Бугун, 2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун!
1992 йил 2 июль куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир.
Биласизми, давлат гербидаги Ҳумо тимосли ўзбек (туркий)лар тарихининг шонли даври бўлмиш Турк хоқонлиги (522-744)нинг ҳам ҳокимият (легитимлик) рамзларидан бири бўлган. Хусусан, хоқонлик бош вазири, мамлакат асосчиларидан бўлган Билга Тўнюқуқ (645-726)нинг бош кийимида Ҳумо (қадимги туркча Ума(й)нинг тимсоли бор. Айштиш лозимки, Ҳумо сўзи асли қадимги туркча Ума ёки Умай сўзининг ўзгаришли шаклидир. Кейинги даврда унли билан бошланган туркча сўзлар олдидан ҳ товушини қўшиб талаффуз қилиш ҳолати кузатилади. Масалан, ўкуз~ҳўкуз, овуч~ҳовуч, оппа~ҳўппа каби. Ума(й) ўзи ким ёки нима? Ума(й) қадимги туркларнинг оналик сифатига эга бўлган маъбудидир. Турк хоқонлигида хоқон рафиқалари (қатун~хотунлар) Ума(й) сўзи билан эпитетлаштириган (сифатлантириган). Яъни қатун сўзи тилга олинганда улар олдидан Ума(й) онам, Ума(й)дек онам каби ифодалар ишлатилган. Бу нафақат олий ҳукмдор – хоқоннинг ҳокимияти Кўк Тангри (исломлашувга қадар мавжуд бўлган эътиқод, қадимги турклар дини)дан берилгани, балки мамлакат қатун – қироличаси (асли туркча қирол+эчи (эши), яъни қирол (умр) йўлдоши)нинг ҳам ҳокимияти илоҳа Ума(й)дан берилганлигини англатиб туришга хизмат қилган. Бир сўз билан айтганда, Ума(й) ёки Ҳумо бундан қарийб бир ярим минг йил аввал туркийлар ҳокимият рамзини билдирган ва ҳозир мустақил туркий давлат бўлган ўзбеклар Ўзбекистонининг ҳам ҳокимият белгисидир. Ва ҳозирги Ўзбекистоннинг легитимлик ҳуқуқи кеча ёки ўтган куни шаклланиб қолмаган, илдизи минг йиллар қаърига бориб етади. Хулоса, эндигина (1991 йил) мустамлака мафкурасидан озод бўлган Республика раҳбарияти, мутахассисларнинг, хусусан, Ислом Каримовнинг тарихий билими қанчалик юқори бўлганлигини шонли хоқонлик давлат рамзининг минг йиллар ўтиб янги Республика давлат гербига айлантирилганлиги исботлайди.
Ҳумо қушинг бутун Ер узра учаверсин озод элим!
Маъруфжон Дустмуродов - филология фанлари бўйича фалсафа (PhD), доцент, турколог