Salim Doniyorov
Открыть в Telegram
“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти” ДМ Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент ДОНИЁРОВ САЛИМ МУСУРМОНОВИЧнинг канали
БольшеУзбекистан43 746Категория не указана
625
Подписчики
-1024 часа
+2047 дней
+36930 дней
Архив постов
Яқин йилларда уйларимизда роботлар хизмат қилади...ми?
2026 йил июнь ойида Тошкентда бошланган бир лойиҳа кўпчиликнинг эътиборидан четда қолди. Жанубий Кореянинг ROBOTIS компанияси пойтахтда гуманоид — инсон қиёфаси ва ҳаракат механикасига яқин роботлар ҳамда уларнинг асосий бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этмоқда.
Завод Тошкент шаҳридаги “Янги Авлод” махсус саноат зонасида қурилади.
Бу заводда тайёр роботларни йиғиш билан чекланиш режалаштирилмаган. Расмий маълумотларда технологик трансфер, муҳандислик компетенцияларини Ўзбекистонга олиб кириш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва мамлакатнинг робототехника ҳамда сунъий интеллект соҳасида ўз муҳандислик базасини шакллантириши алоҳида мақсад сифатида кўрсатилган.
Шу жиҳати муҳим. ROBOTIS лойиҳаси режадагидек амалга ошса, Ўзбекистонда робототехника бўйича саноат компетенциясини шакллантириш учун амалдаги ишлаб чиқариш базаси пайдо бўлади.
Автоном робототехника соҳасида жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланган Кореянинг ROBOTIS компаниясига 1999 йилда асос солинган.
Корхона активлари $2,5 миллиардни ташкил этади, АҚШ, Япония ва Хитойда ваколатхоналари мавжуд. Компания технологияларидан Amazon, Microsoft, Apple, NASA, Google, Samsung ва BMW каби йирик компаниялар фойдаланади.
Дунё робототехника саноати гуманоид машиналарни лабораториядан реал иқтисодиётга олиб чиқиш босқичига кирган. Бундай роботлар биринчи навбатда завод, омбор, логистика, хавфли ишлаб чиқариш ҳудудлари ва инсон учун бир хил ҳаракатни узоқ вақт такрорлаш талаб қилинадиган вазифаларда синовдан ўтказилмоқда.
Тошкентда ROBOTIS заводининг пайдо бўлиши Ўзбекистон учун муҳим. Мамлакат аввал робототехника маҳсулотларининг асосан истеъмолчиси бўлиб келган бўлса, энди юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқариш занжирида иштирок этиш имкони пайдо бўляпти. Агар режалаштирилган технология трансфери, маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва компонентларни маҳаллийлаштириш амалга ошса, кейинги босқичда ўзбекистонлик муҳандислар тайёр роботни йиғишдан унинг механикаси, электроникаси, дастурий таъминоти ва сунъий интеллект тизимларини мустақил ишлаб чиқишгача бўлган жараёнда иштирок этиши мумкин.
Кибержиноятчиликка қарши курашиш технологияларини ишлаб чиқувчи F6 компанияси Ўзбекистон, Беларус ва Тожикистон аҳолиси нишонга олинган янги, кенг кўламли фирибгарлик схемасини аниқлади. Жиноятчилар давлат ижтимоий дастурларига ўхшатиб яратилган сайтлар орқали фуқароларга гўёки уларга тегишли бўлган “тўловлар”ни олиш ёки “пассив даромад” топишни таклиф қилмоқда.
F6 компаниясининг Рақамли хавфлардан ҳимоя қилиш департаменти — Digital Risk Protection таҳлилчилари жиноятчилар аҳолининг давлат ижтимоий ташаббусларига бўлган ишончидан фойдаланаётган кампанияни ўрганди. Улар одатдаги тез даромад топиш ваъдалари ўрнига “умумхалқ ижтимоий дастури” доирасида гўёки мамлакатдаги барча фуқароларга тегишли бўлган тўловларни расмийлаштиришни, шунингдек, “пассив даромад” олишни таклиф қилмоқда.
Фирибгарлар расмий ахборот ёки янгилик сайтларига ўхшаб кўринадиган уч юздан ортиқ интернет-ресурс яратган. Уларда фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича гўёки давлат дастури ҳақида маълумот жойлаштирилади. Фойдаланувчига сўровномадан ўтиш таклиф қилиниб, мамлакатнинг барча фуқаролари пул тўловини олиши мумкинлиги ваъда қилинади. Масалан, Ўзбекистон аҳолисига ҳафтасига 15 миллион сўмдан тўлов ваъда қилинмоқда. Бунинг учун исм-фамилия ва телефон рақами кўрсатилган анкетани тўлдириш кифоя экани айтилади.Мазкур схема икки хил усулда амалга оширилади. Биринчи ҳолатда сайт акциянинг қисқача тавсифи ва анкета жойлаштирилган оддий бир саҳифали ресурсдан иборат бўлади. Иккинчи ҳолатда эса сайт маҳаллий оммавий ахборот воситасининг дизайнини тўлиқ кўчиради. Унда ижтимоий дастур ҳақида гўёки журналистик мақола жойлаштирилиб, унинг охирида тўлдириш учун сўровнома берилади. Жабрланувчи шундай сайтда ўз маълумотларини қолдиргач, унга телефон орқали кибержиноятчи боғланиб, ўзини шахсий менежер сифатида таништиради. Фирибгарларнинг якуний мақсади фақат пулни ўзлаштириш бўлмаслиги мумкин. Улар тўловни расмийлаштириш учун “комиссия” ёки “бадал” тўлашни талаб қилиб, пулни ўз ҳисобларига ўтказдиришга уринади. Айрим ҳолларда фойдаланувчига “тизимда рўйхатдан ўтиш” ёки “шахсини тасдиқлаш” учун мобил илова ўрнатиш таклиф қилинади. Аслида эса бу зарарли дастур бўлиб, қурилма устидан назоратни қўлга киритади ва барча ҳисобварақлардаги маблағларни ечиб олиш имконини беради. Бундан ташқари, тўловни олиш учун шахсни тасдиқлаш баҳонасида фойдаланувчидан паспортининг сканер нусхаси сўралиши мумкин. Фойдаланувчи бунга рози бўлса, унинг шахсий маълумотлари жиноятчилар қўлига тушади. Кейинчалик бу маълумотлардан бошқа фирибгарлик ҳужумларида — кредит расмийлаштиришдан тортиб фишинг хабарларини тарқатишгача бўлган мақсадларда фойдаланилиши мумкин.
