en
Feedback
Амирқул Пўлкан

Амирқул Пўлкан

Open in Telegram

Севги – қуёш, деди шоирлар, Севги – қўз ёш, деди шоирлар. Севги – ҳавас, деди шоирлар, Севги – қафас, деди шоирлар. Севги – ёлғон, деди шоирлар, Севги – бўлган деди, шоирлар. Амирқул Пўлкан

Show more
689
Subscribers
-124 hours
-67 days
-3630 days
Posts Archive
ТУРКМАН ГЎЗАЛИГА Сув сўрасам, гўзал қиз, Қимиз бердинг, қонсин, деб. Йўл сўрасам, жилмайдинг, Бир юраги ёнсин, деб. Йўл юрсам ҳам мўл юриб, Азоб бердим жонимга... Лекин йўлни тополмай, Қайтиб келдим ёнингга. Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook |YouTube

Илтижо Гуноҳларим, оҳ, мен сизни қанча йиллар судрадим, Энди ортиқ чидамоққа етмагай ҳеч қудратим! Чунки, бугун бир парини ҳаётим, деб суюбман, Ва кимларга бу дунёда айбим билан буюкман... Гуноҳларим, занжир бўлиб оёғимни қиймангиз! Гуноҳларим, найза бўлиб кўзларимни ўймангиз! Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook |YouTube

ЮЛДУЗ Хаёл оғушида қоламан бирров, Бир муқим орзу-ла ўтмоқда кунлар. Хаёлда йилт этиб жонланар биров, Хаёлда юлдуздек милтиллар кимлар. Зотан мен юлдузни олмасдим тилга, Кўзларда кўргандим унинг сеҳрини. У кўзлар юлдузни эслатар менга, Менга боғланганди оташ меҳрини. Мен ўша юлдуз деб гоҳо ғам чекдим, Гоҳида бировдан қизғандим уни. Телбадек йўлига умримни тикдим, Қалбда олиб юрдим уни ҳар куни. Каптардек бир тонгда силкиди қанот, Ўзга бир манзилни айлади ошён. Мени ҳам хас каби учирди ҳаёт, Мен учиб юрибман ўшандан буён. Аммо у ёдимдан чиқмаган сира, Тунлари – ўйимдир, шеъримдир – кундуз. У ҳамон кўнглимдек тоза, бокира, У ҳамон мен севган энг ёруғ юлдуз. Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook |YouTube

МЕН ҚЎРҚАДИГАН СЎЗ Жоним фидо, дейсану, жўра, Тил учида сўзлайсан бироқ. Сен бу гапни айтгандан кўра, Айтмаганинг минг бор яхшироқ. Сендайларни учратиб, менинг Отим кўп бор қоқилган тошга. Жоним фидо, дейишдан сенинг Ниятинг ҳам, дардинг ҳам бошқа! Кошки эди, менинг ҳам токим, Бағрим шундай яра бўлмаса?! Кошки эди, сенинг ҳам, дўстим, Ичинг бундай қора бўлмаса?! Лекин афсус!.. Минг афсус, бугун Дуч келдим мен тағин риёга. Билдимки, сен ўз фойданг учун Ўт қўйишинг мумкин дунёга. Алдолмайсан, зеро, ҳеч кимни, Бор ниятинг – кўзингдан зоҳир. Йиқитганинг каби отимни, Йиқитасан мени ҳам охир. Гарчи менинг кўпдир кам-кўстим, Ўтолмайман гарчи юзингдан. Мен жудаям қўрқаман, дўстим, Жоним фидо, деган сўзингдан. Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook |YouTube

