en
Feedback
Erkin Malik

Erkin Malik

Open in Telegram

Bu kanal Erkin Malikning rasmiy sahifasi.

Show more
859
Subscribers
-124 hours
-77 days
-3030 days
Posts Archive
Эртасига эрта тонгданоқ иш жадал бошланди. Япроқлар ўзидан шира чиқариб, роса тўлишибди. Баргдаги қиём шабнам томчисидек, тўкиламан деб турибди. Битта япроқдаги шира битта асаларига юк бўладиган даражада кўп. Қуёш Ер юзига ўзининг нурларини ёйиб, япроқларни қиздиришга ҳали улгурмаган. Лекин ана-мана дегунча уфқдан мўралаб қолиши мумкин. Имкониятдан унумли фойдаланиб қолишни ўйлаган Ўткиркўз қуёш чиқадиган томонга қараб хитоб қилди:      ‒ Ҳой, Офтоб жаноблари, уйғонишга шошилманг‑а. Биз япроқлардаги неъматларни исроф қилмай йиғиб олайлик!      Офтоб жаноблари унга жавобан шундай деди:      ‒ Ихтиёр менда эмас, асалтой. Мен Худойи таоло «чиқ» деган пайтда чиқаман, «бот» деган пайтида ботаман. Ўзимча ҳеч нарса қила олмайман. Сен тоғ этагидаги булутлардан илтимос қил. Булутлар бироз бўлса ҳам нуримни тўсиб, сенга ёрдам беришади.      Шундай кейин Хушдимоқ булутларга юзланди:      ‒ Ҳой раҳмат ёмғирлари билан бизни хурсанд қиладиган Булут! Кеча ҳамма ёқни сувга тўйинтирдинг, қир‑адирларни яшнатдинг. Сенга кўпдан‑кўп раҳмат. Яна бир ёрдаминг керак бўлиб қолди. Бизга Офтоб жанобларининг юзини бир оз тўсиб, ёрдам қилгин. Тунда баргларда тўпланган шарбатларни исроф қилмай йиғиб олайлик.      ‒ Биз Худойи таоло «ёғ» деган жойга ёғамиз, «ёғма» деган жойга ёғмаймиз. Аммо исроф бўлмасин, деганларга жон деб ёрдам берамиз. Чунки исроф қаттиқ қораланади, ‒ деб булутлар тоғ этагидан аста‑секин уфққа кўтарила бошлашди.      Асалтойлар эса қўшиқни бошлаб юборишди:      Бизлар ишлаб чарчамаймиз ғув‑ғув.      Осмонлардан асал ёғсин дув‑дув...   КЕЛУВЧИ ВА КЕТУВЧИ АРИЛАР        Ҳамма ёқда кўз‑қулоқ бўлиб юрадиган Ўткиркўз асалари бўрилари уларнинг инига жуда серқатнов бўлиб қолишганига эътибор қилди. Худди жанг бўлган пайтдагидек тинимсиз келиб кетаверишяпти. У олдинига бўрилар ариларга ҳужум қилишяптимикин деб ўйлади. Уларнинг адабини бериб қўйиш учун жангчиларини чақирди. Унинг жанговар ҳолат эълон қилганини кўрган асалари бўриларнинг бошлиғи:      ‒ Биз ҳужум қилмаяпмиз, чор‑атрофни ари ўликлардан тозалаб, вазифамизни бажаряпмиз, ‒ деди. ‒ Орангизда ўлим кўпайиб кетди. Шу... вабо келдими, дейман.      Ўткиркўз уя атрофини айланиб, чиндан ҳам минглаб жонсиз арига кўзи тушди. Ажабо нега бундай? Чиндан ҳам ўлат тегдимикан. Ўлат тегса ёш‑у қари бирдек ўлади. Айниқса, чақалоқлар орасида ўлим кўпаяди. Лекин жон таслим қилганларнинг аксарияти қари арилар эди. У ҳолда уяда қари арилар билан ёшлар ўртасида жанжал чиқдимикан? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Арилар ўзидан бир кун олдин дунёга келганни ҳам ё акажон, ё опажон деб ҳурматини жойига қўйишади. Қари ариларни отажоним‑онажоним деб иззатлашади. Ҳатто уларга овозларини ҳам баландлатишмайди. Нуқул хизматингизга тайёрмиз, деб туришади. Ўткиркўз шуларни ўйлаб турган эди уядан навбатдаги қари арилар чиқиб келишди. Бари олдиндан келишгандек жон таслим қилишга тайёр.      ‒ Ҳай, нималар қиляпсизлар?! Нималар бўляпти? Қандай ёрдам керак? ‒ дея жон ҳолатда сўради Ўткиркўз.      Арилар эса жавоб беришга ҳам ҳоллари етмай, шундоққина оёқ‑қўлларини чўзиб қўя қолишди. Фақат биттаси:      ‒ Бизлар кетувчилармиз, ‒ дея олди холос.        Давомини кутинг!

ZIYRAKQULOQ        Bir kuni shamol Ziyrakquloqning dimog‘iga mutlaqo begona yoqimsiz hidni olib keldi. Bu hid mashina, temir yo‘l izi, molxonadan ko‘tariladigan hidga o‘xshamas edi. Darrovda do‘sti Xushdimoqni yordamga chaqirdi:      ‒ Bu nimaning hidi, do‘stim?      ‒ Juda ko‘p hidni bir-biridan ajrata olaman. Lekin bunisi mutlaqo yangi. Dimog‘imni achishtirishiga qaraganda zaharliga o‘xshaydi. Bu hid qayerdan kelayotganini bilolmayapman.      ‒ Balki O‘tkirko‘zni yordam so‘rab ko‘rarmiz, – dedi Ziyrakquloq.      ‒ Albatta! Bu yaxshi fikr, – deya uning fikrini quvvatladi Xushdimoq.      Darrov yetib kelgan O‘tkirko‘z uzoqlarga sinchkov qarab:      ‒ Ekinlarni chigirtka galalari bosibdi. Ularga qarshi zaharli dori sepishyapti, – dedi.      ‒ Chigirtkalar o‘lyaptimi?      ‒ Ha... – dedi O‘tkirko‘z o‘ychan.      ‒ Unda biz uchun ham xavfli ekan‑da, ‒ dedi Xushdimoq tashvishlanib.      ‒ Men shamol yo‘nalishiga qarab, zaharli hid qachon yetib kelishini aniqlab, Qirolicha hazrati oliyalariga yetkazaman, ‒ dedi Ziyrakquloq.      Shu kuni bir necha muddat asalarilar xuddi yomg‘irli kunlardagidek tashqariga chiqmay inda qolishdi. Shamol zaharli hidni ularning ini ustidan uzoq‑uzoqlarga olib o‘tib ketdi. Xushdimoq havo tozalanganini aniqlab, Qirolichaga xabar berdi. Arilar yana odatdagiday asal to‘plashga qaytishdi.   TONGGI NASIBA        Bir kun oldin shamol kuchli shamol ko‘tarilib, arilar gul changlarini ingacha yetkazib kela olishmadi. To‘plagan changlarini qopchalaridan shamol uchirib ketaverdi. Ertasiga esa yomg‘ir yog‘ib, inga qamalib qolishdi. Asal to‘plashning kundalik miqdori kamaydi. Lekin tuxumdan chiqqan yangi chaqaloqlar gulchangisiz och qoldi. Ularning katta bo‘lib, yo‘rgakdan chiqishi bir kunga kechikdi. Eh... ba’zilari nobud ham bo‘ldi. Qirolicha hazrati oliyalari tashvish ichida qoldi. Endi qanday qilib bo‘lsa ham yo‘qotilgan asalning o‘rnini to‘ldirish kerak. Ishni har kungidan ko‘ra ertaroq boshlaylik desa, befoyda. Chunki oftob ko‘tarilib, kun qizdira boshlagandan keyingina gulkosalarda shira ishlab chiqarila boshlanadi. Bu kunning uchdan biri boy berildi degani. Shu payt Qirolichaga Ziyrakquloqdan xush xabar kelib qoldi.      ‒ Hazrati oliyalari, havo orqali yomg‘irdan so‘ng tun issiq o‘tishini aniqladim. Havo dim bo‘lar ekan. Bunday paytda barglar o‘zidan juda ko‘p shira chiqaradi. Oftob tikkaga kelguncha ularni yig‘ib olish kerak. Aks holda barg yuzi qizishi bilan shira qurib qoladi. Keyin yerga to‘kilib, isrof bo‘ladi... – dedi u.      Bu xabardan Qirolichaning dili yorishdi. Qandoq yaxshi, Xudoyi taolo kecha kunduzi bermagan rizqini tunda ortig‘i bilan beryapti. Qirolicha shu zahoti asaltoylarga xabar jo‘natdi:      ‒ Asaltoylarim, hamma tong otishi bilan «qora» asal yig‘ishga!      ‒ Yashasin!... O‘tirgandik tutib aza, tongda ishlash qanday maza, ‒ deb xursand bo‘lib ketishdi asaltoylar.      Asalarilar guldan tashqari uzum, olma, o‘rik, olxo‘ri kabi mevalar, qovun, tarvuz kabi poliz ekinlari va daraxt barglaridan ham shira to‘plashar edi. Shiraning bu turi «qora asal» deyiladi. Rangi gul shirasiga nisbatan qoraroq bo‘lgani uchun ham shunday nom berilgan. Asalarilar qora asalni gul shirasiga qo‘shishmas, alohida omborchalarda saqlashar edi. Katta arilarning qorni ochsa, shuni tamaddi qilishadi. Ayniqsa, ob-havo noqulay kelib, inga qamalib qolgan «qora kunlari»da bu asal judayam asqatadi. Guldan olingan xushbo‘y asal odamlarga bo‘lsin deb, unga tegishmaydi.        Davomini kuting!

