топган-тутганини еб битиргач, уни кўчага ҳайдаган. У ер, бу ерда сарсон бўлиб юриб, аёлнинг ҳовуридан тушганига умид қилиб уйига борган экан, бу сафар шунчаки ҳайдамабди, уришибди, қўлинг сингурлар. Аёлнинг зўравонлари ҳам бор экан-да, ёнида. Эрим бечора шу-шу яримжон бўлиб қолган…
Сизга қойилман, деди пичинг аралаш Манзура Юсупова. Олти йил давомида бир бор йўқламаган, фарзандларини эсламаган, сизни, аёл, она ўрнида кўрмаган, бунинг устига яримжон бўлиб қайтган эркак билан яна бир ёстиққа бош қўйиб яшаяпсизми? Йўқ, йўқ, мен уни асло кечирмаган бўлардим…
Ахир, у болаларимнинг отаси-ку? деди ҳайрон бўлиб аёл.
Тўғри, болаларингизнинг отаси. Лекин… майли, сизни ўйламасин, такрор айтаман, ҳеч бўлмаса болаларини, уч қоракўзини ўйладими? Улар нима еб, нима ичишяпти деб, бирон маротаба қизиқмабди-ку? Яна уялмасдан сизга оғирлигини ташлаб ётиб олганини кўринг! Жуда безбет экан эрингиз!
Бу гапларни менга бошқалар ҳам айтишган, кулимсиради аёл. Ўзим ҳам эримни кечира олмасам керак, келса, ажрашаман, деб ўйлаганман. Дарвозадан ҳассатаёқда, бир аҳволда кириб келган куни ҳамма ўйлаларим тарқаб кетди. Кўзларида изтиробми, ўкинчми, билмайман, одамнинг юрагини эзиб-эзиб юборадиган бир нарса бор эди. Мен ҳам, у ҳам ҳеч нима демадик. Унга нимаям дердим? Эри узоққа кетган, деб ярим кечада девор ошиб, мени ҳўрламоқчи бўлган беномус киши ҳақида гапирайми? Ўшанда ёрдамга чақирганимда, раҳматли қайнотам уйдан яктакчан югуриб чиқиб, девор ошиб қочаётган одамнинг оёғидан тортиб, ерга юмалатиб тепганини айтайми? Ўғли соч-соқолининг оқи билан номусига қайнота ҳимоячи бўлганини гапирайми? Эримнинг оғайнилари унга берган қарзини қистаб келиб, соғиб турган сигиримизни етаклаб кетган, қайнонамни зор-зор йиғлатганларнинг сўзлайми? Йўқ, бирортасини ҳам айтмадим. Айтганим билан нима ҳам ўзгарарди, ўзингиз айтинг? Оғир аҳволдан қутулиш учун бор аламимни меҳнатдан олдим. Худо ишларимни ўнг қилди. Сира тўхтаб қолмадим. Агар тўхтаб қолсам, ҳаёт ҳам тўхтарди. Тирикчилик чархпалагида айлана-айлана янада иродали бўлдим, янада кучли бўла бордим. Тиккан кийимларимни бозорда сотдим, дўконларга топширдим, уззукун тик оёқда бозорда кўкат сотдим. “Янги узилган кўкат, янги узилгани” деб бақирганимда ичимдаги аламларим товушимга қўшилиб чиққандай бўларди. «Меҳнат одамни улуғлайди» деган гаплар баландпарвоз гаплар эмас экан.
Меҳнат одамни ўзгартираркан, ғурбатлардан, қарамликдан қутқарар экан…
Тортган изтиробларимнинг ягона хулосаси шу бўлдики: эримнинг рўпарасида чет элга кетаётганида уни йиғлаб кузатиб қолган заифа эмас, балки турмуш қийинчиликлари чиниқтирган, меҳнат тоблаган иродали аёл турарди. Олти йил давомида у билан хаёлан ҳар куни баҳслашардим, унга аталган таъналарим тоғ-тоғ эди.
Лекин эримга ҳеч нима дея олмадим. Гапирсам ўлганнинг устига тепган бўларди. Ўғлини интизор кута-кута кўзлари йўлга термулганча оламдан ўтган ота-онаси яшаган хонада уч кун ҳеч ким билан гаплашмай, емай-ичмай ётиб қолди. Гоҳ ўзим, гоҳида ўғлим орқали таом киргизардик. Чўқилаган бўларди-ю ўзидан ўтганини ўзи билиб, ўша хонада ухлаб қоларди.
Орадан ойлар ўтди. Эримнинг аҳволи яхши эмас эди. Даволатдик. Жигарчилик экан. Бошида гаплашмай юрган акалари ҳам қўллаб туришди. Мана, яқинда бу ёққа йўлланма олиб беришди. Дардимни достон қилиб, бошингизни оғритиб юбордим-а?
Йўғ-ей, унақа деманг. Аҳволлари анча тузук-ку! Энди фақат парвариш, парвариш керак. Демак уни кечирибсиз-да?
Биз аёллар кечиримли бўлишимиз керак. Чунки фарзандларимизни ота меҳридан маҳрум қилишга ҳаққимиз йўқ.
Эрингиз сизни ташлаб кетганида яшаш учун ёлғиз ўзингиз курашдингиз-ку? Менимча эркакларсиз ҳам яшаш мумкин, деди шифокор.
Опажон, сиз шаҳарликсиз, зиёли, кўп нарсаларга ақли етадиган аёлсиз. Мен чиройли гапларни билмайман, сизга ўз ҳақиқатимни айтаман. Мен тан олган ҳақиқат шуки, эрим майиб бўлса ҳам, ногирон бўлса ҳам тепамда бошпана бўлиб тургани яхши. Ёмғир остида ҳеч қолиб кетганмисиз? Шунда бошимга сув тушмасин, деб зир югуриб бошпана ахтарасиз......