“Бундай схемаларда фирибгарлар фуқароларнинг давлат дастурлари ва ижтимоий ташаббусларга бўлган ишончидан фойдаланади. Жиноятчилар сайтларни имкон қадар ишонарли кўрсатиш учун давлат порталлари ва оммавий ахборот воситаларининг ташқи кўриниши ҳамда тил услубини синчиклаб ўрганиб, бир хил қилиб кўчиради”, — дейди F6 компанияси Рақамли хавфлардан ҳимоя қилиш департаментининг катта таҳлилчиси Анастасия Князева.Интернетдаги сайтларга киришда эҳтиёткор бўлиш, уларнинг доменларини WHOIS хизматлари орқали текшириш тавсия этилади. Одатда жиноятчилар сохта сайтларни фирибгарлик схемаси ишга туширилишидан бир неча кун ёки бир неча ҳафта олдин яратади. Нотаниш одамлардан келган ҳаволаларга кирмаслик керак. Таниш инсон сиз сўрамаган ҳаволани юборган тақдирда ҳам уни очишга шошилмаслик лозим. Молиявий маълумотларингизни сир сақланг: ҳеч кимга шахсий маълумотларингизни, банк картангиз реквизитларини, СМС орқали келган код ва паролларни берманг. Бу маълумотларни биринчи бор кираётган сайтларингизга ҳам киритманг. Ҳеч қандай баҳона билан нотаниш одамларга пул ўтказманг.
Қисқа видеолар (рилс, тик-ток ва шортслар) инсон миясига чеккандан кўра оғирроқ ва хавфлироқ зарар етказади
Нейробиологларнинг охирги тадқиқотлари шуни кўрсатмоқдаки, доимий равишда қисқа ва тез алмашадиган контентни томоша қилиш миянинг когнитив назорат — яъни билиш, англаш ва фикрлаш учун жавоб берадиган қисмларини сезиларли даражада пасайтиради.
Олимлар махсус сканерлаш қурилмалари орқали рилс кўраётган инсонлар миясининг фаолиятини ўрганганда қисқа видеолар оқими вақтида миянинг икки муҳим ҳудуди — дорсал (орқа) ва дорсолатерал (ён-орқа) соҳалари жуда оғир “зарба” олишини аниқлашди. Бу зоналар аслида мияни ортиқча ахборот босимидан асрайдиган ва инсонни тўхташга ундайдиган табиий “тормоз” тизимидир. Аммо кераксиз ва енгил маълумотларнинг тинимсиз ҳужуми натижасида бу тизим аста-секин “ўчиб” қолади.
Никотин одамни жисмонан заифлаштирса, қисқа видеолар тўғридан-тўғри инсон руҳияти ва ақлий салоҳиятига путур етказади. Диққатни бир жойга жамлолмаслик, ўз-ўзини назорат қила олмаслик, мақсадсиз ҳаракатлар ва хаёлнинг тез бўлиниши айнан шу жараённинг асоратларидир.
Бора-бора инсон чуқур фикрлаш, китоб ўқиш ва мураккаб топшириқларни бажариш қобилиятини йўқота бошлайди.
Энг ачинарлиси, бу боғлиқлик фарзандларимиз ва келажак авлод психологиясига ҳам бевосита таъсир қилади. Доимий дофамин “овқатланиши”га ўрганган мия оддий ва фойдали меҳнатдан лаззат ололмай қолади.
Илм-фан бу феноменни эндигина чуқурроқ ўрганаётган бўлса-да, унинг аянчли оқибатлари бир неча йилдан сўнг яққол юзага чиқади.
Агар бугун рақамли гигиенага амал қилмасак, экран олдида ўтказаётган вақтимизни ва кўраётган контентимизни қаттиқ назоратга олмасак, эртага ортга қайтариб бўлмайдиган ақлий ва руҳий йўқотишларга дуч келишимиз муқаррар.
Гаджетларни назорат қилишни ўрганмас эканмиз, улар миямизни назорат қилишда давом этаверади.
Олдин айтганимдек, шанба кунлари бизни — таҳририят жамоасини ишхонадан тополмайсиз. Ҳафтанинг бу куни биз учун қарийб етти йилдан бери ўзгармас бир тартибга — спортга ажратилган. Ўтган гал футбол баҳсларимиз ҳақида сўз очгандик. Бугун эса навбат волейболга.
