Умр тасбеҳи.
Кенжа ўғилнинг миясига ажойиб фикр келди ва тўрт акасига бирма-бир қўнғироқ қилиб чиқди.
- Эртага шанба куни кечга келинглар, ака, гап бор…
- Тинчликми? - ота уйидан узоқда яшаётган акаларнинг юраклари «шиғ» этди. - Отам, онам яхшиларми?
- Тинчлик. Ҳаммалари яхши, соғ-саломатлар. Фақат битта маслаҳатлик гап бор.
- Ундай бўлса яхши… Бўлди, борамиз.
Сўнгра у икки синглисига ҳам қўнғироқ қилди.
- Тинчликми? - деб сўрашди улар ҳам дарров. - Отам, онам яхшиларми?
- Шукур, иккаласи ҳам яхши.
- Унда нима гап, ака?
- Буни келганларингда айтаман.
Шундай дея телефонини ўчирган Савлатбек ўз ишидан ўзи қувониб, жилмайиб қўйди. Аммо бу ҳақда ота-онасига ҳеч нарса демади.
Эртаси куни у аёлига шўрва остирди. Кечга яқин, касб юзасидан палахмон тоши каби отилиб, юртнинг турли гўшаларида яшаб, эл-юрт хизматини қилаётган ака-укалар бутун оиласи билан, қўшни туман, қишлоқда яшаётган қизлар турмуш ўртоғи билан бирин-кетин кириб кела бошлашди. Улар кечаги қўнғироқдан сўнг қанчалик мавҳум ўй-хаёлларда бўлишса, уй тўрида бир жуфт мусичадеккина бўлиб ўтирган ота-оналарини кўриб, барча хавотирлари тарқалиб, ўзларини уларнинг бағрига отишди. Олиб келган совға-саломларини олдиларига қўйишди.
Бир зумда Давлатбек бобонинг уйи фарзандлари, келинлари, неваралари билан тўлиб кетди.
- Ота, меҳмонхонага ўтайлик. Бу ерга сиқилишиб қолдик-ку, - деди Савлатбек. - У ер ҳам тайёр, печка ёқтириб қўйибман.
- Майли, ўтсак ўта қолайлик. Неваралар сиқишмай қолишди.
- Ундай бўлса, бобоси, елкангизга чопонингизни ташлаб олинг. - Мамлакат момо бирдан ўрнидан қўзғалиб, чолининг чопонини узатди. Бобо икки қўлини аввал ерга, сўнгра тиззаларига тираб, секин ўрнидан қўзғалди. Катта ўғил ёрдам бермоқчи эди, рад этди.
- Ўзим… - шундай дея кулди. - Ҳали қариликни бўйнимга олганим йўқ. Укангга ҳам ёрдам беришга қўймайман. Лекин онанг уришади.
Давлатбек бобо баланд бўйли, кенг елкали, қадди тик одам эди. Бугун эса йиллар заҳмати ранг сочган соч-соқоли оппоқ, қаддини ҳам хиёл эгиб юради. Қариндош-уруғ, қўни-қўшниникига демаса, қишлоқ оралаб тўй-маъракага ҳам кўп чиқмайди. Мамлакат момо бўлса, кўҳликкина кампир. Тўлачадан келган бўлса-да суяги енгил, ҳаракатчан. Рўзғор ишидан аллақачон тинчиган бўлса-да, чолининг кир-чирини ҳалигача ўзи ювади, ташвишини ўзи қилади. Баъзан «Нима бўлса, кампир, орқамда қолгин-да… Сенсиз менинг бир куним ҳам ўтмайди» дея нолиш қилиб қоладиган бобойи иккаласи ўғил-қизлариникига меҳмонга боришни яхши кўришади. Болаларининг ҳаммаси йиғилса, ёш боладек севинишади, қувончлари ичларига сиғмай қолишади. Иккаласи ҳам болаларини йиғиб, неваралари билан қий-чув қилишиб, бир дастурхонда овқат ейишни ёқтиришади.
Ҳозир ҳам Давлатбек бобо билан Мамлакат момо меҳмонхона тўридан жой олди. Савлатбекнинг аёли Муниса келин бирдан уларнинг орқаларига иккитадан ёстиқ қўйди. Бобо билан момонинг икки ёнидан ўғиллари, куёвлари, сўнгра қизлар, келинлар, неваралар жойлашди. Ташқари совуқ эди. Ерда қор, осмон аёз – юлдузли. Аммо ичкарида, меҳр булоқларидан тафт олаётган хонада гурунг авжига чиқди. Бобо бирма-бир ўғилларининг ишлари, оиласи, невараларининг ўқишларини суриштирди. Кейин дабдурустдан сўради.
- Болаларим, бугун сизларни ўзи қайси шамол учирди, ҳаммаларинг бирдан бостириб келдинглар?
- Манави, Савлатбегингиз-да, одамни қўрқитиб, келинглар, гап бор, дейди... - Пойтахтда нозик жойда ишлайдиган катта ўғил бирдан укасидан ёзғирди.
- Ота, чиндан ҳам у одамнинг юрагини ёради, - деди қўшни қишлоқда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган катта сингил ҳам. - Кеча қўнғироқ қилиб, эртага кечга келинглар, акамларни ҳам чақирдим, гап бор, дейди.
- Бирдан кўз олдимга сиз билан онам келди-да, ота, - деди вилоят марказида банкда ишлайдиган иккинчи ўғил. - Ўзи ҳадемай Янги йил, барчамиз йиғилардик–ку.
Савлатбек қараса, ҳамма унинг қўнғироғидан қаттиқ хавотирга тушибди......
Давоми 11:30 да