Ишхонамга 3 ёшли қизалоғини кўтариб, синглим кириб келди. Хонадаги уч – тўрт кишини хужжатларини битириб бўлгунимча, юз – кўзларидан бир ташвиши борлиги билиниб, сўлғингина бўлиб турган синглимга зимдан қараб қараб қўяй эканман, то гаплашмагинумча ҳаёлимдан нималар кечмади дейсиз.
Тинчликмикан? Одатда бундай огоҳлантирмасдан келадиган одати йўқ эдику. Бирор жойи оғритяптимикан? Ёки овсини ёки қайнисинглиси билан айтишиб қолдимикан?
Синглим маҳалламиздаги яхшигина бир оилага келин бўлиб тушган. Ҳар бир оилада бўлганидек синглимни оиласида ҳам келишмовчиликлар бўлиб ўтган. Синглимга бундай вақтларда ҳеч қачон онамга айтмасликни тайинлардим. Бирор муаммоси бўлса дарров ўзимга телефон қиларди. Вақти келдики, бунақанги муаммолари, келишмовчиликлари кўпайиб кетганидан синглим телефон қилса юрагимни уриши тезлашадиган бўлиб қолган эди. Аслида бунга 7-8 йиллар бўлдиёв, ҳозир жуда яхши, тинч-тотув яшашади, лекин ҳозир ҳам синглимни кўнглига қарайман, келганда кўзларига термулиб тураман. Жигарчилик деб шуни айтишса керакда.
Ва ниҳоят хонада ўзимиз қолдик.
- Тинчликми, нимадандир хафамисан?
- Бир хафтадан ўтди, Солиҳангизни мазаси йўқ.
- Ана, бир чиройли ўйнаяпти-ку – дедим хонада ўзича нималардир билан куйманиб юрган жиянимга имо қилиб.
- Ҳозир яхши ўйнаяпти, бироздан кейин бошлайди.
- Нима бўляпти, бирор жойи оғрияптимикан, докторга олиб чиқдингми?
- Шомдан инжиқликни бошлайди, бесабаб шунақа йиғлайдии, сираям кўндиришнинг иложи йўқ, ухлаши жудаям қийин, кечаси туриб олиб ҳам тинимсиз йиғлаверади, қайсарки, чегараси йўқ, опо бир ўзим жудаям қийналиб кетдимки, жудаям сиқилиб кетдимки – синглим гапиряптику кўзларидан ёш оқиб кетяпти, ҳиқиллаганча гапини давом эттирди - докторгаям чиқдим. Биринчи чиққанимизда ошқозони оғрияпти, ёқмайдиган мева – чева егандир деб, дорилар ёзиб берди. Дориларни ичиб ҳам ўзгариш бўлмади. Яна олиб чиқдим, яна анча дори-дармон ёзиб беришди. Барибир ўзгариш йўқ. Кейин қайнисинглим фол ҳам очтириб келишди.
- Иее, ғалатимисан, нега фол очтирасан?
- Манмас опа, ўзлари шунақа қилишибди. Ҳовлиларингда эски, қари дарахт бор, ўшани ёнида шом маҳали ўйнаётганда жинлар тегиб қўйибди.
- Шу гапга ишондингми?
- Йўғу, лекин барибир бир домлага дам солдиргани ҳам боряпмиз, уям таъсир қилмаяпти. Болангизни бир жойи оғриса, йиғлаб турса-ю, қаери оғриётганини, нега йиғлаётганини билмасангиз бундан ёмони йўқ экан- синглимни кўзларидан ҳамон ёшлари ёноқларини ювиб томчиларди.
- Ўшанга ёнизга келодик, биттасидан эшитгандик, “десткий”да яхши невропотолог бор экан, биз билан бирга кириб чақармикансиз опа. Ўзингиз гаплашиб кўрингчи.
Опа – сингил болалар шифохонасига кирдик. Ўҳҳў, навбатни қарангга, невропотолог кўригига муҳтож болалар шунчалар кўпмикан-а? 2-3 ёшли болачалар, аксарияти бир ёшгача бўлган гўдаклар.
- Ким охирги навбатда?
- Охирги аёл чақалоғини кўтариб тушлик қилгани чиқиб кетди – деди икки ёшлар чамаси болакайни кўтариб олган ёшгина жувон.
- Қачон бизга навбат келаркан-а?
- Опа, бизни келганимга икки соат бўлди, биздан аввал ҳам келганларни энди навбати келяпти.
Роса икки соат бўлганда навбатимиз келди.
- Келинглар, бу ширин қизалоққа нима бўляпти?
Синглим жиянимни ҳолатини гапириб берди. Доктор синчиклаб текшириб бўлгач, сўради:
- Дадаси қаерда?
- Бир ойдан ўтиб қолди, Россияга кетишганди.
- Қизингиз дадаси билан кўп вақт ўтказармиди?
- Ҳа, мен ҳар куни ишдаман, хўжайиним бироз вақт ишсиз қолишди, шунга ҳар доим бирга бўлишарди. Кўчага чиқсалар ҳам, Солиҳасиз чиқмасдилар, кечаси ҳам "Дадам билан ётаман" деб туриб оларди.
- Ўзбекча қилиб айтганда қизингиз дадасига ичикиб қолган. Энг яхшиси тез-тез кўришиб гаплаштиринг ва сизга дориларни ҳам ёзиб бераман, вақтида ичказиб турасиз.
Синглим билан бизнинг уйимизга қайтдик. Қишлоқда интернет алоқаси жудаям суст ишлайди. Оддий битта расмни очиш учун ҳам худдики сув чархпалаги айлангандек айланиб тураверади. Бизникида интернет тезлиги ҳар қалай яхшироқ, синглим эри билан, аниқроғи Солиҳам дадаси билан бизникида бемалол кўришиб гаплашиб олишади.
Давоми 17:30 да