Шу ўйиннинг тарихини қараб, ажойиб бир маълумотга дуч келдим. Волейбол 1895 йилда америкалик жисмоний тарбия мутахассиси Уилям Морган томонидан яратилган. Сабаби ҳам қизиқ: ўша пайтда эндигина оммалашаётган баскетбол ёши каттароқ, кун бўйи иш билан банд одамлар учун анча оғир ва контактли ўйин ҳисобланган. Морган уларга ишдан кейин фаол ҳаракат қилиш, шу билан бирга баскетболдагидек бир-бирини уриб-туртишга мажбурламайдиган спорт турини ўйлаб топади.Морганнинг бу кашфиёти ортида бугунги замонавий нейробиология ва психология аллақачон тасдиқлаган бир илмий ҳақиқат ётади: волейбол — инсон миясини “жамоавий режим”га ўтказувчи энг самарали воситалардан бири. Колумбия университети тадқиқотчиларининг таъкидлашича, ҳар бир ҳаракат шерикнинг қарорига боғлиқ бўлган ўйинларда иштирокчилар миясида нейронлар синхронлашуви содир бўлади. Яъни, ҳавода учаётган тўпга бир вақтнинг ўзида муносабат билдириш, бир-бирининг ҳаракатини кўз қарашидан уқиб олиш ва тўпни ерга туширмасликка интилиш жамоада ўзаро ишончни оширувчи окситoцин гормони ажралишини жадаллаштиради. Соддароқ айтганда, волейбол таҳририятимиздаги ходимларни оддий ҳамкасблардан бир-бирини сўзсиз тушунадиган яхлит механизмга айлантирган. Умуман олганда, ушбу илмий гипотезани амалда аллақачон исботлаганмиз. 2024 йил 30 дан ортиқ марказий оммавий ахборот воситалари ҳодимлари иштирок этган мусобақада “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти жамоаси волейбол мусобақасида барча рақиб жамоалардан устун келиб, мутлақ чемпионга айлангани тасодиф эмас эди. Майдонда тўп учун курашган ўша дақиқалардаги жипслик ва бир-биримизга бўлган ишонч бизга бош совринни олиб келган.
⚡️⚡️Бухоролик ёшлар билан учрашдик
Бухоро давлат университетида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари доирасида талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот ҳамда “Янги Ўзбекистон орзуси” китобининг тақдимотида иштирок этиб қайтдик.
Учрашувда бугунги матбуотнинг вазифаси, журналистикадаги янги тенденциялар, ёшларнинг ахборот майдонидаги ўрни ва мамлакатда кечаётган ўзгаришларни холис ёритиш масалалари ҳақида фикр алмашилди.
Энг муҳими, учрашув китоб тақдимоти ёки газета кунлари билан чекланмади – ёшлар билан фикр алмашиш, уларнинг саволларини эшитиш ва журналистика келажаги ҳақида очиқ мулоқот қилиш майдонига айланди.
Сиз-у биз кутган статистика: янги iPhone 18 Pro Max сотиб олиш учун дунёнинг турли мамлакатларида неча кун ишлаш кераклиги таққосланди:
🇨🇭 Швейцария — 4,8 кун
🇺🇸 АҚШ — 6,8 кун
🇦🇺 Австралия — 7,5 кун
🇨🇦 Канада — 9,6 кун
🇬🇧 Буюк Британия — 9,9 кун
🇩🇪 Германия — 10,1 кун
🇫🇷 Франция — 11,9 кун
🇯🇵 Япония — 15,2 кун
🇨🇳 Хитой — 27,5 кун
🇹🇷 Туркия — 112,5 кун
🇺🇿 Ўзбекистон — ≈143 кун
Ҳисоб-китобда ойига 21 иш куни олинган. Бу дегани Швейцарияда ўртача маош оладиган одамга янги iPhone учун бир иш ҳафтаси ҳам керак эмас. АҚШда салкам 7 кун, Германияда 10 кун, Японияда 15 кундан ошиқроқ ишлаш кифоя.
Хитойда вазият сал жиддийлашади — 27,5 иш куни. Туркияга келганда эса телефон хариди кичикроқ меҳнат марафонига айланади: 112,5 иш куни ёки 21 кунлик иш ойи ҳисобида қарийб 5 ой.
Энди ўзимизга келсак.
Ўзбекистон халқаро таққослашда алоҳида келтирилмагани учун маҳаллий кўрсаткични худди шу усулда ҳисоблаб кўрдик. Миллий статистика қўмитасининг 2026 йил II чорак маълумотига кўра, мамлакатда ўртача номинал ҳисобланган ойлик иш ҳақи 7,09 млн сўм. Маҳаллий бозорда iPhone 18 Pro Max учун 48 млн сўм атрофидаги нархдан келиб чиқсак, уни ишлаб топиш учун тахминан 143 иш куни керак бўлади.
Яъни гап 6-8 ой ҳақида кетяпти. Овқат емасангиз, коммунал тўловларни унутсангиз, йўлкира қилмасангиз ва маошингизнинг бир сўмини ҳам бошқа нарсага ишлатмасангиз шунча вақт ичида сотиб ололасиз, бўлмаса яна чўзилади.
