Хабарчи...
Низомжон ажойиб йигит-да. Кўчада ким кўринса биринчи бўлиб салом беришга одатланган.Чолми, ёш болами, таниш-нотаниш, фарқи йўқ.
-Ассалому алайкум,-дейди қўлини кўксига қўйиб.
Бир оёғи оқсоқланиб қолгандан бери қишлоқдагилар унга «чўлоқ» деб лақаб қўйишган. Хафа бўлмайди, чўлоқни чўлоқ дейди-да.
- Ҳа, чўлоқ, судралиб қаерга йўл олдинг?- Каримбой «Нексия»ни тўхтатиб, сигнал босди.
- Кеча, Ялғош ота тушимга кирибди, шунга, у кишини кўриб келай деб чиққандим.
- Бекорчисан-да, санғиб юраверасан. Туш кўрганмиш. Бир коса текин шўрва ичишга боряпман, деб қўяқол.
Низомжон бир гапдан қолди.
-Менга қара, молхонамизни тозалаб бермайсанми, янги кўйлак олиб берардим.
-Ҳўкиздай икки ўғлингиз бўлса, шулар нима қилади?
-Тилинг чиқиб қолибдими? Ўғилларим ўқиши керак, сенга ўхшаган сатанг бўлишини истамайман.
-Вақтим йўқ,- Низомжоннинг энсаси қотди.
-Бўпти,- Каримбой газни босди. Тупроқ йўлни чанг қоплади. Низомжонни йўтал тутди.
…Ялғош ота тушига бежиз кирмаган экан. Тўшакда томга тикилиб ётибди.
-Барака топ, болам, бир пиёла чой дамлаб берсанг, томоғим қуриб кетди. Уйдагилар юмушлари билан кетишган шекилли, ҳеч ким хабар олмаяпти.
Низомжонга кеча тўй эгаси бир килоча гўшт бериб юборганди. Шуни тугиб чиққанди. Қайнатма шўрва осди. Чой келтиргач, гап бошлади:
- Нима бўлди, қариб қолдингизми? Шундай басавлат одам шамолладим деб ётишга уялмайсизми? Бунақада қўйларингизга ким ўт ўриб беради?
-Э, жаҳлимни чиқарма, ҳозир бир тушираман, Ялғош ота кўзи билан қўлтиқтаёғини излади. Касал-пасалмасман. Дам олгим келди. Новвот солинган чой отахонга анча куч берганди.- Гапир, қишлоқда нима гаплар?
- Қодир аканинг тўйи зўр бўлди. Сурхондараёдаям ошналари бор экан, ўша ёқларданам келишди. Оллам ака сузмани боплабди ўзиям. Бир товоғини битта ўзим едим. Шу тўйга айтиш учун Сафаргул момоларникига боргандим. Катта жанжалнинг устидан чиқдим. Ўғли ўрисдан келганакан. Телефонни текшириб, ҳар хил ёзишмаларни ўқиб, хотинини уриб ташлабди. Кейин биласа, телефон бошқаникиякан.
- Раимларникида нима гап? Хотини касалланибди, дегандинг, яхшимикин?- Анча яхши. Раим ака машинасини сотиб, даволатибди. Қўшнилари тузалмаса керак, бу дарддан камдан кам одам яхши бўлади, дейишаётганди. Раим ака керак бўлса уйимниям сотаман, дебди. Худога шукр, ҳозир тупа-тузук кириб-чиқиб юрибди. Борганимда нон ёпаётган экан.
- Қийинчиликларнинг оқибати бу. Шўрлик кун кўрмади. Лекин, Раимга минг раҳмат. Оқибатли йигит-да ўзиям. Болалигидан шунақа мард, танти. 90-йиллар ёдингдами? Одамлар нон тополмай қолди. Гўшт дегани анқонинг уруғи эди. Шунда Раим ўғлининг тўйига атаб қўйган ҳўкизини сўйиб, одамларга хомталаш қилиб берди. Элнинг дуосини олган кам бўлмайди. Энди ўзингдан сўйла, уйинг тинчми?
- Ҳаммаси жойида. Болаларим билан ҳовлини сувоқ қилдик. Каримбойникида зинасининг икки қаватига алламбало гуллар қўйишганини кўргандим. Тунов куни ахлатхонага кимдир 20 тача бўёқ қутиси ташлаб кетибди. Шуларни ювиб, тозалаб, гул кўчатлари ўрнатдик. Супанинг атрофига териб қўйдик. Ҳозир ҳовлимиз шунақа файзли бўлган.
- Мен буни сўрамаяпман. Қачон уйланасан? Учта эркак яшайдиган уйда файз нима қилади?!
- Ялғош ота, шу саволни беравериб чарчамадингиз-да сизам. Уйланмайман дедим-ку. Ўзим бир ландовур бўлсам, менга ким тегарди. Аёлим раҳматли мусичадай беозор эди. Бирон марта менга тақинчоқ оберинг, кўйлак оберинг демаган. Ўзингга кўйлак олгин, деб пул берсам, уйга қозон-товоқмией, болаларнинг тўйига деб нималарнидир кўтариб келарди. Тунов куни қўшнимиз Хожар момонинг келини янги кўйлак киймасам тўйга чиқмайман деб роса хар-хаша қилибди. Шунда аёлим ёдимга тушиб, кўзимга ёш келди. Йигирмадан зиёд кўрпача, шунча кўрпа-тўшак сандиқларнинг устида тахланиб турибди. Чанг тушмасин деб чит матога ўраб қўярди. Идиш-товоқларимизни-ку бутун маҳалла ишлатади. Унга ўхшаган аёлни қаердан топаман. Оёғим бу аҳволга тушмагандаям майлийди. Бегона аёл болаларимни силталаса, чидаёлмайман. Ундан кўра яна уч-тўрт йил сабр қилсам, келинли бўламан. Ана ундан кейин хонадонимиз сиз айтган файзга тўлади. Мен шўрванинг хабарини олай...
Давоми 08:58 да