НАДОМАТ....
Бу булиб утган вокеага хам анча йиллар булди,лекин хали-хануз уша совук кунда марказий дехкон бозорининг эшиги ёнида майда-чуйда нарсалар сотиб, совукга котиб колган онахоннинг сиймоси хеч куз унгимдан кетмайди...
Ҳаво совуқ, қор пағалаб ёғмоқда. Кўпчилик юмушини тезроқ битириш истагида, иссиққина уйига шошмоқда. Ёши саксондан ошиб қолган бу онахон эса негадир ҳеч қаёққа шошмайди. Қўлларини ҳудди ёш боладек куҳ-куҳлаб иситмоқчи бўлади. Қишнинг аёз кунларида марказий деҳқон бозорининг эшиги тагида қанд, ширинликлар, сақич ва шу каби майда-чуйда нарсаларни сотиб ўтирган онага раҳмим келди. Ёнидан ўтиб кетарканман қандайдир куч орқамга қайтишга мажбур қилди. -Ассалому алайкум, она совуққотиб қолибсиз... дедим.
-Ҳа...деди.
-Уйингизга кетмайсизми? Касал бўлиб қоласиз дедим.
-Уйим бундан совуқ...
-Газ йўқми ёки қишлоқдан келасизми?...
-Йўқ...деди, маъюс тортиб, она ўйланиб қолди.
Қизим уйим бундан совуқ, кўчада баданим совуққотса, уйда юрагим совуққотади, увишиб қолади.
Икки ўғлим бор. Ёлғиз бошим билан катта қилдим. Уйлаб жойладим. Мустақил яшаймиз дейишди. Кетишди. Кетишгани ҳам майли...мени ташлаб қўйишди. Уйда йўл пойлайвераман. Барибир келишмайди. Эшикка термуламан, кўчага қарайман...зерикаман...сиқиламан...
Мен болаларимни фақат едириб-ичиришни билибман. Боқиб катта қилишни тарбия деб ўйлабман...
Онани оғир хаёллардан чалғитиш учун ширинликлардан харид қилган бўлдим. Пул узатганда совуққотган қўлларини кафтларим орасига олдим, муздек қўлларга бир сония бўлсада илиқлик бергим келди. Онахоннинг кўзларидан ёш сизилиб чиқди. Балки шу онда менинг қўлларим ўрнида ўғилларининг бақувват иссиқ қўллари бўлишини қанчалар истагандир... Юринг она деса-ю, уйларига, набиралари бағрига кетиш орзуси янада куйдиргандир она шўрликни...
Юрагим ачишди. Кўзларим жиққа ёш, онанинг кўзларига қарай олмадим, бўғзимга нимадир тиқилди. Кетдим. Энди онани узоқдан кузатардим.
Совуқда тирикчилик дардидан кўра онани ёлғизлик, болаларига муштоқлик, ичикиш, уларнинг меҳрига ташналик азоби эзарди... Қадди эгилган, юзлари совуқдан кўкараётган она ўз ҳаёллари оғушида маҳзун ўтирар, ҳамма ўзи билан оввора, ҳудди фарзандлари каби онанинг совуққотиши билан иши йўқ қор пағалаб ёғмоқда...Онага раҳмим келди...
Кетяпману кўзим ўнггидан унинг беозор ўйчан, совуққада парво қилмай бозор эшигида ўтирган қиёфаси кетмайди. Қалбимда турфа ўй-саволлар...
Кечалари ширин уйқусидан кечиб, уйқусизликдан кўзлари ачишиб боласини бағрига босган, еган-ичганини меҳрига қўшиб унга оқ сут берган, юзлаб, керак бўлса минглаб кечалар тўйиб ухламаган, мижжа қоқмаган, тунни бедорликда, гўдагига термулиб ўтказган, уйқу бермаса ҳам, йиғлаб қийнаса ҳам, шўҳликлари билан чарчатиб, тинчлик бермаса ҳам болам деб жонидан ортиқ суйган,ёшини, чиройини, кучини, ақлини, нурини, умрини бериб, оғриса оғриган, йиғласа йиғлаб, кулса кулган, йиғлаш ва зорланишдан бошқани билмайдиган, бутун жисми-жони билан ўзига-онага муҳтож гўдакни одам қаторига қўшиб,
Энди ўзи совуқдан кўкариб бозор эшигида ўтирса.......
Боласининг бармоғига кирган зирапча унинг юрагига найза бўлиб қадалган, ҳар янги ҳаракатини кўрганда қувончдан дунёларга сиғмаган, ҳар тонгда болаларига қараб оналик бахтидан роҳатланган , уларнинг саломатлиги учун тинмай шукроналар айтган, икки ўғлим-икки тоғим, паҳлавонларим, кексайганимда бошида кўтаради деб умид қилган она...Қишнинг изғиринида кўчада сақич сотиб ўтирса...
Ўзининг жони оғриса ҳам боласига жилмайиб қараган, синовларда, ҳаёт зарбалари текканда қуйилган ёшларин ичига юта олган, ўзи тўкилиб бораётган бўлса ҳам, ўғилларини катта қиламан деб куч топа олган, боласин биров хафа қилса уларни ҳимоя қилишга нозик жуссаси ожиз бўлса ҳам шердек журъат топа олган, кўксини тутиб қалқон бўлган она кексайиб...Келбатли ўғиллари бўла туриб бегонанинг иссиқ тафтларига талпинса...
Бозор эшигида маҳзун ўтирса...