Хўш… яна айтишларича, болагиналарнинг олди дастёр бўлиб қолган, унга оғирлиги тушмасмиш. Уларга фақат бир бош керакмиш – она меҳри керакмиш…
Э, йўқ, бунақасини Маъмура тасаввурига ҳам сиғдиролмайди. Битта эмас, иккита эмас, еттита-я! Ўзига бермагач, бировнинг боласи вафо қилармиди? Вафо қилиш, қилмаслиги майли-ку, бир гап бўлар, лекин гулдай онаси ўлиб кетиб, бегона аёлнинг уйларига эгалик қилиб ўтириши гўдакларга ёқармиди?! Кўпининг ақли кириб қолган экан, онаси ўлиб кетганига худди у айбдордай унга таънали тикилишади. Таънали нигоҳлар вужудига санчилгандай эти сесканди жувоннинг. Йўқ, йўқ, бўлмайди!
Қолаверса, уларга оналик меҳри керак, дейишяпти. Бунда меҳр қолдими! Беш йилдан бери кутавериб, орзулари кул бўлди-ку!..
***
Такдир ҳукмидан қочиб бўлмас экан.
Бир куни маҳалла аёллари билан маъракадан қайтишаётганида шу хонадон олдидан ўтадиган бўлишди. Унинг оёғи тортиб-тортмай кейинда борди. Шинамгина ҳовли дарвозасида қорашойи рўмол ёпинган, жуссаси чоғроққина бир кампир турарди. Аёллар у билан бирма-бир елка қоқиб кўришишди. Маъмура ҳам ердан кўз узмаган кўйи хиёл эгилиб, кифтини тутди. Салом берди.
Кампир, барака топинг, қизим, омон бўлинг, деди-да, кейин алланечук илтижоли ва шошқин алфозда қўшиб қўйди.
– Сизда бир оғизгина гапим бор эди…
Маъмура шу тобда қўлидан тутиб, ичкарига судрашадигандек, ўзини орқага олди.
Вой, опа, мен шошиб турибман.
– Қизим, кўп тутмайман, бирпасгина.
Маҳалла аёллари кампирнинг жонига ора киришди.
– Маъмурахон, қаёққа шошасиз, қолаверинг, – дейишди.
У ноилож шерикларидан ажралиб кейинда қолди. Кампирнинг олдида ҳуркак оҳудек
тураркан, ичида қатъий аҳд қилиб олган эди: “Барибир кўнмайман, бўлмайди,
дейман!..”
– Қизим, ичкарига кирайлик.
– Йўқ, опажон, мен шошиб турибман!
– Бирпастгинага, қизим. Эшик олдида яхши эмас.
Маъюс ва ўтинчли нигоҳ Маъмурани измига олди. Кампир нақшин дарвоза дарчасини
очиб, аввал ўзи ичкарига кирди, кейин Маъмурани таклиф қилди.
Худди кечагидек ёдида: ҳовлига кирган заҳоти димоғига муаттар райҳон ҳиди урилган эди. Кейин уни ажаблантирган нарса ҳовлининг жуда саришта ва жимжитлиги эди.
Етти боласи бор, дейишарди-ку, бозор бўлиб ётмайдими унақа жой?
Ҳовлининг олд тарафида дарвозахонага қарата кўтарилган баланд ишком. Ишком
ортида тўрт-беш туп дарахт: олма, ўриклар. Этакроқда бир туп бўйдор арча. Арча
тагидаги водопровод жумрагидан сув жилдирайди. Шу ердан бошланиб, ҳовлини
кесиб ўтган ариқча четларида садарайҳонлар.
Кутилмаганда кампир овоз бериб қолди:
– Маъмура, Зокир, бу ёққа қаранглар. Мана, аяжонларингни олиб келдим. Чопинглар, қоқиндиқлар!.
Ҳалиги садарайҳонлар ортидан икки бола сапчиб турди. Яна бир қизалоқнинг боши кўринди. Этакдаги арча рўпарасидаги эшикдан бир қиз, икки ўсмир бола, ундан кейинги эшикдан яна бир бола ҳовлиқиб чиқди. Райҳон ортидан бош кўтарган болаларнинг дўмбоққинаси аяжон, деб қийқирди-да, ариқ ёқалаб кўндалангига чопди.
Лекин охиригача боришга сабри чидамай, ўсик райҳонлар устидан сакраб ўтиб, унга томон югурди.
– Аяжон! – бу нидодан Маъмура қалқиб кетди. Бола отилиб келяпти. Нима қилсин?
Ташқарига қочиб чиққиси келди, аммо оёқларига тош боғлангандек қимирлаёлмади. Болакай кела-кела жувоннинг тиззаларига ёпишди, юзларини босди. “Аяжон, аяжон”, дея суйкала бошлади. Маъмура карахт эди.
– Эгилсанг-чи, қизим, олсанг-чи!
Кампир айтдими ё ғойибдан келдими бу овоз… беихтиёр ўтириб, болани бағрига босди. Ҳалиги райҳон бўйидан ҳам муаттар бир бўй димоғига уриб, уни гангитди. Шу маҳал кампирнинг овози уни ўзига келтирди.
– Маъмуражон, кел, оппоғим, чоп, чоп, дўмбоқчам! Ана аянг, аяжонинг!..
Жувон бош кўтардию, жудаям кичкина қизча, тимқора сочларига оппоқ лента боғлаган жимитдай қизалоқ атак-чечак қилиб чопқиллаб келаётганини кўрди.
– Ая, ая, – дейди қизча чуғурлаб. Оёқчалари чалишиб-чалишиб кетади. қиқир-қиқир кулади. Қўлчаларини чўзиб олган…
Жувон қаддини ростлади. Қизча томон юрай деса, оёғига бола ёпишган. Қизалоқни ҳеч ким олмаяпти. Ҳамма сеҳрланиб қолгандай. Қизалоқ ҳамон югуради. Югурадию, йўли унмайди. Унга етишига беш-олти қадам қолганида туйқусдан умбалоқ ошиб кетди.
Давоми 10:30 да