SAHRO | Roman
Open in Telegram
Мустафо Юсуф қаламига мансуб "Саҳро" романини мутолаа қилинг! Кўчириб олганда манбани кўрсатинг.
Show more1 214
Subscribers
No data24 hours
No data7 days
No data30 days
Posts Archive
1 214
– Вой маа шаа Аллоҳ! –у киши менинг хабаримдан суюниб кетди. – Солиҳа қиз бўлсин! Аллоҳ таоло бу янги меҳмонни қутли ва баракали қилсин, кўзингизнинг қувончи қилиб, икки дунё саодатини берсин, бошингизга қиёматда тож кийдирувчи фарзанд бўлиб етишсин. Саломиддин, бир илтимосим бор.
– Лаббай, – дедим.
– Бугунги савдодан тушган пуллардаги менинг улушим ҳам Сизга ҳадя. Суюнчи. Рад қилманг, илтимос!
Аллоҳ таоло қизалоғимни оиламга барака қилиб юборгандек эди. Мен амин эдимки, у ўз ризқи ва яхшиликлари билан келди.
Туғруқхонага бориб аёлимни кўрдим. Шифокорлардан амаллаб рухсат олиб ичкарига кириб чиқдим. Барча дўхтирларга суюнчи бердим. Улар ҳам хурсанд бўлишди.
Аср вақти кирган эди. Яқинроқдаги масжидга кириб асрни адо қилдим ва кечиктирмасдан Сиддиқжон домлага сим қоқдим.
Ўн биринчи боб тугади
@ilm_zakoti
1 214
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима билан таомланганлар? Биласиз-а? – тушунтира бошлади Қудратуллоҳ ака. – Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонларида арпа уни бўларди. Арпа унидан нон, бўтқа тайёрланган. Арпа унидан қилинган бўтқанинг номи талбинадир. Ҳадиси шарифларда талбина юракка сокинлик бериши, ични тозалаши, дардларга даво эканлиги айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сарийд, яъни шўрва ҳамда талбинани қўшиб танаввул қилганлар. Мен талбина савдосини йўлга қўйганман. Мусулмонларга бу гўзал таом етиб борсин дейман. Истасангиз, Сизга қадоқланган талбиналарни бераман. Ҳар қадоқда беш юз грамм ёки бир килограмм талбина уни бор, бу ундан бўтқа тайёрланади. Сотаман десангиз, берай. Мардикорлик қилмайсиз, балки савдо билан машғул бўласиз. Талбиналарни сотгач, менинг ҳақимни берасиз, фойдаси ўзингизда қолаверади.
Қудратуллоҳ ака самимий гапираётганига умуман шубҳам йўқ эди, қолаверса, ўйлаб ўтирадиган ҳолат ҳам эмас.
– Мен талбина сотишга тайёрман, – дедим.
Шундай қилиб, талбина савдосини бошлаб юбордим. Юз қадоқ пакетда Қудратуллоҳ ака талбина берди. Элликтаси беш юз граммли, элликтаси бир килоли эди.
Уйимнинг яқинидаги масжид дарвозасидан сал берига жойлашдим. Тўрт оёқли стол қўйиб, устига талбина пакетларини тердим. Мушк анбар, тасбиҳ, замзам суви ҳам қўшдим. Буларни ҳам Қудратуллоҳ ака маслаҳат берди.
Аллоҳнинг марҳамати билан дастлабки кунлар савдо яхши бўлди. Кўпчилик намозхонлар мендан талбина сотиб олишди.
Усмонбек, биласизми, нима?
Кунларим осуда ўтаётгандек бўлса-да, ибодатларимни ўз вақтида адо қилаётган бўлсам-да, қалбимнинг ичида мени нимадир кутаётгани ҳақида ўй тарк этмасди.
Назаримда, мен талбина сотишдан кўра каттароқ иш қилишим керак эди. Гўё ичимда сабр ва бесабрлик қоришиб кетгандек. Ҳамма нарсадан хотиржамдекман, айни пайтда ана шу хотиржамликни қидираман.
Қидирган нарсамни эса топдим.
Аёлимнинг ой-куни яқин. Жума куни масжиддаман. Намоздан сўнг талбина савдоси қизиб кетди. Қўлим-қўлимга тегмай қолди. Шу пайт телефоним жиринглади.
– Дадаси, – бу аёлимнинг овози эди. – Биз туғруқхонага кетяпмиз. Иброҳим ойимда.
Шошиб қолдим. Аммо кета олмасдим, чунки одамлар талбина олишни истаётган эдилар. Ярим соат жойимдан қимирлай олмай қолдим. Савдога олиб чиққан ҳамма нарсам тугади. Бу қадар баракали савдога учрамаган эдим. Субҳаналлоҳ!
Сумкам пулга тўлиб кетди. Яна телефоним жиринглади.
– Ўғлим, – бу қайнонам эди. – Қизалоқ муборак бўлсин! Қиз кўрдингиз!
Иброҳим туғилганида ҳам жуда севинган эдим, бироқ бу қадар эмас. ичим ҳапқириб кетди.
– Ойи, бораман, ҳозир йўлдаман, иншааАллоҳ, – дедим.
Асрда Қудратуллоҳ ака билан кўришишим керак эди. Шуни ўйлаб такси тўхтатгани йўл юзига чиқдим. Қўлимни кўтариб улгурмасимдан бир улов келди. Ойнадан қарадиму, қотиб қолдим. Ҳайдовчининг ёнида Сиддиқжон домла ўтирар эди! Бу кутилмаган учрашув эди. Бу ёқда савдонинг жадал кечгани, бу ёқда қизимнинг туғилгани ва Сиддиқжон домла билан учрашув қаршисида тилим калимага айланмай қолди.
Домла уловдан тушиб олдимга келди. Қучоқлади.
– Саломиддин! Маа шаа Аллоҳ! Саломатмисиз? Бормисиз?
– Алҳамдулиллаҳ...
Ўзимга келишим бироз қийин кечди. Чунки домла билан бўлган охирги суҳбат, кейин у кишини кўргани умуман бормаганим эсимда. Хижолатли эдим.
