Амирқул Пўлкан
Open in Telegram
Севги – қуёш, деди шоирлар, Севги – қўз ёш, деди шоирлар. Севги – ҳавас, деди шоирлар, Севги – қафас, деди шоирлар. Севги – ёлғон, деди шоирлар, Севги – бўлган деди, шоирлар. Амирқул Пўлкан
Show more689
Subscribers
-124 hours
-67 days
-3630 days
Posts Archive
ТАБИБ
Бир табиб яшарди маҳалламизда,
Туркона дорилар қиларди.
Жуда машҳур эди. Унга – яқиндан,
Жуда узоқлардан келарди.
Ёлғиз турар эди, камтар камсуқум,
Ҳатто пул олмасди ийманиб.
Ҳар хил гиёҳларни ахтариб, тоғда
Умри ўтар эди куйманиб.
“Терлама” дейсизми, “бўғма” дейсизми,
Дардларнинг номи ҳам кўп эди.
Хуллас, маҳалламизда
Уни танимаган киши йўқ эди.
Тоғдан қайтдими бас, зумда болалар
Табиб теграсини ўраб оларди.
Унинг кулбасида чучмомадан тортиб,
Оқ қуврайгача бўларди.
Жонини берарди, бола, деса,
Ёниб сўзлар эди бизга боққанча:
– Ит қопганга даво – мана буниси,
Буниси кор қилар илон чаққанга!
У шундоқ зот эди, собит, фидойи,
Ундан ранжимаган бирорта одам.
Унга зоҳир эди барча-барчаси,
Даволай оларди қутурганни ҳам...
У бизга дўст эди, халққа хизматкор,
Бошқа учратмадим ундай ҳабибни.
Баъзан бир қутирган зотларни кўриб,
Мен ҳамон эслайман ўша табибни.
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
КАЛЛАКЛАНГАН ТУТ
Ҳовлидаги кекса бир тутга
Кўзим тушар ҳар тонг уйғониб.
Ҳусайнидек сарғайган тутлар
Олтин каби турар товланиб.
У мўл ҳосил беради жуда,
Гарчи хийла қолгандир қариб.
Икки йигит бугун ҳовлига
Кириб келди болта кўтариб.
Тошдек қотдим уларни кўриб,
Бир зирқираб қўйди юрагим.
Каллага ҳам бироз дам бериб,
Тутга тўймоқ эди тилагим.
Қўйинг, бу йил тегманглар, десам,
Деди бири боқаркан тикка:
– Сиз қориннинг ғамини еманг,
Пилла керак давлатга, ака!
Сигир соғиб қайтган онам ҳам
Йигитларга боқди-ю бирров,
Бир сесканиб тушди-да, билмам,
Ошхонага чекинди дарров...
Йигитлар-чи, болта соларди,
Терлаб-пишиб, қийшайиб лаби...
Тутлар дув-дув тўкилар эди,
Онамнинг кўз ёшлари каби.
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
СОҒИНЧ
Хаёлан кўраман сенинг юзингни,
Хилват гўшаларда кезинаман жим.
Қалбимга ишқ солган қора кўзингни,
Дарё бўйларини жуда соғиндим.
Бу ерда кун қисқа, тун узун экан,
Вақт ўтмай, кўнгилни қилади хира.
Ўзимнинг тоғиму, шарқираб оққан
Жилғалар ёдимдан чиқмайди сира.
Битта мактубингни юз марта ўқиб,
Юз бора кўксимга босганман, бу рост.
Гоҳ узоқ юлдузга нигоҳим тикиб,
Соғинчдан энтикиб қўяман, холос.
Сени кўролмайман қанча зориқмай,
Зероки, захмимга топилмас малҳам.
Деҳқоннинг қўлида синган ўроқдай
Фалакда осилиб турибди ой ҳам...
Ҳолбуки, бунда куз. Хазонлар тўзиб,
Битта бўлиб ётар қора ер билан!
Сенинг ёдинг билан умр ўтказиб,
Фақат овунишим мумкин шеър билан.
Хаёлим гоҳида кун санаб толар,
Ишқ деган шу туйғу қалбга тўлганда.
Бизни учраштирар келажак кунлар,
Ёнингда бўламан баҳор келганда.
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ИШҚ ДАРДИ
Дунё ўзи – телба дунё-да,
Ёмон экан, ишқ дарди қурсин!
