эшитди ва югуриб келди. Опасини қучоқлаб кўришди, жиянини эркалаб кўтариб олди-да, меҳмонларни ичкарига бошлади. Саидабону ҳам меҳмонларни кўриб хурсанд бўлиб кетди:
– Ие, келинглар, келинглар, – деганча қучоқлашиб кўришишга тутинди.
Дарҳол меҳмонхонага қават-қават кўрпача тўшатиб, қизларга дастурхон тузашни буюрди.
– Вой, қуда хола, йўлга чиқиб жуда яхши қилибсизлар, биз ҳам бир хабар олайлик деб юрувдик. Қандай куёв эсон-омонми, ўқиши тугаб келиб қолгандир?
– Ҳа, яхши юрибди, битириб келди...
Келганларнинг чеҳраси очилмаётганлигидан, Жумагул холанинг синиқ овозидан Саидабону булар хушхабар билан келмаганини пайқади. Меҳмонлар олдига келиб ўтирган қиз-жувонлар унинг ишораси билан хонани тарк этдилар. Янга эрига одам юборди. Тоға салобат билан кириб келиб, ўрнашиб ўтирди. Ҳол-аҳвол сўрашилгач, жиянчани қўлига олиб эркалади. “Худо хоҳласа улғайиб, олим бўлади” деб ният қилди. Жумагул хола ерга қараб, жим ўтирар, юзини яширишга ҳаракат қилаётган Райҳонбибининг кўзлари ёшга тўла эди.
– Хай, қуда хола, эсон-омонмисизлар? Куёв ўқишини битириб келиб қолгандир?!
– Келди, қуда бува, келди. Фақат бир ғалвани бошлаб келди.
Орага оғир жимлик чўкди. Сукунатни тоға бузди.
– Хўш, эшитайлик бўлмаса...
– Номард болам ўқишдан бошқа хотин обкелди...
Нурмурод муаллим бирдан тутақди.
– Сиз, қуда хола, сабабдан гапиринг, сабабдан! Қизимиздан ўтган хатодан, камчиликдан, ёмонликдан гапиринг-ки, куёвнинг бошқа хотин олгани сабабини билайлик! Сиз шундай-шундай ёмонлиғи бор, деб исбот қиласиз, қолган гапларни кейин гаплашамиз.
Жумагул хола йиғлаб юборди. Бурнини торта-торта:
– Э, болам яхши, болагинам покиза, болагинам беозор... ёмонлиғи йўқ бунинг, – деди.
– Хўш, унда куёвнинг бошқа хотин олишининг сабаби нима?
– Ер юткур раис қишлоқ тўла бўй йигит турганда атайлаб ўғлимни ўқишга юборди. Бормайман деса партия-ҳукуматти буйруғи деб қўрқитди. Ўқиётган жойида бир хотин илашибди. Қорнини қаппайтириб эргашиб келди. Қишлоқ шароитига кўниколмай, ҳали замон кетиб қолар, деб турувдим. Раис боламни чақириб, “сени икки хотинли бой деб қаматвораман, биринчисини қўй”, деб зуғум қиляпти. “Қўймайман”, деса, “кечаси ҳовлингга бостириб кириб гап-сўз қилиб, кейин ўзим уйланаман”, дебди. Иккови ёқа бўғишган. Ҳозир юз-кўзи кўкарган раис тишини ғижирлатиб юрибди. Келиним сизникида яшаб турсин. Анави сариқ машак кетса, ўзим келиб олиб кетаман.
– Қуда хола, ёсуман кампирдек томоша кўрсатманг, сариқ машагингиз кетишига ишончингиз комилми? Нурмурод муаллим меҳмонга тешиб юборгудек нигоҳини қадади. Жумагул хола ерга қараганча, дастурхон четини асабий ғижимлади...
...Райҳонбиби бир ўзи чиқиб кетган бошпанага икки киши бўлиб қайтди.
“Эй, Худойим, ўзлари тиқилишиб яшаётган бечораларнинг жойига яна шерик бўламанми”, деб ўйлади у ич-ичидан зил кетиб. Бу хонадонда ҳали Райҳонбибидан бошқа қиз турмушга чиқмаган эди.
Кечга яқин ётоқ эгалари ҳар хил юмушлардан қайтиб кела бошладилар. Улар яна бироз сиқилишиб Райҳонбибига жой бердилар. У ўз ўрнига қайтган бўлса-да, бу ерда истиқомат қиладиганларнинг баъзилари бола бевақт йиғласа дакки беришарди.
Айниқса баъзан Муродилланинг инжиқлиги тутар, “Эй, болангни овут, куни билан далада ишлаб чарчаганмиз, одамдай дам олайлик-да!” деб қоларди яна бирортаси.
У боласини еру кўкка ишонмас, бетоб бӯлиб қолса, то тузалгунича титрабгина қоларди. Кунлар шу зайлда ўта бошлади.
Қишлоқ аҳли Нурмурод муаллим бошчилигида олдингисидан анча беҳроқ қилиб мактаб қуришган, бино кичикроқ ҳовли ичида бўлиб, дарвозаси ҳам янги эди.
– Болалар, – деди Нурмурод муаллим, – биринчи соат адабиёт фани. Хўш, дарсга ҳамма келганми?
– Ҳа-а-а-а , – гуриллади синф.
– Яхши. Қани ким доскага чиқади?
– Мен, – деди орқароқда ўтирган ўспирин йигит.
– Чиқ. Хўш, қани қайси мавзуни айтиб берасан?
– Мен ёддан шеър ўқимоқчиман.
– Тузук-тузук, бошла.
– Сен етим эмассан,
Тинчлан жигарим...
Сут кўр қилгур ҳароми
Гитлер оқпадар...
Фарзанднинг қадрини
Қаердан билсин...
Ватанинг онанг
Бошинг силагувчи
Халқ бор, отанг бор
Шеърнинг ўрталарига келганда олдинроқда ўтирган қиз ҳўнграб юборди. Муаллим шеър ўқиётган болага қараб:
– Бўлди, Бурхониддинжон, яхши ёдлаган экансан, ўтир баҳонг беш