турсунбой дастурхон устидан косаларни йиғиштириб олаётган хотинига қараб.
-- Мен бормай қўяқолай, бўлажон... Аёл эрига илтижоли термулди.
--Сенга раис мукофот берамиз, деди-ку, сени фамилиянг ўқилганда мен чиқаманми?
-- Мукофоти керак эмас, боргим келмаяпти...
--Борақол, қизим, бир айланиб келасан... Келин бўлиб тушганингдан буён ҳеч қаерга чиққанинг йўқ, зерикиб ҳам кетгандирсан,- гапга қайнона аралашди.
Эри билан кириб келган Райҳонбиби қатор- қатор суянчиқсиз ўриндиқлар қўйилган, саҳнадаги минбар тепасида Сталиннинг баҳайбат сурати осилган клуб ичкарисига бегонасираб қаради ва беихтиёр бу маскандан орқа- ўнггига қарамасдан қочгиси келди.
Зал бир пасда тўлди. Сўзга чиқувчилар ҳам келиб минбар ёнидаги курсиларни эгалладилар. Раис ўринбосари чиқиб мажлисни очиқ деб эълон қилди ва сўзни колхоз раиси Бозорбой Болтабоевга берди.
– Ўртоқлар! Ҳурматли ишчи ва деҳқонлар! Пахта ва дон етиштириш мамлакатимиздаги энг долзарб масала. Қаранг