Узоқ ётиб касалхонада,
Сезиб қолди ногоҳ Эмирсин.
На уйқуда ҳаловати бор,
На кундузи топади ором.
Ишқ дардига бўлди-ю дучор,
Бор ақлини олди дилором.
Қиз тушкур ҳам унга парвона,
Зимдан нуқул боққани-боққан.
Эмирсиннинг қалбига, ана –
Ўша қизнинг ўзи ўт ёққан.
Қани энди ўчса бу олов,
Эмирсин ҳам тинчиса қани?!
Юрагига ўт ёқиб лов-лов,
Гоҳо тутқич бермас севгани.
Оғир экан ишқ дарди шунча,
Тўйдиради гоҳо жонидан.
Лекин қизга уйланмагунча
Чиқмайман, дер касалхонадан.
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ШАБНАМ
Япроқларда жилваланди у,
У касб этди ҳаёт отини.
Япроқларда жилваланди у,
У сезмади гуллар тотини.
Тунлар мудом кўкни ўйлади,
Йўқ, ёқмади ердаги ҳаёт.
Қуёш чиқиб буғга айланди,
Орзусига етди ниҳоят.
...Булутларга кетди қўшилиб,
Хўп яйради шамол эсгунча.
Кўкни кезди дайдиб, эшилиб,
Энди само ёқмасди унга.
Қисматидан йиғлаб ўкинди,
Ер соғинчи ўртар, на чора...
Ёмғир бўлиб ерга талпинди,
Қаерга ҳам борсин бечора?!
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ДАРЁ
Одамзод меҳри ҳеч билмагай ҳудуд,
Зулматни ҳар қачон парчалар зиё.
Тез учар – қояда туғилган бургут,
Тез оқар – тоғлардан бошланган дарё.
Бургут-ку яшайди ўлжа ғамида,
Дарёнинг қисмати ўзгадир, бироқ.
Шуъла акс этгандек қилич дамида,
Умримиз акс этар дарёда ҳар чоқ.
Чунки, у заминнинг жонбахш томири,
Кўнгилни ғул каби ўстирган нафас.
У борки, ободдир боболар ери,
У борки, боғлар ҳеч хазонрез бўлмас!
Бахтим шул: яшайман мен ҳам шу боғда,
Мастона тинглайман булбуллар сасин.
“Бир ҳўплам сув” дерлар чанқаган чоғда,
Бир ҳўплам сув билан инсон яшасин!
Шу ҳаёт, шу тупроқ унга насиба,
Сарбаланд тоғларнинг кўрсин меҳрини.
Орзуси кирмасин сароб тусига
Ва туйсин дунёнинг турфа сеҳрини.
Мард одам номарддан кутмаган имдод,
Мард қилиб туғмагай ҳар кимни дунё...
Бор бўлсин дарёдек гувлаган ҳаёт,
То ҳаёт бор экан, тинмасин дарё!
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ТАСАЛЛИ
Мен хаёл сураман боғда ўтириб,
Жажжи қизчаларим чопиб ўйнайди.
Йиллар қанотини кўксимга уриб,
Ширин хотиралар ғиж-ғиж қайнайди.
Эслайман, қишлоқдан ўқишга келиб,
У ердан бош эгиб чиққан маҳали.
Мени “бир гўдак”дек ўртага олиб,
Таниш-билишларим берган тасалли.
Бариси ўтаркан, қаддимни тутдим,
Ишонч куртакларин кўнгил ундирди.
Бир эзгу оромни топганда қалбим,
Севги фариштаси яна ёндирди.
У олис хилқатдек туюлди менга,
Гарчи мен сарҳадин кўрмасдим ҳали.
Мен унинг кўйида оҳлар урганда,
Ошиқ жўраларим берди тасалли.
Тубсиз уммон экан ҳаёт дегани,
Гар чўксанг оёқдан тортар баттарроқ.
Гоҳида ундан ҳеч топмайсан маъни,
Гоҳида ғамидан шодлиги кўпроқ.
Неча бор онадан туғилдим қайтиб,
Ҳеч вақт аямади дунёи далли.
Қолган шу умримга шукрона айтиб,
Бемор ҳамхоналар берди тасалли.
Чорасиз эрсанг ё қолсанг-да ҳориб,
Бир эзгу ниятинг бўлса ақалли –
Ҳар қандай ширин сўз, меҳрдан ортиқ
Туюлиб кетаркан тасалли.
