а хабар юборамиз. Аҳли рўзғори билан келсин.
Тўй рисоладагидек ўтди. Турдимурод тўёнага бир бош қорамол туҳфа қилди. Нурмурод муаллим ўғиллари билан тўй масаллиқларини кўтардилар. Норбўтанинг оиласи ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Уйнинг тўрига чимилдиқ ясатилиб, келин-куёвнинг никоҳини Нурмурод Ҳамдам ўқиди. Ота-онанинг, яқин қариндошларнинг дуосини олган ёшлар Тошкент шаҳрига жўнаб кетдилар. Кўп ўтмай Шодмонбек ўзи билан олиб кетган укаси Муҳаммадюсуфни уйлантирди. Темир йўл қуриш соҳасида муҳандис бўлиб ишлаётган Муҳаммадғолиб Навоий шаҳрида оиласи билан истиқомат қила бошлади. Ойбарчин ўзи билан олиб кетган Муҳаммадризо метростанциялардан бирига ишга кирди. У ҳам кўп ўтмай опаси билан бир таҳририятда ишлайдиган журналист қизга уйланди. Фақат Олимжон ота-онасининг ёнида қолиб, деҳқончилик қилишни давом эттирди. Гўё оиланинг барча орзулари амалга ошган, Шодмонбек башорат қилган байрам бу оила аъзоларининг ҳаётида муқим ўрнашгандай эди. Аммо Райҳонбибининг ҳали амалга ошмаган орзуси бор эди, фақат унинггина байрами ҳали тугал эмас эди. У ўша ўттиз тўққизинчи йилда армияга кетган акаси ҳаёт эканлигига ишонар, у бир куни кириб келишига ҳам имони комил эди. Ахир ўшанда олашақшақ Тоштурди ҳам аканг ўшоқларда қолиб кетади деган. Ўлиб кетади дегани йўқ. Демак, қолиб кетган одам келади ҳам. Кейин Худо раҳматли кундоши ҳам тилига олган сўз бўлгувчи эди, демак акаси бор, акаси тирик. Райҳонбиби“Эй, Худо, шу акамни бир кўриб ўлсам армоним қолмасди” деди-да, чуқур хўрсинди. Ўрнидан туриб бир варақ қоғоз олди-да, қизига хат ёзишга тутинди: “Соғинч тўла салом хат! Эсон-омонмисан, қизим? Невараларим ва куёв ҳам соғ-саломат юришибдими? Исталинград, Гирмонияга ёзган хатларингга жавоб келдими? Сен суриштиришдан тўхтама, қизим. Худо хоҳласа, бир кун келиб тоғангнинг дарагини топамиз. Кейин, Ойбарчинжон, болаларингни олиб, куёв билан бир келиб кет. Отангнинг соғлиги яхши эмас. Сенга дўхтир ёзиб берган қоғозларни ҳам жўнатаяпман. Бу дорилар Хатирчидан топилмади. Шаҳар дорихоналаридан сўраб кўр. Майли, хайр. Сени соғиниб энанг...”
Райҳонбиби эрта тонгда туриб, ҳовлидаги ёввойи ўт босиб кетган картошка, пиёз жўякларини тозалашга киришди. Бир-икки жўякни тозалаб, ўт-ўланни йиғиб, сигир ва бузоқнинг олдига энди ташлаган эди, пахса девор ортида ҳисобчи бола кўринди.
– Райҳонмомо, ҳо Райҳонмомо, қаердасиз?
– Ҳа, болам кел. Каллаи саҳардан нима хабар билан юрибсан? Олим акангни сўраб келган бўлсанг, аллақачон далага чиқиб кетувди. Шошиб турмаган бӯлсанг, ичкарига кир, ширчой ичиб кетасан.
– Раҳмат момо, вақтим йўқ. Бугун пахта ниҳолларининг ўсишини текширишга комиссия келармиш. Бизда тозаланганига уч кун бўлган далаларни ҳам ичига бир ой кирилмагандек ўт босган. Раис “қимирлаган жон борки, ҳамма далага чиқсин”,- деб буйруқ берди. Момо, жўяк ичига кирмасангиз ҳам, йўл ёқаларини тозалашга чиқинг.
– Болам, мен далага чиқолмайман. Бобонг юролмай ётиб қолган. Чой нонига қараб, аҳволидан хабардор бўлиб турмасам бўлмайди.
– Чиқмасангиз бўлмайди, момо. Комиссия келиб ёш-у қари даладалигини бир кўрса бўлди, кейин дарров қайтиб келасиз. Ойша хола, Зулайҳо момолар ҳам ҳозир чиқишади. Дугоналарингиз билан гурунг қилиб, бирпас ишлайсиз-да!
– Бўлмаса, шу атрофга чиқаман. Узоққа бормайман.
– Хўп, момо сизга ишондим- а?
Ҳисобчи бола кетгач, Райҳонбиби эри ётган хонага кирди.
– Шодмонжоннинг отаси, ширчой пишди, тамадди қилиб олинг.
– Майли обкел.
Райҳонбиби эрининг орқасига яна бир ёстиқ қўйиб, суяб ўтирғизди-да, овқатлантира бошлади. Бўшаган косани олиб чиқиб кетди, чойнак пиёла кўтариб қайтиб киргач, курси устига қўяр экан, сўради:
– Чой сузиб қўйсам, ўзингиз олиб ичасизми?
– Ичгим келса, ўзим қуйиб ичаман, сен яхшиси менга битта папирос тутатиб бер.
– Дўхтир бобойингиз папирос чекмасин, деб тайинлаб кетувди-да, отаси...
– Э, мен эллик йилдан буён чекаман, энди ташлай олармидим. Тутатиб бера қол.
Райҳонбиби папирос қутисидан бир донасини олиб, тутатиб, эрининг титраб турган бармоқларига тутқазгач, курси устида турган кулдонни яқинроқ сурди.
– Отаси, ҳисобчи бола келиб, далани бегона ўтлардан тозалашга чиқинг, деб тайинлаб кетди. Бирор икки соатга чиқай, ҳа