Албатта, бу ҳисоб-китоб одам реал ҳаётда iPhone учун айнан шунча вақт пул йиғади, дегани эмас. Статистика фақат телефон нархини ўртача иш ҳақига нисбатан солиштиради. Қурилманинг маҳаллий нархи, солиқлар, божхона харажатлари ва валюта курси ҳам натижага таъсир қилади.
Шундай бўлса-да, битта смартфон нархи баъзан узун иқтисодий ҳисоботлардан кўра даромадлар ўртасидаги фарқни тушунарлироқ кўрсатиб бераркан.
Ассалому алайкум, дўстлар!
Кечадан бери бутун дунё матбуоти, ижтимоий тармоқлари янги iPhone 18 ҳақидаги хабарлар тарқатмоқда. Табиийки, юртдошларимиз орасида ҳам уни қандай сотиб олиш ҳақида ўйлай бошлади. Ҳатто айрим ишбилармон дўстларимиз аллақачон, сотиладиган iPhone 18 Pro Max’ни 48 миллион сўм эвазига олиб келиб бериш ҳақида эълон берибди.
Янги телефонни ўзингиз ҳам хориждан сотиб олишингиз мумкин. Фақат телефонни олиб киришда қонунларга амал қилиб, божхона декларациясида кўрсатиш шарт.
Қолаверса, божхона тўловини қилиш зарур. Декларация қилинмаган телефон сабаб кейинчалик IMEI-код масаласида муаммо юзага келиши мумкин. Хусусан, белгиланган муддатдан кейин телефон тармоқда ишламай қолиши эҳтимоли бор. Бундан ташқари, телефонни декларация қилмаган шахс божсиз олиб кириш нормасидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.
Божхона тўловини эса олдиндан ҳисоблаб олиш мумкин экан.
Муҳими “Телефонни олиб кирсам, қанча бож тўлайман?” деган саволга олдиндан жавоб олиш мумкин. Бунинг учун махсус @TelefonCalcBot ишлаяпти экан.
Бот орқали телефонни Ўзбекистонга олиб киришда қанча божхона тўлови тўланиши мумкинлигини олдиндан ҳисоблаб кўришингиз мумкин. Бу телефонни сотиб олишдан олдин телефонни танлаб, тўловни ҳисоблаб, кейин божхонада декларация қиласиз. Бу сафардаги харажатларни олдиндан ҳисоблаш учун жуда муҳим.
Қонунларга амал қилиш, cизни турли тушунмовчилик ва муаммолардан ҳимоя қилишини унутманг!
Ҳаммамизга тегишли хабар!
Сенаторлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонунни маъқуллашди.
Хўш, янги қонун нималарни кўзда тутмоқда:
1. Қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат бўлиши белгиланмоқда.
2. Янги таҳрирдаги алифбога ўтиш жараёнида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш мақсадида Қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмаслиги белгиланмоқда.
3. Давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлардан эса улар яроқсиз ҳолатга келгунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланишга рухсат берилади.
Эслатаман, аввалроқ алифбога киритиладиган тузатишлар ҳеч қандай қўшимча харажат талаб қилмайдиган тарзда амалга оширилиши маълум қилинган эди.
1995 йилдаги тарихий хато ниҳоят тузатилмоқда.
СЕРБИЯ ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ УЧУН МЕҲНАТ БОЗОРИНИ ОЧМОҚДА
Президентимизнинг Сербияга ташрифи доирасида миграция соҳасида меҳнат мувофиқлиги бўйича муҳим келишувга эришилди.
Мени айниқса бир жиҳат қизиқтирди: айтилишича, Сербияда ишлайдиган Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муносабатларида маҳаллий ходимлар билан тенг ҳуқуқ ва кафолатларга эга бўлиши кўзда тутиляпти.
Хорижда ишлаб кўрган одам бунинг ортида нима турганини яхши тушунади. Иш вақти, маош, меҳнат шартномаси, ижтимоий ҳимоя, ходимнинг қонуний ҳуқуқлари — мигрант учун энг оғриқли масалалар кўпинча шу ердан бошланади. Агар келишув амалда ҳам белгиланган тартибда ишласа, ўзбекистонлик Сербияга боргач, шунчаки “четдан келган арзон ишчи кучи” мақомида қолмайди.
Маош масаласи ҳам қизиқ. Сербияда энг кам иш ҳақини 2027 йил охиригача 650 евро даражасига етказиш режалаштирилган. Мутахассислик, малака ва иш турига қараб 1000 евро ва ундан юқори даромад таклиф қиладиган иш ўринлари ҳам бўлиши табиий. Шу ўринда бир нарсани адаштирмаслик керак: 650 евро ҳақидаги кўрсаткич Сербиядаги барча ўзбекистонликлар автоматик равишда шунча маош олади, деган маънони англатмайди. Иш ҳақи аниқ вакансия, меҳнат шартномаси, малака ва мамлакатда амал қиладиган меҳнат қоидаларига боғлиқ бўлади.
Сербия томони вакили таъкидлашича, Ўзбекистон бу мамлакат билан шу мазмундаги келишувни имзолаган биринчи давлат бўлган.
Биз меҳнат миграциясига узоқ йиллар давомида бир одамнинг иш топиш учун четга чиқиши сифатида қараб келдик. Энди эса қайси давлатга, қандай шартнома билан, қанча маошга, қандай ҳуқуқий ҳимоя остида бориш масаласи биринчи ўринга чиқмоқда. Чунки “хорижда иш бор” деган гапнинг ўзи одамга ҳеч қандай кафолат бермайди. Қонуний вакансия, аниқ иш берувчи, расмий шартнома ва ҳимоя механизми бўлса, вазият бутунлай бошқача қабул қилинади.
