Нурбек "қўй ёғи" феномени ҳақида
ёзибди. Қўй ёғини универсал дори воситаси деб билиш
мўғулларга бориб тақалишини айтибди.
Умуман, унинг гапларида жон бор — қўй ёғининг оммалашувида мўғуллар роль ўйнаган бўлиши мумкин. Лекин масаланинг бошқа томони бор — мўғуллар деярли ҳамма нарсани ўзидан олдинги
турклардан олган.
Чингизхон империясининг давлат тузумини кўздан кечирсангиз, у
Турк хоқонлигидан олинганини кўрасиз. Қўшин тузилишида, бошқарувда хоқонликдан қолган қадрият ва қонунлар жуда кўп, ҳатто пойтахт сифатида ҳам хоқонлик пойтахти танланган.
Шунинг учун мен қўй ёғининг илдизларини узоқроқ ўтмишдан — илк ўрта асрларидаги турклардан излаган бўлар эдим.
Бу мавзуни махсус ўрганмаган бўлсам-да, озгина ўқиганим, эшитганим бор. Масалан, турколог олим, қадимги туркий мифология бўйича эксперт, PhD Нодирбек Жўрақўзиевдан. Айтилишича, касалга ёғ суртиш одати
Умай она культига бориб тақалади.
Умай она — эски турк маъбудаларидан. Аслида маъбуда эмас, аммо мос келадиган термин тополмадим. Кўп айтганман — биз кўпхудолик деб ўйлайдиган кўҳна динларда аслида битта олий худо бўлган, қолган илоҳий мавжудотлар пастроқ даражада турган ва худо дейилмай, бошқа терминлар билан номланган. Бугунги тилларда бундай терминология сақланмагани боис ҳаммасини худо, илоҳ, маъбуд деб кетаверамиз. Билингки, кўп эски динларда аслида битта худо бор:
ҳиндавийликда —
Индра (ҳарқалай ҳиндларнинг ўзи шунақа ҳисоблайди),
зардуштийликда —
Аҳура Мазда,
тангричиликда —
Кўк Тангри.
Мавзуга қайтсак. Умай — ҳосилдорлик, ҳомиладорлик/ҳомиладор аёллар, туғилажак ва туғилган чақалоқлар ҳомийси. Қадимда деярли барча халқларда ҳосилдорлик ва болалар туғилиши ўзаро боғлиқ тушунилган, умумий ҳомий маъбудларга эга бўлган (негалигини топинг).
Умай ўзи қадимги туркий тилда "плацента" маъносини беради. Бундаям мантиқ бор — плацента она қорнида болани ўраб, ҳимоялаб туради.
Бола туғилганидан сўнг ҳам Умай унга ҳомийлик қилишда давом этган. Чақалоқ кўп йиғласа, касал бўлса, Умай онадан ёрдам сўрашган ва унинг баданига қўй ёғи суришган. Ёғ суришга сабаб аслида қадимда осон топиладиган дори воситаларининг бўлмаганидир. Бу практиканинг ҳам мантиқи тушунарли — қўй ёғи истеъмол қилинса, иссиқлик беради, куч беради. У бадан орқали ҳам шу ишларни қила олади деб ҳисоблашган.
Кейинчалик, биринчидан, ислом кириб келиши билан, иккинчидан, "умай" сўзи "мой" (яъни ёғ, айрим шеваларда "май") билан ўхшашлиги боис қадриятлар қайта англанган.
Самарқанд вилоятида ҳалиям "Май она" культи мавжуд. У, албатта, қадимги даврда бўлгани каби маъбуда ҳисобланмайди, болаларга ҳомийлик қилувчи авлиё зот деб билинади. Болалар касал бўлса, кўп йиғласа, "Май она дардини олсин" деб баданига мой (ёғ) суртишади. Оти Май бўлганидан сўнг даволаш қуроли ҳам мой бўлса керак, деган бирор мантиқий асослаш бўлгандир.
@AsanovEldar