10-15 ЙИЛДАН КЕЙИНГИ ХАТАР
Мен мунажжим эмасман, бироқ бугун кўриб турганларимни айтиб ўтишга мажбурман. Педагог ва ёзувчи сифатида охирги икки йил давомида Туркиянинг турли ҳудудларида бўлиб, 100 мингга яқин ёшлар билан учрашдим, конференциялар бердим ва 50 га яқин китоб кўргазмаларида қатнашдим.
Менинг кузатувларим ва тадқиқотларимга кўра, мамлакатимизда китобхонларнинг 80 фоизини аёллар ташкил этади. Ушбу 80 фоизлик қатламнинг яна 80 фоизи эса 8 ёшдан 25 ёшгача бўлган қизлар ва аёллардир.
Ёшларимиз мутолаа қилаётган китоблар ва уларнинг мазмуни борасидаги хавотирларимни конференцияларда, телевидение ва радиоларда — деярли ҳамма жойда куйиниб гапириб келмоқдаман. Мен айтгандимки:
“Эй ота-оналар, фарзандларингиз китоб ўқимаяпти, балки сизнинг бошингизга етяпти. Айниқса, Wattpad (интернет тармоғидаги адабий платформа) каби иловалар орқали кузатиладиган матнларнинг аксарияти миллий ва маънавий қадриятларимизга зид бўлган сўкиниш, ҳақорат, ҳаддан ташқари шаҳвоний ва порнографик мазмундаги ёзувлардан иборатдир”.
Мана шундай китоблар билан заҳарланаётган болаларимизни кўрганда, келажакдан жиддий хавотирга тушаман. “Ҳар ҳолда болам китоб ўқияпти-ку”, деган янглиш хулосага асло борманг. Ибн Халдун айтганидек: “Аввал ҳақиқатни билиш керак. Агар ҳақиқат аввал билинса, хатони англаш осон кечади. Аммо аввал хато ўрганилса, ҳақиқатга етишиш жуда мушкул бўлади”.
Фарзандларимизни худди парчин каби аввал тўғри ва соф қадриятлар билан суғорайлик, ана ундан кейин улардан дунёни поклашни талаб қилайлик. Акс ҳолда, нафақат оилавий тутумимиз, балки қадриятларимиз ва маданиятимиз ҳам таназзулга юз тутиши муқаррар. Кейинги 7-8 йил ичида экранларда намойиш этилаётган сериалларнинг аксариятида ўнта эркак ва ўнта аёл бир томонда туриб, ким кимни танлаши, ким кимга хиёнат қилиши ҳақидаги кўрсатувларни томоша қиляпмиз. Ҳамма янги ишқ излаш баҳонасида хиёнат, ажрим каби ижтимоий инқироз гирдобига тортилмоқда. Ёшлар ҳақидаги сериаллар орқали берилаётган хабарлар жамиятни заҳарламоқда. Қайси соҳада тўғри таълим беришда оқсаётган бўлсак, ўша соҳа кимлар томонидандир атайлаб салбий мазмун билан тўлдирилмоқда. Акс ҳолда, йилига 130 мингга яқин оилавий ажримларни нима билан изоҳлаш мумкин? Илгари ажримларнинг бош сабаби бўлган “келишмовчилик” ўрнини бугун “хиёнат” эгаллаб олмадими?
Тўғри манбалардан баҳраманд бўлмаганлар севги каби олий туйғунинг асл моҳиятидан бехабардирлар. Улар янглиш муносабатларни бошдан кечириб, гўёки “севгига ишонмайман” деган ниқоб остида ўзларини ҳимоя қилмоқчи бўладилар. Ўз юртининг миллий ва маънавий қадриятларига бегона бўлиб бормоқдалар. Ахлоқ тамойиллари ва ижтимоий мезонларни масхара қиладилар. Эътиқоди ва маданиятини ҳаётининг марказига қўйганларга эса ғалати қарайдилар. Бу мамлакат бошидан кечирган оғир синовлардан хабарлари йўқ. Дунёда содир бўлаётган воқеаларни тўғри таҳлил қила олмай, ҳар сафар кимларнингдир қўлида қўғирчоқ бўлмоқдалар.
Биз китобларимиз кўп сотилиши учун масхарабозлик, ахлоқсизлик ёки миллий қадриятларимизга душманлик қила олмаймиз. Китобимиз харидоргир бўлиши учун руҳиятимизни сотиб, кимларгадир ялтоқлана олмаймиз. Китобларимиз оммалашиши учун хатолар билан ошно тутина олмаймиз. Бўлгинчилик қилиб, ватанимизга хиёнат қила олмаймиз.
Мен бу юртнинг ҳар бир рангини, ҳар бир нақшини чексиз севаман. Ҳар қандай фикр ва қарашга ҳурматим баланд, башарти у ҳақорат қилмаса, масхараламаса, бўлгинчилик қилмаса ва туҳмат тошини отмаса. “Аллоҳ хоҳласа ҳаммани тенг яратар эди”, деган англам билан бир-биримизни севишимиз ва тушунишимиз лозим. Ёзаётган ва яратаётган асарларимиз юқорида таъкидланган муштарак мезонларга асосланиши шарт. Акс ҳолда, муайян лойиҳа асосида ёздирилган китоблар, ишланган фильмлар ва ёшларга тақдим этилаётган сохта “илоҳлар” билан суғорилган жамиятларнинг келажаги бўлмайди.
Муқаддас китобимиз Қуръони Каримдаги “Ўқи” деган амрни фақатгина академик мартаба орттириш деб тушунадиганларга шуни айтмоқчиман: Ўқиш — бу англаш, фикрлаш, ҳис қилиш ва амал қилиш демакдир.
Ўқиётган, ўқитаётган, фикрлаётган ва яратаётган қалбларга салом, дуо ва муҳаббатлар бўлсин.
Туркчадан таржима