ЎҒЛИМ ВА МЕН Мана ўн беш йилки ҳушёрхонада, Чапдаст йигитларнинг каттаси ўзим. Ҳуқуқим юксакдир шу замонада, Узоқ-узоқларни кўради кўзим. Аммо мастни кўрсам қалбим уюшар, Бошим гаранг бўлар эртасин ўйлаб. Эҳ, баъзан дўстлар ҳам бу ерга тушар, Хизматим важидан ўтирмам сийлаб... Бир кун қизиқ бўлди, ростини айтсам. Етмиш томирим тортилди таранг. Кечқурун кўчани айланиб қайтсам, Ўз ўғлим оёқда турибди аранг. Буюрдим, ётқизиб қўйишди уни, Ўзим ухлолмасдан ўртадим бағир. О, балки болакай билмайди буни, Қай ота қайғурмас ўғлига ахир. Эрталаб урмадим-сўкмадим, лекин Кўнглим кўмир янглиғ қоп-қора эди. Ўғлимни чақирдим олдимга секин, Базўр ўзни босиб мен шундай дедим: – Бор энди, жигарим, кайф қилиб яна, Раҳмат сени туққан онага. Бу ерда отангни унутиб қўйма, Тез-тез келиб тургин ҳушёрхонага!.. Мана шундан бери ростликка кўнди, Мастликни бўйнига олмади қайтиб. Ўғлим ҳам ҳаётни тушунди энди, Ўзим ҳам юрибман ялламни айтиб. Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook

Азизлар, яхшилар, биз яхши ният билан ютубда Амирқул Пўлкан каналини очдик. Энди шоир ҳаётига оид видеороликларни, лавҳаларни ўша ердан томоша қилишингиз мумкин. Ҳавола қуйида: 👇 https://youtu.be/YOlem-j_0Cc?si=uMImwgywBwKJ0VU2

Азизлар, яхшилар, биз яхши ният билан ютубда Амирқул Пўлкан каналини очдик. Энди шоир ҳаётига оид видеороликларни, лавҳаларни ўша ердан томоша қилишингиз мумкин. Ҳавола қуйида: 👇 https://youtu.be/YOlem-j_0Cc?si=gD0ddLVI0QJN8pgN

ШАҲАР ЧИРОҚЛАРИ Тинч бўлсин деб бу ажиб дунё, Илҳақ кутиб доим саҳарни, Туни бўйи нур сочиб гўё, Қўриқлайди улкан шаҳарни... Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook

ТЎЙ МАВСУМИ (Қорхат) Баҳор ўтди, ёз ҳам ўтди, куз ҳам ўтди, Эски йил-ла хушламоққа фурсат етди. Гарчи у бир беш йилликнинг илк зинаси, Лекин еру кўкни тутди довруғ-саси, Чунки, бу юрт асил пахта ватанидир, Фарзандлари – шон-шуҳрати, жон-танидир. Улар борки, доим очиқ ризқ эшиги, Улар борки, сўнмагай ҳеч бахт қўшиғи. Улар борки, ошгай ҳали не-не довон, Бу шундай юрт, бу шундайин алп қаҳрамон! Улар борки, баҳор серфайз, куз хуш келар, Қиш келса, бас, тўй устига тўйлар бўлар. Ҳар кўчада тўй-томоша, меҳмон-излом, Ҳар гўшада янграр алёр, ширин калом. Йигит-қизлар юрагида чирпиниб ишқ. Тонгга қадар тўйхонада тинмас қўшиқ. Майи нобдан кимдир сархуш, юз ловуллар, Белни боғлаб хизмат қилар баковуллар. Дастурхонда қази-қарта, олма-анор, Қуш сутидан бошқасининг ҳаммаси бор. Бировлар жим қўшиқ тинглар, ўйнар биров, Чинниларда – зиғир ёққа пишган палов. Чолбоболар тўйбошида, қад керишар, Кампиршолар ундан-бундан гап беришар. Бўй қизлар-ку бамисли ой порлашади, Келинчаклар тўп бўлишиб сирлашади. Келин-куёв ибо билан айлар таъзим, Ўйин-кулги авжга чиқар, қизир базм. Ялладан сўнг навбат олиб, куйлар дутор, Ташқарида лекин тинмай ёғмоқда қор, Бундай чоғда ёш-яланглар ёзиб “қорхат” Севганига изҳор этар ишқ-муҳаббат. “Қорхат”нинг ўз таомили – шарти бор-да: Бир қиз “қўлга тушиб”, ана, қилар “зарда”. Қариялар гўё “сезмай” қарашади, “Қорхат” сабаб, ким-ким билан “ярашади”. Гўё чоллар ёшлигини эслар шу дам, “Бахайр...” деб, кулиб қўяр кампирлар ҳам. Тўй эгаси кўп “қаттиқ қўл” – жиндек “отган”. “Барака! дер – қор эмас бу ёғаётган! Бу нақд олтин! Бу пахта-ку! Бу бир гавҳар!..” Шу тариқа базм тинмас тонгга қадар. Меҳмонлар ҳам кетолмасдан уйларига, Қорни босиб, йўл олади кўпкарига. Ростин айтсам, мен ҳам тўйда бўлган эдим, Бир ой юзлик қизни севиб қолган эдим. Назаримда, ёшлик қилиб, бироз шошдим, “Қорхат” ёзиб куни кеча “қўлга тушдим”. Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook

ИНСОФ ҲАҚИДА... Бугун тонгда ажиб бир туш кўриб уйғондим, Зеро, таъбир айтмоқ эмиш тушдан муддао. Йўқ, йўқ, дўстлар, мен дўзахнинг ўтида ёндим, Бу тушимни ҳеч кимсага кўрмасман раво! Бир ғалати кун эди бу, таърифдан йироқ, Нигоҳимни алдар эди сеҳрдек чорлаб. Кўкда қуёш ўз нурини сочарди, бироқ Куппа-кундуз юлдузлар ҳам турарди порлаб. Вужудимда олов бўлиб ёнарди ҳайрат, Бир иштибоҳ кемирарди зотан ўзимни. Одамларда кўрар эдим ўзга бир сийрат, Тушмикин, деб чимчилардим гоҳо юзимни. Эвоҳ, шу пайт не бўлди-ю, босди фалокат, Рўпарамдан чиқди ногоҳ девдек бир кимса. Унинг совуқ кўзларидан уфурган даҳшат Шиддатини кўрмагандир балки ҳеч кимса. Балки оддий ўғри эди ёки муттаҳам, Ё пора деб қўлга тушган оддий бир миршаб! Ким бўлса ҳам кўзларида бор эди алам, Қаролмасди осойишта одамга ўхшаб. Не қилдим денг? Раҳмим келиб менинг у зотга, Ҳол сўрадим чин юракдан, бор-йўғи – шу! Одамликдан, тариқатдан қочиб узлатга, Бор-йўғимни қароқчидек шилиб кетди у! Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook

ИЗҲОР Донғил-донғил йўллар юрдим, Зилол-зилол кўллар кўрдим. Юртим, сенга фарзанд бўлиб, Бир умрга кўнгил бердим. Бахтли кунинг кўп қувондим, Ғамгин чоғинг – бўлдим ношод. Сен менинг бахт қуёшимсан, Сенсиз менга йўқдир ҳаёт! Сен паноҳим, волидамсан, Сен – мен учун Эрк, Ҳақиқат! Бу дунёда топинганим, Сиғинганим – ўзинг фақат! Мангуликнинг тимсоли – сен! Сен – мен учун ўлмас даҳо. Кўз қароғим, юрагим сен, Сен тенгсизсан, сен бебаҳо. Сен ўтмишим, истиқболим, Сен – қўлимда тутган байроқ. Орзуимсан, армонимсан, Аждодларим ўтган тупроқ! Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook

ЖАНГЧИНИНГ ҚАЙТИШИ Не кечмади бошимдан! Чарчоқ нима – билмадим! Ёвларни гўрга тиқдим, Аммо ўзим ўлмадим. Сен кулмаган бахтимни Кулдирдинг-ку, муҳаббат! Омон қайтдим юртимга... О, қанча ғам ютмадим... Бундан кўра жангларда Нечун ўлиб кетмадим?! Эвоҳ, менинг кўнглимни Сўлдирдинг-ку, муҳаббат! Ахир, нетай?.. Ҳовлимни Ўтлар босиб ётибди. Тирик туриб, суйганим Мени ташлаб кетибди! Ўлмай қайтган жангчини Ўлдирдинг-ку, муҳаббат?! Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook

БАҲОР ЕЛЛАРИ Гул бўйини таратиб, жўшиб, Қўшиқ айтар баҳор еллари. Ҳисларимга ҳаловат қўшиб, Бошим узра ўйнар қўллари. Гоҳо шо
БАҲОР ЕЛЛАРИ Гул бўйини таратиб, жўшиб, Қўшиқ айтар баҳор еллари. Ҳисларимга ҳаловат қўшиб, Бошим узра ўйнар қўллари. Гоҳо шомда, гоҳо эрталаб, Бўса қўмсаб очар лабини. Севганини мендан сўроқлаб, Ҳузуримга келар ҳар куни. Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook

ОНАМНИНГ АЙТГАНЛАРИ Ўтинчим шул: болам, чин фарзанд бўлсанг, Ҳақиқат йўлидан асло тоймагин! Мабодо вақт келиб, мансабдор бўлс
ОНАМНИНГ АЙТГАНЛАРИ Ўтинчим шул: болам, чин фарзанд бўлсанг, Ҳақиқат йўлидан асло тоймагин! Мабодо вақт келиб, мансабдор бўлсанг, Бесабаб ҳеч кимга қовоқ уймагин! Улғайиб, бир куни сен устоз бўлсанг, Шогирдлар юзига оёқ қўймагин! Салафинг ўзингдан кучлироқ бўлса, Ҳасад қилмагин ҳеч, асло куймагин! Болам, гар шулардан тиёлсанг ўзни, Халқ ҳеч вақт қарғамас иккаламизни! Амирқул Пўлкан Суратда шоирнинг онаси. Telegram | Facebook

КАМТАРИН Махтумқули йўлида Ёнимга келди у паришон, Кўзимдан нимадир излайди. Тиллари айланиб ногаҳон, Ҳовлиқиб илмдан сўзлайди: – Нимага тошбақа одимлар, Балиқлар не сабаб учолмас? Космосни забт этган олимлар, Эҳ, бундай ҳикматни ечолмас. Уларга ҳайронман, ё тавба, Юролмас камтарлик фаслида. Мақтовни севади улар, ҳа – Олимлар шунақа аслида... Мана мен... жиловлаб олурман Дунёнинг илмини ҳадемай. Ҳали кўп илмий иш қилурман Ва лекин, юрибман индамай. Қарчиғайдай кўкка уриб тўшимни, Шеъриятдан топдим кўнгил ҳушимни, Мол-давлатга эгмадим ҳеч бошимни, Дўстлар, менга молу давлат керакмас. Рўкач қилар биров сийму сарватин, Пинҳон тутар кимдир йиққан давлатин, Кўз-кўз қилар биров элга савлатин, Дўстлар, менга қуруқ савлат керакмас. Биров халққа хизмат қилар ўлгунча, Дўст тутинар биров иши битгунча, Билолмассан сирин ғийбат этгунча Дўстлар, менга асло ғурбат керакмас. Омадлининг йўли очиқ, кам бўлмас, То ўлгунча дийдаси ҳеч нам бўлмас, Ғам чекса-да, ҳоли унинг танг бўлмас, Дўстлар, менга ёлғон ҳурмат керакмас. Пешонамни силар менинг замоним, Тутун бўлиб кўкка чиқмас фиғоним, Толеимга йўқдир асло гумоним, Дўстлар, менга ўткинчи бахт керакмас. Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook

TAKLIFNOMA Sizni 2026-yil 29-yanvar kuni soat 15:00da Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi, yozuvchi, dramaturg To‘lqin Muhiddin tava
TAKLIFNOMA Sizni 2026-yil 29-yanvar kuni soat 15:00da Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi, yozuvchi, dramaturg To‘lqin Muhiddin tavalludining 85 yilligi bag‘ishlangan ijodiy uchrashuvga taklif etamiz. Manzil: Toshkent shahar Chilonzor tumani Adiblar xiyoboni O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi binosi. Mo‘ljal: “Metroning” Milliy bog‘" bekati. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Axborot xizmati