Сербия йўналиши ҳам айнан шу жиҳатдан қизиқ. Европада ишлашни истайдиган, касб-ҳунари бор, янги муҳитга мослаша оладиган юртдошларимиз учун яна бир эшик очиляпти. Албатта, эшик очилгани билан унга томон қадам ташланмаса, ушбу қулайликнинг аҳамияти қолмайди. Тил билиш, касб, интизом, муомала маданияти ва қонунларга риоя қилиш барибир одамнинг ўзига боғлиқ.
Ўзбекистонга 8 ойда 9,1 миллион хорижлик сайёҳ келибди
Бу статистика бизга нималар ҳақида сўйлайди? Келинг, бугун шу ҳақда қисқача гаплашамиз.
Туризм қўмитаси маълум қилишича, 2026 йилнинг январь-август ойларида мамлакатимизга 9,1 миллион хорижлик сайёҳ келган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,1 фоизга кўп.
2026 йилнинг дастлабки 7 ойида мамлакатимизга 7,7 миллион сайёҳ келган бўлса, фақат август ойининг ўзида 1,4 миллион сайёҳ ташриф буюрди.
Сайёҳлар оқимининг энг юқори ўсиши Хитой (2,3 баробар), Малайзия (2 баробар), Япония (1,5 баробар), АҚШ (1,4 баробар) ва Россия (1,3 баробар) давлатларидан қайд этилди. Шунингдек, Германиядан ташрифлар 25 фоизга, Франция ва Буюк Британиядан 21 фоизга, Туркиядан эса 15 фоизга ошди.
Туристик хизматлар экспорти эса 4,6 миллиард АҚШ долларига етибди. Бу ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 53,5 фоизга ошганини кўрсатмоқда.
Бугун юртимиз бўйлаб хорижлик сайёҳларга тез-тез дуч келишимиз одатий ҳолга айланди. Тошкентдан Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Марғилон каби тарихий шаҳарларимизга поезд ёки самолётда бораётган йўловчиларнинг катта қисми сайёҳлар эканини яхши биламиз. Саноқдаги шаҳарлардаги меҳмонхоналар сони кескин ошди. Ҳатто меҳмон уйлари деган тушунча кириб келди.
Илгари Ўзбекистонга сайёҳлар кам келар ва аксарияти кексалар бўларди. Туну кун ишлайдиган манзиллар кўпайиб, замонавий имкониятлар яратилгач хорижлик туристларнинг сони билан бирга ёш тоифаси ҳам ранг-баранг бўлиб боряпти. Шахсий кузатувларим оилавий келувчилар сони кўпайганини ҳам кўрсатмоқда. Улар минглаб километр олисдан болаларини ҳам тинч ва хотиржам юра олишига ишониб олиб келяпти. Буларнинг барчаси юртимизнинг туристик салоҳиятидан оқилона фойдалана бошлаганимиз натижаси.
Ўзи, умуман, замонавий дунё одамлари кам жисмоний меҳнат ва оз маблағ сарфлаб кўп даромад топиш йўлига ўтмоқда. Бунда энг қулай йўналиш – туризмни ривожлантириш.
Қаердаки туризм ривожланса, у мамлакатнинг иқтисодиёти бақувват бўлиб бораверади. Чунки, биринчидан, туризм тадбиркорларда янги ғояларга йўл очади. Бу эса иқтисодий қувватларнинг халма-хиллиги юзага келишида жуда муҳим.
Иккинчидан, ҳеч қандай молиявий ресурс сарфламай туриб мамлакатга валюта жалб қилишнинг ягона воситаси ҳам туризм ҳисобланади. Масалан, қадимий шаҳарларимиздаги обидалар, қадамжоларни кўриш учун келаётган сайёҳлар сони ой сайин кўпайиб бормоқда. Биз фақатгина уларни тўғри йўналтириб, табассум дипломатиясини қўллаб кутиб олсак бас. Хушмуомалалик ҳам пул дегани.
Учинчидан, маданият алмашинуви. Истаймизми, йўқми хорижлик туристлар ўзлари билан маданиятини ҳам олиб келади. Бу маданиятлардан айримлари ўзлаштирилиши ҳам табиий, албатта.
Шу ўринда истардикки, биз табассум қилиш маданиятимизни шакллантирсак нур устига нур бўларди. Чет элларга борсак кўрамиз, меҳмонларга хизмат кўрсатувчилар юзида доим табассум. Сизга қараб ҳамиша жилмайиб туради. Балки ичида ғаши келар, балки “қуриб кет” дер, лекин юзида кулгу.
Тўртинчидан, жойларда иш ўринлари очилади, одамларда доимий даромад манбалари пайдо бўлади, инфратузилма яхшиланади. Хуллас, туризм мамлакат иқтисодиёти учун ҳам, одамлар яшаш шароити яхшиланиши учун ҳам кони фойда.
Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Туризм ривожланган, чет элликлар кўп келадиган мамлакатларда экология, хавфсизлик, озодалик билан боғлиқ жузъий масалалар ҳам кун тартибида туради. Аммо бу туристлардан келаётган фойда билан ёпилиб кетади. Чунки энди яна янги иш ўринлари пайдо бўлади. Фаррошлар, ахлат ташувчилар, хавфсизлик ва озодалик учун масъул ишчилар.