ЗИЙРАКҚУЛОҚ        Бир куни шамол Зийракқулоқнинг димоғига мутлақо бегона ёқимсиз ҳидни олиб келди. Бу ҳид машина, темир йўл изи, молхонадан кўтариладиган ҳидга ўхшамас эди. Дарровда дўсти Хушдимоқни ёрдамга чақирди:      ‒ Бу ниманинг ҳиди, дўстим?      ‒ Жуда кўп ҳидни бир-биридан ажрата оламан. Лекин буниси мутлақо янги. Димоғимни ачиштиришига қараганда заҳарлига ўхшайди. Бу ҳид қаердан келаётганини билолмаяпман.      ‒ Балки Ўткиркўзни ёрдам сўраб кўрармиз, – деди Зийракқулоқ.      ‒ Албатта! Бу яхши фикр, – дея унинг фикрини қувватлади Хушдимоқ.      Дарров етиб келган Ўткиркўз узоқларга синчков қараб:      ‒ Экинларни чигиртка галалари босибди. Уларга қарши заҳарли дори сепишяпти, – деди.      ‒ Чигирткалар ўляптими?      ‒ Ҳа... – деди Ўткиркўз ўйчан.      ‒ Унда биз учун ҳам хавфли экан‑да, ‒ деди Хушдимоқ ташвишланиб.      ‒ Мен шамол йўналишига қараб, заҳарли ҳид қачон етиб келишини аниқлаб, Қиролича ҳазрати олияларига етказаман, ‒ деди Зийракқулоқ.      Шу куни бир неча муддат асаларилар худди ёмғирли кунлардагидек ташқарига чиқмай инда қолишди. Шамол заҳарли ҳидни уларнинг ини устидан узоқ‑узоқларга олиб ўтиб кетди. Хушдимоқ ҳаво тозаланганини аниқлаб, Қироличага хабар берди. Арилар яна одатдагидай асал тўплашга қайтишди.   ТОНГГИ НАСИБА        Бир кун олдин шамол кучли шамол кўтарилиб, арилар гул чангларини ингача етказиб кела олишмади. Тўплаган чангларини қопчаларидан шамол учириб кетаверди. Эртасига эса ёмғир ёғиб, инга қамалиб қолишди. Асал тўплашнинг кундалик миқдори камайди. Лекин тухумдан чиққан янги чақалоқлар гулчангисиз оч қолди. Уларнинг катта бўлиб, йўргакдан чиқиши бир кунга кечикди. Эҳ... баъзилари нобуд ҳам бўлди. Қиролича ҳазрати олиялари ташвиш ичида қолди. Энди қандай қилиб бўлса ҳам йўқотилган асалнинг ўрнини тўлдириш керак. Ишни ҳар кунгидан кўра эртароқ бошлайлик деса, бефойда. Чунки офтоб кўтарилиб, кун қиздира бошлагандан кейингина гулкосаларда шира ишлаб чиқарила бошланади. Бу куннинг учдан бири бой берилди дегани. Шу пайт Қироличага Зийракқулоқдан хуш хабар келиб қолди.      ‒ Ҳазрати олиялари, ҳаво орқали ёмғирдан сўнг тун иссиқ ўтишини аниқладим. Ҳаво дим бўлар экан. Бундай пайтда барглар ўзидан жуда кўп шира чиқаради. Офтоб тиккага келгунча уларни йиғиб олиш керак. Акс ҳолда барг юзи қизиши билан шира қуриб қолади. Кейин ерга тўкилиб, исроф бўлади... – деди у.      Бу хабардан Қироличанинг дили ёришди. Қандоқ яхши, Худойи таоло кеча кундузи бермаган ризқини тунда ортиғи билан беряпти. Қиролича шу заҳоти асалтойларга хабар жўнатди:      ‒ Асалтойларим, ҳамма тонг отиши билан «қора» асал йиғишга!      ‒ Яшасин!... Ўтиргандик тутиб аза, тонгда ишлаш қандай маза, ‒ деб хурсанд бўлиб кетишди асалтойлар.      Асаларилар гулдан ташқари узум, олма, ўрик, олхўри каби мевалар, қовун, тарвуз каби полиз экинлари ва дарахт баргларидан ҳам шира тўплашар эди. Ширанинг бу тури «қора асал» дейилади. Ранги гул ширасига нисбатан қорароқ бўлгани учун ҳам шундай ном берилган. Асаларилар қора асални гул ширасига қўшишмас, алоҳида омборчаларда сақлашар эди. Катта ариларнинг қорни очса, шуни тамадди қилишади. Айниқса, об-ҳаво ноқулай келиб, инга қамалиб қолган «қора кунлари»да бу асал жудаям асқатади. Гулдан олинган хушбўй асал одамларга бўлсин деб, унга тегишмайди.        Давомини кутинг!

‒ Unday qaroqchi to‘dalarning paydo bo‘lishiga, asaltoylar, avval boshi ularni dunyoga keltirgan ota‑onasi aybdor. Ona-ota tanlashni bilmagan. Nasl‑nasabini surishtirmagan. Erkak arining shirin so‘zigami, husnigami uchib, tegib ketavergan. Turmush qurgan erkak ari esa o‘lardek dangasa, yalqov bo‘lgan. Odatda bunday otalardan o‘ziga o‘xshagan dangasa, yalqovlar tug‘iladi‑da, asaltoylar. Endi eng yomoni ular ham dunyoga keldimi, hayotda yashashi kerak. Buning uchun o‘g‘rilik qilishga, o‘ziga o‘xshaganlardan guruhlar tuzib olishga harakat qilishadi. Unday tekinxo‘rlarni ayab o‘tirmang, ko‘rgan joyingizda qatl eting. Birovlar hisobiga yashaydiganlarga oramizda o‘rin yo‘q! Ana shunaqa... Bilmaganingizni bildira oldimmi, asaltoylarim?      ‒ Ha, hazrati oliyalari, bildik, judayam yaxshi bilib oldik, ‒ deb baravariga javob berishdi uch og‘ayni botirlar.        Davomini kuting!

QAROQCHI ASALARILAR        O‘tkirko‘z, Xushdimoq va Ziyrakquloq Qirolicha hazrati oliyalarining eng yaqin yordamchilariga aylanib ulgurishgan edi. Ularning asosiy vazifasi har bir gullagan o‘simlikni changlantirish, urug‘i, mevasini ko‘paytirish, hosilga hosil qo‘shish va odamlarga ko‘proq asal yig‘ishdan iborat edi. Shu bilan birga ular asalarilar hayotiga ham javobgar edi. Shuning uchun ular doimo hushyorlik va ziyraklik esdan chiqarishmas edi. Jangchi arilar esa har daqiqada qo‘mondonning buyruqlarini ado etish uchun shay turishardi.      Bir kuni asalarichi uya qopqog‘ini ochdi‑yu, nimagadir chalg‘ib, uni ochiq qoldirdi. Bunday fursatdan o‘g‘ri, qaroqchi arilar hamisha foydalanib qolishga harakat qilishadi. Aniqrog‘i shunday imkoniyatni poylab, asalari inlari atrofida izg‘ib yurishadi. Birorta inning ochiq qolganini ko‘rgan «ayg‘oqchi» u yerdagi asaldan o‘g‘irlaydi‑yu zudlik bilan sheriklarini boxabar qiladi. Tayyor asalning hidini olgan qaroqchilar to‘dasi ochiq qolgan uyaga yopiriladi. Bu juda tez sodir bo‘ladi. Bunday holatda hatto asalarichi ham «qaroqchi»larga bas kela olmaydi. «Chaqirilmagan mehmonlar» asalarichini talab tashlashadi va bir zumda uyani ship-shiydam qilishadi. Kamiga ona Qirolichani ham o‘ldirib ketishadi.      Xullas o‘sha inning qopqog‘i ochiq qolib ketgan kuni O‘tkirko‘z qaroqchi arini indan nari qilishga ulgurmadi. Qaroqchi niyatiga yetdi. O‘tkirko‘z u hozir butun boshli qaroqchilar to‘dasini boshlab kelishini bilardi. Inni qo‘riqlash uchun zudlik bilan jangchilarini oyoqqa turg‘izdi. In ustida jangchi arilarning bezovta g‘uvullab qolganini ko‘rgan asalarichi xatosini tushundi‑yu, tezda kelib qopqoqni yopdi. Ammo bu paytda qaroqchilar to‘dasi yetib kelishga ulgurgan edi.      ‒ Tezda in og‘zidagi eshik og‘alariga yordamga o‘tinglar! ‒ buyruq berdi qo‘mondon jangchilariga.      Mabodo uya og‘zidagi kirish darvozasi qaroqchilar qo‘liga o‘tsa, hammasi tugaydi. Jangchi arilar in og‘ziga jonli qalqon bo‘lib olishdi. Yaqinlashib kelgan qaroqchilarning boshi tanasidan judo qilinaverdi. Jang uzoq davom etdi. Ikki tarafda ham katta yo‘qotish bo‘ldi. Oxiri tekinxo‘r qaroqchilar bu taraflarga boshqa kelmaydigan bo‘lib chekinishdi. Bu saltanatning jangchilari kuchli va hushyor ekanini ular bilib qolishgan edi.      Qo‘mondon jangchilarni g‘alaba bilan qutladi. Qirolicha hazrati oliyalari ham xaloskorlarga o‘z minnatdorchilik xabarini yubordi. Bu yoqda asalari bo‘rilariga ish topildi. Halok bo‘lganlarni inlariga tashib ketib, chor atrofni tozalay boshlashdi. Bolalariga bir necha kunga yetadigan yemish topildi‑da...      Lekin O‘tkirko‘z og‘ir xayollarga tolib qoldi.      ‒ Nima bo‘ldi, do‘stim? ‒ so‘radi Ziyrakquloq. ‒ Kayfiyating yo‘q ko‘rinasan.      ‒ Bugungi jangdan judayam ezilib ketdim.      ‒ Nega endi, qaroqchilarni yer tishlatdik‑ku, ‒ dedi Xushdimoq.      ‒ Qolgan-qutganlari endi bu yerlarga boshqa kelmaydi, – dedi Ziyrakquloq.      ‒ Gap kelish kelmasligida emas. Menga alam qilayotgani ularning ham, bizning ham nomimiz asalari. Ular nima qilib yurishibdi‑yu, biz nima bilan bandmiz. Biz to‘g‘ri, ular esa o‘g‘ri, qaroqchi. Qaroqchilikni kasb qilib olgani yomon‑da. Aslida naslimiz ham bitta‑ku, og‘aynilar.      ‒ Ha‑a... to‘g‘ri aytasan, – deya O‘tkirko‘zning do‘stlari ham o‘ylanib qolishdi.      Uchala asaltoyning «chip»i Qirolichaga ulangani uchun hazrati oliyalaridan kelayotgan xabarni hammalari baravar eshitishar edi:

ҚАРОҚЧИ АСАЛАРИЛАР        Ўткиркўз, Хушдимоқ ва Зийракқулоқ Қиролича ҳазрати олияларининг энг яқин ёрдамчиларига айланиб улгуришган эди. Уларнинг асосий вазифаси ҳар бир гуллаган ўсимликни чанглантириш, уруғи, мевасини кўпайтириш, ҳосилга ҳосил қўшиш ва одамларга кўпроқ асал йиғишдан иборат эди. Шу билан бирга улар асаларилар ҳаётига ҳам жавобгар эди. Шунинг учун улар доимо ҳушёрлик ва зийраклик эсдан чиқаришмас эди. Жангчи арилар эса ҳар дақиқада қўмондоннинг буйруқларини адо этиш учун шай туришарди.      Бир куни асаларичи уя қопқоғини очди‑ю, нимагадир чалғиб, уни очиқ қолдирди. Бундай фурсатдан ўғри, қароқчи арилар ҳамиша фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишади. Аниқроғи шундай имкониятни пойлаб, асалари инлари атрофида изғиб юришади. Бирорта иннинг очиқ қолганини кўрган «айғоқчи» у ердаги асалдан ўғирлайди‑ю зудлик билан шерикларини бохабар қилади. Тайёр асалнинг ҳидини олган қароқчилар тўдаси очиқ қолган уяга ёпирилади. Бу жуда тез содир бўлади. Бундай ҳолатда ҳатто асаларичи ҳам «қароқчи»ларга бас кела олмайди. «Чақирилмаган меҳмонлар» асаларичини талаб ташлашади ва бир зумда уяни шип-шийдам қилишади. Камига она Қироличани ҳам ўлдириб кетишади.      Хуллас ўша иннинг қопқоғи очиқ қолиб кетган куни Ўткиркўз қароқчи арини индан нари қилишга улгурмади. Қароқчи ниятига етди. Ўткиркўз у ҳозир бутун бошли қароқчилар тўдасини бошлаб келишини биларди. Инни қўриқлаш учун зудлик билан жангчиларини оёққа турғизди. Ин устида жангчи ариларнинг безовта ғувуллаб қолганини кўрган асаларичи хатосини тушунди‑ю, тезда келиб қопқоқни ёпди. Аммо бу пайтда қароқчилар тўдаси етиб келишга улгурган эди.      ‒ Тезда ин оғзидаги эшик оғаларига ёрдамга ўтинглар! ‒ буйруқ берди қўмондон жангчиларига.      Мабодо уя оғзидаги кириш дарвозаси қароқчилар қўлига ўтса, ҳаммаси тугайди. Жангчи арилар ин оғзига жонли қалқон бўлиб олишди. Яқинлашиб келган қароқчиларнинг боши танасидан жудо қилинаверди. Жанг узоқ давом этди. Икки тарафда ҳам катта йўқотиш бўлди. Охири текинхўр қароқчилар бу тарафларга бошқа келмайдиган бўлиб чекинишди. Бу салтанатнинг жангчилари кучли ва ҳушёр эканини улар билиб қолишган эди.      Қўмондон жангчиларни ғалаба билан қутлади. Қиролича ҳазрати олиялари ҳам халоскорларга ўз миннатдорчилик хабарини юборди. Бу ёқда асалари бўриларига иш топилди. Ҳалок бўлганларни инларига ташиб кетиб, чор атрофни тозалай бошлашди. Болаларига бир неча кунга етадиган емиш топилди‑да...      Лекин Ўткиркўз оғир хаёлларга толиб қолди.      ‒ Нима бўлди, дўстим? ‒ сўради Зийракқулоқ. ‒ Кайфиятинг йўқ кўринасан.      ‒ Бугунги жангдан жудаям эзилиб кетдим.      ‒ Нега энди, қароқчиларни ер тишлатдик‑ку, ‒ деди Хушдимоқ.      ‒ Қолган-қутганлари энди бу ерларга бошқа келмайди, – деди Зийракқулоқ.      ‒ Гап келиш келмаслигида эмас. Менга алам қилаётгани уларнинг ҳам, бизнинг ҳам номимиз асалари. Улар нима қилиб юришибди‑ю, биз нима билан бандмиз. Биз тўғри, улар эса ўғри, қароқчи. Қароқчиликни касб қилиб олгани ёмон‑да. Аслида наслимиз ҳам битта‑ку, оғайнилар.      ‒ Ҳа‑а... тўғри айтасан, – дея Ўткиркўзнинг дўстлари ҳам ўйланиб қолишди.      Учала асалтойнинг «чип»и Қироличага улангани учун ҳазрати олияларидан келаётган хабарни ҳаммалари баравар эшитишар эди:      ‒ Ундай қароқчи тўдаларнинг пайдо бўлишига, асалтойлар, аввал боши уларни дунёга келтирган ота‑онаси айбдор. Она-ота танлашни билмаган. Насл‑насабини суриштирмаган. Эркак арининг ширин сўзигами, ҳуснигами учиб, тегиб кетаверган. Турмуш қурган эркак ари эса ўлардек дангаса, ялқов бўлган. Одатда бундай оталардан ўзига ўхшаган дангаса, ялқовлар туғилади‑да, асалтойлар. Энди энг ёмони улар ҳам дунёга келдими, ҳаётда яшаши керак. Бунинг учун ўғрилик қилишга, ўзига ўхшаганлардан гуруҳлар тузиб олишга ҳаракат қилишади. Ундай текинхўрларни аяб ўтирманг, кўрган жойингизда қатл этинг. Бировлар ҳисобига яшайдиганларга орамизда ўрин йўқ! Ана шунақа... Билмаганингизни билдира олдимми, асалтойларим?      ‒ Ҳа, ҳазрати олиялари, билдик, жудаям яхши билиб олдик, ‒ деб бараварига жавоб беришди уч оғайни ботирлар.        Давомини кутинг!

