деганларидек, ойижоним жарроҳлик столига ётқизилди. Буйрагида тоши бор экан.
Яхшилар, сиртдан қараганда, бири боғдан, бири тоғдан келаётгандек таассурот қолдираётган бу гаплардан нима хаёлларга бораётганимни бироз даражада англаб олгандирсиз?
Ташаккур, ташаккур...
Шунақа. Қисқа фурсатлар ичида бўлиб ўтган тўй-маросимларни ўтказиш, операциядан ўзини анчайин олдириб чиққан ойижонимни оёққа турғазиш учун дадажоним хийла қарз-ҳавола кўтаришга мажбур бўлган эди. Аёнки, вазиятни ўнглаб олиш мақсадида меҳнат сафарига ҳозирлик кўрган.
"Ҳаш-паш” дегунча, орадан икки баҳор елдек ўтди-кетди. Дадамиздан эса, ҳануз дарак йўқ...
– Худоё, ишқилиб, оталари омон бўлсин! – уч хуфтонгача тавалло қилади ойижоним, кўзларидан ёш думалаб. – Дийдоримиз ана-мана насиб этсин. Тирикчилик таранг тортди бу ёғи. Шукр, берган насибангга шукр...
Ростдан ҳам, заҳирамиз адоғлаб қолди. Рўзғор таранглиги силламизни қурита бошлади. Ҳали қорин қайғуси, ҳали бошқа эҳтиёж...
Тўғри, ойижоним иккимиз тинмай дўппи тикамиз, кўрпа қавиймиз. Шу юмушлар орқасида ҳарна кунимизни кўриб юрибмиз. Очиғи, аввалбошда кўнгил яқин одамлардан ноилож ёрдам олиб турдик. Ҳартугул, дадажонимни кутишдан бошқа иложимиз қолмади. Соғинч азоблари дилларимизни сим-сим ўртай бошлади.
А, лаббай? Тўғри, гапингизда жон бор, яхшилар. Шундай эътироз бўлишини ҳозиргина хаёлимдан кечираётгандим...
Ҳаммаси жуда оддий. Россия ўрмонларида дарахт кесиш каби ишлар билан машғул бўлаётган дадажоним аввалига баҳоли қудрат ишлаб топган маошларини бизга жўнатиб турдилар. Аҳён-аҳён бўлса ҳам, коримизга яраб турди. Кўтарилган қарз-ҳаволаларнинг бир чеккаси енгиллашди ҳам. Вақти-вақти билан телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашиб турдик. Кейинчалик, ким билади дейсиз, дадамнинг ишлари юришмай қолдими, банкдаги ҳисобимизга пул тушмай қолди. Негадир, телефон ҳам қилмай қўйдилар. Онамнинг табиати хира бўлиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Моддий аҳволимиз кундан-кунга ёмонлаша бошлади. Биздан ҳамма яқинларимиз аста-секин кўмак қўлларини торта бошлади. Юрагимизга қил сиғмай қолди.
Шундай кунларнинг бирида Россиядан аллаким телефон қилиб, – афтидан, дадамнинг бирга ишлаётган шериги бўлса керак, – ойижоним билан бир нимарсалар хусусида гаплашиб қолди. Гаплаша туриб, ойижонимнинг ранги қув ўчиб кетди. Маълум бўлишича, иш пайтида юк босиб қолиб, дадамнинг оёғи оғир лат ебди. Ўша ердаги қайсиямдир шифохонада даволанаяпти экан. Оёқлари гипсда экан. Лекин ойижоним ортиқ ваҳимага тушмасин экан, жароҳат ҳадемай тузалиб кетаркан.
Кейинги воқеалар гўё босириқ тушга ўхшайди...
Бугун Достонбек мактабдан асаблари камоли бўғилиб қайтди. Юзларида алланечук зўриқиш ифодалари балқиб турарди.
– Бўлди, ҳаммаси жонимга тегди! – дея папкасини тепкилай бошлади у, уйга кираркан, – мана китоб, мана дафтар, мана пул!.. – Достонбек тоза жазавага тушган, нигоҳида телбалик ҳоким эди. – Ремонт пули, ойна пули, гул пули! Ҳаммасидан тўйдим, ҳаммасидан!..
Эҳ, аттанг! Ҳамма гап Достонбекнинг муаллимаси ҳам синф раҳбари Тўхтагул опага бориб тақаляпти. Бу шанғи, риоя-андишасиз, европача алламбало либосларга бурканиб юрадиган жувон кунда-кунора ремонт пули талаб қилавериб, ойижонимни сил қилиб юбораёзди.
– Эрингиз калонсўз, серпул одам. Ҳаммадан яширса ҳам, мендан яширолмайди. Босиб қўйгани бордир, сандиқ-пандиқда! – кесатиқ қилди у тунов кунги келишида, лабларини кинояомуз жийириб. – Йўқ демасдан, тағин битта титкилаб кўринг-чи, опам қоқиндиқ? Зора-мора бизга аталгани чиқиб қолса, ярақ-юруқ йилтиллаб!
– Ажаб, қаёқда дейсиз, сингилжон? Оталари сафарда, ноиложлик, тўғри тушунинг... – Хокисоргина бош эгади ойижоним, бечорасиниб. – Пича сабр қилинг, айланайин, сабр...
Бўлмади. Қаноат қилмаган муаллима ошкора ғазаб соча бошлади:
– Алай-балай демасдан, соққани чўзинг, оповси! Краскани нархи ошиб кетяпти, маниям бекорчи пулларим йўқ! Бошимда эрим бўлсаям майлийди. Бағини сўрасангиз, битта "Атрак” магазинда фалон сўм бўлаяпти. Ишонмасез, хўзмагга бирга борамиз. Яна разбавител, чўтка-мўтка, семўнт-албастр деган бош оғриқларим борлигини айтмай қўя қолайин.
– Сал арзонроғидан ишлатсангиз бўлар-ку, ахир... –.......