ОСМОН ЙИҒЛАГАН КУН
Шохлари чор тарафга тарвақайлаб кетган кекса ўрик остидаги чорпояда маза қилиб чой ичиб ўтирганча хаёл сураётган Эргашнинг ёнига олти яшар ўғли Асад югуриб келди:
— Дада, дада, телефонингиз боядан бери тинмай жиринглаяпти! Олиб келиб берайми?!
Эргашнинг кўнглидан «Намунча ҳовлиқади бу бола? Телефон бўлгандан кейин биров-ярим қўнғироқ қилганда жиринглайди-да», деган ўй ўтаркан, ўғлига қараб «олиб кел» дегандек бош ирғади. Асад ортига қайтаркан худди машина рулини бошқараётгандек икки қўлини у ёқ-бу ёққа ҳаракат қилдириб ҳам қўйди. Эргаш чойдан ичаркан ичида «Боласи тушмагур, қўшнининг уйига «Спарк» келгандан буён юрган жойида машина бўладиган бўлди», деди. Кейин ўзининг ҳам ёшлигидан машинага ишқибозлиги борлиги учун бир энтикиб қўйди: «Қачон менга ҳам жа «Нексия» ёки «Спарк» бўлмасаям мундайроқ машина насиб қиларкин?»
Асад кўп куттирмади, фақат бу сафар бир қўлида уяли телефон. Эргаш ўғлининг чаққонлигидан завқи ошиб, унга бир ҳазил қилгиси келди:
— Ўртоқ ҳайдовчи, сиз йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини буздингиз. Машина бошқараётган пайтда телефондан фойдаланиш тақиқланган!
— Дада, мен телефонда ҳеч ким билан гаплашмадим, фақат қўлимда тутиб келдим! — деди ҳозиржавоб ўғил қўлидаги матоҳни отасига узатаркан.
Асаднинг бу гапидан Эргаш яна наъша қилди: «Бўладиган бола! Оғзингдан бир гап чиқмасидан жавоби тайёр».
Ўғли кетгач Эргаш эринибгина шапалоқдай келадиган телефонининг экранига кўз тикди. Тўртта ўтказиб юборилган қўнғироқ бор экан, ҳаммаси битта рақамдан. Эргаш «Хуршид дўст» деган ёзувга бироз тикилиб турди-да, «Зарил иши бордирки, кетма-кет тўрт марта телефон қилибди», деган ўйда дўстининг рақамини терди. Телефондан «Алло!» деган таниш овозни эшитгач:
— Эй, жўранинг зўри, яхшимисан, соғлиғинг жойидами? Сардор қалай, Сардор? — дея ҳол-аҳвол сўрай кетди. Чунки мана, бир ҳафтадан ошди, Хуршид хотини билан бирга ўн икки ёшли ўғлини олиб Тошкентга кетган, юрагига стенд қўйдиргани.
— Раҳмат, жўра, раҳмат, биз яхшимиз. Ўзинг тинчмисан, нима янгиликлар бор? — деди Хуршид.
— Жўра, сен тўрт кун қишлоқда бўлмаганингда бирор янгилик бўлиб қолармиди? Ҳамма яхши, тинч-омон, ҳар куни ёмғир, сен кетганингдан бери бир амаллаб токларни очиб олдик. Бугун ҳам ҳаво сал тунариб турибди, билмадим, балки, кечга бориб яна ёмғир ёғиб қолар…
— Энди, жўра, ўзи анчадан буён баҳор ёғинсиз келавериб ўрганиб қолган эканмиз-да, эсингдами, болалигимизда апрель, ҳатто майдаям қандай ёмғирлар бўларди?! Каттасойдан сел келиб, сувдан ўтолмаганимдан неча марталаб мактабга боролмай, эртасига Абдусаттор акадан шапалоқ ердим.
— Тўғри, жўра, — деди Эргаш Хуршиднинг асли бошқа ниятда қўнғироқ қилганини сезиб. — Ўзингдан гапир, Сардорни қачон операция қилишмоқчи?
— Ҳамма текшир-текширлар бўлди, энди фақат операция кунини белгилаш қолди, дўст, — деди Хуршид.
«Дўст» сўзини эшитган Эргашнинг юраги жиз этгандек бўлди. Чунки Хуршид, одатда, бирор сирини айтадиган бўлса ёки нимадир илтимос қилганда, унга «дўст» дея мурожаат қиларди.
— Хўш, хўш?..
— Хуллас, қўлимизда ордер бўлмагани учун операция пуллик экан. Жами харажатлари билан ўн беш миллионча пул тўлашимиз керак. Шунга бир ёрдам бериб юборасан, дўст…
Хуршиднинг овози гапирган сайин ҳазинлашиб бораётгандек туюлди Эргашга. Беихтиёр «Шу йигит ҳам ўғлини тузатаман, дея роса қийналиб кетди», деб ўйлади-да, дўстига далда берган бўлди:
— Жўра, сен гапни ичингга ютмасдан шартта-шартта гапиравер, нима ёрдам керак бўлса, айт, қўлимиздан келгунича…
— Дўст, — Эргашнинг сўзини бўлди Хуршид, — салкам қирқ йилдан бери қадрдонмиз. Сенга ўзимга ишонгандек ишонаман, шунинг учун ҳам сенга телефон қилгандим…
— Гапиравер, жўра, гапиравер! Биздан нима ёрдам?! — деди дўстининг сўзлари қулоғига мойдек ёқаётган Эргаш.
— Уйда қанчалигини аниқ билмадим-у, лекин тўрт тоннача катта-катта уруғлик нўхатим бор…
— Биламан, жўра, биламан!
— Билсанг, бирорта катта машина гаплашиб, ўша нўхатларни бозорга олиб бориш керак. Мен кеча Баҳодир билан гаплашдим, «Ака, нўхатнинг нархи сал-пал кўтарилиб қолди», дегандай қилди. Хуллас, уйдаги ўша нўхатни мана шу бозордан
Давоми 8:00 да