Qovog‘ari
+1
Qovog‘ari

QOVOG‘ARILAR        Asal tashuvchi ishchi arilarning yana bir dushmani bor edi. Bu ‒ qovog‘arilar edi. Tanasi asalari bo‘risinikidan ikki‑uch barobar katta, haybatli. Qo‘llari arraga, tishlari boltaga o‘xshaydi. Ular shira yig‘a olmaydi, ammo shiraga o‘ch bo‘ladi. Ayniqsa, asalni juda sevadi. Beso‘naqay bo‘lgani uchun ishchi asalarilarga havoda quvib yeta olmaydi. Ularni ko‘pincha o‘simlik bargi va gul kosalari panasida poylab yotadi. Qulay fursat kelishi bilan hujumga o‘tadi. Ular asalarini o‘zi ham yeydi, bolalariga ham chaynab beradi. Asalarini yeb katta bo‘lgan qovog‘arilar o‘rgangan ko‘ngil o‘rtansa qo‘ymas, deganlaridek, katta bo‘lganidan keyin ham bunday mazali taom xumorida asalarilarni ovlashadi.      Qovog‘arilar qushlarga o‘xshab to‘dalashib yurmaydi. Ular yakka holda ovga chiqadi. Eng yomoni ularga jangchi arilarning tishi ham, nishi ham o‘tmaydi. Shuning uchun ularga hujum qilish ham befoyda. Qovog‘ari chaqsa, nishi jangchi arinikiga o‘xshab dushmanining tanasida qolib ketmaydi. Nishini sug‘urib olib, qayta-qayta suqib, jarohat yetkazish imkoniga ega. Lekin ularning ham qushlarga o‘xshab ojiz tomoni bor edi. Bu ojizlikni O‘tkirko‘z do‘stlari Xushdimoq va Ziyrakquloq bilan aniqlagan. Qovog‘ari havo haddan tashqari isib ketgan paytlarda ucha olmaydi. Ovga chiqish uchun unga salqinroq harorat kerak. Shu toqatsizligidan foydalanib, ularga zarba berish mumkin bo‘ladi. Lekin bu zarbani qanday amalga oshirishadi?      Hujum rejasini ham uch og‘ayni botirlar allaqachon ishlab chiqishgan. Rejaga ko‘ra O‘tkirko‘z jangchi arilarni o‘nta‑o‘nta qilib guruhlarga bo‘ldi. Qovog‘arilar ko‘ringan zahoti ularga hujum qilishni buyurdi.      ‒ Qanotlariga yopishing! Uchishiga yo‘l qo‘ymang! ‒ deya ko‘rsatma beribdi turdi u.      ‒ Shunday qilyapmiz, qo‘mondon. Biroq chaqishga nishimiz, tishlashga tishimiz o‘tmayapti.      ‒ O‘zingizdan issiqlik chiqaring. Dushman issiqqa chiday olmay, bo‘g‘ilib o‘ladi, ‒ dedi O‘tkirko‘z.      Haqiqatdan ham jangchilar qo‘mondon aytganidek qilishgan edi qovog‘arilar holdan toyib, bitta-bitta yerga qulay boshlashdi.      ‒ Dushman mag‘lub bo‘ldi! G‘alaba bizda, qo‘mondon! ‒ degan hayqiriqlar yangradi har joydan.      ‒ Tezda ortga chekininglar! ‒ deya qo‘mondon navbatdagi buyruqni berdi.      ‒ Qovog‘arilarning o‘ligini nimtalab chumolilarga yem qilmaymizmi? ‒ ajablanishdi jangchilar.      ‒ Yo‘q, g‘anim o‘limi oldidan sheriklariga «yordam» xabarini yuborgan. Qochib qolmasangiz, o‘zingiz ularning tuzog‘iga tushib qolishingiz mumkin, ‒ dedi O‘tkirko‘z.      Darhaqiqat, jangchi arilar o‘zlarini panaga olishlari bilanoq bir to‘da qovog‘ari paydo bo‘ldi va o‘lgan sherigini ko‘tarib, uchib ketdi.      Jangchi arilar esa:      ‒ Yashasin, bilgich qo‘mondonimiz! ‒ deb O‘tkirko‘zni olqishlashdi.        Davomini kuting!

Қовоғари
+1
Қовоғари

ҚОВОҒАРИЛАР        Асал ташувчи ишчи ариларнинг яна бир душмани бор эди. Бу ‒ қовоғарилар эди. Танаси асалари бўрисиникидан икки‑уч баробар катта, ҳайбатли. Қўллари аррага, тишлари болтага ўхшайди. Улар шира йиға олмайди, аммо ширага ўч бўлади. Айниқса, асални жуда севади. Бесўнақай бўлгани учун ишчи асалариларга ҳавода қувиб ета олмайди. Уларни кўпинча ўсимлик барги ва гул косалари панасида пойлаб ётади. Қулай фурсат келиши билан ҳужумга ўтади. Улар асаларини ўзи ҳам ейди, болаларига ҳам чайнаб беради. Асаларини еб катта бўлган қовоғарилар ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, катта бўлганидан кейин ҳам бундай мазали таом хуморида асалариларни овлашади.      Қовоғарилар қушларга ўхшаб тўдалашиб юрмайди. Улар якка ҳолда овга чиқади. Энг ёмони уларга жангчи ариларнинг тиши ҳам, ниши ҳам ўтмайди. Шунинг учун уларга ҳужум қилиш ҳам бефойда. Қовоғари чақса, ниши жангчи ариникига ўхшаб душманининг танасида қолиб кетмайди. Нишини суғуриб олиб, қайта-қайта суқиб, жароҳат етказиш имконига эга. Лекин уларнинг ҳам қушларга ўхшаб ожиз томони бор эди. Бу ожизликни Ўткиркўз дўстлари Хушдимоқ ва Зийракқулоқ билан аниқлаган. Қовоғари ҳаво ҳаддан ташқари исиб кетган пайтларда уча олмайди. Овга чиқиш учун унга салқинроқ ҳарорат керак. Шу тоқатсизлигидан фойдаланиб, уларга зарба бериш мумкин бўлади. Лекин бу зарбани қандай амалга оширишади?      Ҳужум режасини ҳам уч оғайни ботирлар аллақачон ишлаб чиқишган. Режага кўра Ўткиркўз жангчи ариларни ўнта‑ўнта қилиб гуруҳларга бўлди. Қовоғарилар кўринган заҳоти уларга ҳужум қилишни буюрди.      ‒ Қанотларига ёпишинг! Учишига йўл қўйманг! ‒ дея кўрсатма берибди турди у.      ‒ Шундай қиляпмиз, қўмондон. Бироқ чақишга нишимиз, тишлашга тишимиз ўтмаяпти.      ‒ Ўзингиздан иссиқлик чиқаринг. Душман иссиққа чидай олмай, бўғилиб ўлади, ‒ деди Ўткиркўз.      Ҳақиқатдан ҳам жангчилар қўмондон айтганидек қилишган эди қовоғарилар ҳолдан тойиб, битта-битта ерга қулай бошлашди.      ‒ Душман мағлуб бўлди! Ғалаба бизда, қўмондон! ‒ деган ҳайқириқлар янгради ҳар жойдан.      ‒ Тезда ортга чекининглар! ‒ дея қўмондон навбатдаги буйруқни берди.      ‒ Қовоғариларнинг ўлигини нимталаб чумолиларга ем қилмаймизми? ‒ ажабланишди жангчилар.      ‒ Йўқ, ғаним ўлими олдидан шерикларига «ёрдам» хабарини юборган. Қочиб қолмасангиз, ўзингиз уларнинг тузоғига тушиб қолишингиз мумкин, ‒ деди Ўткиркўз.      Дарҳақиқат, жангчи арилар ўзларини панага олишлари биланоқ бир тўда қовоғари пайдо бўлди ва ўлган шеригини кўтариб, учиб кетди.      Жангчи арилар эса:      ‒ Яшасин, билгич қўмондонимиз! ‒ деб Ўткиркўзни олқишлашди.        Давомини кутинг!

SHIDDATLI JANG        Jang  o‘ziga xos tayyorgarlik bilan boshlandi. Bir guruh jangchi butalar orasida pistirmada qoldi. Qo‘shinning boshqa qismi O‘tkirko‘z bilan osmonga ko‘tarildi. Qo‘mondonning «Mening buyrug‘imsiz o‘zingizcha harakat qilmang!» degan buyrug‘i yangradi. U jang harakat usulining har bir soniyasigacha oldindan reja qilib qo‘ygan, bunda unga boshidagi «chip» har daqiqada asqatar edi.      Havo harorati ko‘tarilib, gul kosalaridagi shira qaynab chiqa boshlagach, ishchi asalarilarni o‘ziga jalb qiladi. Ayni shunaqa paytda qushlarning ham nafsi hakalak otadi. Nonushtaga asal yegilari kelib qoladi. Qushlarning bu odatini asalarichi ham biladi. Chaqirilmagan mehmonlarni daf qilish maqsadida o‘q otib, ularni haydaydi. Miltiqning gumburlagan ovozi qushlar bir zumda tumtaraqay qilsa-da, bir ozdan keyin ular yana bostirib kelaveradi. Nihoyat asalarichining o‘qi tugaydi. Bu orada bitta‑ikkita qush o‘qqa uchadi. Asalarichi ularning oyog‘idan ip bog‘lab, boshqa qushlar qo‘rqsin degan maqsadda ko‘rinarli joyga osib qo‘yadi. Qushlar bunaqa qurbonliklarga allaqachon o‘rganib qolishgan. Nafs balosi ularning boshiga shunday balolarni soladi. Lekin qushlar ham anoyi emas, asalarichining o‘qlari tugashini sabr bilan kutishadi. Ana undan keyin asalxo‘rlikni ham boshlash mumkin. Asal yukidan, og‘irlashib, inga zo‘rg‘a uchib kelayotgan arilarning sho‘rini quritish payiga tushishadi.      Qo‘mondon jangchilari bilan yuqoridan turib, qushlarning ana shu tashrifini kutardi. Jangchi arilardan iborat guruh qushlar yo‘lini to‘sib, g‘ujg‘on o‘ynay boshladi. Haqiqatdan ham qushlar erkak arilarga parvo qilishmadi. Nomiga tumshuq urib ham qo‘yishmadi. Ularning ko‘zi pastda, qushlardan panalab, yer bag‘irlab uchib kelayotgan ishchi asalarilarda edi. Qo‘mondonning buyrug‘i yangradi:      ‒ Hujumga!      Eng oldin pistirmadagilar dushman sari kuchli oyoqlariga tayanib, o‘qdek otilishdi. Dushmanning ko‘zi nishonga olingan edi. Qo‘qqisdan bunday zarbani kutmagan qushlar ko‘zlarini ocholmay tepaga o‘rlashdi. Pala-partish uchayotgan bu galani esa erkak arilar kutib olishdi. Bir nechtasi o‘limni bo‘yniga olib dushmanning yumshoq joyiga yopishdi. Voh... o‘sha joyidan zaharli nayza yegan qushlar chag‘‑chag‘lab, o‘mbaloq oshib, sichqonning ini ming tanga bo‘lib ketdi. Keng osmon tor ko‘rinib qoldi. Qushlar qandoq kelgan bo‘lishsa, xuddi shundoq tumtaraqay bo‘lishdi. Jang juda tez tugagandek ko‘rinardi. Birdan chor‑atrofga jimlik cho‘kdi. Jangchilar g‘alabani bayram qilish uchun qo‘mondonning buyrug‘ini kutishardi. Ammo qo‘mondon:      ‒ Diqqat, joyingizni egallang! Hozirgina orqasidan nayza yegan yov o‘ch olish uchun qo‘shnilarini boshlab kelyapti. Hujum boyagidan-da shiddatliroq bo‘lsin! ‒ deb buyruq berdi.      Jang kechga dovur davom etdi. Asal tashiyotgan ishchi arilarning birortasiga ham talafot yetmadi. Ammo jangchi arilarda yo‘qotish ko‘p bo‘ldi. Nishlari qushlar orqasida ketgan arilarning jasadi yer bilan bitta bo‘lib yotardi. Ba’zi jangchilar bedarak yo‘qolgandi. Demak, ular o‘zini dushmanning karrakdek ochilgan og‘ziga urgan, ularning tiliga zaharli nishini sanchgan va qushlar og‘zida mardlarcha halok bo‘lgan.      ‒ Jang qurbonsiz bo‘lmaydi, mening jangchilarim! Jangda jonini fido qilganlarga abadiy shon‑sharaflar bo‘lsin! Ular naslimizning davom etishi, osmonimizning musaffo bo‘lishi yo‘lida jon berishdi. Dushmanlarimiz endi bu yog‘ga o‘ylab qanotlarini qoqadi. Mabodo adashib kelib qolsa, xuddi bugungidek tavbasiga tayantiramiz.      Shu payt Qirolicha hazrati oliyalaridan ham qutlov tabrigi keldi. Ma’lum bo‘lishicha, jang sharofati bilan uyada ikki barobar ko‘p asal va gulchangi yig‘ilibdi...        Davomini kuting!

