лаб қутулиб, хона бўйлаб ўз уйидагидек кезина бошлади. Телевизор, видео аппаратларига бир-бир қўл тегизиб чиқди. Шу пайт жавон чеккасида ётган жажжигина диктофон унинг диққатини тортди.
– Бу нима? Магнитафонми? – дея таажжубланиб сўради Ғани, жажжи аппаратни қўлига олиб обдон кўздан кечираркан.
Амира шарақлаб кулди.
– Э, жиннимисиз, диктофон-ку бу.
– Жа-а ғалати экан-а, бунақасини ҳеч кўрмаганман.
– Японларники, – деди Амира диктафонни Ғанининг қўлидан олиб, – охирги модел, чўнтакка солиб қўйсанг, бас. Ўн метр радиусдаги тиқ этган товушни ҳам ёзиб олади. Бизнинг хўжайинга ўхшаш журналистлар учун-да бу.
Аёл яна ўз-ўзидан қаҳ-қаҳ отиб кулди. Ғани ҳам хохолаб жўр бўлди. Сўнг яна диктофонга суқланиб тикилди.
– Қойил. Жа-а, зўр нарса экан. Менга ҳам битта керак-да. Баъзи бир гап-сўзларни ёзиб олардим.
– Истасангиз, шу сизники, – деб шивирлади Амира эркакка суйкалиб.
Ғани бу нарсани ҳатто тилла билагузукдан ҳам қимматбаҳо деган хаёлга борди шекилли, баттар ҳайрати ошди.
– Йўғ-е?! Қандай қилиб? Ахир эрингиздан балога қоласиз-ку?
– Қўяверинг, – нописанд ва мастона қўл силтади Амира, – яхшилаб ўшқириб берсам, сувга тушган мушукдек бўлади-қолади.
Аёл ўз гапидан ўзи нашъа қилибми, ё сархушлиги тобора ошибми яна ҳиринглаб кулди. Ғани икки кўзини диктофондан узмай кулгуга жўр бўлди.
– Раҳмат, Амирахон, қарзга қолмаймиз.
– Биламан, қарзга қолмайсиз, шунинг учун совға қиляпман-да, – деди Амира тантиғланиб, сўнг билагига тақилган тилла буюмга ишора қилди, – сиздан бугина.
Ғани диктофонга қўл узатди.
– Сиздан угина.
Иккови бир-бирининг пинжига суқилиб, қадаҳ чўқиштириб ичишди.
– Қаранг, – деди Амира дастурхон устидан нимадир олиб оғзига соларкан. – Бунинг қандай ишлашини кўрсатаман сизга.
Аёл диктофоннинг аллақандай мурватларини босди.
– Ишлаяпти, шекилли, – деб ғудранди Ғани, ғаройиботдан кўз узмай тураркан.
Амира диктофонни бепарво дастурхон устига қўйди.
– Ҳа, ишлаяпти. Қани, бироз ёзсин-чи, кейин эшитиб кўрамиз.
Шу пайт эшик қулфига калит солиниб шиқирлаб очилаётгани эшитилди.
– Во-ой, шўри-им! – деб қичқириб юборди Амира, ваҳима билан ирғиб тураркан. – Бу эрим! Қайтиб келди.
– А-а?! – Ғани таҳликада бақрайганича қотиб қолди.
Чиндан ҳам эшик очилиб, бўсағада Латиф пайдо бўлди. У хонадондаги аҳволдан бир зум гангиб тахтадай қотиб қолди. Тўкин дастурхон, ширакайф хотини ва унинг ёнидаги бегона эркак унга аччиқ бир ҳақиқатдан дарак бериб турарди.
– Ифлослар! – деб ғудранди у андак эс-ҳушини йиғиб. Сўнг беихтиёр эшикни қулфлаб калитини чўнтагига солди.
– Латиф ака, акажон, – дея Амира гандираклаган кўйи эрига пешвоз юрди, – сизга ҳозир ҳаммасини тушунтираман.
Латиф ғазаб билан хотинини бир чеккага итариб юбориб, Ғани томон ташланди. Ғирт маст ҳолдаги Ғани буткул саросимада қолган эди. Шу сабаб енгил бир зарбадан қулаб тушди. Латиф жон ҳолатда ўзини унинг устига ташлади. Ғани рақиб чангалидан қутулиш илинжида зўр бериб типирчилар экан, ногоҳ дастурхон тузалган столни тепиб юборди. Кучли зарбадан идиш-товоқ, шишалар ерга тушиб, чил-чил синди. Ҳануз ишлаб турган диктофон ҳам ерга тушиб, диван остига юмалаб кетди.
– Башарангни қонга белайман, – деб бўкирди Латиф, рақибининг юз-кўзига тирноқ ботирар экан.
Ғани зўр бериб типирчилаган кўйи Латифнинг гоҳ биқинига, гоҳ кўксига мушт туширарди. Ҳирқираган, ҳансираган бўғиқ товуш бутун хонани тутиб кетди. Таҳлика ва ваҳимадан кўзлари катта-катта очилган Амира чинқириб юбормаслик учун қўллари билан оғзини беркитиб, бўғишиб ётган эркакларнинг гоҳ у ёнига, гоҳ бу ёнига ирғишлаб ўтарди.
Ғани устидан босиб тушган Латифни бир амаллаб итқитиб ташладию дастурхон устидан ерга тушган пичоқни қўлга олди.
– Чавақлаб ташлайман, сўтак!
– Ўзингни қўйдай бўғизлайман, ҳароми, – деб хириллади Латиф, бир интилиб шиша синиғини қўлига оларкан.
Сўнг шиша бўлагини ўқталиб рақибига ташланди. Шошиб қолган Ғани пичоқни сермаб отди. Аммо Латиф чап бериб қолди. Зарб билан отилган пичоқ Амиранинг нақ кўксига санчилди.
Жувон инграб йиқиларкан, аранг ғудранди:
– Ваҳ, единг-ку мени, Ғани…
– Амира?! – Латиф хотини томон интилди, – Амира!
У қип-қизил қонига беланган аёлнинг бошига энгашди. Амир