ОҒЗИДА ЧЎП БИЛАН ЮРГАН ЙИГИТНИНГ СИРИ
Маҳалламизда Самат исмли бир йигит бор эди. Қачон кўрманг, оғзида чўп.
Эрталаб дўконга чиқади — оғзида чўп. Кечқурун йўлак олдида ўтиради — яна ўша чўп.
Ичимда уни айблардим:
«Бу ёшда нима кўргазма бу? Ҳар куни кабоб еяётгани йўқдир-ку...»
У олий маълумотли эди. Ёши ўттизга яқинлашиб қолган. Гоҳида корхоналарда вақтинчалик мардикор бўлиб ишлар, бир ой ишлаб, уч ой иш кутиб қоларди.
Бир куни йўлак олдида унга дуч келдим.
— Ишлар қалай, Самат?
— Иш суриштириб юрибмиз, ака.
— Самат, ўқишни битирганингга йиллар бўлди. Нега ҳалигача сумка кўтариб юрибсан?
— Одат бўлиб қолган, ака, — деди у. — Бирортаси кўрса, талаба деб ўйлайди. Ишсизлигим хаёлига ҳам келмайди.
— Ичида нима бор?
— Ҳеч вақо йўқ, ака.
— Майли, — дедим. — Ҳар ҳолда отангнинг уйидасан, ижара ташвиши йўқ.
Бир куни кечқурун уни дўконда кўриб қолдим. Бир талай тангаларини санади-да, пули етмай, нонни қайтиб қўйди:
— Уйда бор эди ўзи, бекорга олмайин, — деб чиқиб кетди.
Бироз фурсат ўтиб, мен ҳам чиқдим. У йўлак ёнида атрофга қараб турар, чўнтагидан яна ўша чўпни олиб оғзига соларди. Чидолмадим:
— Самат, нега доим оғзингда чўп билан юрасан? Эрта-ю кеч овқат еяпсанми?
Жилмайиши бирдан йўқолди...
— ТЕСКАРИСИ, АКА...
— Қандай қилиб?
— Отам мени оч қолди деб ўйламасин, деб...
Шошиб қолдим.
— Уйда овқат йўқми?
— Бор, ака. Лекин мен емайман.
Суҳбат асносида билдимки, у ўгай онаси билан уришиб қолиб, ўша хонадон дастурхонига бошқа ўтирмасликка қасам ичган экан. Отасини эса дунёда ҳамма нарсадан ортиқ яхши кўради.
— Отам кечқурун ишдан қайтганда хонамдан чиқаман. Оғзимга чўп солиб оламан. «Овқатландингми, ўғлим?» дейди. «Едим, ота», дейман. У кишининг кўнгли хотиржам бўлади...
— Нимага отангга бор гапни айтмайсан?
— Йиллар давомида мени ўқитди. Ҳозир нафақага кун кўради. Ёшим ўттизга кирди, ҳалигача уйидаман. Энди оч юрганимни билса, ўзини айбдор ҳисоблаб, эзилиб кетади...
— Ака, ишсизлик — жуда ғалати нарса. Эрталаб кеч уйғонасан, лекин ҳордиқ чиқармайсан. Уйғонгинг келмайди, чунки борадиган жойинг йўқ.
— Иш қидирмаяпсанми?
— Ҳар куни қидираман. Компьютерни очиб, эълонларга қарайман. Иш сўраб ариза юбораётганимда ичимда «зора бу сафар омадим чопса» дейман.
Жилмайди.
— Кейин телефон жиринглайди. Ҳаяжон билан қарайман — банкдан қарз ҳақида хабарнома...
— Умуман чақиришмайдими?
— Чақиришади, ака. «Аризангиз кўриб чиқиляпти» дейишади-да, кейин ойлаб дом-дараксиз кетишади.
Бироз тўхтаб қолди.
— Энг ёмони нима, биласизми? Бироз вақт ўтиб ўзингиздан шубҳалана бошлайсиз. Университетни битирдим, корхоналарда сменада ишладим, нима иш бўлса бажардим. Лекин энди ҳеч кимга керак эмасман.
Телефонни олиб, оғайниларининг суратини кўрсатди.
— Ўтган ҳафта кўришдик. Бири уй олибди, бири иккинчи фарзандини кутяпти. Ҳамма ишидан, маошидан гапирди. Мендан нима қилаётганимни сўрашди.
— Нима дединг?
— «Янги ишга ўтяпман», дедим.
Бўйнини эгди.
— Олти ойдан бери ишсизман, дея олмадим.
Кейин яна гапида давом этди:
— Илгари жўраларим қўнғироқ қилиб турарди. Ҳозир телефон жирингласа хурсанд бўлиб кетаман — қарасам, реклама. Ҳеч кимдан хафа ҳам бўлолмайман, ҳамма ўз турмуши билан овора, мен бўлсам ҳалигача иш қидириб юрибман...
— Отанг нима дейди?
— «Бирор янгилик борми, ўғлим?» деб сўрайди. Ёмон ниятда сўрамайди, биламан. Лекин ҳар сафар шуни сўраганида гўё кичрайиб бораётганимни ҳис қиламан.
Бироз пойафзалининг учига тикилиб турди.
— Уйда бекор ўтирганда ҳам ўзингни айбдор ҳисоблайсан, ака. Телевизор ёқсам: «Нима каромат кўрсатдингки, ҳордиқ чиқарасан?» дейман ўзимга. Кўчага чиқай десам — пул керак. Уйда ўтирай десам — тўрт девор орасида диққинафас бўлиб кетасан.
— Хўш, нима истайсан ўзи?
— Ишлашни, ака. Фақат ишлашни. Эрталаб турай, бирор жойга борай, чарчай. Кечқурун уйга қайтай. Эртага нима қилишимни билай...
Ўша кеч уни овқатга таклиф қилдим.
— Тўқман, ака, — деди.