ШИДДАТЛИ ЖАНГ        Жанг  ўзига хос тайёргарлик билан бошланди. Бир гуруҳ жангчи буталар орасида пистирмада қолди. Қўшиннинг бошқа қисми Ўткиркўз билан осмонга кўтарилди. Қўмондоннинг «Менинг буйруғимсиз ўзингизча ҳаракат қилманг!» деган буйруғи янгради. У жанг ҳаракат усулининг ҳар бир сониясигача олдиндан режа қилиб қўйган, бунда унга бошидаги «чип» ҳар дақиқада асқатар эди.      Ҳаво ҳарорати кўтарилиб, гул косаларидаги шира қайнаб чиқа бошлагач, ишчи асалариларни ўзига жалб қилади. Айни шунақа пайтда қушларнинг ҳам нафси ҳакалак отади. Нонуштага асал егилари келиб қолади. Қушларнинг бу одатини асаларичи ҳам билади. Чақирилмаган меҳмонларни даф қилиш мақсадида ўқ отиб, уларни ҳайдайди. Милтиқнинг гумбурлаган овози қушлар бир зумда тумтарақай қилса-да, бир оздан кейин улар яна бостириб келаверади. Ниҳоят асаларичининг ўқи тугайди. Бу орада битта‑иккита қуш ўққа учади. Асаларичи уларнинг оёғидан ип боғлаб, бошқа қушлар қўрқсин деган мақсадда кўринарли жойга осиб қўяди. Қушлар бунақа қурбонликларга аллақачон ўрганиб қолишган. Нафс балоси уларнинг бошига шундай балоларни солади. Лекин қушлар ҳам анойи эмас, асаларичининг ўқлари тугашини сабр билан кутишади. Ана ундан кейин асалхўрликни ҳам бошлаш мумкин. Асал юкидан, оғирлашиб, инга зўрға учиб келаётган ариларнинг шўрини қуритиш пайига тушишади.      Қўмондон жангчилари билан юқоридан туриб, қушларнинг ана шу ташрифини кутарди. Жангчи арилардан иборат гуруҳ қушлар йўлини тўсиб, ғужғон ўйнай бошлади. Ҳақиқатдан ҳам қушлар эркак ариларга парво қилишмади. Номига тумшуқ уриб ҳам қўйишмади. Уларнинг кўзи пастда, қушлардан паналаб, ер бағирлаб учиб келаётган ишчи асалариларда эди. Қўмондоннинг буйруғи янгради:      ‒ Ҳужумга!      Энг олдин пистирмадагилар душман сари кучли оёқларига таяниб, ўқдек отилишди. Душманнинг кўзи нишонга олинган эди. Қўққисдан бундай зарбани кутмаган қушлар кўзларини очолмай тепага ўрлашди. Пала-партиш учаётган бу галани эса эркак арилар кутиб олишди. Бир нечтаси ўлимни бўйнига олиб душманнинг юмшоқ жойига ёпишди. Воҳ... ўша жойидан заҳарли найза еган қушлар чағ‑чағлаб, ўмбалоқ ошиб, сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетди. Кенг осмон тор кўриниб қолди. Қушлар қандоқ келган бўлишса, худди шундоқ тумтарақай бўлишди. Жанг жуда тез тугагандек кўринарди. Бирдан чор‑атрофга жимлик чўкди. Жангчилар ғалабани байрам қилиш учун қўмондоннинг буйруғини кутишарди. Аммо қўмондон:      ‒ Диққат, жойингизни эгалланг! Ҳозиргина орқасидан найза еган ёв ўч олиш учун қўшниларини бошлаб келяпти. Ҳужум боягидан-да шиддатлироқ бўлсин! ‒ деб буйруқ берди.      Жанг кечга довур давом этди. Асал ташиётган ишчи ариларнинг бирортасига ҳам талафот етмади. Аммо жангчи ариларда йўқотиш кўп бўлди. Нишлари қушлар орқасида кетган ариларнинг жасади ер билан битта бўлиб ётарди. Баъзи жангчилар бедарак йўқолганди. Демак, улар ўзини душманнинг карракдек очилган оғзига урган, уларнинг тилига заҳарли нишини санчган ва қушлар оғзида мардларча ҳалок бўлган.      ‒ Жанг қурбонсиз бўлмайди, менинг жангчиларим! Жангда жонини фидо қилганларга абадий шон‑шарафлар бўлсин! Улар наслимизнинг давом этиши, осмонимизнинг мусаффо бўлиши йўлида жон беришди. Душманларимиз энди бу ёққа ўйлаб қанотларини қоқади. Мабодо адашиб келиб қолса, худди бугунгидек тавбасига таянтирамиз.      Шу пайт Қиролича ҳазрати олияларидан ҳам қутлов табриги келди. Маълум бўлишича, жанг шарофати билан уяда икки баробар кўп асал ва гулчанги йиғилибди...        Давомини кутинг!

Repost from Hilol Nashr
Босмахонадаги барчани китобхон қилиб қўйган асар
Устоз Эркин Малик 🌐 Суҳбатни тўлиқ томоша қилинг
«Ҳадис ва Ҳаёт» ҳақида
Сотиб олиш учун: ✍️ @hilol_reception 📞 +998712175999 @hilolnashr

