Нафиса аянинг ҳолидан хабар олиб келишди. Шўрлик Нафиса ая фақат бир нуқтага тикилиб ётар, на гапира олар ва на бир луқма овқат ўтарди томоғидан.
Мастона ая шифохонадан кела солиб овқатга, уй ишларига уннади. Улуғбек тағин ўз хонасига қамалиб, хотинининг суратига термилганча у билан ғойибона суҳбатлаша бошлади. Шу алфозда қанча ўтирганини ўзи ҳам сезмаган.
Улуғбек.Онасининг хитобидан ўзига келди.
— Ўзингни асра, болажоним…
— Нима қилай, она? Нега, нимага деган саволлар истасам-истамасам тинчлик бермаяпти. Ич-этимни еб боряпти, ахир.
— Биламан, болам, биламан. Шўрлик…
Мастона ая у ёғини гапиролмади. Тағин ҳиқиллашга тушди.
— Эсингиздами, она, — деди Улуғбек худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандек деярли пичирлаб, — Маржонанинг янги келин бўлиб тушган кезлари. Фаросатлигина, доногина дердингиз. Ўзи ёш болага ўхшарди.
— Ҳа, лекин чаққонгина, ҳам пазанда, ҳам қўли гул тикувчи эди. Худойим унинг сабрини кўп синади. Беш йил фарзанд бермаган бўлса, кейинчалик ҳомиласи нобуд бўлди. Саккиз йил, саккиз йил деганда она бўлди шўрлик. Худойим унинг қийноқларига малҳам қилибми, эгизаклар билан сийлади. Озмунча қийналмади. Улар туғилганида бирам хурсанд эдики… Энди бўлса, болалари ҳали уч ёшга тўлмасдан гул етим бўлиб қолишди…
Мастона ая гапираётиб йиғлар, ўзини қўлга ололмаётганди. Улуғбекнинг кўз ўнгидан эса онаси гапиргани сари ўша воқеалар жонланарди.
Уларнинг суҳбатини Наргизанинг овози бузди:
— Ойи? Ака? Қаердасизлар?
— Ҳа, болам, нима бўлди? — ўрнидан туриб қизига пешвоз чиқди она.
— Қуда холам оламдан ўтибди, — деди Наргиза ер чизиб. — Юраги дош беролмабди.
— Вой, шўрим!
* * *
Орадан тўрт ой ўтди. Марҳуманинг болаларига қайнсинглиси Наргиза билан Мастона ая қарашар, Улуғбек эса хонасига қамалиб оладиган одат чиқарганди. Унинг руҳий ҳолати онасини изтиробга соларди. Улуғбек ҳатто ишга ҳам чиқмай қўйганди…
Ҳаммаёққа нур таратиб қуёш ҳам чиқиб келди. Ҳозиргина мол-ҳоллардан хабар олган она нонушта ҳозирлашга тушган эди ҳамки, хонасидан чиқиб келган ўғлини кўриб, чиройи бироз очилгандек бўлди.
— Ассалому алайкум, она!
— Ваалайкум ассалом, кел, болам, нонушта қиламиз.
— Йўқ, кеч қоляпман, ишга боришим керак.
Улуғбек ғишт заводида бош ҳисобчи бўлиб ишларди. Заводга яқин қолганида йўл устида кўзга ташланиб турган қабристонни кўрди-ю, оёқлари беихтиёр ўша томонга йўналди. Аёлининг қабри бошига етганида ҳайратда қолди. Бир йигит кўзида ёш билан фотиҳа тортди-ю, ўрнидан турди. Улуғбек дастлаб адашган бўлса керак, қайсидир яқинини зиёрат қилмоқчи бўлган, деб ўйлади. Аммо сўнг қабртошга кўзи тушиб, чидаб туролмай, йигитнинг йўлини тўсди ва:
— Кимсан?! Хотинимнинг қабри бошида нима қиляпсан?! — деб сўради кўзлари ёниб.
— Ўзингизни босинг, ака, ҳозир тушунтириб бераман. Нотўғри тушунманг, мен Маржонанинг синфдошиман…
Улуғбек у йигит билан қабристондан чиққач, холироқ жойга ўтди. Синфдошиман деган йигит, афтидан, нималарнидир гапиргиси келар, ҳар гал тараддудланар, аммо Улуғбекка кўзи тушгач, тағин фикридан қайтгандек ерга қараб оларди. Шу алфозда бироз фурсат ўтди. Ниҳоят, йигит гапиришга қарор қилди.
— Бир пайтлар Маржона билан синфдош бўлганмиз, — дея ҳикоясини бошлади у. — У жуда самимий, оқкўнгил, азбаройи уятчан қиз эди. Уни яхши кўрардим.
Шу гапни айтиши билан йигит суҳбатдошига қаради. Жаҳли чиқиб, портлаб кетса керак, деб ўйлаганди. Аммо Улуғбекнинг кўзлари бир нуқтага қадалган, ияклари қалтирар, бироқ ҳеч нарса демасди.
— Унга бу ҳақда ҳеч қачон айтолмаганман, — деди йигит. — Унинг дилини оғритиб қўйишдан, кейин юзкўрмас бўлиб кетишдан чўчирдим. Мактабни тамомлаган йилимиз у ўқишга кирди, мен келаси йили ҳарбий хизматга кетдим. Қайтганимда унинг тўйи бўлган экан. Бор гап шу. Унинг ўлими ҳақидаги хабар мени эсанкиратиб қўйди. Маржона ҳақида ноўрин ва нотўғри хаёлларга борманг!
— Бу ерга тез-тез келиб турасанми? Бизни ўйламадингми? Ақалли марҳуманинг охиратини-чи?
— Бу ерга биринчи келишим. Ўзим юқори қишлоқда тураман. Оилам, фарзандларим бор. Бир ният қилгандим, холос.
— У ҳам сени севармиди? — деб юборди Улуғбек ўзи билмаган ҳолда.
— Йўқ.
— Бу ерда сени бошқа кўрмай!
Йигит бошини силкиди.