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ТИРКАШ ТОҒА
Танимайсиз Тиркаш тоғани,
Жизмон деган жойда туради.
Ўзи оддий деҳқондир, аммо
Сиёсатни яхши кўради.
Гўёки у билар барини,
Ишонамиз биз унга жуда.
БМТнинг мажлисларини
Таҳлил этиб юрмас беҳуда.
Гарчи ишлаб орден олмаган,
Лек ингратар меҳнат куйини.
У кўрмаган китоб қолмаган,
Кутубхона дейсиз уйини.
У ҳамманинг ғамини ейди,
Кеча-кундуз чекар риёзат:
“Ҳар бир одам сиёсат, дейди,
Пахтани ҳам дейди, – сиёсат!”
Яхшилардан чиқар яхши от:
Гул унади юрган йўлидан.
Жони-тани унинг – матбуот,
Газета ҳеч тушмас қўлидан.
Тинчимайди ўқиб чиқмаса,
Ўқимаса бўлмайди гўё,
Гўё унинг ушбу хабарни
Ўқишига боғлиқдай дунё.
Тушликда-ку, Тоға инчунин,
Қайнатади суҳбат булоғин.
Ахборотни тингламоқ учун
Радионинг бурар қулоғин.
Феъли қизиқ одам-да ўзи,
Гоҳо койиб, ғашни келтирар.
Бир кўрсангиз, латифа айтиб,
Ичагингиз узиб “ўлдирар”.
Ранжитса ҳам бизларни баъзан,
Койимоқни кўрса ҳамки эп,
Фахр этамиз Тоғамиз билан,
Қишлоқнинг Бош фуқароси деб!
Танимайсиз Тиркаш тоғани,
Танимайсиз...
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ОТАМНИНГ АЙТГАНЛАРИ
1
Кўп насиҳат қилади отам,
Тўғри бўлгин, дейди, қароғим.
Бошингга ғам тушганида ҳам,
Қўлга олгин ўзни, чироғим!
Маломатга тўла бу дунё,
Кўтара бил қисматнинг юкин.
Қалбга ғулу солганда риё,
Уни четлаб ўтмоғинг мумкин.
Бардош керак одамга асли,
Тошдек маҳкам бўлсин саботинг.
Кутмаганда бир хазон фасли
Барбод қилгай бутун ҳаётинг.
Ҳеч вақт ёлғон сўзлама, болам,
Ҳақиқатдир шоирнинг жони.
Ростин айтган ўлар чоғда ҳам
Бобонгнинг ҳам бобокалони.
Мол-дунёга ҳирс қўйма асло,
Учқур бўлсин минган тулпоринг,
Бошингга ғам тушса мабодо,
Қаватингда бўлсин дўст-ёринг.
Эзгуликда ҳикмат кўп, тушун,
Сен шайтоннинг йўлига кирма!
Арзимаган қуруқ сўз учун
Шоирман, деб кўксингга урма!
Бу дунёда шоир кўп, ўғлим,
Ҳаммаси ҳам севар элини.
Энг аввало одам бўл, токим
Англай олгин халқнинг дилини.
Халқсиз сенинг ёзганинг бир пул,
Ўқимаса на ҳожат шеърдан?
Тошни ёриб кўкарган ҳар гул
Қувват олиб ўсади ердан.
Фақат менга қолма боғланиб,
Бу дунёда мен ҳам бир меҳмон.
Ёзар бўлсанг, ёзавер ёниб,
Тутаб юриб ўчма ҳеч қачон!
Қўрқоқ бўлсанг, сендай ўғлим йўқ,
Мен ҳам сенга қилмасман шафқат.
Бу дунёда майда одам кўп,
Сен уларга қўшилма фақат!
Олдинга бос қолсанг-да ҳориб,
Қаттиқ дерлар одам жонини.
Фарқсиз бўлма ноҳақлик кўриб,
Ерга урма шоир номини.
Тилагим шу, ёзгину баёт,
Сен дунёда одамдек яша!
Нималигин билмасанг ҳаёт,
Қаламингни синдириб ташла!
Мен шуларни ўйлайман нуқул,
Истагим ҳам кўп нарса эмас:
Яхши шеърлар ёзган Амирқул
Умарқулнинг ўғли, деса бас!..