QASAMYOD        O‘tkirko‘zning jangchilari dushmanga qarshi har jihatdan tayyor holga kelgan edi. Lekin pistirmada turish, hujumga o‘tish, dushman hamlasiga chap berish, nishonni aniq mo‘ljalga olish kabi muhim ko‘rsatmalar askarlarga yana eslatilishi zarur edi. Shuning uchun qo‘mondon jangchilarni bir safga tizib, nutq so‘zladi:      ‒ Aziz jangchilarim, qo‘rqmas pahlavonlarim! Shuni yaxshi bilingki, siz bugunimiz va ertangi kunimizning tinchligi uchun jangga kiryapsiz. Qushlar galasi har kuni yuz minglab qondosh jigarlarimizning boshiga yetyapti. Hech bo‘lmasa bitta qushni daf qila olsak, bir kunda bir necha ming do‘stimizning hayoti saqlanib qolgan bo‘lamiz. Bu bir kunda bir botmon sara asal degani. Albatta, biz dushmanlarimiz kabi ularni o‘ldira olmaymiz. Bilasizlar, buning iloji yo‘q. Undan tashqari biz yirtqich emasmiz. Lekin shunga qaramay pistirmadagilar dushmanning ko‘zini nishonga olib, unga qaqshatqich zarba berishlari mumkin. G‘animimiz ko‘r bo‘lib qolsa, ucha olmay it, mushuklarga yem bo‘lib ketadi. Yana ularga tashlanib, turli tan jarohati yetkazishingiz mumkin. Buning uddasidan chiqasizlar deb o‘ylayman. Chunki tishlaringiz qilichdek o‘tkir. Dushmanimizning nozik bir joyi bor. Orqa tarafidagi patsiz yumshoq joyi. O‘sha joyga zaharli nishingizni sanchsangiz bormi, shunaqangi voy‑voylab, chag‘‑chag‘lab qochadiki, keng osmon ko‘ziga tor bo‘lib ketadi. Boshqa bu tomonlarga uchib kelmaydigan bo‘ladi. Lekin... nish sanchish bilan o‘zingizning ham hayotingiz nihoyasiga yetadi. Negaki nayzangiz dushmaning tanasida qolib ketgach usiz yashay olmaysiz. Biroq sizning qushlardan bitta ustun tarafingiz bor. Sizlar erkak arisiz. Xartumingiz yo‘qligini, asal tashimasligingizni dushman biladi. Ularga asal tashiydigan arilar kerak. Sizlar bilan ko‘p ham ishlari bo‘lmaydi. Mabodo hujum qilib qolishsa, mashqda o‘rganganimizdek chap berishga harakat qiling. Ilojini qila olmay tumshug‘iga ilinib qolsangiz, nayzangizni tiliga sanching. Sizning zahringiz ishchi asalarinikidan yuz barobar kuchli. Tili shishib, og‘ziga sig‘may, havo yetmay o‘ladi. Dushmanning birdan bir maqsadi bizni yeyish va shiraga bo‘lgan nafsini qondirish. Bizning kurashimiz jonimiz evaziga qondoshlarimiz jonini saqlab qolishdir. Ha, saqlab qolishdir. Meni hamma eshitdimi?      ‒ Eshitdik, qo‘mondon!      ‒ Siz dono yo‘lboshchisiz!      ‒ Jangga ruxsat eting!      ‒ Ana yov bostirib kelyapti.      Hammayoq ana shunday hayqiriqlarga to‘lib ketgan bir paytda yana O‘tkirko‘zning jangovar ovozi yangradi:      ‒ Shoshmang, jangga kirishdan oldin qasamyod qilishingiz kerak.      ‒ Ayting, qo‘mondon, nima deb qasamyod qilaylik?      ‒ Hamma diqqatini jamlasin va men aytgan so‘zlarni bir ovozdan takrorlasin, tayyormisizlar?      ‒ Ha, qo‘mondon...      ‒ Men jangchi asalari, naslimning abadiy yashab qolishi va asalimizning sofligi hamda Odam bolalariga xizmat qilish yo‘lida jonimni fido qilishga tayyorman deb qasamyod qilaman!      Bu qasamyodga butun arilar olami – asal yig‘ayotgan ishchi arilar ham, indagi doyalaru uya quruvchilar, Qirolicha hazrati oliyalari ham bir ovozdan qo‘shildi.        Davomini kuting!

ҚАСАМЁД        Ўткиркўзнинг жангчилари душманга қарши ҳар жиҳатдан тайёр ҳолга келган эди. Лекин пистирмада туриш, ҳужумга ўтиш, душман ҳамласига чап бериш, нишонни аниқ мўлжалга олиш каби муҳим кўрсатмалар аскарларга яна эслатилиши зарур эди. Шунинг учун қўмондон жангчиларни бир сафга тизиб, нутқ сўзлади:      ‒ Азиз жангчиларим, қўрқмас паҳлавонларим! Шуни яхши билингки, сиз бугунимиз ва эртанги кунимизнинг тинчлиги учун жангга киряпсиз. Қушлар галаси ҳар куни юз минглаб қондош жигарларимизнинг бошига етяпти. Ҳеч бўлмаса битта қушни даф қила олсак, бир кунда бир неча минг дўстимизнинг ҳаёти сақланиб қолган бўламиз. Бу бир кунда бир ботмон сара асал дегани. Албатта, биз душманларимиз каби уларни ўлдира олмаймиз. Биласизлар, бунинг иложи йўқ. Ундан ташқари биз йиртқич эмасмиз. Лекин шунга қарамай пистирмадагилар душманнинг кўзини нишонга олиб, унга қақшатқич зарба беришлари мумкин. Ғанимимиз кўр бўлиб қолса, уча олмай ит, мушукларга ем бўлиб кетади. Яна уларга ташланиб, турли тан жароҳати етказишингиз мумкин. Бунинг уддасидан чиқасизлар деб ўйлайман. Чунки тишларингиз қиличдек ўткир. Душманимизнинг нозик бир жойи бор. Орқа тарафидаги патсиз юмшоқ жойи. Ўша жойга заҳарли нишингизни санчсангиз борми, шунақанги вой‑войлаб, чағ‑чағлаб қочадики, кенг осмон кўзига тор бўлиб кетади. Бошқа бу томонларга учиб келмайдиган бўлади. Лекин... ниш санчиш билан ўзингизнинг ҳам ҳаётингиз ниҳоясига етади. Негаки найзангиз душманинг танасида қолиб кетгач усиз яшай олмайсиз. Бироқ сизнинг қушлардан битта устун тарафингиз бор. Сизлар эркак арисиз. Хартумингиз йўқлигини, асал ташимаслигингизни душман билади. Уларга асал ташийдиган арилар керак. Сизлар билан кўп ҳам ишлари бўлмайди. Мабодо ҳужум қилиб қолишса, машқда ўрганганимиздек чап беришга ҳаракат қилинг. Иложини қила олмай тумшуғига илиниб қолсангиз, найзангизни тилига санчинг. Сизнинг заҳрингиз ишчи асалариникидан юз баробар кучли. Тили шишиб, оғзига сиғмай, ҳаво етмай ўлади. Душманнинг бирдан-бир мақсади бизни ейиш ва ширага бўлган нафсини қондириш. Бизнинг курашимиз жонимиз эвазига қондошларимиз жонини сақлаб қолишдир. Ҳа, сақлаб қолишдир. Мени ҳамма эшитдими?      ‒ Эшитдик, қўмондон!      ‒ Сиз доно йўлбошчисиз!      ‒ Жангга рухсат этинг!      ‒ Ана ёв бостириб келяпти. Ҳаммаёқ ана шундай ҳайқириқларга тўлиб кетган бир пайтда яна Ўткиркўзнинг жанговар овози янгради:      ‒ Шошманг, жангга киришдан олдин қасамёд қилишингиз керак.      ‒ Айтинг, қўмондон, нима деб қасамёд қилайлик?      ‒ Ҳамма диққатини жамласин ва мен айтган сўзларни бир овоздан такрорласин, тайёрмисизлар?      ‒ Ҳа, қўмондон...      ‒ Мен жангчи асалари, наслимнинг абадий яшаб қолиши ва асалимизнинг софлиги ҳамда Одам болаларига хизмат қилиш йўлида жонимни фидо қилишга тайёрман деб қасамёд қиламан!      Бу қасамёдга бутун арилар олами – асал йиғаётган ишчи арилар ҳам, индаги доялару уя қурувчилар, Қиролича ҳазрати олиялари ҳам бир овоздан қўшилди.        Давомини кутинг!

YER TEPINISH MASHQI        Navbatdagi kun yer tepinish mashqi bilan boshlandi. Qo‘mondon O‘tkirko‘z jangchilarining nishi qilichdekligini, qo‘llari kuch to‘la ekanini bilardi. Qanotlarini esa tosh ko‘tarib, chiniqqan edi. Lekin jangchilarining oyoqlari hali jang qilishga yaramas edi. O‘tkirko‘z butun diqqat-e’tiborini jangchilarning oyoqlarini chiniqtirishga qaratdi. Lekin qo‘shin ichidan norozilik ovozlari eshitila boshladi:      ‒ Dushmanni tishlashga tishlarimiz bor‑ku!      ‒ Qo‘llarimiz ko‘zlarini o‘yib oladi‑ku!      ‒ Qanotlarimiz uchishga shay!      ‒ Yana zaharli nishlarimiz ham bor...      ‒ Shuncha qurolimiz bo‘lganda oyoqlarga ne hojat?!      ‒ Buyuring, qo‘mondon, jangga kiraylik. Ko‘ryapmiz qondoshlarimiz qushlarga yem bo‘lyapti. Biz esa haliyam mashqdan bo‘shamayapmiz.      ‒ Bu gaplardan xafa bo‘lmang yana, qo‘mondon, qonimiz qaynab ketyapti‑da...      ‒ Aksincha, ‒ dedi qo‘mondon hayajon bilan, ‒ sizlarni kundan‑kunga yaxshi ko‘rib ketyapman. Jang qilishga ishtiyoqingiz soat sayin oshib boryapti. Shunday bo‘lgach, ayting-chi, qaysi qo‘mondon o‘zi sevgan, mard jangchilarini yo‘qotishni xohlaydi? Bilsangiz jangda askarning har bir a’zosi bitta qurolga aylanishi kerak. Oyoqlar mashqi haqida so‘radingiz. Axir bu shu kungacha bajargan mashqlarning eng zo‘ri ‒ o‘q otar‑ku!      ‒ Iya, qanaqasiga? ‒ ajablanishdi jangchilar.      ‒ Mana qarang, ishchi asalarilar to‘plagan shiralarining og‘irligidan yer bag‘irlab uchib kelishyapti. Dushman ularni tutish uchun pastga sho‘ng‘iydi, to‘g‘rimi? Bu paytda siz yerda yoki butalar orasida yashirinib olgan bo‘lasiz. Qulay fursat kelishi bilan dushmanga o‘qdek otilasiz. Zarb bilan oldinga otilishda qanot emas, oyoq ish beradi. U qanchalik kuchli bo‘lsa, shunchalik tez qo‘zg‘alasiz. Kutilmaganda qilingan zarbadan dushman esankiraydi qoladi. Axir ular ilgarilari bunaqa zarbaga uchramagan-da.      ‒ E-e, ha!.. Endi tushundik... Qo‘mondonimiz naqadar bilag‘on-a.      ‒ Dushman ko‘zlaridan Xudo asrasin.      Qani boshlang, qadam tashlang,      Bir, ikki, uch to‘rt va besh...      Yovlar bizga bas kelolmas hech.      Qator bo‘lib saflanganmiz.      Bo‘ylarimiz rostlaganmiz,      Qani ketdik olg‘a va olg‘a,      Oldinda kutar bizni g‘alaba...      O‘tkirko‘z jangchilari ham jismonan, ham aqlan o‘sib, o‘zgarib borayotgan juda xursand edi. Bu o‘zgarish ularning vatandoshlariga bo‘lgan yorqin muhabbatida, dushmanga bo‘lgan cheksiz nafratida sezilib turardi.      Yer tepinib, mashq qilib, qo‘shiq aytib yurish kechga dovur davom etdi. Bu safar mashqni bajara olmay, inga qaytganlar bo‘lmadi. Jangchilarning eng saralarining sarasi qolgan edi‑da. Ana endi jang maydoniga kirsalar ham bo‘ladi. Lekin...        Davomini kuting!