– Саломиддин, йўл бўлсин? – сўради домла.
– Аллоҳ қиз ато қилди, туғруқхонага.
– Маа шаа Аллоҳ! Аллоҳим муборак қилсин! Суюнчи берай! – домла хурсанд бўлиб кетиб хамёнини олди ва юз доллар чиқариб чўнтагимга солди.
– Камчиликларга ишлатинг, Саломиддин. Мен Тошкентдаман. Келинга қаранг ва мана бу рақамга қўнғироқ қилинг. Кўришайлик, суҳбатлашайлик.
Домла қўлимга телефон рақам ёзилган қоғозни тутқазиб ўзи кетди.
Бўлаётган воқеалар ақлимга сиғмаётган эди. Яқинда қўлимда пулим, уйимда бир бурда ноним йўқ эди, ё Аллоҳ! Марҳаматинг кенг! Раҳматинг чексиздир!
Таксига чиқиб, Қудратуллоҳ акага сим қоқдим.
1 214
– Тушунарли, – деди Қудратуллоҳ ака. – Аср намозини мен ҳам масжидда ўқийман. Кўришгунча.
Мен ишга киришдим.
Деворнинг сувоқларини кўчирдим. Лой тайёрладим. Қордим. Сувадим. Тушлик қилдим. Сомса беришди. Пешинни “Ҳудайбия” жомесида ўқидим. Ҳаш-паш дегунча аср вақти кирди. Кийимларимни енгил алмаштириб яна масжидга чопдим. Намоздан сўнг тасбеҳларга қолмай, иш жойимга қайтдим.
Қўлимга андава олиб турганимда Қудратуллоҳ ака келиб қолди. Саломлашдик. Ишимга диққат билан разм солди. Юзида розилик аломатлари кўринди. Қолган ишни чамалади:
– Яна бир кунлик ишингиз бор экан, – деди. – Ювиниб оласизми? Адашмасам, шомда уйингизда бўлмоқчи эдингиз.
– Ҳа, – дедим.
Қудратуллоҳ ака кўрсатган ҳаммомга кирдим. Ювиндим. Кўчада киядиган кийимларимни кийдим.
– Сизни уйингизга элтиб қўймоқчиман, – деди иш берувчим. Мен ноқулай бўлдим.
– Йўғе, астағфируллоҳ, Қудратуллоҳ ака, ундай қилманг, ўзим етиб оламан, – дедим шошиб.
– Илтимос, йўқ деманг.
Йўқ дея олмадим. Нима учундир ичимда уялиш, хижолатпазлик ҳисси қўзғалди.
– Ишингиз менга ёқди, – деди Қудратуллоҳ ака йўлда кетарканмиз. – Нечани кварталга борамиз?
– Ўн тўққизинчи.
– Раҳмат. Ёшингиз нечада?
– Йигирма иккида.
– Маа шаа Аллоҳ. Оилангиз борми?
– Ҳа, бир ўғлим ҳам бор. Иброҳим.
– Гўзал, демак, ўз вақтида уйланган экансиз. Ота-она ҳаётмилар?
– Ота-онам ажрашишган. Отам Россияда яшайди, онам Хоразмда.
– Тушунарли. Аллоҳнинг берган тақдири. Қуръондан қанча ёд олгансиз?
– Бир пора.
– Жуда ҳам ажиб. Мусулмон одам, албатта, Қуръондан бир қисмни ёд билиши шарт. Асосий тирикчилик нимадан?
– Россияда ишлар эдим. Юк ташиш каби қора ишлар. Аниқ ҳунарим йўқ. Айрим ўқув курсларига борганман, холос.
– Савдога тушунасизми, Саломиддин?
– Ҳа, бироз тушунаман.
– Яхши. Қаерга юрай?
– Чапга бурилинг, – дедим йўл кўрсатиб. – Ана шу дўкон қаршисида тушиб қоламан.
– Уйингиз қаерда? – сўради Қудратуллоҳ ака секин рулни айлантириб.
– Мана шу кўпқаватли уйнинг иккинчи рақамли подездида.
–Ўша ергача кирамиз, иншааАллоҳ.
Индамадим.
Улов уйимнинг остонасида тўхтади. Қудратуллоҳ ака пул узатди.
– Бу иш ҳақингиз, – деди. – Йигирма минг сўм.
– Узр, Қудратуллоҳ ака, – дедим. – Аммо мен ишни кечроқ бошладим.
– Ишингиз менга маъқул бўлди, бераётган пулимга розиман, Сиз ҳам рози бўлинг!
– Мен розиман, – дедим. Хаёлимда аёлимни ўйлардим. Болам билан тушликка нима ейишди экан?
– Эртага ҳам кечикмай боринг, яна гаплашамиз. Аллоҳга омонат, Саломиддин!
Қудратуллоҳ ака кетди. Уйга кирдим. Аёлим ўғлимни эркалаб ўтирган экан. Салом берди.
– Ваалайкум ассалом. Тушликка нима единглар? – сўрадим.
– Сиз пиширган овқат баракали бўлди, дадаси, – деди жилмайиб аёлим. – Нонушта ва тушликка етди.
– Алҳамдулиллаҳ, мен шом ўқигани масжидга чиқаман ва қайтишда майда-чуйда опкеламан, – боламни қўлимга олиб эркаладим ва масжидга шошдим.
Шомни ўқиб масжид ёнидаги ошхонага кирдим. Гўштли таом олмоқчи эдим. Қозон кабоб буюрдим. Шу ердаги новвойхонадан тўртта нон ва тайёр бўлган овқатни олиб уйимга чопдим. Йўл-йўлакай қуруқ чой, сабзи, картошка, пиёз, ёғ ва шу кабиларни харид қилдим.
Эрталаб Чилонзор метросига пиёда боришга ҳожат йўқ эди, чунки кўпкурсининг иккита чиптасига етарли пулим бор.
Соат саккиз бўлмай Қудратуллоҳ аканинг уйига етиб келдим.
Кечаги тартибда ишладим. Асрдан сўнг иш берувчим яна мени уйимга элтиб қўйишга истак билдирди. Йўқ дея олмадим.