Хуллас шунақа гаплар. Энг қувонарлиси, бугун Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими ой сайин кўпайиб бораётганида. Бизда улар сонини яна бир неча ўн карра кўпайтириш имкони бор. Бунинг учун эса, мамлакатга кириш эшикларидан тортиб, улар учун ичкарида ҳам қулай муҳит яратиш, янги ғоя ва фантазияларни ишга солиш кифоя.
Ассалому алайкум, азизлар!
Бугун ижтимоий тармоқларда бир эълонга кўзим тушди. Хорижда ишлаб, юртга қайтгач ўз ишини бошлаган юртдошларимиз учун анча яхши имкониятга ўхшайди. Шунинг учун улашишни лозим топдим.
Маълум бўлишича, 2025–2026 йилларда хорижда ишлаб Ўзбекистонга қайтган ва ўз бизнесини йўлга қўйган фуқароларга 60 миллион сўмгача грант олиш имконияти бериляпти. Яъни хорижда орттирилган тажрибани бу ерда бирор ишга айлантирган, энди фаолиятини кенгайтиришни кўзлаётганлар учун айни муддао.
Танловда шунчаки бизнес борлигининг ўзи кифоя қилмайди, албатта. Уни ривожлантириш бўйича аниқ ва асосланган ғоя, янги иш ўринлари яратиш имконияти, мавжуд бизнеснинг қанчалик барқарор ва самарали экани ҳам инобатга олинар экан. Хотин-қизларнинг лойиҳалари ва фаол иштирокига эса алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилган.
Грант танлови Миграция бўйича халқаро ташкилот (МХТ) ва Миграция агентлиги ҳамкорлигида, Швеция Адлия вазирлигининг молиявий кўмагида ўтказиляпти. Аризалар 21 сентябргача қабул қилинади.
Қисқаси, хориждан қайтиб, “энди ўзим учун нимадир бошлайман” деб ишга киришганлар орасида яхши лойиҳаси борлар учун синаб кўришга арзийдиган имконият. Атрофингизда шундай танишларингиз бўлса, уларга ҳам етказиб қўйинг.
Ариза топшириш:
(https://docs.google.com/forms/d/e/1FAIpQLSfW-51HnsIY9bN55rq6h0vRDj7oxLWkgQiyWjE8Of_W2jCETQ/viewform?usp=header&utm_source=chatgpt.com)
Танлов шартлари ҳақида батафсил маълумотни юқоридаги суратда ҳам кўришингиз мумкин.
ЎН ЙИЛ!
Халқимизда, йўл топгунча йўлдош топ, деган нақл бор. Негаки, йўлнинг машаққати ёнингиздаги одамлар, уларнинг самимияти, яхшилиги ва илм-заковати билан енгиллашади. Кўзланган манзилга қандай етиб келганингизни сезмай қоласиз.
Кечагидай ёдимда, 2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.
Шундан буён орадан роса ўн йил ўтибди. Тўғриси, катта цивилизациялар яратган, минг йилликларга тенг давлатчилик тарихига эга халқлар тақдирида ўн йил жуда қисқа фурсат. Лекин эришган ютуқларимизни сарҳисоб қила бошласангиз босиб ўтилган йўлимиз бутунлай бошқача манзара касб этади. Худди бир неча ўн йилликларни яшаб ўтгандай таассурот уйғонади. Вақтнинг ғайриоддий ўлчами бор: эслашга арзийдиган воқеалар қанча кўп бўлса, шунча узоқ вақт ўтгандай туюлади. Бу худди йўли оғир, ўзи олис манзилга яхши йўлдош сабаб қандай етиб келганингизни сезмай қолишдай гап!
Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ғояси ҳақида сўз кетганида биз 2016 йил 8 сентябрь кунини эслашимиз табиий. Негаки, бу йўлдаги амалий ишлар ўша вақтдан бошланган эди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тинимсиз меҳнати, кучли сиёсий иродаси сабаб ана шундай олис ва мураккаб йўлни босиб ўтдик.
Айни ўринда ўтган ўн йилдаги ислоҳотларнинг баъзиларини қисқача ёдга олсак:
Халқ билан мулоқот қилиш йўлга қўйилди. Мажбурий меҳнат бутунлай барҳам топди. Бир асрлик муаммо – пахта қуллиги бир соатда ҳал этилди.
Валюта эркинлиги берилди. Солиқ юки енгиллаштирилди. Тадбиркорни жазолаш, уни бот-бот текшириш барҳам топди. Президентимизнинг тадбиркорлар билан бевосита мулоқоти анъанага айланди.
Камбағаллик тан олиниб, уни қисқартириш борасида тизимли ишлар бошланди. Одамларни уй-жой билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга олиш, фуқароларнинг дардини эшитиш ва муаммоларни жойида ҳал этиш механизми миллионлаб юртдошларимиз турмушига янги ҳаёт нафасини олиб кирди.
Таълим тубдан ислоҳ этилиб, коррупциядан холи соҳага айлантирилди. Ўқитувчи нуфузи оширилиб, илм қилмоқчи бўлганларга кенг йўл очилди. Китобхонлик тарғиботи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Қўшни давлатлар билан муносабатлар қайта ўрнатилди. Чегаралар очилди. Ўзаро дўстона муҳит пайдо бўлди. Бир умр орзу ва армон билан яшаб келаётган юртдошларимизга фуқаролик берила бошланди.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам юксалди. Энди яқин-йироқ чет элларда ўзбекистонликларга муносабат тубдан ўзгарди.
