ТАШЛАНДИҚ ҚИЗАЛОҚ.
ҚИССА.
8.
Гули Шароф билан ўз қариндоши Аслиддинга "Қозоғистонга борсангизлар, Бонучани видеога олиб, менга юборинглар, кўнглим жойига тушсин, соғ-саломатлигини кўрсам ҳам ҳарна" деб илтимос қилганди. Йигитлар Оқтепага етиб келишгач, энг аввало Болалар уйига боришди. Болалар уйининг директори ҳузурига кириб, мақсадларини айтишди.
Болалар уйининг директори уларга қонун-қоидаларни тушунтириб, ДНК натижасини келтирмагунларингизча, сизларга қизчани кўрсатолмайман! -деб узрини айтди. Йигитлар меҳмонхонага бориб жойлашдилар. Эртаси тонгдан ДНК қилдириш ҳаракатига тушдилар. Бир кун шу югур-югур билан ўтди. Текширув анализларини қабул қилган аёл уларга жавоблар ўн беш кундан кейин аниқ бўлишини таъкидлади. Бу гапдан кейин, йигитлар Гули билан маслаҳатлашиб, ортларига қайтишди. Йигитларнинг қайтишига Гули манти, кабоб пиширтириб, алоҳида тайёргарлик кўрди. Улар ахир Гулининг топшириғини бажариб келишяпти-ку. Шу сабабли, йигитлар яхши меҳмон қилинди, ташаккурлар айтилди. Жавобнинг ўн беш кундан кейин бўлишини эшитиб Гули ва қизлари хафа бўлиб қолишди.Чунки қизчани олиш мумкинлиги ҳақидаги хабардан кейин ўн беш кунни кутиш катта азоб эди. Гули йигитларнинг бўйнига қизчани бориб, олиб келиш мажбуриятини ҳам қўйгач, уларни илиққина кузатиб қўйди
Ўн беш кун таҳлика ва саросимада ўтди. Чунки қизалоқ яна бошқа бировдан бўлиб чиқса, шунча ҳаракат зое кетарди. Ўн олтинчи куни терговчи Игор Дакешов телефон қилиб, ДНК текшируви натижалари чиққанини, 99.99. фоиз Шароф биологик отаси эканини айтиб, табриклади. "Энди болани олишимиз мкмкинми, Шарофни юборайми?" деган саволга терговчи,
-Мен ҳозир отпускка, таътилга чиқдим, ишга қайтсам хабарлашаман. Унгача сизлар Шарофнинг қизчанинг отаси эканлиги ҳақидаги ҳужжатни тахлаб қўйинглар,- деб ўргатди.
Бу ҳужжатни тайёрлаш учун ҳам Зулхуморнинг асосий паспорти керак бўларди. Шу сабабли Гули яна Зулхуморни излади. Однодан, телеграмдаги танишларидан, қўшнилардан, барчадан Зулхуморни излашни, топишга ёрдам беришларини илтимос қилди Ниҳоят уни топиб, илтимос қилди."Маҳбуба, асли исми шундай эди аёлнинг, болангни болалар уйидан чиқаришимиз керак. Илтимос бир келиб кетгин, бошқа сени безовта қилмаймиз.Истасанг, Икшадаги мусофирлардан олган қарзларингни ҳам мен тўлайман!"
Зулхумор эса,,катта ваъдалар бериб, яна алдади, яна йўқликларга сингиб кетди. Ўз боласининг болалар уйида қолиб кетишини истаганмиди, ёки бошқа нияти бормиди, бизнинг хабаримиз йўқ. Лекин ўз фарзандига ёрдам беришни истамади!
Оталик ҳужжати терговчи айтган пайтга тахланмади, қизча яна болалар уйида қолаверди
Бу орада Шароф яна йўқолиб қолди. Кимдир Тожикистонга қайтиб кетган деди, яна кимдир Сибирга ишлашга кетган деди, хуллас ҳеч қаердан топилмади. Кунлар, ойлар эса ўтаётганди.
Бир нарсага ҳайрон қоламан. Гули ўз боласи бўлмагани ҳолда,Тожикистон, Қозоғистон элчихоналари қолмай, Болалар уйининг директори қолмай, Россия Ички ишлар бўлими қолмай югуриб, қизчани Болалар уйидан чиқаришга ҳаракат қилсаю, бу аёл ўз фарзанди учун битини ҳам қимирлатмаса, хавотир олмаса, қайғурмаса, ўйламаса?!!!
Зулхумор Тожикистонда анча одамлардан қарз олиб, бермай қочиб қайтган эди,,энди Россияда у тумандан қарз олиб, бу туманга ўтиб, бемалол бергиларини бермасдан яшаб юрибди.Бу билан бизнинг ишимиз йўқ, балки унинг турмуш тарзи шунақадир. Аммо ўз фарзандига бироз эътибор берсин, ўз фарзанди-гарчи гуноҳлари эвазига туғилган бўлса-да, беғубор фаришта-ку!
Ҳали кунлар, ойлар,,йиллар ўтар, бу қизалоқ ўлмай катта бўлса, онасининг бу қилмишларидан жирканмайдими, унақа онадан юз ўгирмайдимт?
Оналаримиз пойи жаннат дея болаларимизни онани ҳурматлашга, эъзозлашга ўргатамиз, аммо оналарга, манавинақа оналарга болангга қара, сен унинг ҳаёти учун масъулсан, яхшими, ёмонми, сенинг гуноҳларинг эвазига берилган тақдир неъмати. Шу болага яхши қарасанг, Аллоҳ олдида гуноҳларинг бир қадар камаяди дегимиз келади!
Давоми бор.
Раъно Умарқулова.