– Саломиддин, – деб гапирди йўл-йўлакай у. – Сизга ёрдам беришни истаяпман. Холис Аллоҳ учун. Сиз талбина деган нарсани эшитганмисиз?
Ҳа, эшитган эдим. Аммо тўлиқ билмасдим. Қудратуллоҳ акага буни айтдим.
1 214
Мен дарҳол иссиқ чойни пиёлага қуйдим, шакар солдим, бўлка нондан бир бўлак олиб, устига пишлоқ қўйиб тишладим. Ичимга бир ҳузур ёпирилди, аммо кўз ўнгимдан аёлимнинг ҳолсиз ётгани ўтди, нимадир томоғимга тиқилди.
Нонушта қилишим керак, чунки иш оғир, куч лозим!
Икки-уч дақиқада стол устини “тозалаб қўйдим”. Чойнинг тагини пиёлага қуяётганимда ертўладан Қудратуллоҳ ака ўғли билан бирга битта белкурак, кетмон, андава кабиларни кўтариб чиқди. Столга бир қаради, юзидан балки ажабланиш кўринди, аммо сездирмади:
– Саломиддин, мана бу ерда қум бор, бироз оҳак, цемент ҳам... – дея сувоқ учун керак бўлган хом-ашёларни кўрсата бошлади.
Ичимга егулик кириб тетиклашдим. Бош оғриғим тарқалди. Кийимларимни алмаштирдим.
Тезда қўлимга кўчиргични олиб деворнинг кўчиб қолган сувоқларини шилиб олишга киришдим. Қудратуллоҳ ака ишимга бироз қараб турди ва кўнгли тўлди, шекилли, “Аллоҳ куч-қувват берсин!” – деб олдимдан кетди.
Шу пайт дарвозахонанинг қўнғироғи жиринглади. Мени ихлос билан ишлардим.
Биз иш ҳақини гаплашмадик, чунки мардикорлар учун белгиланган нарх йигирма минг сўм эди. Аммо мен ишимни кечроқ бошладим, бироз камайтирармикин? Нима бўлса ҳам, менга пул керак! “Бисмиллоҳ” деб тезлашдим.
Гарчи ортимга қарамасам ҳам дарвоза очилгани, уй эгаси кимнидир кутиб олиб, ичкарига таклиф қилганини билдим. Беихтиёр кўз қиримни ташладим. Дарвозахонада милиса формасида бир киши, фуқаро кийимида яна бир киши бор эди.
Уларнинг суҳбатлари узуқ-юлуқ қулоғимга кирди.
– Ака, бизни ҳам тушунинг, нима гап бўлса, маҳалла, маҳалла деб кун беришмайди, – бу оддий кийимдаги одамнинг гапи эди.
– Участковойга ҳам осон эмас, ака, – милисанинг овозида куйиниш бор эди. – Маҳаллада кимдир рўмол ўраса, соқол қўйса, бор, текшир, айт, ўзига қарасин дейишади. Сиз ишончли кишисиз. Ҳаммамиз биламиз, ака, йўқ деманг.
– Оббо, – деди Қудратуллоҳ ака. – Мен осмондан тушдимми? Туғилганимдан бери шу ерда яшайман. Соқолимни ҳам кеча ўстирганим йўқ.
– Соқолингизни гапирмаяпмиз, ака, – деди милиса. – Қизингизни айтяпмиз...
– Қизиқсан-а, ука, – Қудратуллоҳ аканинг овозидан қизишганини сездим. – Қизим балоғатга етган, рўмол ўраши фарз. Буни Исломда сатри аврат дейишади.
– Нима у сатри аврат? – сўради маҳалланинг одами.
– Авратни беркитиш дегани, – жавоб берди Қудратуллоҳ ака. – Аёл киши ҳам, эркак киши ҳам Аллоҳ буюрганидек авратини беркитиши керак. Шу.
– Биз тушунмаймиз буни ака, – деди милиса. – Қизингиз ҳамма қатори мактабга борсин.
– Ҳамма қатори? – ҳайрон сўради Қудратуллоҳ ака.
– Ҳа, рўмолини ечиб, мактаб формасида, – милисанинг ўрнига жавоб берди маҳалла вакили.
– Қизим ҳозир қандай боряпти, шундай боради! – Қудратуллоҳ аканинг саси жуда қатъий янгради. – Уйимга келиб юрганингиз бефойда. Истасангиз, қизимни мактабдан ҳайдаб юборишсин. Аммо бу ишни қилган одам ким бўлса ҳам, уни судга бераман. Қизим мактабда ўқийди, авратини беркитиб ҳамма қатори таълим олади.
– Ака, – деди милиса. Бу сафар унинг овозида таҳдид сездим. – Биз огоҳлантирдик. Энди нимадир бўлса, демади деманг.
– Раҳмат яхшилигинг учун, ука, – деди Қудратуллоҳ ака ҳам.
Меҳмонлар чиқиб кетишди.
Қулоғимга соқоли борлар ва рўмол ўраганларни қўйишмайди деган гаплар келарди, демак, бу иш шунақа бўларкан-да деб ўйладим. Хаёлимдан соқол ва рўмолнинг қандай хавфи бўлиши мумкин деган савол ўтди. Булар соқол ва рўмолга осилмасдан ишсиз юрганларга доимий иш топиб берса, бўлмайдими деб ўйландим.
Қудратуллоҳ ака олдимга келди.
– Гапларни эшитдингизми? – деди. Мен “Ҳа” дедим.
– Ҳайрон бўлмайсиз, – деди иш берувчим.
– Йўғе, нега, – дедим. – Бир нарсани сўрашни унутибман. Пешинни ўқигани масжидга чиқсам дегандим...
– Албатта, бемалол, – деди Қудратуллоҳ ака. Кейин бироз ўйланиб туриб қўшимча қилди. – Бугун шомдан кейин қола оласизми? Сизни кечкиликка таклиф қиламан.
– Узр сўрайман, ака, – дедим хижолат тортиб. – Менимча, қола олмасам керак... Иш ҳақимни олгач, тезроқ уйимга боришим зарур.
