#ИЗТИРОБ
МУАЛЛИФ: #Назли
40
Уйдаги меҳмонларни кузатиб бўлингач Матлуба оёқларини силаб стулга ўтирди.
— Хола, чарчадингизми? Севара югуриб ёнига келди.
— Сизлар ишларингизни қилаверинглар, мен бироз дам олай. Қарияпман, шекилли оёқларим оғрийдиган бўлиб қолибди.
— Хола, сизга доим айтаман. Уй ишларини қилманг деб. Уйда уч қиз бор ана ўқишдан келишгач биргалашиб ҳаммасини қиладилар. Зулфиқор холасининг ёнига ўтирди.
— Сен уйлансанг, шу уйга келин келса, оёқларим оғримайди.
— Насиб қилган куни уйланаман-да, холажон. Энди мен дам олай эртага ишга бораман.
— Қандай дам? Шунча хонани йиғиш керак, ана қизларга ёрдам бер.
— Тўртта қиз-ку, ўзлари қилиб оладилар.
— Совуқда қачон қилиб бўлади, ёрдам бер сенам.
— Хўп. Зулфиқор столни йиғаётган қизларга бир қараб қўйди. Нима ёрдам беришини билмай қараб турарди.
— Зулфиқор, ўғлим. Идиш-товоқларни ошхонага олиб бор, йигитсан-ку, тез-тез олиб бориб бер.
— Хўп хола. Зулфиқор патнисдаги оғир-оғир идиш-товоқларни дарров ошхонага ташиди.
— София опа, фақат шу нарсалар қолди, сиз йиғиб туринг, биз ошхонадаги идишларни ажратиб турамиз. Уч қиз чиқиб кетди.
София тез-тез дастурхонни йиғаркан телефонига қўнғироқ келди. Кимлигини кўриб юзига табассум югурди.
— Ассалому алайкум, яхшимисиз? Хуш кайфиятда қўнғироқ қилган инсонга жавоб берди. Энди хонага кирган Зулфиқор қизнинг ҳаракатларини кузатиб турарди.
— Айтиб қўйиш ёдимдан кўтарилибди, эртага кўришамиз энди. Хабар бермоқчи эдим, эсимдан чиқибди-да, кечирасизми? Кечирмай қаёққа ҳам борардингиз? Ҳозир уйимдамасдим, уйимга кирай ўзим сизга телефон қиламан, Хўп бўпти. Қўнғироқ якунлангач Зулфиқор қўлидаги патнисни стол устига қўйди.
— Йигитлар билан бундай очиқ гаплашма! Телевизор пултини олди. Умуман телевизор кўрмайдиган Зулфиқор нима қилишини билмай, телевизорни ёқди.
— Қанақа йигит? София қўлидаги косани қўйиб Зулфиқорга қаради.
— Ҳозир гаплашдинг-ку, ўзингни билмаганликка олма! Овози қандайдир дағалроқ чиқди.
— У йигит эмас, курсдош дугонам. Биринчи курслигимизда турмушга чиқиб кетганди, кўришмоқчи эдик.
— Мен... ўйлабманки... йигит деб ўйлабман-да.
— Ташқи томондан ҳеч қачон хулоса берманг, оқибати яхши бўлмайди. София идишларни кўтариб чиқиб кетди.
— Менга нима эди? Гаплашса гаплашавермайдими? Менга нима? Яна сўраб суриштирганимни қара. Сениям нимга ёқдим. Телевизорни ўчириб, пултини жаҳл билан стол устига қўйиб хонасига кириб кетди.