УЧ ТУП БУҒДОЙ. (Воқеий ҳикоя)
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Ахийри, бир куни елкаларда сўнгги йўлдан ўтмоқ муқаррар. Ўша чўбин от ортида ҳамма бўзлаб қолди, фарзандлар, боғлар, эзгу ишлар, яхши номлар қолди, армон ва абадий соғинч қолди. Ёшини яшаган, ошини ошаган мўйсафид бободан, сочлари оппоқ момодан қоладигани ана шулар эди. Аммо ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ёшгина онаизор, эндигина ўғил-қизи атак-чечак бўлган ёшгина ота қазо қилса-чи? Тоғлар кўтаролмаган азалий мотам қаватида тоғлардай буюк муаммолар қоларкан… Водариғ!..
Ўттиз яшар қизини тупроққа қўйган Рисолат кампир етти букилиб қолди. Бандайи мўмин эканки, кўнди, кўнмай ҳам иложи қанча!? Ой ўтди, йил ўтди, куёви бош-учини йўқотган, иккала етимнинг кир-чири, ош-нони бор. Кампиршода буларнинг уддасидан чиқадиган куч-мадор қани?
Рисолат хола ўзи ҳаракатга тушди, кўрпа-тўшак қавиди, йиғлаб-сиқтаб юриб куёвини ўзи уйлантирди. Раҳматли қизидан қолган рўзғорни, қулф-калитни кундош-келиннинг қўлига берди.
– Етимларимни – сизга, сизни – Худога топширдим, – деб дуо қилди, хайрлашди.
Бир ҳафта ўтиб-ўтгани йўқ, кампир энди намозини ўқиб бўлувди, каллайи саҳарда эшик тақиллайверди. Чиқиб қараса, тўққиз яшар Тошпўлат, кўзлари жиққа ёш, ранг-рўйи, уст-боши бир аҳволда.
– Эна, жон эна, шу ерда сиз билан юраверай.
– Ие, отанг нима дейди? Энди онанг ҳам бор-ку, болам.
– Жон эна…
Рисолат хола бошига докасини ташлаб, набирасининг қўлидан етаклади ва изига қайтарди. Кароматнинг кундоши тил учида салом бериб, дурустроқ пеш келгани йўқ.
– Бола экан-да, қизим, бу ҳали новда, эгиб олса бўлади, аммо секин-аста, тез кирсангиз синиб қолади. Иннайкейин, сал эркароқ, раҳматли онаси… – кампирнинг оғзидаги-оғзидаги, бўғзидаги-бўғзида қолаверди.
– Қизингизни мен ўлдирибманми, а?
– Йўқ, унақамас, Худонинг буйруғи-да, жон болам, – мотамзада она қаҳрини ҳам, кўз ёшларини ҳам сиртига чиқаргани йўқ. – Етим боққанга жаннатнинг етти эшиги очиқ дейишади, шунинг учун…
Кампир кўп гапларни ўртага солди, ётиғи билан тушунтирди. Натижа шу бўлдики, бириси куни тонг чоғи қўйларга ҳашак солгани борса, Тошпўлат сомонхонада қунишиб ётибди, ўрнидан тура солиб, бувисининг этагига ёпишди:
– Жон эна, мени қувламанг…
Сал кунда етти яшар Лобарой ҳам йиғлаб кириб келди. Нима қилсин, ҳайдаб солсинми? Боз устига ҳафта ўтди, ойлар ўтдики, икки норасиданинг ортидан биров истаб келгани йўқ. Рисолат хола ҳам, унинг икки қиздан кейинги ёлғиз ўғли Жамолхон домла ҳам икковини қанотлари остига олишди.
Рост гап: етим юмалаб кунини кўраркан, бироқ кетганнинг келиши, кетмонланганнинг келмаслиги ҳам аниқ. Алқисса, тенгини топиб, аввалига Лобаройни узатдилар. Сўнгроқ Жамолхон домла яна жиян тўй қилди, Рисолат момо невара келин туширди, йил ўтгач, эвараси Элёрни бешикка белади. Бир оқшом ўғлига мунғайиб қаради:
– Тошнинг уйи йўқ-да, болам, битта ўғли ҳадемай иккита, кейин учта бўлади. Мендан сўнг…
– Манави ҳайҳотдай ҳовли-чи, ойи?
– Ахир, бу сеники-да, дадангдан қолган...
– Ие, – кулимсиради муаллим, – отамдан қолган бўлса, мендан қолмайдими? Уни мен қаёққаям кўтариб кетардим? Гап мундоқ, ойижон, менга ука туғиб бермовдингиз, шу Тошпўлат сизнинг ўғлингиз, менинг қиёматли укам-да.
Серфарзанд тоға отамерос ҳовлисини шартта иккига бўлди-да, тенг ярмисини жиянига хатлаб берди. Бугинамас, ўзи қозиқ қоқиб, ўзи режа тортди, ўғиллари лой қорди, Тошпўлат ёғоч-тош келтирди, сал кунда ғоз тўшидай оппоқ уй-даҳлиз битди, гўё қуёшга қараб кулиб турарди. Етимдан кўнгли тинган момо йиғлаб дуо қилди:
– Тупроқ олсангиз – олтин бўлсин, болаларим!
Дунё деганлари кўҳна чархпалак. Тошпўлатнинг қўли пул кўрди, машинали бўлди, сиртдан ўқиб, олий маълумот олди, тўйлар қилди. Жамолхон домла эса қартайди, уч ўғилдан лоақал бирортасига ҳарчанд уй-жой қилай дейдики, қурби етмайди. Бир куни жиян унинг эшигини тақиллатди.
– Юринг, тоға.
– Қаёққа?
– Ҳовли кўргани борамиз.