Зарил бир ишим бор эди-да.
– Кираверинг-чи, – деди аёл истамайгина, ичкари томон юраркан, – мен ҳозир… уйғотаман.
Аммо ака аллақачон уйғоқ, даҳлизда газета варақлаб ўтирарди. Хотини унга қуртдек эшилиб яқинлашди:
– Вой, туринг. Анови қаламкаш укангиз Латифжон келди.
– Латифжон?! – деди эр сергакланиб, – эрталабдан нима қилиб юрибди экан.
Аёл зарда билан қўл силтади.
– Билмадим. Ўзидан сўрарсиз. Ана, келяпти. – У шундай деди-да, эри томон ўқрайиб тикилди. – Аммо лекин билиб қўйинг, қарз сўраб келган бўлса, бир тийин ҳам бермайсиз. Нима баҳона қилсангиз қилинг, мен билмайман.
– Хўп, асабийлашманг, – деди эр ўрнидан қўзғалар экан. – Ҳали ҳеч ким биздан пул сўрамади-ку.
– Сўрайди, мана кўрасиз, сўрайди. Авзойи жа-а бузуқ, бир балога йўлиққан у.
Даҳлиз эшигида Латиф кўринди.
– Ассалому алайкум, ака.
– Ваалайкум, Латифжон.
Акаси бўшашибгина унга пешвоз чиқди.
* * *
Ички ишлар идораси. Подполковник мундиридаги, юз-кўзидан қатъият ва жиддият ёғилиб турган аёлга Шербек Узоқов ҳисобот бермоқда.
– Манзура Ҳамидовна, дастлабки суриштирув ишларини якунладим.
– Хўш-ш?
– Ўша – дея гап бошлади изқувар олдидаги қоғозга кўз ташлаб-ташлаб, 210-уйнинг 45-хонадонида яшовчи аёл Муродова Амира ўша тун жазмани билан бўлган. Тўсатдан эри келиб қолган. Ўртада олишув бўлган. Оқибатда, аёл ўлдирилган, унинг жазмани пастга қулаган.
– Бунақа маълумотларни қаердан олдингиз?
– Сўраб-суриштирдим, Манзура Ҳамидовна. Ўша Амира деган аёл ҳалиги, пастга қулаган эркак билан анчадан бери алоқадор эканидан хабардор одамлар ҳам топила қолди. Улардан бири ўша тунда ҳалиги эркак…
– Ҳалиги эркакнинг шахси аниқланмадими? – дея дағал бир товушда сўради Манзура Ҳамидовна.
– Аниқланди, аниқланди, – деди Шербек шошилиб. – У, Мавлонов Абдуғани, шаҳарнинг Бешпанжа кўчасида, 17-уйда яшаган. Тайинли касби йўқ. Қиморбоз сифатида маҳалла куй яхшигина биларкан. Бундан ташқари бошқа қинғир ишлар билан шуғулланган. Мавлоновнинг фаолиятига оид менда яна бошқа муҳим маълумотлар бор. Манзура Ҳамидовна, рухсат берсангиз, у ҳақда кейин бафуржа гаплашсак.
– Яхши… биринчи масалага қайтинг.
Шербек бироз қоғоз титкилаб тургач, ҳисоботда давом этди.
– Хў-ўш… Ҳа, Абдуғанининг кириб кетганини кўрганлар бор, кейин… Соат тунги бирлар чамаси уй эгаси, яъни ўша аёлнинг эри таксида қайтиб келганини кўрган гувоҳлар бор.
– Об-бо, бу шоввоз қўшнилар-е, – деб кинояли кулди подполковник аёл, – ҳаммасидан хабардор-а. Балки қотиллик қандай юз берганини ҳам кузатиб туришгандир?
– Афсуски, бу ёғига ҳамма жим. Аммо суриштирув-текширув давом этаяпти, Манзура Ҳамидовна.
– Раҳмат, Шербекжон, яхши ишлабсиз, – деди подволковник аёл бироз чеҳраси ёришиб. – Хўш, ўзингиз шу воқеа юзасидан қандай фикрга келдингиз?
Изқувар йигит устма-уст томоқ қириб олди.
– Менимча… менимча, чиндан ҳам эри келиб қолган. У рашк, нафратдан ўзини тутолмай аввал хотинини пичоқлаган, сўнг эркакни пастга улоқтирган…
Подполковник Манзура Ҳамидовна шарақлаб кулиб юборди. Бу кулгуда озгина истеҳзо, озгина калондимоғлик ва яна озгина оқилалик силқиб турарди.
– Ҳали ёшсиз-да, Шербекжон, ҳали ёшсиз, – деди аёл ўзини кулгудан аранг тийиб, – кўпроқ ўз кайфиятингиздан келиб чиқиб фикрлайсиз.
Шербек Узоқов хижолатланди.
– Нега энди? Бу… бу ҳали тахмин.
– Ука, бу тахминингиз нотўғри, – деди Манзура Ҳамидовна, столни оҳиста чертганича кабинетнинг бир бурчагига маъюс тикилиб қоларкан. – Буни… буни менга аёллик юрагим айтиб турибди. – У узун тин олиб хўрсинди. – Отеллолар замони аллақачон ўтиб кетган, шекилли. Ҳозирги кунда рашк туфайли, севги туфайли бировни бўғизлаб қўядиган эркакни ҳеч тасаввур этолмаяпман.
Шербек бошлиқ аёлнинг кайфиятидан саросималаниб қолди.
Айни пайтда тунги воқеаларнинг яккаю ягона тирик гувоҳи, шаҳар чеккасидаги янги маҳаллада, ўз акаси Лазизжонга ҳамма-ҳаммасини бутун тафсилоти билан айтиб берарди.
– Мана шунақа гаплар, ака, – деди Латиф чуқур хўрсиниб, – кутилмаган балога йўлиқдим. Энди ҳаммаси менинг бўйнимга қўйилади, шекилли. Ҳойнаҳой, бутун милиция оёққа туриб мени излаб юришгандир.
Лазизжон асабий ўрнидан туриб, у ён-бу ён юра бошлади.
– Об-бо-о, ишкал бўпти-ку, а, об-бо…
–