Сен ва мен....
Мен Тошкентнинг юраги бўлган Кўкчада дунёга келганман. Ота-онам биз фарзандларга гўзал одоб ва тарбиядан кўра яхшироқ нарса бермаган эдилар. Отам боши тик, ҳақни қўрқмай айтувчи, бировнинг ҳаққидан қўрқувчи, оғир-вазмин, намозига полвон киши эдилар. Онам отамнинг сўзидан чиқмайдиган, ўта итоаткор, ўта эҳтиёткор, ўйчан юрувчи, кам гапирувчи, кўпроқ эшитувчи, оёғи чаққон, пазанда бир аёл эдилар. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!
Мен ҳам ўзимга онамдек жуфтни истаганман. Ўйларимда аёлимни онамга ўхшатишга ҳаракат қилаверардим. Лекин... Тақдир биз ўйлаган, истаган нарсани беравермас экан... Унинг Ўз режалари ва ёзиб қўйганлари муқаррар экан, алҳамдулиллаҳ... Пешонамизга ёзилганидан ортиғи ҳам, ками ҳам бўлмайди...
Турмушдан аввал қайта-қайта суриштирилиб ҳам, тозисига учраганлар қанча, тўғрими? Бизда ҳам шундай бўлди. Катталар авра-астарини чиқариб суриштирдилар ва фақат яхши гап топиб келавердилар. Сўнг... тақдир билан ўша қизга уйландим.
Янги келин, янги уй... Ўргангунича вақт керак... Лекин қанча вақт ўтса ҳам-ки, ўзгариш кўрмас эдим. Ишим тижорат билан боғлиқ бўлгани учун кўп чет-элга кетардим. 10-15 кунлаб уйда бўлмас эдим. Ишонинг, бу орада бошим, асабларим дам олиб қайтардим. Кўп маротаба ажрашиб кетишни ўйлаганман. Лекин... мени у билан яшашга, ота-онамнинг овунтиришлари ва фарзандларим ушлаб турар эдилар. Итоатсиз, уқувсиз, ношукур, аразчи, одобсиз, бемаза тил ва бемаза қўл... Нима қилсам ҳам рози бўлмасди. Ҳар сафардан қайтганимда у учун бирон нарса олмасдан қайтмасдим. Данғиллама ҳовлининг бекаси, егани чет-элники, урф бўлганни киярди, олмос-тиллалари бисёр эди. Бойнинг хотини бўлиб маза қилиб яшарди. Лекин... ҳеч миннатдор бўлмасди. Меҳнатларим, муносабатларимга яраша жавоб қайтармагани, эр ўрнида кўрмаслиги менга алам қиларди. Ўн икки йил сабр билан яшадим. Энди ортга йўл йўқ... Чунки бешта фарзандим бор эди. Каттам 11 ёш, у энди балоғатга етиб қолганди. Бўлмайдиганини бошидан йўқ қилиш керак экан, мен яхши бўлиб қолишига умид қилиб, хато қилдим.
Бир куни онам билан иккинчисини олиш маслаҳатини қилдим. Онам бу ишга рози бўлмадилар. Балки аёлим онамдан менинг ниятимни эшитса, ўзгариб қолар, яхши томонга ўзгариш бўлар деб ўйладим. Бундан баттар бўлса бўлди-ки, яхши бўлмади...
Кўп ўтмади... Бир куни кечаси ёмон тушдан чўчиб уйғониб кетдим. Ёнимга қарасам аёлим йўқ... Бехосдан бошим аралаш пешонамга қаттиқ бир нарса учиб келиб урилди. Сакраб ўрнимдан турдим. Аёлим бир қўлида катта пичоқ, бир қўли билан нарсаларни менга қарата аямай отарди. Аранг чироқни ёқдим. "Яқинлашма, тиқваламан!" Овози бўғилиб, хирилларди...
Нима бўлганини, нега бундай қилаётганини сўрадим. "Сенга уйланишни кўрсатиб қўяман! Кесиб ташлайман, менга ҳам бўлмайди, унга ҳам бўлмайди", дерди сенсираб, бир гапни қайта-қайта такрорлаб. Ҳа, мана гап қаёқда. Шу тобда уни алвастига ўхшатиб юбордим. Ёмон туш кўриб уйғониб кетишимда яхшилик бор экан... Ким билади, бўлмаса аёлимнинг қўлидаги пичоқ кўксимга санчилган бўлармиди... Чаккамдан бир нарса оқиб туша бошлади... Қўлим билан сидирдим, қарасам қон...
Бақир-чақирни эшитган ота-онам, уйқудан туриб, шошиб кириб келишди. Мени қонга беланган юзимни кўрган онагинамнинг ранглари ўчиб, деворга суяниб қолдилар. Онам аввалдан қондан қўрқар эдилар. Қон кўрсалар бошлари айланиб, гандираклаб қолар эдилар. Мени кўргач эса... ақллари бошларидан учди... Отам аёлимнинг қўлидаги пичоқни кўриб: "Ўзимни қизим бўлганингизда ўзим билардим, нима қилишни... Адангиз ва акаларингизни ёнида қароримни бераман", дедилар ва қўлидаги пичоқни тортиб олдилар. Мен онамнинг юзларига сув сепиб ўзларига келтирар эканман, отам туннинг ярми бўлишига қарамай аёлимнинг отасига телефон қилдилар. Улар кўп ўтмай, кўпчилик бўлиб етиб келишди.
Аҳволни кўрган қайнотам, қизининг юзига тарсаки тушириб юборди. Лекин аёлим қилган ишидан афсусда эмасди (юз ифодалари шуни кўрсатар эди), гўё... Акалари воқеани эшитишгач, сингилларига насиҳат қилишни бошлаб юбордилар........
Давоми 11:30 да