Dilobar_O'rolova
Open in Telegram
Bu kanalda ijodkor Dilobar O'rolova she'rlari tuhfa etiladi. Kanaldan ijod namunasi olganda avtorlikni o'chirmang. 📌 Muallif haqqiga rioya qiling! 🖊
Show more308
Subscribers
No data24 hours
+27 days
+930 days
Posts Archive
Topa olmadim...
Jilmaydim, agʻyorga salomim aytib,
Oʻzimni soʻroqlab, tergab tolmadim.
Umrim sarhadida kezarman daydib,
Men hanuz oʻzimni topa olmadim.
Garchi ruxim mudom bezovta, sergak,
Ulashaman koʻpga mexrimni birdek.
Tuygʻumga ba'zida aqlim asirdek
Men hanuz oʻzimni topa olmadim.
Xaqiqatni izlab goh urdim boshim,
Arzimas insonga oqqizdim yoshim.
Azal sinovlardan qorilgan loshim?
Men hanuz oʻzimni topa olmadim.
Koʻnglim Haqqa asir, muxabbtim ham.
E'tiqodim butun, aqlim emas kam.
Lek yoshim kun sayin oʻtib borsa ham,
Men hanuz oʻzimni topa olmadim.
✍ Dilobar O'rolova
@uralova_dilobar
Нарх- навога илтимоснома.
Кундан- кун ўсиш билан,
Сен бизни махв этяпсан.
Бироз тўхта, нарх- наво,
Бунча ошиб кетяпсан?
Дўкон, бозорни кўриб,
Бошим ёрайми уриб.
Ойлик ошмасдан туриб,
Бунча ошиб кетяпсан?
Бир уйда беш-ўнта жон,
Ейиш керак ош-у нон.
Кўнгилни қилиб вайрон,
Бунча ошиб кетяпсан?
Сендан бўлолмай нари,
Бензин, газ ошди бари.
Пул керак дер ёш-қари,
Бунча ошиб кетяпсан?
Бироз тўхта, шошмагин,
Ўзанингдан тошмагин.
Чегарадан ошмагин,
Бунча ошиб кетяпсан?
Ёғ, ун нархи осмонда,
Ўсиш ҳамма томонда.
Тушмаганинг ёмонда,
Бунча ошиб кетяпсан?
Ўсасан долларга ҳос,
Бўлгин сал тушумга мос.
Етар, тўхта илтимос,
Бунча ошиб кетяпсан?
✍Дилобар Ўролова
@uralova_dilobar
#КУЗ ВА СЕВГИ ҲОТИРАЛАРИ...
Ўшанда...
Ҳудди ўзинг каби кузни севувчи инсонни учратиб қолиш, икки ҳисса ёқимли, икки карра бахт эмасми?!
Куз! Ўзимдек сокин, кўнглимдек сирли,
Ҳаёл мўжизага талпинар фақат.
Ногоҳон қалбимда севги шивири,
Юрагимни чертиб келдинг муҳаббат!
Ҳа. Ногаҳонда юрагимга ташриф буюрган ишқ, чиндан-да сурурли, завқли эди..
Сен ва мен...
Йўқ, тўғрироғи биз! Иккимиз!
Иккимиз учун ҳам дилларга ҳузур бахш этувчи ишқ фасли, куз фасли бетакрор дамларни ҳадя этаётган муҳаббатли кунлар. Қанчалар бахтли эдик-а?!! Қанчалар бахтли!
Сен бахтиёр эдинг, менга дил очиб,
Менинг юрагимда баҳорий сезги.
Бошимиздан олтин баргларин сочиб,
Шодлик улашарди куз, хазонрезги.
Ҳа, биз шод эдик. Биз бахтли эдик. Лекин..
Бахтли кунларнинг афсуски интиҳоси ҳам бор экан. Ибтидо қанчалар севинчли бошланган бўлса, интиҳо шу қадар аянчли, азобли бўлди.
Қизиқ, одамзот ҳар доим ҳам тақдир олдида иложсиз, ожизлигини тан олгиси келмайди. Бироқ тақдир ўз сўзини айтиб улгурган, биз икки томонга қараб кетувчи икки йўлнинг йўловчилари бўлишга мажбур эдик.
Биз. Йўқ энди биз эмас сен ва мен бир-биримизнинг юракларимизни алмашган ҳолда айрилиқ ва сукутда яшашга кўникмоғимиз шарт эди.