1 214
Ўша улов томонга қараб юрдим. Улов замонавий эди. Чет элники. Мардикор бозоридан юз метр узоқда тўхтади. Ичидан бир соқолли инсон тушди. Тошкентда соқол қўйганларни жуда кам кўрардим. Бу одам кўзимга оловдай кўринди. Беихтиёр тезлашдим ва қаршисига бориб салом бердим.
– Ваалайкум ассалом, – алик олди янги танишим.
– Сиз ишчи излаяпсизми? – сўрадим дарҳол.
– Ҳа, қандай билдингиз?
– Шунчаки, ўзим. Мен ҳам иш излаб чиққанман. ИншааАллоҳ, менбоп иш бўлса, хизматдаман.
– Маа шаа Аллоҳ, хўп бўлади. Уйда деворнинг кўчган жойлари бор, суваш керак, меҳмон келадиган эди, бироз тартиблаб қўйиш керак, ўзим ҳам қилардим, лекин ишларим бор, сиз уддалай оларсиз, иншааАллоҳ?
– Албатта, таъмир ишларини уддалайман.
– Унда, юринг. Менимча, икки кунлик иш бор. Эртага ўзингиз келишингиз мумкин, – деди мижоз очиқ юз билан.
Уловга чиқдик.
– Мардикор бозор олдига боргани юрак безиллайди, – деди мижоз. – Одамлар ўраб олса, ноқулай бўласиз. Шунга берироқ тўхтадим. Секин келиб кўзимга кимнинг истараси иссиқ кўринса, илтимос қилмоқчи эдим. Чунки яхши инсоннинг юзида нури бўлади. Аллоҳ қалбингизга солиб, ўзингиз рўпарамдан чиқдингиз. Мен Қудратуллоҳман, Ҳамза туманида яшайман. Ўзим ўқитувчиман. Аммо мактабда ишламайман. Кичикроқ савдо ишим бор. Сиз билан танишсам бўладими?
– Исмим Саломиддин, – дедим Қудратуллоҳ аканинг хушмуомаласидан кўнглим очилиб. – Чилонзорда яшайман. Рўзғорни боқайлик деб мардикорликка чиқиб турибман.
– Бундан сира уялманг, – деди Қудратуллоҳ ака. – Чунки ҳалол ризқ йўлида меҳнат қилмоқдасиз. Оиласини ҳаром билан тўйдираётганлар уялсин. Аммо Роббимиз ҳаром луқма кирган қорин эгасининг қалбини ўлдиради. Ундайлар уялиш нималигини ҳам билмай ўтиб кетади.
Йўл-йўлакай гаплашиб кетдик. Асосан, Қудратуллоҳ ака гапирди. Ёшини қирқларда деб тахмин қилдим. Соқолида бир-иккита оқи кўринади. Юзи чиройли. Нутқи кишини маҳлиё қилади. Семириб кетмаган.
Йигирма дақиқалар юриб бир катта кўчадан ўнгга бурилдик.
– Бу жойларни Крестик дейишади, биласизми? – сўради у киши.
– Ҳа, эшитганман, аммо йўлим тушмаган.
Бироз юрдик, маҳаллалар оралаб йўл босдик, биз кетаётган кўчанинг бошида масжид минораси кўринди.
– Масжид бор экан! – дедим хурсанд бўлиб.
– Ҳа, Худайбия масжиди, – деди Қудратуллоҳ ака.
Кўнглимдан: “Намозларимни жамоат билан адо қила олсам эди...” – деган ўй ўтди.
Субҳаналлоҳ, Қудратуллоҳ ака масжиддан икки ҳовли наридаги эшик ёнида тўхтади. Ўртача баландликдаги девор, оққа бўялган, дарвозасининг ранги яшил бир ҳовли эди бу.
– Мана, шу бизнинг кулбаи вайрона, – деди иш берувчим.
Ҳовли кенггина экан. Одатда, Тошкентда ҳовлилар бироз торроқ бўлади. Бу ҳовлига гуллар экилган, уйлар ҳам тартиб билан тушган, хоналарнинг олдида узунасига айвонлар солинган.
– Келинг, Саломиддин, – Қудратуллоҳ ака мени эргаштириб ҳовлининг тўрига олиб борди. Аммо бу фурсатга келиб очлик ғолиб бўла бошлади. Бошим билинар-билинмас айланди. Очликни ўйламасликка интилдим. Бироқ энди имконим тугаётган эди.
Ҳовлининг тўридаги девор кўчиб қолган экан.
– Шунинг сувоғини кўчириб ташлаб қайтадан суваб берсангиз, – деди Қудратуллоҳ ака. Мен хўп дегандек бош қимирлатдим. – Энди нонушта қилиб олсангиз. Уйда кичик ўғлим бўлади. Тушгача. Кейин катта ўғлим мактабдан келади. Сизга ёрдам беришади. – Қудратуллоҳ ака шундай деб ўғлини чақирди: – Фозилжон!
Ичкари хонадан ўн икки ёшлардаги бола югуриб чиқди.
– Ассалому алайкум, лаббай, дадажон! – деди биз томон келаркан.
– Ваалайкум ассалом, ўғлим, Саломиддин аканг бизга ёрдам беради. Сен тез нонуштани олиб чиқ, – деди дадаси.
Бола хўп бўлади деб келган жойидан ортга қайтди. Бир неча дақиқада елимдан бўлган стол устида бўлка нон, сарёқ, қаймоқ, кесилган пишлоқ, иссиқ, шакар пайдо бўлди.
– Сиз бемалол нонушта қилиб, иш бошлайверинг-а, ҳозир белкурак, кетмон, андаваларни олиб чиқаман, – Қудратуллоҳ ака шундай деб айвоннинг тагига тушиб кетди. Менимча, ертўла бўлса керак.
