алима зинадан чиқиб эшикни очди. Айвонга кўз югуртириб овоз берди. -Фароғат опа, уйдамисиз?
Уй ичи ҳамон жимжит, ҳеч кимнинг шарпаси эшитилмасди. Айвондаги хонтахта устида турган чинни товоқнинг усти дастурхоннинг чети билан омонатгина ёпилганди. Остонада турган калишни кўриб Ҳалима, уйда экан, деди. Ён томондаги эшикни очиб қаради. Орқасидан бетоқатлик билан қараган Шаходатга бир қараб қўйиб ичкари хонага қараб юрди. Ҳамма беихтиёр унга эргашди. Ҳалим кароватда ётган Фароғатни кўриб, шу ерда экан, деди. Олдига бориб елкасини секингина турди.
-Фароғат опа, кеч бўлганда нега бундай ётибсиз? Туринг, меҳмонлар келишди.
Шаҳодат яқин келиб энгашди. Ойисини қаттиқроқ туртди.
-Туринг, ойи, туринг.
Фароғат қимир ҳам этмади. Бу ҳолдан ҳамма ҳайрон эди. Искандар нима бўлганини англаб юраги «шув» этиб кетди. Лекин бир нима дейишга журъат қилолмади. Ҳалима стол устида қалашиб ётган дори қутиларини кўриб шифокор сифатида дарҳол тушунгандай бўлди. Шошиб қутиларни бир-бир очиб кўрди. Қутиларнинг бўшлигини кўриб ҳаёлидан ўтгани тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилди. Бу ҳатти-ҳаракатига ҳайрон бўлиб қараб турганларга ўгирилиб деди:
-Фароғат опа дори ичибди. Жуда кўп дори ичган. Қаранглар, ҳамма қутидаги дориларни ичган.
-Дори?! Бўлиши мумкин эмас,- деди Самандар кўзлари ола-кула бўлиб.
Ҳалима сўзсиз бошини қимирлатди. Ҳамма саросимага тушиб қолганди. Биринчи бўлиб Искандар ўзини қўлга олди. «Нега ундай қилдинг,Фароғат», деб пичирлади. Самандар тошдай қотиб қолган, фикрлашга ҳам ожиз, гапиришга тили айланмасди. Ориф эса эшик олдида тургаича қимир этмасди. Шаҳодат ҳушини йўқотгандай эди. Ҳаммага бир- бир қараб чиқди. Бу ҳодисанинг бутун даҳшатини ҳис қилиб аъзойи бадани титраб кетди. Оёғидан куч кетгандай кароват четига ўтириб қолди. Фароғатнинг ўнг қўлини икки қўллаб ушлаб йиғлаб юборди.
-Нега ундай қилдингиз ойижон?! Нега? Сизни бундай қилишга нима мажбур қилди?!!!-деб бирдан сакраб туриб кетди. -Дадажон, акажон! Нега қараб турибсизлар? Тезроқ касалхонага олиб борайлик. Балки…
-Қани, бундай туринг-чи,- деб Ҳалима уни сал четга суриб, Фароғатнинг билагидан бирпас ушлаб турди. Кейин юрагига қулоқ солди. Қаддини ростлаб, бош чайқади. -Энди фойдаси йўқ. Кеч қолибмиз.
-Нега?! Нега кеч бўлар экан?! -деб Шаҳодат жон ҳолатда қичқириб юборди. -Айтинг, нима бўлибди?!
-Оламдан ўтибди,- деди Ҳалима ҳудди бунга ўзи айбдордай .
-Нима дедингиз, оламдан ўтибди?! -деб Шаҳодат «ялт» этиб ойисига қаради. Шунда унинг боши бир томонга ғайритабиий тарзда оғиб қолганини, ярим юмуқ кўзларида нур аллақачон сўнганини сезди. Ўзини устига ташлаб уввос тортиб йиғлаб « Нега ундай қилдингиз, ойи, шунга шунчаликми?!» деб нола қила бошлади.
Искандар титроқ овоз билан уни тинчлантиришга уринди. Лекин Шаҳодат гапини ҳам эшитмас, ойисининг совий бошлаган танасини қучоқлаб йиғлашда давом этаётган.
-Кечиринг мени ,ойижон, кечиринг. Нобакор қизингизни кечиринг! Ҳаммасига мен сабабчиман. Сизга, ўз онамга шунақа гапларни айтдим. Жонингизга қасд қилишга мажбур қилдим. Дунёни кўзинигзга қоронғи қилиб қўйдим! Гапларимга чидай олмай шундай қилгансиз!
Искандар стол устида ётган қоғозни кўриб беихтиёр қўлига олди. Шошиб кўз югуртириб чиқди. Ҳамон тошдай қотиб турган Самандар билан Орифга қаради. Шаҳодатга яқин келиб елкаларидан ушлаб ўрнидан тургизди.
-Ундай дема, қизим. Бунга бир сен эмас, ҳаммамиз айбдормиз. Аммо сени ҳечам айблагани йўқ. Мана, бизга айтмоқчи бўлган гапларини ёзиб қолдирибди.
Шаҳодат, «ойим нима деб ёзибди», дегандай ёшли кўзларини дадасига тикди. Самандарнинг ҳам кўнглидан ҳудди шу савол кечаётган эди. Искандар қоғоз ушлаган қўллари титраганича ўқий бошлади.
«Самандар, Шаҳодат. Бу сизларга айтмоқчи бўлган сўнгги гапларим. Сўнгги, дейишимнинг сабаб, буни ўқиётганларингда мен бу дунёдан кетган бўламан. Сизлардай кўнгли тоза кишиларларнинг орасида яшашга нолойиқман. Олдиларингда гуноҳим шунчалик каттаки, гапларимни ўзрларингга айтиш у ёқда турсин, кўзларингга тик қарашга ҳам ботинолмайман. Юзим чидамайди. Агар чиройли гулзор ичида бегонаўт ўсиб чиқса уни дарров юлиб ташлайдилар. Мен ҳам ораларингдаги «бегона» ўт эдим. Лекин мени ҳеч ким «юлиб ташламади». Бунинг қанчалик