Кўникиш... Мумкинмикин? Сен менсизликка, мен эса сенсизликка?..
Иложсизлик, энг сўнгги чоранинг ҳам бой берилиши.
Бизда фақат гўзал ҳотира, дил ором топган ҳузурли ўтмиш қолди..
Қолгани бой берилди.
Мен кўнгил берганим сендан ҳам, куздан ҳам айрилдим..
***
Сенга қачон кўнгил берган эдим куз,
Хазонларинг ичра шавқ-ла кезганман.
Болалик, ўсмирлик ва ҳали ҳануз,
Ҳаётимда ўрнинг борин сезганман.
Донолар ҳаётни кузатурлар жим,
Сен ҳам улар каби ҳаёл сурасан.
Баҳорнинг ишқида беоромдир ким.
Менинг дил тўримда ўзинг турасан.
Келишингни интиқ кутганлигим чин,
Шодланарди ҳар гал ташрифдан юрак.
Сенга хайр демоқ оғриқли лекин,
Сафаринг қариди наҳотки кузак?
Сенинг билан кетди севгим ҳам афсус,
Юракни асролмай юрган беморман.
Тўртта фасл меҳмон бўлмайсанми куз,
Энди келишингга муштоқ, бедорман.
Наҳотки сафаринг қариди кузак?
✍ Дилобар Уралова
@dilobar_uralova
#КУЗ ВА СЕВГИ ҲОТИРАЛАРИ...
Куз! Мезонлар учиб юрган, қайси бир қушлар тўпланишиб, хайр-хўш айтишиб учиб кетаётган, табиат гўё кун бўйи тинмай ҳамма юмушларини бажариб бўлиб, бирпас тин олиш учун ўтирган аёлдек ширин ҳориган ва ўзи бажарган ишлар сарҳисобига ўйчан, мамнун боқиб турган ҳолатда.
Рангларни айтмайсизми?! Яшил, сариқ, олов, қизил, зарғалдоқ эҳҳее. Турли ранглар қоришмаси кўзни қувнатади.
Дарахтларнинг кекса чоллардек ўй суриб туриши, оёқ остидаги ҳазонлар, осмоннинг гоҳ шишадек тиниқ бўлиб, гоҳ булутларнинг мажлисга тўпланиши, далаларда ҳосилни йиғаётган деҳқоннинг ғайрати, гоҳ оқ пахта ортган тракторларнинг кучли силтаниб, ғариллаб кўчаларни тўлдириб ўтиши, онасининг даладан қайтишини интиқлиқ билан кутаётган бузоқчанинг мўрай-мўрай ҳадик билан боқиши, мактабдан қайтаётган болаларнинг ёнғоқ дарахти тегида қийқиришиб, ерга тўкилган ёнғоқларни териши ҳуллас барча-барчаси ўзгача тароватли, ўзгача ёқимли бўлган бир палла...
Ўшанда...
@dilobar_uralova
Осмон яна тўкди ёшини,
Озод бўлди томчилар мана.
Булутлар хам қилди бошини,
Чак-чак! Ёмғир қилар тантана.
Сенда ҳам дард бормиди осмон?
Ёмғир мендек тўкилиб кетдинг.
Кўлмак бўлдинг,қилмасдан фиғон,
Юрагимни безовта этдинг.
Ёмғир, мен ҳам худди сен каби,
Фидо бўлдим бошқалар учун.
Унутайлик, ўзгалар таъбин,
Биргалашиб йиғлайлик бугун!
Беркитамиз барин жўртага,
Озорларни аста ёпамиз.
Бугун йиғлаб олиб эртага..
Жилмайишга илож топамиз.
✍ Дилобар Ўролова.
@dilobar_uralova
Ассалому алайкум!
🍁 Бошланган янги кун, янги ҳафта барчага хайрли бўлсин!
🍁 Хонадонингиздан файз барака аримасин.
@uralova_dilobar
Умр ўтказишнинг иккита усули бўлади. Биринчиси, гўё ҳеч қандай мўъжиза йўқдай яшаб ўтиш. Иккинчиси эса, ҳаётдаги ҳамма нарса мўъжиза эканига ишониб яшаб ўтишдир...
Ассалому алайкум, Қадрдон! Бошланаётган кунингиз қувончга тўла бўлсин!