1 214
Ҳайрон бўлдим. Аслида, ҳайрон ҳам эмасдек эдим. Зинадан кўтарилиб кўчага назар солсам, йўлнинг нариги бетида иккита милиса улови турибди, сотувчи аёлларни айрим ходимлар сўроққа тутишар, баъзи аёллар эса қочиб узоқроққа кетиб қолган эди. Нима учун милисалардан қочишяпти экан? Ноқонунийми экан савдолари? Аммо бу аёллар ҳам ўйнагани чиқишмаган-ку. Фарзанд боқаман, тирикчилик қиламан деб шу кўйга тушиб юришибди-ку!..
Ичимни аччиқ ачиниш туйғуси қамраб олди.
Озурда хаёллар билан мардикор бозорига бордим. Телефонимнинг соатига қарадим: тўққизга яқинлаб қолибди.
Кўпқаватли уй тагида иш излаб келганлар кўп. Бу жойни панжара билан ўраган бўлишибди. Кичик пешлавҳа осиб, “Вақтинчалик иш билан таъминлаш маркази” деб ёзиб ҳам қўйишибди. Вақтинчалик иш билан таъминашадими? Тавба. Одамларнинг ўзи иш излаб келяпти-ку! Ҳеч иш билан таъминлаётгани йўқ-ку!
Мардикорлар тўп-тўп бўлиб гаплашишади. Сигарет чекишади. Хохолаб кулишади. Шундай бўлса-да, уларнинг чеҳраларига чуқур из солган қайғуларни пайқайман. Тушкунлик ҳадди аълосига етган.
Гарчи ёш эдим, ҳа, бизнинг жамиятимизда 20 – 21 ёш ёш ҳисобланади. Бироз кулгили. Абдуллоҳ домланинг ваъзларида саҳобалар ҳаёти ҳақида эшитганман. Ҳазрати Умар 26 ёшида Исломга кирган. Қолган саҳобалар ҳам йигит эдилар. Бироқ улар оламшумул ишларни қилиш учун ўзларини ёш деб фаҳмлашмаган. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бола бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котиблари вазифасини бажарганлар.
Хуллас, одамлар наздида ёш кўринсам-да, бошимдан ўтаётган воқеалар мени кун сайин улғайтирар эди. Ғам инсонга улуғлик беради. Агар у иймон соҳиби бўлса!
Кузатиб англадимки, ўта қашшоқлик иймони суст одамлардан ахлоқни кўтаради. Бироқ мўминлар учун ўта катта бойлик ҳам, ўта қаттиқ қашшоқлик ҳам ҳеч қандай машаққат туғдирмайди.
Ўзбек жамиятининг, балки Ер юзидаги аксар халқларнинг муқаддас қадриятлари бой берилган, кишилардан хулқ аталмиш қийматли неъмат ғойиб бўлиб бораётган эди. Ҳозир ҳам мардикорларга қараб уларнинг оғзидан чиқаётган бепарда гаплар қулоғимга илинаркан, ана шу ҳақиқатни кўрдим.
Бир четга бориб ўтирдим. Елкамда руюкзагим бор эди. Ичида жойнамозим, иш учун кияман деб олганим эски кийимлар.
Мардикор бозор яқинига бир улов келиб тўхтади. Бирдан ҳамма шу улов томонга отилди. Бир зумда келган мижозга ҳамма ўз хизматини таклиф қила бошлади:
– Ака, нима хизмат?
– Ака, қўлимдан ҳамма иш келади.
– Ака, оғир ишлардан қўрқмайман...
Улов ичида қора кўзойнакли башара кўринди. Уни ўраб олганларнинг ярми аёллар эди. Қора кўзойнакли башаранинг оғзи очилиб-ёпилди. Балки у ўз шартини айтди. Аёллар ичидан уч нафари уловга ўтиришди. Улов жойидан жилди.
Мен ғалати бўлиб қолдим. Уловга чиққан аёлларнинг эгнидаги кийимлари эски эди, аммо ёшроқ, қомати ҳам келишганроқ... Хаёлимга келган ёмон гумондан сесканиб кетдим.
“Йўғ-е, аёлларбор ишга олиб кетган, албатта”, – дедим ўзимга ўзим. Шундай бўлса-да, аёлларнинг бу ҳолда югуришлари, эркакларга баданлари тегиб, ёпишиб иш талашишлари, уловда келган қора кўзойнакли башаранинг қул танлагандек уларни танлагани, улар ҳам бахтиёр бўлиб уловга миниб олганлари кўзимга улкан фожиа бўлиб кўринди. Ахир, бу аёлларнинг отаси қаерда? Ака-укалари қаерда? Қандай қилиб бу қадар нафис хилқат шу қадар эзгинликда яшамоқда...
Ким уларга қайғуриши керак? Менми? Ахир, қандай қайғурай – иш топа олмаё тган бўлсам! Олий маълумотим йўқ, давлат ишларида ҳам ойлик кам, хусусий корхоналар ҳам кўнгилни мамнун қилмайди... Ўз кўзим билан кўрмоқдаман – юз минглаб ўзбеклар ўрис юртида, яна миллионлаб ўзбеклар ўз юртида фақат мардикорлик қилмоқда. Бунинг сабаби қаерда, ахир? Ёки биз мана шундай яшашга маҳкум бўлганмизми?
Шу пайт яна бир улов кўринди. У менинг диққатимни тортди. Аммо бу улов жуда секин юрар эди. Назаримда, мардикор бозорига келади. Агар бундай хаёл суриб ўтирсам, ишсиз қоламан. Қорним пиёзнинг пўсти бўлди. Чўнтак қуруқ, мен ҳам иш талашишга мажбурман!
1 214
Овқатнинг устига яна бир лаганни ёпиб, одеял билан ўраб, аёлимнинг олдида қолдирдим. Сўнг кийингани ташқари чиқдим.
Ҳавонинг авзойи бироз очилган, лекин изғирин забтига олиб турибди. Чўнтагимда автобуснинг бир дона чиптасига етадиган пул қолган.
