У кишига бир ўқитиб келаман, китоб ҳам кўрсатаман.” Шу таскин билан кўнгли бироз ёришган хола жойидан туриб, ўзининг хонасига кирди. Кечагина ўзи ёпган нонлардан иккитасини олиб, янги белбоққа ўради. Орасига қанд-қурс, пул қўйди.
Тушдан кейин уйғонган Нозигулни кўтарган қайнона-келин йўлга тушишди. Маҳалла бошида яшайдиган Зокир бобонинг аёли Ҳадия хола уларни хушмуомалалик билан қарши олиб, ичкарига бошлади. Мулла бобонинг пешин намозини ўқиб бўлишини бироз кутиб туришларига тўғри келди.
Зокир бобо мадраса кўрган, табибликдан ҳам хабари бор одам эди. Холбиби холанинг гапларини бўлмасдан тинглади. Нозигулни қўлига олиб, кўзларини бармоғи билан очиб, ичига қаради. Дуолар ўқиб,куф-суф қилди.
―Эртага яна бир бор келасизлар.... Мен китобларимни ўқиб, аниқ бир жавоб айтаман, ―деди Зокир бобо.
Ўша куни Нозигул анча тинч ухлади. Эртаси куни эрталаб, Ўктамжонни ишга кузатган қайнона-келин яна Зокир бобоникига йўл олишди. Бобо ҳовлисидаги супа устида тасбеҳ ўгириб ўтирган экан. Ҳадия хола уларни тўғри ўша ерга бошлади.
―Келинглар, ҳамсоялар. Мен китобларимни титкилаб,бир даволаш услубини топдим. ―Зокир бобо қўлидаги тасбеҳини ёнига қўйди. ―Бу бироз қийин, лекин ишончли, синалган услуб.
Нозигулни овутиб ўтирган Орзигул “ялт” этиб бобога қаради. Ўтган кунлар ичида жажжи қизининг тақдирини ўйлаб, сиқилиб кетган онанинг кўзларида умид пайдо бўлди.
―Айтинг, бобожон. Нима десангиз, ҳаммасини қиламан. Фақат қизим айбли бўлиб қолмаса бўлди, ―деди келинчак овози титраб. ―Кўзлари яна аввалгидек кўрса бўлди.
―Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. “Дардни берган шифосини ҳам беради,” ―дейдилар. Фақат сиз бу ишни ихлос ва ишонч билан қилишингиз керак бўлади. ―Зокир бобо қироат билан давом этди. ―Ҳар куни эрталаб қуёш чиқмасдан уйғонасиз. Таҳорат қилиб,аввал “Фотиҳа”, ”Ихлос”,”Нос”, сураларини, ”Оятул курси”ни ўқийсиз. Биласизми, бу сураларни?
―Фақат “Оятул курси”ни билмайди. Қолганларини билади. Келинимнинг зеҳни яхши. Бир кундаёқ ёдлайди, насиб бўлса. ―Холбиби хола саволга жавоб бераркан, сўради. ―Кейин нима қилиши керак?
―Бозордан икки килоча жийда сотиб оласизлар. Келинингиз мен айтган сураларни ўқиб бўлгач, ҳар куни икки сиқим жийдани ейди. Кейин эса қизчасининг кўзларини ялаб, тупуриб ташлайди. Буни қирқ кун давомида тонг пайтида қуёш чиқмасдан олдин қилиш керак бўлади.
―Ия, бу гапингиз қизиқ бўлди-ку. ―Холбиби хола ўтирган жойидан туриб кетди. ―Кўзини ялайди? Қандай қилиб?
―Қандай қилиб бўларди? Жийдани еганидан кейин келиннинг тилида жийданинг караши нима десам экан,жийданинг кичик қириб ташловчи бўлаклари қолади. Ўша билан кўз қорачиғи яланса, пайдо бўлган гул ҳам қириб олиб ташланади. Қизча ҳали жуда ёш,бу ишни ҳозир қилиш мумкин. Бир йилдан кейин эса кеч бўлади. Яъни, қорачиқларда гул чуқур ўрнашиб олмасдан улгуриш керак.
Орзигул Зокир бобога қараб бир зум ўйланиб қолди. Кейин худди уйқудан уйғонгандай бир сесканиб, қўлидаги қизчасини бағрига маҳкамроқ босди.
―Розиман, бобожон. Ҳаммасини айтганингиздек қиламан. Қизим шифо топса, бўлди. бўлса,ҳаммасини қиламан.
― Ҳа, кейин яна бир гапни айтай. Кеча қизчангизнинг тақдиридан китоб кўрдим. Қизчангиз албатта тузалиб кетади. Улғайгач,ақлли, ўқимишли, бахтли инсон бўлади. Зокир бобо шу сўзларни айтиб, қўлларини дуога очди. ―Қани, илоҳо омин! Яратганнинг ўзи мададкор бўлиб, Нозигулой тузалиб кетсин. Оллоҳу акбар.
Ўша куниёқ Холбиби хола бозорга бориб, жийда олиб келди. Аммо Зокир бобонинг сўзларини эшитган Ўктамжон “Қаёқдаги бесавод бобонинг гапига кириб, қизимнинг кўзи баттар бўлса-чи? Мен бунга йўл қўймайман”, ―деб туриб олди.
Ўғлининг бундай қаршилик кўрсатиши Холбиби холанинг жаҳлини чиқарди.
―Менга қара ҳой бола. Сен Зокир бобони саводсиз дема.У кишининг отаси,бобоси табиб ўтганидан, кўпгина одамларни даволашганидан хабарим бор. Қизингни кўзини операция қилишганидан кўра шу усул билан даво топгани яхши эмасми?―койинди хола.―Оллоҳга таваккал қилиб, ҳаммасини бобо айтганидай қилайлик-чи. Худо ҳоҳласа, қизинг тузалиб кетади.