@oqqorgondanimagaplar
Кечам ўзинг, кундузимсан,
Қўл етмас юлдузимсан...
🎤Анвар Ғаниев
Мавлуда Асалхўжаева
@shomuz - Yo‘limiz bir!
Тасалли учун айтилган энг гўзал жумлалардан бири:
Бу сенинг қайғуйинг, бу эса менинг елкам.
@uralova_dilobar
Коррупция йўқолсин!
Ёзилди сарлавҳага.
Кўримли қилиб сўнгра,
Илинди пешлавҳага.
Сўнгра одатдагидек
Ҳамма ишга киришди.
Ҳисобот, рақамлардан
Пешоналар тиришди.
-Комиссия бор эмиш,
Ногоҳ келди шумхабар.
Бошлиқ, ходимлар бари,
Югуришар саросар.
Маслаҳатни пишитиб,
Охир чора топишди.
Уч-тўрт сўм пора билан,
Ишларини ёпишди.
Сўнгра бўлди очиқ дарс,
-Ҳамма эшитиб олсин.
Биз шаффофлик томонда,
Коррупция йўқолсин!
✍ Дилобар Ўролова
@uralova_dilobar
Хаёлимдан кетмадинг
Унутаман ҳаммасин қачон,
Хотиралар тортади хира.
Ҳаётимдан кетдинг бир замон,
Хаёлимдан кетмадинг сира.
Унутаман ким қазиса чоҳ,
Унутаман исмимни ҳам гоҳ.
Менга тақдир этгани Аллоҳ,
Хаёлимдан кетмадинг сира.
Кетар келган баҳор ҳам қайтиб,
Қалдирғочлар хайр-хўш айтиб.
Менинг ёдим кезади дайдиб,
Хаёлимдан кетмадинг сира.
Борми илож унутмоқ учун,
Юрагимни овутмоқ учун.
Айтгин, йиллар ўтса-да нечун,
Хаёлимдан кетмадинг сира?
Хазон аро кезаман ёлғиз,
Бедор этар телбавор бир ҳис.
Унутишни истовдим афсус,
Хаёлимдан кетмадинг сира.
✍ Дилобар Ўролова
Каналга уланиш учун👇:
@dilobar_uralova
Сезмасмидинг наҳот гулим,
Ахир менга керак эдинг...
🎤 Шаҳзод Назаров
@shomuz - Yo'limiz bir!
Личкамга бу ҳикоянинг боши охири бир бирига боғлиқми, давоми борми деб ёзибсизлар қадрдонларим😊
Йўқ, бу ёзганларим алоҳида-алоҳида кичик воқеалар. Бир-бирига умуман боғлиқ эмас.
#Кўзгудаги ўзимиз
Кеча иш юзасидан бир опа билан телеграмда ёзишишга тўғри келди.
-Маълумотингиз қандай?-деб сўрадим.
-Оли малумотли кадирман, деб ёзворибдику. 🤦♀
***
Бир танишим дугонасидан нолиб қолди.
- Қарз сўраганди бермадим. Қўли калталигини биламан-ку. Вақтида қайтаролмай қолса нима қиламан ахир. Бир вақтлар бой бўлиб юрарди, камбағалларни менсимасдан, мана қайтар дунё экан, ўзига қайтди.
Танишимнинг дугонасини ҳам танийман. Одамийликни қадрлайдиган, олийжаноб аёл. Эътироз билдирмоқчи эдим, унинг телефони жиринглаб қолди.
-Ало, ҳа дадаси, кабоб олиб келдингизми? Яхши, шундай ўзимнинг хонамга опкириб четроққа бекитиб қўйинг. Ҳозир бораяпман, иссиқина еб оламиз.
У тарафдан нимадир савол бўлди шекилли, танишим қош чимириб овозига пичинг қўшиб гапиришда давом этди.
-Ойижонми, ана қозонда кечаги маставадан бор, иситиб ичиб оладида.
Қолган гаплари қулоғимга кирмади. Ҳалигина дугонасига нисбатан айтиб турган қайтар дунё деган гапларининг ўзига ҳам тааллуқли эканини унутганидан ҳайратда эдим...