2
Кўп насиҳат тингладинг ўғлим,
Ҳар нарсага юрма қон ютиб.
Битта бошга доим бир ўлим,
Мунғайма ҳеч ёқангни тутиб!
Фарзандинг кўп,
Сен ҳам отасан,
Улар билан сўзлаш мулойим.
Ҳамиша тинч бўлсин бу жаҳон,
Умринг узоқ бўлсин илойим!
Ногоҳ хато қилишинг мумкин,
Мард бўлади ҳақиқий ота.
Кўп қимматга тушади бир кун
Сен йўл қўйган лаҳзалик хато.
Ўғлим, доим шунақа бўлган,
Бир кун сўнар кўзингдан зиё.
Токи одам зоти бор экан,
Хатолардан қутулмас дунё!
Фақат камроқ янглишгин, ўғлим,
Хато қилма бўлса имконинг.
Қувонади менинг ҳам кўнглим,
Қаватингга кирса ўғлонинг.
Ҳеч вақт дилни қилмагин хира,
Майли юз йил чексанг ҳамки дард.
Токи бизнинг наслдан сира
Туғилмасин бирорта номард!
3
Ўғлим, руҳинг бўлмасин эзгин,
Сўнг адашиб юрма, мабодо –
Шоир бўлсанг тузуклаб ёзгин,
Мерган бўлсанг – ургин бехато!
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ПУШАЙМОН
Ҳаловат топмайман тун бўйи юриб,
Вақтнинг ўтганини сира сезмайман.
Юлдузлар кўзига термулиб туриб,
Сенинг сўзларингни ёниб эслайман.
Эсимда, мен сенга бир сўз демадим.
Жим турмоқ соз, дедим писанд қилмасдан.
Ичимда тақдирни лаънатлар эдим,
Лаънатлар эдим мен сени, билмасдан.
“Кетма!” деб қўймадинг,
Ёлвординг ҳам кўп.
“Эҳ қандай аянч!” деб устингдан кулдим,
Мен кетиб бахтимни тополмадим, йўқ,
Мен ёлғон бир ишқнинг қурбони бўлдим.
Не қилсам, барини мен ўзим қилдим
Ва энди жабрини тортганча юрай.
Ўрнимда сен бўлсанг кечирармидинг,
Ахир мен ўзимни қандоқ кечирай?!
Жазога лойиқман!
Кечирма, бўлди!
Гуноҳкор одам ҳеч изламас тадбир...
Бизларни тасодиф дуч қилган эди
Ва яна тўсатдан айирди тақдир.
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ТУШ ВА ТАШВИШ
Олам гўзаллиги – Қуёшдан...
Одам ҳаётини офтобдан бошлар...
Мен нур сочарканман, бир бошдан
Кўпайиб боради ёрқин юлдузлар.
Ой ҳам кўпаяди, Қуёш ҳам,
Ўзгаради Юлдуз олами.
Иссиқдан ловуллаб ёнади хонам,
Олов куйдиради танамни...
Зотан, шу пайт жуда соғинаман,
Булутлар – кўз ёши ёмғирнинг,
– Ёмғир, – дейман, унга сиғинаман,
– Асра, – дейман оташдан Ерни...
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ЎРМОНДАГИ ШЕР
Ҳоким эди катта ўрмонда,
У ҳеч кимга бермасди омон.
Титроқ солар эди ҳар жонга
Даҳшат билан ўкирган замон.
Кўзларига тўлар эди қон,
Маҳв этаркан ўлжасин, гўё:
“Ўзимизники!” – дер эди ўрмон,
“Ўзимизники!” – дер эди дунё!
Йиртқич эди аждодига хос,
Йироқ эди меҳр ва туйғу.
Гарчи унга ўлим чўт эмас,
Лекин қўрқиб яшар эди у:
“Ўрмон қўлдан кетмаса бас”, дер.
“Ўрмон зарур менга баридан!..”
Гоҳ ўзидан қўрқар эди Шер,
Гоҳ қўрқарди шерикларидан.
У кун сайин бўларди диққат,
Титкиларди юрган ерини.
Аммо... лекин ер эди фақат
Танқис ўрмон неъматларини.
Бошидан нур сочарди само,
Зотан, аён эди тилаги...
У чиндан ҳам Шер эди, аммо
Қуённики эди юраги.