Буни чет элларда сафарларда бўлган ҳаммамиз яхши биламиз. Бевосита ўзимиз гувоҳи бўламиз. Ўрни келганда шундай мисоллардан бирини айтиб берай. Ўтган йили Ҳиндистонда катта медиа форумда иштирок этдик. Йигирмадан зиёд давлатдан делегациялар келди. Уларни меҳмонхонага жойлаштиришда тўс-тўполон бошланди. Ким қайси меҳмонхонага жойлашади? Шу чоғ мезбон томондан бир катакон келиб (тизимга масъул вазир бўлса керак) ҳаммамиздан ҳол-аҳвол сўрай бошлади. Навбат бизга келди. “Сизлар қайси мамлакат вакилларисиз?”. “Ўзбекистонданмиз”, дедик. Шунда ҳалиги жанобнинг чеҳраси бирдан ёришиб, бизга қучоқ очди ва ташкилотчиларга “Ўзбекистонлик дўстларимизни энг яхши меҳмонхонага жойлаштиринглар, ҳеч бир камчилик бўлмасин”, деди. Мана шу биргина муомаланинг ўзи кейинги ўн йилда чет элликларнинг Ўзбекистон ва халқимизга муносабати қанчалик ўзгарганини кўрсатади.
Албатта, ҳозир мен ўзим кўрган кичик бир воқеани айтиб бердим. Дунё мамлакатлари Президентларининг бизнинг Етакчимизга ҳурмати ва эҳтироми қанчалик ошиб бораётгани эса алоҳида ғурурли мавзудир.
Умуман олганда, ўтган ўн йилда 100 дан зиёд соҳада туб ислоҳотлар қилинди. Муҳими инсон қадри юксалди. Янги Ўзбекистонни, Учинчи Уйғониш даври пойдевори яратиш реал ҳақиқатга айланди. Халқимиз ягона ватан бўлиб бирлашди! Ва биз миллий юксалиш даврига қутлуғ қадамларни ташлаб турибмиз.
📣📣📣📣📣📣📣
“YANGI O‘ZBEKISTON” VA “PRAVDA VOSTOKA” GAZETALARI KUNLARI BUXDUDA!
Buxoro davlat universitetida “Yangi O‘zbekiston” va “Pravda Vostoka” gazetalari kunlari, shuningdek, mazkur nashrlar bosh muharriri S.M. Doniyorovning “Yangi O‘zbekiston orzusi” kitobi taqdimoti bo‘lib o‘tadi.
Tadbir davomida mamlakatimizda amalga oshirilayotgan yangilanishlar, zamonaviy jurnalistika taraqqiyoti, matbuotning jamiyat hayotidagi o‘rni hamda “Yangi O‘zbekiston orzusi” kitobining mazmun-mohiyati haqida fikr almashiladi.
📍 Manzil: BuxDU faollar yig‘ingohi
🕑 Vaqti: soat 14:00
Tadbirga universitetimizning professor-o‘qituvchilari, talaba-yoshlari hamda faxriy ustozlarini taklif etamiz!
Mazmunli muloqot va kitob taqdimotida barchangizni kutib qolamiz!
🇺🇿🇺🇿🇺🇿🇺🇿🇺🇿🇺🇿
✅ Ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarimiz:
🌐 BuxDU.uz | ✅ Telegram | 🌐 Instagram | ✅ Facebook | 📹 Youtube
📣📣📣📣📣📣📣
“YANGI O‘ZBEKISTON” VA “PRAVDA VOSTOKA” GAZETALARI KUNLARI BUXDUDA!
Buxoro davlat universitetida “Yangi O‘zbekiston” va “Pravda Vostoka” gazetalari kunlari, shuningdek, mazkur nashrlar bosh muharriri S.M. Doniyorovning “Yangi O‘zbekiston orzusi” kitobi taqdimoti bo‘lib o‘tadi.
Tadbir davomida mamlakatimizda amalga oshirilayotgan yangilanishlar, zamonaviy jurnalistika taraqqiyoti, matbuotning jamiyat hayotidagi o‘rni hamda “Yangi O‘zbekiston orzusi” kitobining mazmun-mohiyati haqida fikr almashiladi.
📍 Manzil: BuxDU faollar yig‘ingohi
🕑 Vaqti: soat 14:00
Tadbirga universitetimizning professor-o‘qituvchilari, talaba-yoshlari hamda faxriy ustozlarini taklif etamiz!
Mazmunli muloqot va kitob taqdimotida barchangizni kutib qolamiz!
🇺🇿🇺🇿🇺🇿🇺🇿🇺🇿🇺🇿
✅ Ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarimiz:
🌐 BuxDU.uz | ✅ Telegram | 🌐 Instagram | ✅ Facebook | 📹 Youtube
Йохан Кройфнинг бир гапи бор: “Ҳа, футбол оддий, балким бироз телбанамо ўйин, лекин, мен сизга айтсам, уни худди шундай оддий шаклда ўйнаш энг қийинидир”.
