AkromMalik.Uz
Open in Telegram
367
Subscribers
No data24 hours
No data7 days
No data30 days
Posts Archive
Кулгили бир нарсани кўрмадим бу ҳаётда,
кўрганларимнинг бари йиғлагулик.
Ним табассумдан тортиб қаҳ-қаҳагача
аниқ ҳисоблаб қўйилган
ҳамда Вақтнинг тилига ёзилган.
Кимлигингни билиб қолсанг,
яъни билиб олсанг энг Буюк Сирни –
тополмайсан битта ҳам кулги.
Хаёлингни банд этиб қўяр,
ҳатто, нафас олиб, нафас чиқарганинг ҳам.
Ҳаммаси шу қадар жиддий
ва шу қадар оддий.
Акром МАЛИК
2019
@AkromMalikUZ
Сўз – тирик жондир.
Айтдингми, яшамоғинг шартдир уни.
Яшамасанг айтган Сўзингни,
у ўлади!
Ўлган Сўзнинг арвоҳи тинч қўймайди.
Акром МАЛИК
2019
@AkromMalikUZ
Бир Ҳақиқат иста, Унинг қошида
Вақтнинг қудрати ҳам тиз чўксин сассиз.
Бир Ҳақиқат топки, Унинг ишқида
Жонлар ўз жонидан кечсин нафассиз.
Шундай Ҳақиқат бор, Унга етмоқ-чун
Набийлар йўлига айлаб иқтидо -
Ўлимни севинч-ла бўйнингга олиб,
Ҳаётдан воз кечсанг, арзигай, ҳатто!
Акром МАЛИК
2019
@AkromMalikUZ
Ҳайҳот! Тош кабисан – сув юқмас сенга,
Феълингга минг афсус ва яна афсус!
Нечун хорлик сари ундайсан мудом,
Нечун Худо бўлгинг келади, эй Нафс!
Ўзингни мақташни бас қил, эй мардуд,
Ўзини мадҳ этмоқ Аллоҳнинг иши!
Шунчалар саркашсан, сенинг феълингга
Ҳатто, кор этмагай кулфат ёғиши...
Акром МАЛИК
2019
@AkromMalikUZ
Иккиси жуда яқин – Сўз ҳамда Тақдир!
Қайси Сўз? Минбарларни безайдиган,
қарсаклар орасида учиб юрган Сўзлар эмас!
Маст бўлсанг-да,
беҳушу бехуд бўлсанг-да,
ҳатто, беихтиёр ўкинч ёхуд ўтинч ила,
кўзёшингда ювилиб,
қалбингни буткул куйдириб,
тилингдан, балки, қоп-қора оғир тошдек,
ҳатто, тарақлаб товуш чиқариб тушган Сўз –
сенинг Тақдирингдир!
Акром МАЛИК
2019
@AkromMalikUZ
Жоним вужудимни тарк этиб мутлақ
Таним кирмагунча Ер қучоғига,
Уйқу хоҳламасман ё Роббим ал-Ҳақ,
Ғафлатга солмагил умрим боғида.
Бир он сўндирмагил – сўнмоқ ўлимдир,
Ёнмасам, яшамоқ қандоқ бир қайғу.
Амр этгайсан – йўлинг менинг йўлимдир,
Бунда кўзларимга бермагил уйқу.
Шайтондан қўрқмагил, эй қалб – нотавон,
Роббингга таслим бўл, эй нафси мужрим.
Ўлимдан гўзалроқ йўқ манзил – макон,
Ул манзил қувончин унутма бир зум!
Юксал! Юксал! Кўзлар сенга етмасин,
Эсласинлар сени ёруғ туш каби.
Қанот қоқ Арш қадар тинглаб Ҳақ сасин,
Қафасдан қутулган буюк қуш каби.
Шарманда этмагил, айлагил сатр,
Ҳеч қачон эгмагил бошимни, Роббим.
Оловдек дардларим қучоғи ичра
Кавсар қил кўздаги ёшимни, Роббим!
Акром МАЛИК
2019
@AkromMalikUZ
Қишда қор ёғмаса, тушмаса совуқ,
Кўклам кўз очмаса лолақизғалдоқ,
Фасллар топмаса заминда ҳуқуқ,
Табиат ишлари бузилса ногоҳ!
Не учун тажжуб этурсан, инсон,
Зотан, ўз ишингни бузмишсан буткул –
Султон султонлигин унутган замон,
Билмаса ўзининг кимлигини қул!
Эрлар эр номидан воз кечса, ҳайҳот,
Аёл аёлликка этса-да, исён,
Шукур қил, оламда ҳамон бор ҳаёт,
Фалак ўз чархида сайр этар ҳамон!
Акром МАЛИК
2019
@AkromMalikUz
Бу одам бахтга қарши фидо бўлмоққа келган,
Яхшиларнинг ишқида адо бўлмоққа келган.
Оламда муҳаббатдан бўлак маъно йўқ дея
Ўликлар орасида ғавғо қилмоққа келган.
Начора, зулму қаҳру ғазаб босган оламга,
Изтиробу оғриқлар, азоб босган оламга,
Шундай инсонлар ногоҳ келиб қолгай юк бўлиб,
Эй дўстлар, яхшилар-чун мозор қазган оламга.
Бу инсонга ҳамманинг озори ҳам тайёрдир,
Бошига келгай савдо бозори ҳам тайёрдир.
Меҳру муҳаббатидан бу қадар безор бўлманг,
Тезда борар макони - мозори ҳам тайёрдир.