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
САБАБ
Бу дунёда сабаб тўла,
Кўп хилини кўргандим.
Бировларга кула-кула,
Йиғламоқни ўргандим.
Ҳар бир ишнинг сабаби бор,
Тонг отмайди бекорга.
Ўз-ўзидан сайрамайди,
Қўл тегмаса дуторга.
Ел эсмаса, учмайди хас,
Нур кўрмаса пишмас нок.
Бўлмасайди ишқу ҳавас,
Бўлмас эди ноз-фироқ.
Кўкка чиқса қора булут,
Ёмғир қуяр бегумон.
Агар ошиқ бўлса унут,
Тақдир унга беомон.
Бир нафасда сўлар лола,
Илк бор тушган қировдан.
Алдамайди эсли бола,
Ўрганмаса бировдан!
Опасига хат ёзсангу
Ойда бир бор кўрмасанг.
Обормайди укаси ҳам
Конфет олиб бермасанг.
Ана шундоқ, бу дунёда
Нур бўлмаса, йўқ соя.
Оқибатнинг чеки йўғу
Сабаб билмас ниҳоя!
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
БАХИЛЛИК
Бахил эди болалигида:
Ўзга боғдан узар эди гул.
Ариқдаги сувни ҳам ҳатто
Одамлардан қизғанарди ул.
Боғбон бўлди вояга етиб,
Тарк этмади, лекин бу ҳолни.
Ойлар... Йиллар кетса-да ўтиб,
Ўстирмади бирор ниҳолни.
Пайти келиб – бўлди мансабдор!
Зеро, амал эди – тилаги!
Энди кимдир бўлмаса абгор,
Қисиларди унинг юраги.
Қон-қонига сингиди бу дард,
Канадек ёпишди мансабга.
Бугун унинг бутун қилмиши,
Ғайирлиги тегар асабга.
Бахилларча яшар у ҳануз,
Ҳануз амалини бермайди:
У ҳеч кимга қилмайди шафқат,
У ҳеч кимни кўкартирмайди!..
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ШИВИР-ШИВИР
Ишхонада тушга яқин,
Авж олади ғовур-ғувир.
Уч-тўрт жувон бир чеккада
Сирлашади шивир-шивир.
Бошланади яна миш-миш,
Бири роса сўйлар лофни:
“Африкани сув босганмиш,
Ер ютганмиш Оврўпони!”
“Битта аёл қиз туғибди,
Учта қўли бормиш унинг!..”
“Учта бўлса, нима бўпти,
Қизиқ жойи борми шунинг?!”
“Кеча бозорга тушган эдим...
Кўриб қолдим мен... Лобарни.
Қаранг, бир ой бўлмасданоқ
Кўйлагига сиғмас қорни?!””
“Вой, ўртоқжон, бу ҳолва-ку!
Тўйдан аввал туққан... Раъно!”
“Қайдан билсин уятни у,
Жим!.. Келяпти ўзи.. Ана!..”
Шу тоб Раъно етиб келар,
У ҳам гапга қўшилади.
Сўз оҳанги бошқа бўлар,
Холпошшо хўп эшилади:
“Меҳмон келиб, шанба куни
Гўшт тополмай... Қўлдан олдик.
Фалон пул-а, қаранг буни,
Ўзи қандай кунга қолдик?
Эрим айтди, тез орада
Қанд ҳам тамом бўлар эмиш.
Қанд ўрнига аллақайдан
Шакарқамиш келар эмиш...”
Бир-бирига уланар гап,
Ростга ёлғон тиркалади
Ва ниҳоят тушлик тугаб,
Суҳбатдошлар тарқалади.
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
ПИСМИҚ
Унга фарқсиз яхши ва ёмон,
Унга фарқсиз ёшми, қарими,
Унга фарқсиз пул билан имон,
Бир кўз билан кўрар барини.
Давраларда мунғайиб турар,
Лаб очмайди сўзга ҳам мутлоқ.
Э воҳ, баъзан зимдан қутирар,
Гоҳ ҳеч кимга солмайди қулоқ.
Гоҳ фарқламас кундуз ва тунни,
Елкасини куйдирмас иссиқ.
Писмиқ, дерлар одамлар уни,
Шундай яшар дунёда писмиқ.
Амирқул Пўлкан
Telegram | Facebook |YouTube