Қарийб етти йилдан бери “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти жамоаси учун шанба маиший муаммолардан ҳоли тўлиқ спорт кунига айланган. Ҳар ҳафта мунтазам равишда икки соат футбол ва икки соат волейбол ўйнаш орқали жамоа руҳига ўзгача шижоат олиб кирамиз. Шу билан чекланиб қолмай, ўзимиз ички турнирлар ташкил этамиз, турли даражадаги мусобақаларда фаол иштирок этиб, майдонда ҳам таҳририят шаънини муносиб ҳимоя қилиб келамиз.
Тўғри, майдондаги ҳаракатларимиз жуда томошабоп эмасдир, аксариятимиз ўн дақиқа ўтар-ўтмас чарчаб қолармиз. Зарбаларимиз доим ҳам мўлжалга тегмас, пасларда аниқлик, финтларда нафосат етишмас, аммо у томондан бу томонга югуриб юрган таҳририят ходимларининг бир зумда ягона умумий тилга кириши, мавзулари бирлашиб, нигоҳларида бир хил болаларча иштиёқ, шиддат пайдо бўлиши бу яшил майдоннинг қанчалик сеҳрли макон эканини кўрсатади.
Латифа бўларди, филлар ва чумолилар футбол ўйнаб, тугагач, филлар узр сўраса, чумолилар “Бизам қўпол ўйнадик, ҳечқиси йўқ”, дейди-ю, шунга ўхшаб, бизам ўзимизни бир муддат майдон қиролидек ҳис қиламиз. Аслида, футболнинг жозибаси ҳам шунда: ўзингни бир лаҳза Роналду, Месси, Марадона ёки Кройфдек ҳис қилиб тўп орқасидан чопиш инсонга беғубор бахт ва ҳеч бир жойда сотиб олиб бўлмас енгиллик беради. Мана шу содда, лекин мазмунли ҳиссиётнинг ўзи ҳар шанба соатлаб уйқудан, бошқа ишлардан кечиб бўлса ҳам спортга ошиқишга ундайди.
Асло баландпарвоз гаплар эмас...
Актёр Мусулмон Юнусовнинг фарзандига ногиронликни расмийлаштириш билан боғлиқ норози кайфиятдаги мурожаати бир неча кундан бери кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди.
Бугун ушбу мурожаатга Шаҳноза Мирзиёева муносабат билдиргани ҳақида хабарларни ўқияпман. Хурсанд бўлдим. Фуқароларнинг бу каби мурожаатларига раҳбарларнинг эътибори ва энг муҳими, улар оддий инсонларни қўллаб-қувватлашлари кўнглимизга ёруғлик беради.
Бу ҳар қандай камчиликни хас-пўшлашдан кўра, уни бартараф этишга бўлган ҳаракатлар механизми шаклланганидан дарак. Аммо бу ўринда кўнгилни хижил қиладиган манзара ҳам борлигини айтмоқчиман.
Гап биз янги даврда, жамиятимизнинг янги қиёфасини яратишга киришган бир пайтда халқ хизматига дахлдор айрим ходимларнинг ҳамон эскича ишлашга интилиши сўнмаганида.
Назаримда, бизда таъмагирлик билан боғлиқ жиддий бўшлиқлар, муаммолар ҳамон бор. Биринчиси, оиладаги тарбия муҳитида камчиликларимиз кўп. Кўпчилик ота-оналар фарзандини жамиятга керакли кадр қилиб тайёрлаш фалсафасини англаб етмайди. Бу ерда ватанпарварлик, иймон-эътиқод, виждон ва юрт келажаги учун қайғуриш каби жиҳатларга, тарбиявий суҳбатларга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак, деб ўйлайман.
Афсуски, бу каби туйғулар ҳақида гап кетса, кўпчилигимиз ҳали-ҳамон “қўйсангчи бунақа баландпарвоз, қизил гапларингни”, деб суҳбатга нуқта қўямиз.
Иккинчи жиҳат, жамоавий муҳит. Иқтидорли ёш мутахассис ишга келса, дастлабки бир-икки ой шиддат билан ишлайди. Кейин секин-аста лоқайдликни одатий ҳолга айлантирган жамоавий муҳитга мослаша бошлайди. “Э, деб ўйлайди у, “ҳа, ишламасдан тишласа ҳам бўларканку. Мана, фалончи у ёқдан бу ёққа олиб қочиб, юмалоқ-ёстиқ қилиб яхшигина ойлик олиб юрибди”. Шу тариқа умидли кадримиз кўп ўтмай “эски кадр”га айланади, ғоявий томондан тез “қариб” қолади.
Демак, биз тараққий этган ва адолатли жамиятга эришмоқчи эканмиз, муаммоларни фақат юқори раҳбариятнинг аралашуви билангина ҳал этиш тизимидан ваколат ва масъулият эгалари ўз бурчини виждонан бажарадиган тизимли тартибга ўтишимиз зарур. Бунинг учун мана шу икки муҳим нуқтада доим ҳушёр ва масъулиятли бўлишимиз шарт. Акс ҳолда, Мусулмон каби куйиб-ёнамиз, эскирган қарашлар ва тизимли сусткашлик янги ислоҳотларнинг асл мазмунини ютиб юраверади.
Repost from ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН |Расмий канал
“Yangi Oʻzbekiston” gazetasining 2026-yil 4-sentabr kungi 183(1782)-soni lotin yozuviga asoslangan oʻzbek alifbosida mutolaa uchun havola qilinadi.