“Аллоҳим, ўзинг ёрдам бер! Мени оғир аҳволда қолдирма!” – дедим ичимда ёлвориб. Қорним очган эди. Кечқуран макроннинг бир қисмини аёлимга пишириб бергандим, аммо ўзим емадим. Кеча тушликда бир бурда нон еб, бироз сув ичгандим. Энди росмана очликни сездим. Лекин мен Қўйлиққа боришим керак. Мардикор бозорига. Қўйлиққа тўғри олиб борадиган автобус Чилонзор метросининг тепасидаги бекатдан юради. Ўша ёққача пиёда боришим лозим. Тахминан ярим соат кетади. Қўйлиққа етиб бориш учун ҳам автобус қирқ дақиқадан кам сарфламайди. Соат 8 ларда мардикор бозорига етиб борарканман...
Аллоҳим, ёрдам бер!
Кўкрак чўнтагимда Масҳаф бор эди. Қуръондан ўттизинчи жузни яқинда ёд олиб тугатдим. Ёсин ва Таборок ҳам ёд бўлган. Энди Воқеани ёдлашни ният қилгандим. Чилонзор метросига боргунимча Воқеанинг дастлабки оятларини такрорламоқчи эдим. Одатда, бир саҳифа Қуръон ёдлаш учун саксон-тўқсон марта такрор қилардим. Шунда хотирамда қоларди. Яна бир йўли ҳар бир оятни юз мартадан қайтариб ўқийман. Шу тариқа оятлар хотирамга мустаҳкам ўрнашади. Ҳозир ҳам йўлда кетарканман, Мусҳафни очдим ва Воқеанинг илк икки оятини ўқидим: “Изаа воқаъатил воқеаҳ! Лайса ли воқаъатиҳа казибаҳ!”
Ҳадиси шарифга кўра, Воқеани доимий ўқиш ризқни мўл қилади. Ҳар куни Мусҳфага қараб ўқийман. Энди эса ёдлаб олишни истаётган эдим.
Йўл-йўлакай икки оятни бармоғим билан санаб ўқиб кетдим.
Ярим соатда қандай қилиб метрога етиб келганимни сезмай қолдим. Воқеанинг уч қаторини ёдлаб қўйдим.
Метро тепасидаги бекатга келиб қарасам, пешонасига Қўйлиқ деб ёзиб олган автобус кетишга шайланиб турибди. Дарҳол чиқдим.
Автобусни ўзбекчада кўпкурси дейишар экан. Мен ҳам кўпкурси дея қолай.
Кўпкурсининг ичи йўловчилар билан тўлган эди. Ҳамма қалин кийинган, сиқилиб қолмаслик учун эшикнинг зинасига жойлашдим. Улов юриб кетди.
Ҳайдовчи тезликни оширди. Билишимча, эрталаб барча жамоат уловлари тез юришади, чунки йўловчи кўп чиқади. Кўпкурси ойнасидан ташқарига қараб, Воқеанинг уч қаторини такрорлаб кетдим.
Отчопар, халқ тилида ипподром деган жойдан ўтарканмиз, йўлларнинг кавлаб ташланганини кўрдим. Йўлни таъмирлашар эмиш. Шунда бу жойлар яқин бир йилдан буён шу аҳволда ётгани ҳақида ўйладим. Чунки шундай деб эшитган эдим. “Ҳеч ким қарамас эканми?” – деб ўйладим. Ҳолбуки, одам гавжум. Улов кўп.
Кўпкурси қирқ дақиқаларда Қўйлиқ бекатига келди. Тушиб мардикорлар тўпланадиган жойга қараб юрдим. Йўлнинг нариги томонига ўтишим керак эди.
Кўчанинг ёқасида ёймалар... Сотувчиларнинг ҳаммаси аёллар. Қатиқ, сут, анор, олма, нок сотишяпти. Сал нарида эса кийимлар. Ҳар хил. Ерга ёйиб қўйишган. Пайпоқ ҳам, ички кийимлар ҳам, куртка ва қалпоқлар ҳам бор.
Мен мардикор бозорига боришим керак эди. Шунинг учун уларни томоша қилишга вақтим йўқ.
Мардикор бозорига ўтиш учун Ер ости йўлидан юрдим. Эрталабда бу жойда одамлар. Ёймалар. Тиланчилар. Беихтиёр инсонларнинг чеҳрасига кўзим тушади: умидсизлик қоришган жангарилик, йўқ, тирикчилик учун ҳийла ва пасткашлик пайвандланиб кетган қиёфалар... Ўзидан заифларга зўравонлик қилишга тайёр, ўзидан кучилиларга эланишга шай нусхалар...
Йўқ, уларнинг барчаси шундай эмас. Аёлларнинг чеҳраларида тақдирнинг аламлари чизиб кетган расмлар. Турмушнинг юклари остида эзилган елкалар. Хотиржамлик нималигини унутган, балки шу ғавғоли ва пасткашлар билан жанжаллашиб ўтадиган ҳаёт тарзини хотиржамлик деб қабул қилган қалблар...
Ер ости йўлининг ярмига келганимда бирдан маромда кечаётган ҳолатга нотинчлик оралади. Аёллар нимадир хавф сезгандек сумкаларига ёймаларини пала-партиш тиқа бошладилар, айримлар чаққонлик билан халта-хуржунини елкасига ташлаб қочди. Баъзилари менга туртиниб кетишди ҳам.
1 214
САҲРО
Роман
Мустафо ЮСУФ
Ўн биринчи боб. Муқарраблар
Улар Аллоҳга яқин бўлган бандалардир ва неъматлари кўп – ҳадсиз бўлган жаннатдадирлар.
Воқеа сураси, 11 – 12-оятлар маъно таржимаси
Усмонбек, дўстим, ҳаётимнинг завқу шавққа, қайғу ва эҳтиросга тўла бу даври хотирамга чуқур нақшланган. Айрим воқеаларни икир-чикирларигача эслайман. Ҳидлар, ранглар, ҳароратлар ҳам ёдимда.
Сиддиқжон домла билан бўлган суҳбатдан кейин сукутга чўмдим. Аёлимни, ўғлимни олиб айлангани чиқадиган бўлдим. Уларга кўпроқ вақт ажратишни ўргандим.