БАҲОР ЎЛКАСИ Ўркач-ўркач тоғлар узра кулмоқда қуёш! Дўстлар, бугун баҳор олиб келмоқда қуёш! Бу кўкламнинг қўшиқлари, садоси ўзга, Бу кўкламнинг таровати, сафоси ўзга! Мулки борлиқ чеҳрасида илиқлик, ҳайрат, Одамларнинг юрагида муҳаббат, ғайрат! Гўё кўклам сеҳри билан тошқин бир дарё, Еру кўкни чулғамоқда яшиллик, зиё! Ғунчаларнинг кулгусида ажиб сеҳр бор, Япроқларнинг шивирида тенгсиз меҳр бор! Камалаклар кўк юзига солар экан из – Фақат бунда баҳор билан келар юзма-юз! Қалб уммони саховатга тўлган бу дунё Безавол бахт, толеидан сўзлайди гўё: Дарахтларнинг шохларида битган ҳар тугун Она ерга таъзим этар саховат учун. Бўғотларнинг манглайида чайқалган лола Булбулларнинг навосига – сассиз бир лола! Қулоқ тутиб жилғаларнинг чулдирашига, Бойчечаклар кириб чиқар тоғнинг тушига. Юракларга ларза солган шу оний ҳайрат – Еру кўкни туташтириб турган бир сийрат! Шодлигидан фазо сари отилган каптар – Кўзларида фақат кўклам – баҳор акс этар! Ёз меҳрини, қиш қаҳрини кўрган оналар, Тол хивичдан от ясаган чапдаст болалар, Майсаларнинг ҳиди билан маст бўлган сабо, Бўй қизларнинг лабларида қимтинган ибо: Кўз ёш каби ярқираган онийлик шабнам, Ҳофизларнинг юрагидан таралган куй ҳам: Маъсумалар сочидаги сўлим толбаргак, Чашма бўлиб ер қаъридан кўз очган тилак, Илк бор қутлуғ замин узра ниш урган уруғ, Илк бор ғўдак нигоҳини банд этган ёруғ: Келинчаклар қошидаги ўсма, оройиш – Бари кўклам гўзаллигин қилур намойиш! Ўзбекистон бу ер, ахир қадим бир диёр, Шу ўлкадан йироқларга йўл олур баҳор. Адолатнинг, садоқатнинг маскани шунда! Беғуборлик, саодатнинг маскани шунда! Фақат шунда пахта мисли гул бўлиб унгай, Фақат шунда олтин қуёш ловуллаб ёнгай! Фақат шунда деҳқон бўлмиш соҳиби замон, Фақат шунда туғилмишдир устоз Олимжон! Фақат шунда Ғафур Ғулом – ўзбек имони – Қўшиқ бўлиб лол қолдирган бутун дунёни! Баски, бунда тараларкан қўшиқнинг саси – Ҳар пучмоқда кеза бошлар баҳор нафаси! Мен ҳам бугун шу ўлканинг куйчи ўғлиман! Мен ҳам бугун шу ўлканинг тўйчи ўғлиман! Мен ҳам бугун кўксим очиб бобоқуёшга, Минг таъзим-ла она халқим кўтаргум бошга! Унинг дарду армонлари юрагимдадир, Унинг тилсиз тилаклари тилагимдадир! Унинг бахту камолига шоҳид эрурман. Фарзандиман, меҳри билан соҳиб сурурман! Камарбаста – хизматдаман, туғи қўлимда, Фақат уни ўйлагайман юрган йўлимда! Унга ҳеч вақт тушмагайдир зулмат кўлкаси, Бобомерос ўлкадир бу, баҳор ўлкаси! Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook

ТЎРҒАЙ НАВОСИ Мен қуёшга талпинган қушман, Писанд эмас ҳеч қандай душман. Осмон ҳеч вақт тор келмас менга, Сайёд ўқи кор қилмас менга. Ўларман, деб асло қўрқмасман, Ёнмагайман, сувда чўкмасман. Ногоҳ кўзим тинмаса бўлди Ё қанотим синмаса бўлди... Мен охири етгум Қуёшга Ва Осмонни кўтаргум бошга!.. Амирқул Пўлкан Telegram | Facebook