ЕР ТЕПИНИШ МАШҚИ        Навбатдаги кун ер тепиниш машқи билан бошланди. Қўмондон Ўткиркўз жангчиларининг ниши қиличдеклигини, қўллари куч тўла эканини биларди. Қанотларини эса тош кўтариб, чиниққан эди. Лекин жангчиларининг оёқлари ҳали жанг қилишга ярамас эди. Ўткиркўз бутун диққат-эътиборини жангчиларнинг оёқларини чиниқтиришга қаратди. Лекин қўшин ичидан норозилик овозлари эшитила бошлади:      ‒ Душманни тишлашга тишларимиз бор‑ку!      ‒ Қўлларимиз кўзларини ўйиб олади‑ку!      ‒ Қанотларимиз учишга шай!      ‒ Яна заҳарли нишларимиз ҳам бор...      ‒ Шунча қуролимиз бўлганда оёқларга не ҳожат?!      ‒ Буюринг, қўмондон, жангга кирайлик. Кўряпмиз қондошларимиз қушларга ем бўляпти. Биз эса ҳалиям машқдан бўшамаяпмиз.      ‒ Бу гаплардан хафа бўлманг яна, қўмондон, қонимиз қайнаб кетяпти‑да...      ‒ Аксинча, ‒ деди қўмондон ҳаяжон билан, ‒ сизларни кундан‑кунга яхши кўриб кетяпман. Жанг қилишга иштиёқингиз соат сайин ошиб боряпти. Шундай бўлгач, айтинг-чи, қайси қўмондон ўзи севган, мард жангчиларини йўқотишни хоҳлайди? Билсангиз жангда аскарнинг ҳар бир аъзоси битта қуролга айланиши керак. Оёқлар машқи ҳақида сўрадингиз. Ахир бу шу кунгача бажарган машқларнинг энг зўри ‒ ўқ отар‑ку!      ‒ Ия, қанақасига? ‒ ажабланишди жангчилар.      ‒ Мана қаранг, ишчи асаларилар тўплаган шираларининг оғирлигидан ер бағирлаб учиб келишяпти. Душман уларни тутиш учун пастга шўнғийди, тўғрими? Бу пайтда сиз ерда ёки буталар орасида яшириниб олган бўласиз. Қулай фурсат келиши билан душманга ўқдек отиласиз. Зарб билан олдинга отилишда қанот эмас, оёқ иш беради. У қанчалик кучли бўлса, шунчалик тез қўзғаласиз. Кутилмаганда қилинган зарбадан душман эсанкирайди қолади. Ахир улар илгарилари бунақа зарбага учрамаган-да.      ‒ Э-э, ҳа!.. Энди тушундик... Қўмондонимиз нақадар билағон-а.      ‒ Душман кўзларидан Худо асрасин.      Қани бошланг, қадам ташланг,      Бир, икки, уч тўрт ва беш...      Ёвлар бизга бас келолмас ҳеч.      Қатор бўлиб сафланганмиз.      Бўйларимиз ростлаганмиз,      Қани кетдик олға ва олға,      Олдинда кутар бизни ғалаба...      Ўткиркўз жангчилари ҳам жисмонан, ҳам ақлан ўсиб, ўзгариб бораётган жуда хурсанд эди. Бу ўзгариш уларнинг ватандошларига бўлган ёрқин муҳаббатида, душманга бўлган чексиз нафратида сезилиб турарди.      Ер тепиниб, машқ қилиб, қўшиқ айтиб юриш кечга довур давом этди. Бу сафар машқни бажара олмай, инга қайтганлар бўлмади. Жангчиларнинг энг сараларининг сараси қолган эди‑да. Ана энди жанг майдонига кирсалар ҳам бўлади. Лекин...        Давомини кутинг!

POLVONLAR KURASHI        Keyingi kun O‘tkirko‘z jangchilarini bir joyga to‘plab, kurash musobaqasini o‘tkazmoqchi bo‘ldi.      ‒ Biz kurashishni bilmaymiz‑ku, ‒ hayron bo‘lishdi arilar.      ‒ Jang kurashdan iborat. Bir tomonning ikkinchi tomon ustidan g‘alaba qozonishi kurash degani. Ikkita‑ikkita bo‘lib kurash maydoniga tushasizlar. Oyoqda tik turgancha qay biringiz sherigini dast ko‘tarib yerga ursa, o‘sha g‘olib sanaladi. Yiqilgan inga qaytib, ishini davom ettiraveradi. G‘olib esa keyingi sinovga qoladi. Ha, mag‘lub g‘olibni qutlab, qo‘lini siqib qo‘yish esdan chiqmasin. Musobaqadan maqsad xusumatlashish emas, do‘stlashish ko‘zlangan.      ‒ Kechagi kun tosh ko‘tarish bilan o‘tdi. Bugungi kunni kurash tushish bilan o‘tkazsak, dushman bilan qachon jangga kirishamiz? ‒ dedi asalarilardan biri.      ‒ Bilib qo‘yinglar, ‒ dedi O‘tkirko‘z qo‘mondonlarga xos qat’iy ovozda, ‒ bizning jangimiz shunchaki oddiy jang emas. Nafs va hayot-mamot jangi. Dushmanimiz o‘zining nafsi uchun jang qilsa, biz do‘stlarimizning jonini saqlab qolish uchun jang qilamiz. Kerak bo‘lsa, mardlarcha jonimizni beramiz. Lekin bekordan bekor o‘lib ketavermaslik kerak, tushunarlimi? Har birimiz hech bo‘lmasa bitta qushga qarshi turib bera olishimiz zarur.      ‒ Sizni tushundik, qo‘mondon! ‒ deya bir ovozda yangragan xitob eshitildi.      ‒ Mana ko‘rasiz, dushmanni biz taraflarga yaqin yo‘lamaydigan qilib qo‘yamiz, ‒ deya ularga shavq berdi O‘tkirko‘z.      ‒ Saralab‑saralab, eng saralarimizni jangga tashlamoqchisiz, to‘g‘rimi, qo‘mondon?      ‒ To‘ppa-to‘g‘ri! Musobaqani esa mana bunday qo‘shiq bilan boshlaymiz:      Bizlar, bizlar polvonmiz,      Yelkasi yerga tegmagan.      Bizlar, bizlar polvonmiz,      Dushmanga bo‘yin egmagan!      Bu qo‘shiq musobaqaning shiddatini yanada oshirib yubordi. Jangchilar o‘zlariga munosib sherik tanlab, kurash tusha ketishdi. Atrofdagi boshqa asalarilar esa ularni:      Ha bo‘ling‑a, ha bo‘ling,      Polvonlar kurashin ko‘ring.      Ha bo‘ling‑a, ha bo‘ling,      Ko‘tarib yerga urishin ko‘ring!      deb rag‘batlantirishardi.      Qo‘mondon aytganidek, g‘oliblar maydonda qolar, mag‘lub esa g‘olibning qo‘lini siqib, qutlab inga yo‘l olardi. Oh, saralashning naqadar ajoyib yo‘lini topdi! Yashasin qo‘mondon O‘tkirko‘z!      Hamma jangchilar kurash tushayotgan paytda kurashchilardan biri sherigini yiqitgach, bir dumalab o‘zi ham yiqilib berdi. Ba’zilar buni ko‘rmay ham qoldi. Ammo bu holat O‘tkirko‘zning nazaridan chetda qolib ketmadi. Qo‘mondon darhol musobaqani to‘xtatdi.      ‒ Bu nima ko‘zbo‘yamachilik? – dedi u jahl bilan.      ‒ O‘rtog‘im dushman bilan jang qilishni judayam xohlagan ekan. Bu istagini men uni yiqitganimdan keyin aytib qoldi. Shuning uchun u qolib ketmasin deb yiqilib berdim. Hech kim bilmaydi deb o‘ylabman.      ‒ O‘zing jang qilishni xohlamaysanmi?      ‒ Xohlayman, lekin bu yaqin do‘stim‑da, ko‘nglim bo‘lmadi.      ‒ Musobaqada ko‘zbo‘yamachilik o‘tmaydi. Ikkovingiz ham o‘yindan chiqdingiz! Qani, inga qaytinglar!      Shu kuni ham yaxshigina saralash mashqlari bo‘ldi. Maydonda haqiqiy polvon jangchilar qoldi.        Davomini kuting!

