Ўзбек аёли...
Тунги 12 да аранг судралиб, ётоқхонага кираркан, бугун дод деб бақиргиси келди.
Йўқ, дод сололмади. Қалбида болалигидан қон-қонига сингдирилган "нима деб ўйлашади", деган сўроқ янградию, дарди кўз ёш бўлиб тўкила бошлади.
Ҳаёти эса кўз ўнгидан кинолентадек, лип-лип ўта бошлади.
Эндигина 18 га кирганди. Орзулари бир жаҳон эди. Мактабда ўқитувчилари мақтовидан осмонларда учганлари-чи.
Қандай режалар қилганди-я... Ҳа, майли. Асосийси, яхши инсонга турмушга чиқди. Шундай бўлса-да, янги оилада анчагина қийналди.
Саҳардан супур-сидир, келди-кетди, уч маҳал овқат(баъзан икки қозонда, икки хил) — ҳаммаси уни ниҳоятда чарчатар. Камига, катта томорқадаги экин-тикин, чопиқ ишларига ҳам қарашиши керак эди.
Ҳеч бўлмаса, кечки овқатдан сўнг, идишларни ювиб, ошхонани тозалагач, бироз хонасида дам ололганда ҳам алам қилмасди. Йўқ, бундай қилса, қайнонасига ёқмасди. Бир-икки шундай ҳолат кузатилганда, қайнонаси ҳаммани ичида қаттиқ койиди: "Юзингиз йўқ экан, келин. Уялмайсизми эрта кунда ётоғингизга кириб олишга? Нима бизни ёқтирмаяпсизми? Ҳа, мундоқ оилага қўшилмайдими одам? Кеча қайнингиз кеч келди. Сиз ётоғингизга кириб олгансиз. Ўзим кечки овқатини иситиб келдим. Ё чақириб юришим керакмиди сизни? Ҳушёр бўлмайдими одам деган?"
Шу-шу, эртароқ кирса 11, бўлмаса тунги 12-1 гача ётоғига кирмай ўтирадиган бўлди.
Орзулари кўмилди, мақсадлари унутилди. Кетма-кет туғилган фарзандлари эса кўмилган орзуларига қуйилган сувдай, уларни яна яшнатиб юборди.
Барча билганларимни уларга ўргатаман, деди ўзича. Мен қилолмаган ишларни улар амалга оширсин — ният қилди у.
Мен уй ишларини қилиб, фарзандларимни қўллаб-қувватлаш учун яралган эканман-да — ишонтирди ўзини.
Бироқ, болалари билан бошлаган дарслари ҳам ҳеч кимга ёқмади.
Инглиз тилидан биргаликда шуғулланиш учун болалари билан саҳар вақтини белгилашганди. Бомдоддан кейин бемалол дарс қиламиз, деб ўйлашганди.
Йўқ. "Кап-катта қизини олиб, китоб титкилаб ўтирганини-чи буни — жавради бир куни қайнонаси, дарс қилишни бошлашганига бир ҳафта бўлганида, — бу нима деган гап, а? Эртага қизиям ўзига ўхшаб, эпсиз бўлади. Кўча супур уни ўрнига, ҳовлига сув сеп"
— Буви, ахир кеча кечки пайт супурдик-ку ҳамма жойни. Топ-тоза турибди, қаранг — деди набираси ялинган оҳангда.
— Супурган бўлсанг, яна супур. Гап қайтарма. Қиз бола "хўп" дейишни билиши керак. Битта аълочи онангмиди? Қара ана аҳволини. На олим бўлмади, на уй ишини қойиллатиб бажаролмайди. Шу ниятда ўғил ўстирганмидим? Ана, телевизорда кўрсатилаётган келинларни кўр. Пиширган нарсаларини қара. Ҳавасинг келади-я, ҳавасинг келади. Аянгга айтсам, шумшаяди. Ўзи икки хилдан таом тайёрлаб, қийналаётган эмишлар. Ўргилдим. Ҳа масаллиқ бўлса, маза қилиб ўн хил таом пишириб ташламайдими. Ана, қўшни келин, меҳнат қилиб, масаллиғиниям ўзи сотволяпти, ношукр. Йиғиштир, китоб-митобингни. Бугун-эрта каникулинг бошлансин. Ўзим сени яхши пишириқ курсига олиб бораман. Ўқиб олим бўлмайсан, барибир. Эркак кишига пазанда аёл ёқади...
Эҳҳ, қачон дарс қиламан деса, қайнонаси нимадир сабаб топиб, дарсни тўхтатарди. Мана энди шу қизгинасига совчилар келяпти. Ўқитувчилари бир неча марта қўнғироқ қилиб, қизингизда иқтидор бор, ўқитинг, деб айтди.
Ўғли эса томорқа ишлари, мол-қўй билан катта бўлди. Иш кўпайса, мактабга юборишмасди. Ҳалиям кечмас, ўқимаса ҳам, ҳеч бўлмаса, бирор ҳунар ўргансин, деса, дадасидан ўтиб қаёққа борарди, мактабни тугатиб олсин, буниям Россияга чақиради дадаси, айтамиз, дейишди.
Эри ҳар икки-уч йилда бир келиб-кетиб, болаларини энг ширин дамларини ҳам кўролмади. Топганига қайнисига уй солиб, чиқаришди. Қайнсинглисини узатишди. Ҳовлини у ер-бу ерини ўзгартирган бўлишди. Набира-ўғилларни тўй қилишди. Қизларга сеп йиғишди.
Шундай қилиб, 22 йил умри ўтибди-я. Ахир дунёга шунинг учун келганмиди. Сеп йиғиш, уй қуриш, тўй қилиш. Ҳеч бўлмаса, фарзандлари бошқачароқ яшагандаям, майли эди.
Давоми 10:30 да