Катта оила кечки таомни жамулжам бўлиб тановул қилгач, фотиҳадан кейин қизлар Муродиллани ўз хоналарига олиб кириб кетишди. Ширинбону туриб кетгач, Райҳонбиби ҳам ётоққа кирди. Олдинроқ кириб ўринда ётган эрига қараб:
– Негадир мазам йӯқ, бошим оғриб турибди, – деди.
– Ие-ие, дўхтир обкелайми? – деди шошилиб Фармонбек.
– Йўғ-э, бир ухлаб турсам ўтиб кетади. Сал ҳаво оғирми дейман. Опам тузукмикан? Бугун у кишидан хабар олинг...
– Ҳа, опанг жуда яхши аёл. Тилаб-тилаб олган якка-ю ягона ўғлимиздан ажралиб қолганимиздан буён тез-тез боши оғрийдиган бўлиб қолди. Фақат ўзини айблайди. Эҳтиёт қилолмадим дейди. Куйиб кетди, бечора.
– Аёл киши кундош келса ҳам қийин аҳволга тушади.
– Опанг яхши аёл, кунчилик қилмайди.
– Шундай бўлса ҳам хабар олиб турсангиз, девдим.
Фармонбек бироз ўйланиб тургач, “Тўғри айтасан, бир хабар олай-чи” деди-да ўрнидан туриб ташқарига чиқди.
Ширинбону эрининг қадам товушларини эшитиб, ётган жойидан туриб ўтирди.
Фармонбек катта хотини хонасининг эшигини секин тақиллатди.
– Бону, ухламаётган бўлсангиз эшикни очинг.
Ширинбону шошилиб чиройли тунги кўйлагини кийди, сочларини тўғрилади.
– Бону, ў Бону, ухлаб қолдингизми?
Ширинбону эшикка яқин келиб зулфагини туширди. Эр ичкарига кирди.
– Нима гап, бегим, тинчликми?
– Ёнингизга келдим, Бону. У хотинини бағрига босди. Аммо Ширинбону бирор интилиш кўрсатмади.
– Сиз келсангиз мен бир нима дермидим, бегим. Фақат...
– Нима фақат, Бону?
– Қаттиқ ухлаб қолган эканман, қўрқиб кеттим. Кейин... мени куяди, деб ўйлаб келдингизми?
– Куяди деб ўйлаганим йўқ, сизни соғиниб келдим, Бону.
Шу дақиқада Ширинбонунинг юраги тез уриб кетди. Бироқ, ҳолатини сездирмай, “аввал кичик бибининг бўйида бўлсин, менга қолса ҳозирча у ёқда бўлиб турганингиз маъқул бегим”,- деди ўзини хотиржам тутиб.
– Майли, Бону, сизнингча бўлақолсин.
Фармонбек ташқарига чиқди. Эшик зулфинини қайтадан илар экан, Ширинбонунинг кўзлари ёшга тўлди...
У эрталаб хонасидан хотиржам қиёфада чиқиб келди.
– Мастура сўрига кўрпача ташла.
Икки аёл бир пасда хонтахта атрофига бир нечта кўрпача тўшадилар.
– Муҳаррам, дастурхон туза! Сен Мастура, кичик бибингни чақир, бирга чой ичамиз.
Ичкарида кундошининг фармонбардор овозини эшитиб ўтирган Райҳонбиби ўрнидан қўзғолиб, ташқарига чиқди, келиб Ширинбонунинг қаршисида ийманибгина ўтирди.
– Мастура хонамдаги тошойна олдида пардоз қопчиғим турибди, олиб чиқ!
Аёл илдам бориб Ширинбонунинг пардоз буюмлари солинган халтачани олиб келди. Ширинбону қопчиқ ичидаги буюмларни бир-бир хонтахта устига чиқарар экан, фарангги упага таъриф берди.
– Қаранг, Райҳонбиби, мана бу упа юмшоқ, ҳиди ҳам майин, димоққа ёқади. Сурсангиз оппоқ бўласиз, бироқ упа сурганингиз билинмайди.
Кундошдан садо чиқмади. Ширинбону сўзида давом этди.
– Ҳа, упа суриб юрмаган одам ёқтирмайди. Майли, ўзингиз шундоқ ҳам сутга чайгандайсиз. Аммо мана бу сурмадан бир суриб кўринг. Буни бухоролик яҳудийлар тайёрлашган. Ҳам денг, одамга ярашади, ҳам кўзни равшан қилади.
Кундош мақталган нарсаларга боқиб ҳам қўймагани Ширинбонуни сергаклантирди. У пардоздан бир зум тўхтаб Райҳонбибига синчков назар ташлади.
– Райҳонбиби, кайфингиз чоғ эмас, тинчликми?
- Бӯйимда бӯлмаяпти-ку, опа…
- Ширинбону бирпас ўйланиб тургач қўлидаги сурмани хонтахта устига қўйди-да, бирдан кулиб юборди.
– Шунга ҳам ғам чекяпсизми? Бугун бўлмаса, эртага бӯлади! Бўлади-да бир кун! Майли пардоз қилишни хоҳламасангиз, қилманг. Лекин сизнинг ўйнаб-кулганингизни ҳеч кўрмадим. Келинг, бир “эр кетди” қилайлик.
Кейин чўзилиб боғ томон қаради. Отхона томонда ўралашиб юрган йигитга кўзи тушгач, унга қараб қичқирди.
– Ҳой Норбўта, бери кел!
Йигит қилаётган ишини қўйиб, боғ тарафдан чиқиб келди.
– Лаббай бибижон?!
– Эрталаб сўйилган қўйнинг гўштидан кабоб қил!
--Мастура қаердасан?!
Аёл қизалоқларнинг хонасидан югуриб чиқди.
– Келдим, бибижон!