лашиб турардик. “Ойи, кўпроқ ишласам, кўпроқ пул беришар экан. Шунинг учун кўпроқ ишлаяпман”, дерди. Ўғлимнинг ишлагани сабаб ҳафтада бир килограмм гўшт сотиб оладиган бўлдик. Акаси сабаб болаларимнинг оғзи гўштли овқатга етганди... Бир куни кечки пайт ўғлим йиғламсираган овозда қўнғироқ қилди. “Онажон, уйга қайтсам дегандим. Озроқ пул жамғариб қўйганман. Яна бир-неча ойлик маошимни олганим йўқ. Энди берамиз дейишди. Ишлаётган жойимиз жудаям совуқ. Бу ердагилар “Сизлар бизнинг ҳисобимиздан бойияпсанлар, шу ердан туриб уй-жойингни тиклаяпсанлар”, деб аяб ўтиришмас экан. Пул топаётган бўлсак меҳнатимиз эвазига оляпмиз-ку. Кечаси билан ишлаганларга кўпроқ пул беришяпти. Мен ҳам кўпроқ пул топиш учун кечаси билан ишлаётгандим. Энди эса ҳолим қолмади. Суякларим қақшаб оғрияпти. Қўлимдаги бармоқларим яхши ишламаяпти. Буколмаяпман”, деди. Хўрлигим келди: “Сен ҳали шу азобда ишлаяпсанми, болам! Қайт орқангга, менга сенинг соғлиғинг керак. Шу ердалигингда ҳам кунимиз ўтаётганди-ку”, дедим. Икки кун ўтиб ўғлим уйга қайтиш учун поездга чипта олгани ҳақида хабар берди. Хурсандлигимни кўрсангиз эди. Икки йил кўрмагандим боламни. Орадан икки ҳафта ўтди ҳамки ўғлимдан хабар йўқ. Хавотир ола бошладим... Бир ой ўтиб ўғлим билан бирга кетган Ботир эшигимиздан кириб келди. Узоқ вақт гапиролмай соқовдек ўтирди. Сўнг зўрға тилга кирди. Азизжон чипта сотиб олганидан сўнг бошлиқларидан тўланмаган ойлик маошларини беришларини сўрабди. Улар эса тўланиши керак бўлган пулни ярмини беришибди. Хуллас ноҳақликка чидолмаган ўғлим тўпалон кўтарибди. Ўзларининг ҳам ҳоли шундай бўлишини тушунган ўртоқлари биргаликда норозилик билдиришибди. Тортишув муштлашувга, муштлашув пичоқлашишга айланибди. 4 киши қаттиқ жароҳатланибди. Ўғлим билан яна бир йигит пичоқнинг зарбидан ўша заҳотиёқ вафот этибди... Эҳ, онани яратмасин экан. Ўз кўзим билан кўрмаганим учун ишонганим ҳам йўқ. Россияга бораман, ҳақиқатдан ҳам ўғлим вафот этган бўлса, боламни ўзи туғилиб ўсган жойга қайтариб олиб келаман, деб ўйлаган эдим. Бормаган жойим, кирмаган эшигим қолмади. Аммо ҳеч ким ҳеч қандай ёрдам беролмади. Маҳалламиз оқсоқолига ёрдам беринг деб қайта-қайта ялиндим. У эса, “Опа, Россияга бордингиз ҳам дейлик. Бир ўзингиз нима қила оласиз? Икки киши бўлиб борсангиз ҳаражатингиз икки бараварга ортади. Чет элдан майитни олиб келиш қанчага тушишини биласизми? Қанча қоғозбозлик, ҳужжатбозлик қилиш керак. Сизга ҳозир ҳеч ким катта пул топиб беролмайди. Устига устак орадан ойлар ўтди. Энди ўғлингизни таний оласизми, йўқми, Худо билади. У ердагилар бошқа бир марҳумни кўрсатса ҳам ўғлим, деб кўтариб келаверасиз-да. Энди опа, қолган болаларингизни, тўшакка михланиб қолган эрингизни ўйланг. Ўғлингизни тақдирида шундай қайтиш қилиш бор экан. Сабр қилмай иложингиз йўқ”, деди. Оқсоқол бу гапларни шунчалар босиқлиқ билан айтдики, худдики бир қоп картошканг чет элда қолса қолибди-да, оҳангида қабул қилдим. Кейин роса суриштирдим. Ростан ҳам чет элдан одамнинг тиригидан кўра ўлигини келиши анча қимматга тушар экан. Оҳҳҳҳ, қўлим калталик қилди. Боламнинг совуқ дийдорига ҳам етолмадим. Икки йилдан бери айрилиқ доғида ёнаман. Қўшниларим қабристоннинг тупроғини кўксингизга суртинг, сўнг сувга солиб ичинг. Ана шунда ичингиздаги куйишиш сал бўлса-да босилади, дейишди. Ичимдаги ёнаётган чўғнинг азобидан ким нима деса қилдим. Аммо нима қилайки, кўксимдаги ачишиш ҳеч кетмайди, зўрайса-зўраядики, камаймаяпти. Имкон топдим дегунимча шу қабристонга келаман. Болам билан тенгдош марҳумларнинг қабрини зиёрат қиламан. “Шулар ҳам кимнингдир фарзанди эди, улар ҳам фарзанд доғига чидаяпти-ку”, дейман ўзимга таскин берган киши бўлиб... Кимга гапирсанг тақдир, тақдир дейди. Худойим бизга ҳаёт беради. Тўғри ёки нотўғри яшаш эса бандасининг қўлидаги иш. Бўлмаса, дўзах, жаннат деган тушунчалар бўлмасди. Менинг болам адолатсизлик қурбони бўлди. Ўз юртида адолат, меҳр-оқибат кўрмади. Агар олий ўқув юртига кирганида ёки шу ерда бирор ишга жойлашганида Россияга кетмаган, бу ишлар бўлмаган, болам бағримда юрган бўларди. Агар ростан ҳам боламнинг пешонасига қисқа умр битилган бўлса, ўз юртида ўзбек удумларига хос қилиб дафн эти