Динга бўлган ҳарислигим сўнмади, албатта. Намозларимни ҳамиша ўз вақтида эҳтимом билан ўқийдиган бўлдим. Дўппини бошдан олиб ўйласам, ўтган даврда мен ибодатнинг лаззатини топибман, ҳарқалай. Аллоҳнинг амрларини бажаришда танбаллик қилиш мумкин эмаслигини тушунибман. Намозимнинг кечикиши қалбимни оғритадиган бўлибди. Рамазонни қувонч билан кутиш табиати менда уйғонди. Ҳажга боришни орзу қила бошладим. Аммо қарзларим борлиги сабаб бу қутлуғ сафар йўллари мен учун ёпиқ эди.
Вақт ўтгани сайин қарз азоби енгиллашди. Яъни бу масалада ўзимни ортиқ қийнамасликка интилдим. Топганимни топганда қарз берганларга юбориб турдим, юким енгиллашди.
Аллоҳ баракасини ёғдирди. Бир йилдан сўнг Тошкентга келиб қарзимнинг сўнгги сўмини эгасига бердим ва елкамдан тоғ ағдарилди. Бироқ эҳтиёжим учун деярли маблағим қолмаган, уйимда эса ҳомиладор аёлим, ўғлим Иброҳим...
Россияга боргим йўқ эди. Тошкентда қолишни истадим. Аҳмаджон акага ҳам узримни айтдим, аммо у киши ҳам корхонамиз ёпилди, келсангиз ҳам иш топиб бера олмасдик, Аллоҳ йўлингизни очсин деб дуо қилди.
Динда устоз керак деган ўй қалбимни тарк этмаган, қандайдир ҳиссиётлар Сиддиқжон домланинг зиёратига боришдан мени қайтарган ҳам эди.
Иш излай бошладим. Кўчада эълонларни ўқийман. Кўнглимга маъқул туюлган жойларга бораман, аммо борган жойимда ё иш берувчи ноинсоф ва тарбиясиз чиқди, ё иш ҳақи жуда кам эди. Ўн кунларни кўчада ўтказдим. Қўлимда бир тийин пулим қолмади. Уйимда эса бир ҳовуч макарон, иккита тухум, тўртта гугурт донаси, ярим пиёла ёғ.
Одамлар наздида очлик, камбағаллик бахтсизликдир. Агар шу гапга ишонсак, менинг барча бахтсизликларим қиш фасли билан эгизак бўлган.
Отам ва акамдан умуман ёрдам олишни истамадим. Улар, албатта, кам-кўстинг йўқми деб кўп сўрашади, мен доим йўқ деб айтаман.
Уйимдаги музлаткич эски, кичик, лекин ичи бўм-бўш турган ўша вақтимда ҳам ноябр охирлаган, дарахтлар сўнгги хазонларини бармоқлари билан улоқтиришаётган эди. Ҳаво булут. Нима учундир на ёмғир, на қордан дарак бор. Қарғалар Тошкент осмонини тўлдириб у ёқдан бу ёққа учади. Кўчаларда изғирин изиллаб юради. Ҳамманинг бошида қалпоқ. Олифталар ҳам пальто ва курткаларга ўранган.
Кўчада тахталарга ёпиштирилган эълонлардан наф кўрмадим, мардикорликка чиқиш қарорини бердим.
Мардикорлар тўпланадиган жой Қўйлиқда экан.
Эрталаб бомдодга бориб келгач, аввал макронни сувда қайнатдим, лаганга суздим, кейин товага ёғни солиб қиздирдим, унга қайнатиб олганим макронни тўкдим. Авайлаб ёғ билан белаштирдим, сўнг лаганга қайтардим, икки дона тухумни ҳам бу орада қайнатиб олган эдим, пўчоғини арчдим, бўлаклаб, макроннинг устига қўйдим. Бироз мурч топган эдим, туз билан бирга сепдим.
Намозни ўқигач, яна дам олгани ётган аёлимнинг олдига таомли лаганни кўтариб кирдим. У ўғлимни қучоқлаб ҳолсизгина кўзини юмиб ётарди. Бош томонига ўтирдим.
– Яхшимисан? – дедим юзларини силаб. У кўзини очди ва жилмайди. Ўғлим ширингина бўлиб ухлаяпти.
– Овқат пиширдим, – дедим лаганни кўрсатиб. Санчқи билан икки дона макронни санчиб олдим-да, сўрадим: – Ейсанми? Еб ол.
– Иштаҳам йўқ, – деди аёлим. Унинг чеҳрасига диққат билан тикилдим. Унда синиқлик кўришни истамасдим, йўқ, синиқлик кўрмадим, у бироз ҳоригандек эди.
– Ўзингиз енг... – деди паст овозда ғамхўрлик билан.
– Қорним тўқ, – дедим кулиб. – Иштаҳанг очилганда еб ол. Қувват бўлсин сенга.
1 214
📹 SAHRO | Roman | 30-bob 2-qism | Muallif: Mustafo Yusuf | @AbdukarimMirzayev2002 →
👤 #Abdukarim_Mirzayev →
@youtubabot: 📹720p
1 214
Хадича дугонасига нима дейишни билмай қолди. Аммо тушунтиришга ҳаракат қилди:
– Қарагин, дугонажон, – деди астойдил уриниб. – Бу эътиқод демакдир! Оламни бир Зот яратган эканига эътиқод қилиш, шайтон эса инсоннинг ғаними эканлигини билишдир...