***
Ҳамкасбим айтиб беряпти:
- Сирдарё томонларда бир укахоним бор, балиқ тутишга ишқибоз. Лекин тутган балиқларини ўзлари онда-сонда ейишини айтмаса, асосий қисмини бозордаги балиқ сотувчиларга текинга ташлаб келади. Айтадики,- балиқ олишга келувчиларга мен ташлаб кетган балиқларни текинга қўшиб берсангиз.
Шу билан кимгадир фойдамиз тегиб қолар деб овунади. Сабаби эҳсон қилишга ихлоси бору, қўли калталиги панд беради.
Ўша укам бир куни жуда ови бароридан келганини, анчагина балиқни бозорга ташлаб келганини айтиб қолди.
Шу куни биз дўстларимиз билан балиқхўрлик қилмоқчи эдик. Бозорга бориб дўстим балиқ топширадиган акахондан балиқ олмоқчи бўлдик. Акахон ён-веридаги балиқ сотувчилардан анчагина қимматга сотаётганди. Сал келиштириб бероласизми,-деб савдо қилдик. Акахоннинг гаплари қулоқларимда қолди.
-Эйй, нималар деяпсиз, ука. Булар дарёни балиғи. Ўзимиз ҳам қиммат оламиз, устига уч-тўрт мингдан қўямиз, холос. Шундан ортиқ қўйган бўлсам, буюрмасин, ука.
✍ Дилобар Ўролова
@uralova_dilobar
Айрилиқ
Биз тақдирнинг синовидан беқарор, лол.
Ишқимизни дилга кўмган бегонамиз.
Бир-бировга оғиримиз келмай малол.
Бир-бирини жондан суйган девонамиз.
Тохир каби етолмаган Зухросига.
Кўндик, қисмат ирғитган ул сахросига.
Ёки бевақт келганмидик дунёсига?
Энди армон қўшиғида афсонамиз.
Дардимиздан хира тортиб кетди осмон.
Булбул айтди йиғлаб-йиғлаб нола, фиғон.
Юрагига зардоб тўлган иккита жон.
Икки томон кетдик гўё дўстона биз.
Бизга хукм айрилиқдир, хукм жудо.
Суйдик.
Куйдик. Йиғлаб айтдик сўнг алвидо.
Бизни шунга учраштирибмидинг Худо?
То қиёмат дил ўртайди, дил ёнамиз.
Теграмизда ишқимизни гирён қилдик.
Биз бирмиз-у, дунёларни бирён билдик.
Сўнгги лахза додлар солдик, исён қилдик.
Ёзилмаган қонунлардан хайрона биз.
Битта қора доғ тушмаган қалбимиз бор.
Ўша оппоқ қалбимизни севарди ёр.
Икки кўнгил, икки ёнда йиғлаблар зор.
Яна ўзин овутолган хамхонамиз.
Ишқ деб тўккан кўз ёшимиз кўкка етган.
Севиб айро яшамоқни насиб этган.
Соғинчлардан юрак бағри куйиб кетган.
Энди мангу бегонамиз, бегонамиз.
✍ Дилобар Ўролова
@uralova_dilobar
Болалик соғинчи
Ёдимда болалик, эсимда ҳамон,
Ўйинимиз номи "Оқ ва кўк терак".
Ўша сўзлар эсга келади мудом:
"Айтинг қани биздан сизга ким керак?"
Устимиз кир эди, кўнглимиз тоза,
Яланг оёқларда тупроқ кечардик.
Қуёш кулгусидан олиб андоза,
Гулнинг япроғидан шудринг ичардик.
Улғайиб "одам"га айландик шаксиз,
Катта бўлмоқликни орзу этгандик.
Ҳаёт остонасин қаршисига биз,
Бокира орзулар билан етгандик.
Вақт ўтиб англадик, катта бўлмоқлик,
Бошқачароқ экан ўйларимиздан.
Саломларга қараб олинар алик,
Ақлимиз улғайди бўйларимиздан.
Пўрим, тоза бўлди усти-бошимиз,
Энди қалб кирланди, эргашди кибр.
Дийдалар тош қотди, оқмас ёшимиз,
Ҳаяжонга солмас ҳеч мўжиза, сир.
Ердамиз. Самода юрардик учиб,
Ҳаёт ғалвирига солиб элади.
Рости, қўлим силтаб, баридан кечиб,
Яна болаликка қайтгим келади.
✍ Дилобар Ўролова
@uralova_dilobar