Бу шу қадар ёмонки, яхшиликдан тийилмас,
Метиндек мустаҳкамки, маломатдан ейилмас.
Юрагига тиғ санчинг, қон оқса, иншааАллоҳ,
Танасидан бошқа ҳеч тупроқларга ёйилмас.
Меҳридан безсангиз гар жигар-бағрин тилгайсиз,
Гўзал, хушбўй бўлса гул, битта-битта юлгайсиз.
Малол келса хизмати, ёқмай қолса ҳиммати,
Сабр қилинг, биродар, ўлади, қутулгайсиз.
Акром МАЛИК
22.07.2024.
@AkromMalikUz
Муҳаббат бир калитдир, сирлар эшигин очгай,
Муҳаббат бир нурдир, шайтонлар ундан қочгай.
Муҳаббат қудратидан қоялар жойидан кўчгай,
Муҳаббатдан айирмагин, ё меҳрибон Аллоҳим!..
Машаққатлар муҳаббат-ла осонликка айлангай,
Ерда туғилган зотлар осмонликка айлмангай.
Муҳаббатнинг риштаси мангуликка бойлангай,
Муҳаббатдан айирмагин, ё меҳрибон Аллоҳим!..
Ёрни кечаю кундуз зикр этмак муҳаббатдир,
Йўлларига ҳар лаҳза кўз тутмак муҳаббатдир.
Заҳар берса шакар деб шод ютмак муҳаббатдир,
Муҳаббатдан айирмагин, ё меҳрибон Аллоҳим!..
Муҳаббатдан лоф урган каззоблардан безорман,
Ёлғон ишқу нафс берган азоблардан безорман.
Севги рангида бўлган сароблардан безорман,
Муҳаббатдан айирмагин, ё меҳрибон Аллоҳим!..
Муҳаббатни бу ўтда ёнмаганлар билмагай,
Муҳаббат-чун ўзлигидан тонмаганлар билмагай.
Айрилиқ шаробига қонмаганлар билмагай,
Муҳаббатдан айирмагин, ё меҳрибон Аллоҳим!..
Муҳаббатнинг рангида макру ҳийлалар кўпдир,
Ёлғондан кўз ёш тўккан тошдек дийдалар кўпдир.
Ошиқман деб ўйлаган ёш-ёш навдалар кўпдир,
Муҳаббатдан айирмагин, ё меҳрибон Аллоҳим!..
Ҳамон излаб юрибман бир ёри вафодорни,
Муҳаббат деб аталган мангу яшил баҳорни.
Агар уддалаб ўтсам ишқ деган касби корни,
Умримдан рози эдим, ё меҳрибон Аллоҳим!
Эй ишқдан хабарсиз зот, қалбингга назар этгил,
Ишқнинг саҳроларига сен ҳам бир сафар этгил,
Ишқнинг ўтида ёниб манзилга омон етгил,
Муҳаббатдан айирма, ё меҳрибон Аллоҳим!..
Акром МАЛИК
21.07.2024.
@AkromMalikUz
Гоҳо айрилиқнинг аччиқ заҳрига
Зидди заҳар дея дийдорни тутдим.
Олтинланган маъюс кузнинг бағрида
Дилга баҳор дея дилдорни кутдим.
Лекин дийдорингдан оғриқлар ҳосил,
Ундан заҳар ичиб ўлганим яхши.
Кўнглим ичра кўрдим: баҳоринг – қотил,
Ундан хазонларга тўлганим яхши.
Акром МАЛИК
11 январ, 2022 йил.
@AkromMalikUz
Эй, қалбнинг лисонидан бехабар инсон,
Юракнинг уришин бахт деб билган зот.
Дунё зулматидан кўнгил қора қон,
Роббим изн берса, қоқсаму қанот,
Учардим қайтмагай бўлиб ҳеч қачон.
Қўрқув чангалида олганинг нафас
Қабр қучоғидан оғир ва тийра.
Тушун, ахир, мақсад яшамоқ эмас,
Олам қафасида қумридек сайраб!
Юзим ёруғ ҳолда жоним берсам, бас...
Саҳрога қочсамми? Ёхуд сассиз, гунг
Қоялар бағридан излайми паноҳ?
Сўзини такрорлаб тонг, шом, куну тун,
Кўк кўксига бошим қўйиб хайрихоҳ
Насимлар шивирин тинглайми сокин?
Шууринг тўлдирган ғамларни, кечир,
Менинг қайғуларим бегона билди.
Зотан, орзуларинг яшашга ўчдир,
Менинг орзуларим қўлимда ўлди,
Қаддим букиб қўйган охират кўчи...
Жаҳон ишларига, маъзур тут, ёрон,
Фикру хаёлимни этолмайман сарф.
То Унинг қошига боргунча нолон
Ва ҳукми остида тортгунимча саф
Покланиб олмоққа шошилмоқда жон...
Ҳолбуки, вужудим забт айлаб, ҳайҳот,
Умримни харж этар бешафқат заъфим.
Роббим изн берса, қоқсаму қанот,
Вуслатдан шодланиб шикаста қалбим
Бошланса васлда абадий ҳаёт.
Сенга аён, ахир, ҳар неки, сирим,
Қошингда тупроқман, тупроқдан тубан.
Қалб синиқ. Кўз ёшли. Сўзларим ярим,
Ўзингга боряпман титраб қўрқувдан,
Карам қил қулингга, Аллоҳу Карим!
Акром МАЛИК
8 январ, 2021 йил.
@AkromMalikUz