ПОЛВОНЛАР КУРАШИ        Кейинги кун Ўткиркўз жангчиларини бир жойга тўплаб, кураш мусобақасини ўтказмоқчи бўлди.      ‒ Биз курашишни билмаймиз‑ку, ‒ ҳайрон бўлишди арилар.      ‒ Жанг курашдан иборат. Бир томоннинг иккинчи томон устидан ғалаба қозониши кураш дегани. Иккита‑иккита бўлиб кураш майдонига тушасизлар. Оёқда тик турганча қай бирингиз шеригини даст кўтариб ерга урса, ўша ғолиб саналади. Йиқилган инга қайтиб, ишини давом эттираверади. Ғолиб эса кейинги синовга қолади. Ҳа, мағлуб ғолибни қутлаб, қўлини сиқиб қўйиш эсдан чиқмасин. Мусобақадан мақсад хусуматлашиш эмас, дўстлашиш кўзланган.      ‒ Кечаги кун тош кўтариш билан ўтди. Бугунги кунни кураш тушиш билан ўтказсак, душман билан қачон жангга киришамиз? ‒ деди асаларилардан бири.      ‒ Билиб қўйинглар, ‒ деди Ўткиркўз қўмондонларга хос қатъий овозда, ‒ бизнинг жангимиз шунчаки оддий жанг эмас. Нафс ва ҳаёт-мамот жанги. Душманимиз ўзининг нафси учун жанг қилса, биз дўстларимизнинг жонини сақлаб қолиш учун жанг қиламиз. Керак бўлса, мардларча жонимизни берамиз. Лекин бекордан-бекор ўлиб кетавермаслик керак, тушунарлими? Ҳар биримиз ҳеч бўлмаса битта қушга қарши туриб бера олишимиз зарур.      ‒ Сизни тушундик, қўмондон! ‒ дея бир овозда янграган хитоб эшитилди.      ‒ Мана кўрасиз, душманни биз тарафларга яқин йўламайдиган қилиб қўямиз, ‒ дея уларга шавқ берди Ўткиркўз.      ‒ Саралаб‑саралаб, энг сараларимизни жангга ташламоқчисиз, тўғрими, қўмондон?      ‒ Тўппа-тўғри! Мусобақани эса мана бундай қўшиқ билан бошлаймиз:      Бизлар, бизлар полвонмиз,      Елкаси ерга тегмаган.      Бизлар, бизлар полвонмиз,      Душманга бўйин эгмаган!      Бу қўшиқ мусобақанинг шиддатини янада ошириб юборди. Жангчилар ўзларига муносиб шерик танлаб, кураш туша кетишди. Атрофдаги бошқа асаларилар эса уларни:      Ҳа бўлинг‑а, ҳа бўлинг,      Полвонлар курашин кўринг.      Ҳа бўлинг‑а, ҳа бўлинг,      Кўтариб ерга уришин кўринг!      деб рағбатлантиришарди.      Қўмондон айтганидек, ғолиблар майдонда қолар, мағлуб эса ғолибнинг қўлини сиқиб, қутлаб инга йўл оларди. Оҳ, саралашнинг нақадар ажойиб йўлини топди! Яшасин қўмондон Ўткиркўз!      Ҳамма жангчилар кураш тушаётган пайтда курашчилардан бири шеригини йиқитгач, бир думалаб ўзи ҳам йиқилиб берди. Баъзилар буни кўрмай ҳам қолди. Аммо бу ҳолат Ўткиркўзнинг назаридан четда қолиб кетмади. Қўмондон дарҳол мусобақани тўхтатди.      ‒ Бу нима кўзбўямачилик? – деди у жаҳл билан.      ‒ Ўртоғим душман билан жанг қилишни жудаям хоҳлаган экан. Бу истагини мен уни йиқитганимдан кейин айтиб қолди. Шунинг учун у қолиб кетмасин деб йиқилиб бердим. Ҳеч ким билмайди деб ўйлабман.      ‒ Ўзинг жанг қилишни хоҳламайсанми?      ‒ Хоҳлайман, лекин бу яқин дўстим‑да, кўнглим бўлмади.      ‒ Мусобақада кўзбўямачилик ўтмайди. Икковингиз ҳам ўйиндан чиқдингиз! Қани, инга қайтинглар!      Шу куни ҳам яхшигина саралаш машқлари бўлди. Майдонда ҳақиқий полвон жангчилар қолди.        Давомини кутинг!

TOSH KO‘TARISH MASHQLARI        O‘tkirko‘zning ko‘ngli tog‘dek ko‘tarilib, o‘zicha bir nima rejalar tuzgan bo‘ldi. Lekin birdan o‘ylanib qoldi. Axir jangchilari tayyor emas‑ku. Qushlarga qarshi qanday jang qilishni bilishmaydi. Qaytaga do‘stlarini dushmanga yem qilib, ularning umriga zomin bo‘lib qolmaydimi? Shunday o‘y-xayol bilan turganida «chip»i yana ishlab ketdi:      ‒ To‘g‘ri, askarlaring hali juda xom. Ularning nomi jangchi xolos. Jiddiy tayyorgarlikdan o‘tishmagani uchun nima qilishni bilishmaydi...      ‒ Shunga qaramay ular juda kuchli, baquvvat! Kasblari quruvchi‑da.      ‒ Jangda bu jihatlarning o‘zi kamlik qiladi. Dushman shu paytgacha asalarilarni paqqos tushiravergan. Ular tomondan hech qachon qarshilikka uchramagan. Jangchilaringni kuchsiz taraflarini o‘rgan. Ularni jangga tayyorla.      O‘tkirko‘z erkak arilarning indan chiqmay ishlaganlari uchun qanotlari zaif ekanini bilardi. Bu qanotlar bilan jang qilib bo‘lmaydi. Ularni chiniqtirish kerak. Lekin qanday qilib? Hamma muammo shunda! Ularning o‘rnini tezuchar ishchi arilar bilan almashtirib bo‘lmaydi. Chunki erka arilarning shira yig‘adigan xartumchalari, gul changini to‘playdigan xaltachalari yo‘q. O‘tkir tishlari‑yu, kuchli qo‘llarigina bor. Xuddi qushlarnikidek kuchli qanotlarga ega bo‘lish uchun nima qilish mumkin? Nihoyat o‘ylab‑o‘ylab bir qarorga keldi. Qarorini boshidagi «chip» ham ma’qulladi.      Qo‘mondon bo‘lajak jangchilarini ishchi arilar asal tashiyotgan yaqinroq joyga boshlab bordi‑da:      ‒ Har biringiz kuchingizga yarasha yerdan toshmi, kesakmi oling, ‒ deb buyruq berdi.      ‒ Undan ko‘ra asal olganimiz yaxshi emasmi? ‒ degan savol bo‘ldi.      ‒ Qanday qilib olasiz? Axir xartumingiz yo‘q‑ku. Unutmang, sizlar dunyoga quruvchi bo‘lib kelgansiz, asal yig‘uvchi emas.      ‒ Unda tosh va kesaklardan in quramizmi?      ‒ Hozircha aytganimni qilinglar. Sababini keyin bilib olasiz.      O‘tkirko‘z e’tibor qilsa, erkak arilar polvon bo‘lgani uchun o‘z vaznidan ham og‘ir tosh va kesaklarni ko‘tarib olishibdi. Yuk og‘irligidan ba’zilari pastlab, zo‘rg‘a uchyapti.      ‒ Yuki og‘irlik qilayotganlar tashlab yuborishlari mumkin. Yana zo‘riqib, o‘zingizni mayib qilib qo‘ymang, ‒ deya buyruq berdi O‘tkirko‘z.      Jangchilarning yarmi yukidan voz kechmaslikni ma’qul ko‘rdi. Qolganlar esa  O‘tkirko‘z aytganidek ko‘tarib olgan yuklarini tashlashdi. Qo‘mondon zaif, kuchsiz arilarni inga ‒ avvalgi ishiga qaytardi. Qolganlari bilan mashqni davom ettirdi. Endi jangchilarini boyagidan ham uzoqroq masofaga olib bordi va boyagi topshiriqni takrorladi. Jangchilar ikkinchi marta saralashdan o‘tishdi. Imtihondan o‘ta olmaganlar esa inga qaytarildi. Xullas, yuk ko‘tarib uchish mashqi kechgacha davom etdi.      Ertasiga saralangan jangchilar asal tashiyotgan ishchi arilar bilan kimo‘zarga musobaqa o‘ynashdi. Saralana‑saralana jangchilarning yarmigina qolgan edi. Shuning o‘zi ham qo‘mondon O‘tkirko‘z uchun katta yutuq. Mashqlar jangchilarning qanotlarini kuchga to‘ldirdi. Lekin bu bilan masala tugal hal bo‘lmagan edi. O‘tkirko‘z qushlarni ko‘z oldiga keltirdi. Ehhe, ular qandoqki! Har bir qushni bamisoli tog‘ deb tasavvur qilinsa, uning jangchilari bu qush oldida bir qumursqadek gap edi. Xuddi chumchuqlar fillarga qarshi jangga kirishmoqchi bo‘layotgandek.        Davomini kuting!