🍃ҚАЛБИМ ЙИҒЛАЯПТИ!
Ассалому алайкум, аслзода ўқирманлар.
Ўзбекистондан жуда кўпчилик ҳар-хил ёрдамлар сўраб хат ёзишади. “Кимнингдир фарзанди Японияда баланд қаватдан йиқилиб тушган”, “Кимнингдир кўзига арранинг парчаси кириб кетган”, “Кимнингдир фарзанди икки-уч ойдан бери алоқага чиқмаётган”, “Кимдир қамалиб қолган”… Хуллас, шунга ўхшаган ҳолатлар жуда кўп.
Қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Ёрдам берган инсонларим ҳақида бирор марта ёритмаганман. Бундан кейин ҳам ёритиш ниятим йўқ. Чунки шахсларнинг шахсий муаммолари ҳақида контент қилиб, обрў орттиришни ўзимга ор деб биламан.
Ёрдам берган инсонларим — шунчаки дуо қилиб қўйишса бас.
Нафим тегмаганлардан узр сўрайман!
Япониядаги ҳар бир Турон фарзанди қийналиб қолган пайтларида қўлимдан келганча ёрдам қилганман. Қўлимдан келмаган пайтлари тажрибали ака-опалардан маслаҳат сўрайман. Барака топишсин, элчихонамиз вакилларига ҳам илтимос қилиб, бир нечта ватандошларимизнинг оғирини енгил қилганмиз.
Аммо бу галги ҳолат шундай ҳолатки, ёрдам бера олиш уёқда турсин, нима деб жавоб беришни ҳам билмаяпман. Икки ҳафтадан бери ҳаловатим йўқ. Уйқум қочган, қалбим йиғлайди. Нима деб жавоб ёзишни ҳам билмайман…
Хуллас, ҳикоя шундай бўлган — ота-она фарзандни туғиб катта қилади, минг орзулар билан қийналиб ўқитади. Бола катта бўлиб, Япониядаги университетга киришни хоҳлаб қолади. Ва 2000 йилда Японияга ўқишга келади. Ўқишни тамомлаб, яхши компанияга ишга киради. Япон қизга уйланади. Фарзандли ҳам бўлади ва 2006 йилдан бошлаб ота-онаси билан бутунлай алоқани узади.
Тасаввур қилаяпсизми? Йигирма йилдан бери боладан на хабар, на сўз бор…
Онаизорнинг нолаларини эшитиб, бошида хаёлимга келган гап: “Қамалиб қолганмикан?”, “Бирор бахтсиз ҳодиса бўлганмикан?” бўлди.
Онаизорга:
— Озгина сабр қилиб туринг. Мен излаб-суриштириб сизга алоқага чиқаман! — дедим.
Қамоқхоналардан, шифохоналардан, ўликхоналардан излашга тушдим. Таажжубки, таассуфки, ҳеч қаерда биз излаётган одам йўқ.
Кейин топдим.
Соғ-саломат топдим.
Тирик экан, яхши экан.
Катта бир компанияда, катта бир лавозимда ишлар экан.
Катта муваффақиятга эришган…
Нега ундай қилганига ҳайронман.
Ҳали ақли кириб қолар десангиз, ёши қирқдан ўтган…
Ёш бола эмас…
Ҳайронман, ожизман…
Онаизор, мени кечиринг.
Сизга ҳеч қандай ёрдам бера олмайман.
Сизга бир нарсани айта оламанки — фарзандингиз соппа-соғ, бой-бадавлат, муваффақиятга эришган, бахтли.
Фақат ўша бахтли ҳаётига сизлар сиғмаяпсизлар…
Сизларни дуо қилишдан, ўғлингизга инсоф сўрашдан бошқа иложим йўқ.
Илтимос, менга бошқа ёзманг…
Ушбу постни ўқиб турган аслзода ўқирманлар.
Фарзандингизни чет элга жўнатманг!
Маънавий бўшлиғини тўлдирмасдан, тарбия, қадрият, инсонпарварликни ўргатмасдан жўнатманг…
Баҳодир ИСКАНДАРОВ!