Хадичанинг гапи оғзида қолди, феминистлар маликаси шошиб-пишиб, балки қизишиб ўз фикрини уқтира кетди:
– Эътиқод ҳамма балонинг боши! – деди қатъий қилиб. – Инсоният тафаккури ўз чўққисига чиқиб боряпти, Хадий. Ҳамма биладики, ҳақиқатан, бир метафизик борлиқ бор, уни психология ўрганади, аммо худони олий ҳокимият эгаси деб сиғиниш тўғри эмас. Худо сизлар айтгандек бешафқат эмас, унинг учун қандайдир ахлоқ ва қандайдир қонунларнинг қизиғи йўқ. У чексиз бўлса! Келиб-келиб шу нарсаларга овора бўладими? Қўйсанг-чи! Ахлоқ деган нарса ҳам бекор. Бир куни бориб инсонлар ахлоқ ва одоб деган нарсаларнинг ғирт аҳмоқона эканлигини ёппасига англайди. Одамлар йўқ нарсалар учун жонларини жабборга берганларини тушунадилар. Ҳа, дунё ўткинчидир, аммо фикр абадий. Фикрдан туғилажак роҳат ва лаззат абадий! Ва ҳаёт ўта қадрли, чунки сен айнан бугунги ҳолингда эртага қайта мавжуд бўла олмайсан, ўлганингдан сўнг сенинг жавҳаринг қачондир ўзини қандайдир кўринишда намоён этади, аммо у сен бўлмайсан. Шунинг учун бугун ўзинг бўлиб қол! Ақлингни, қалбингни нималаргадир асир қилма, дугонажон!
Ҳа, Хадича феминистлар маликасини яхши танирди, аммо унда бундай фикрлар ва хулосалар пайдо бўлганидан мутлақ бехабар қолибди.
– Дугон, – деди бироз ҳайрат билан. – Агар эътиқод ва ахлоқни рад қилсанг, жамиятлар таназзулга учрайди, инсоният ҳалок бўлади!
– Ана шу хаёлинг энг катта муаммо! – деди “малика” билағонлик билан. – Ҳамма инсоният тартиб билан яшашини истайди, тартиб йўлида ҳали динга, ҳали эътиқодга, ҳали ахлоққа сиғинади! Ана шу нарсаларсиз ҳаёт жуда мароқли кечади. Сизлар эса инсонни қамоққа, эрксизликка тиқасизлар, айниқса, аёлларни одам ўрнида кўрмайсизлар. Агар инсонларнинг барчаси ўзаро тажовуз қилмай яшасалар, ҳамма бир-бирини англаб умр ўтказса, чинакам бахтиёрлик ўшадир! Инсоннинг бу оламда амалга ошмайдиган бирор орзуси йўқ, бирор хаёли йўқ! Ҳозирча Ер шаридаги энг оқил жонзод бўлган одам ўз хаёллари ва орзулари рўёбини топишга ҳақли! Инсоният тафаккур ва маданиятнинг шундай чўққисига чиқадики, бугун унинг ҳаёти ва тушунчасини эгаллаб олган, унинг бахтиёрлик туйғусига тўсиқ бўлган бетайин ақийдаларнинг барчаси чил-парчин бўлади! Одамзод буткул саодат чекланмаган эрк қучоғида эканлигини тажрибаси билан кўради ва шундай яшайди.
Хадича дугонасига бирор гап уқтириб бўлмаслигига иқрор бўлди, лекин бу иқрор унга сўнгги бир гапни айтишдан тўсмади:
– Бу фикрларинг адашиш деб ўйлайман, Клара, – деди ниҳоят Хадича опа дугонасининг исмини тилга олиб. – Агар сен айтгандек инсоният ўзи истаганча яшаса, ҳеч бир истакларига тўсиқ қўймаса, қисқа фурсатда ҳеч ким қолмай қирилиб кетади. Ҳамма бир-бирини ўлдириб, гўштини пишириб ейди. Кечирасану, гапларинг ёш боланинг хаёлларини эслатиб юборди. Инсон табиатидаги ёмонликлар, иллатлар, ҳукмронликка бўлган ҳирсни унутиб қўйибсан, Клара. Фақатгина нафсига қул бўлганлар сен каби фикрлайдилар.
Кларанинг ранги қув ўчди. Шиширилган лаблари титради, улама киприклари пирпиради.
– Хадича! – деди заҳарханда билан. – Ўғлингни терорист деб қамашибди деб эшитгандим. Тўғри экан, сени ҳам айнитишибди.
У шундай деб тарс-турс юриб чиқиб кетди.
Бундан бир қанча вақт олдин Хадича опага Кларанинг сўнгги гаплари каби таъналари оғир ботаётган эди, ҳозир таъсирланмади, чунки бундай сўзловчиларнинг дунёқараши, ҳаёти, Хадича опа наздида, уларнинг сўзларини ҳисобга олмаслик учун етарли эди.
1 214
Феминистлар маликасининг ҳам бу борада ҳеч кимдан кам жойи йўқ – ёғи олинган қорин, тортилган юзлар, умуман, бутун тана косметологларнинг машаққатли ва қиммат меҳнатидан дарак бериб турибди. Шунинг натижасида унинг юзлари тиниқ, ажинлари кам, қомати тик, ўтирганда ҳам елкасини букмайди, узун тирноқлари шарбат ёки шароб ичганида шиша финжонда ўзга хос кўриниш билан намоён бўлиши шарт.
Кўкракларини жозибали кўрсатиш мақсадида ёқаси очиқ ва белдан тепа қисми тор тикилган либоси, бўйнидаги ингичка ва нафис тилла занжири, таранг тортиб жилвали кўринишга келтирилган қоп-қора сочлар, мовий бўлиши учун линза остида қолган қорачиқлар феминистлар маликасини ёш кўрсатишга хизмат қилади. Аммо Хадича бу ҳолдан қаттиқ қайғуга тушади. Сохта гўзалликнинг қисмати маълум, аммо умрни мана шундай беҳуда ишга сарфлашдан кўра каттароқ қандай фожиа бор?
– Жуда ғалати гапларни гапиряпсан, Хадий, – деди феминистлар маликаси. – Дунёни намунча тор кўряпсан? Олам сенинг кулбангдан иборат эмас-ку! Оҳ, қарамайсанми! Сени ким айтади Парижни, Миланни, Лондонни. Римни кўрган деб! АҚШни саёҳат қилган деб! Дунёнинг гўзаллик билан тўлиб-тошганига боқ! Биз ҳатто Яннийнинг концертларига тушганмиз! Унинг концертига Ўзбекистондан эмас, ҳатто Ўрта Осиёдан борган одамлар борми ўзи? Луврдаги санъат асарлари ёдингдами? Ван Гог суратларидаги сирлар-чи? Бетховен мусиқалари-чи? Пруст, Камю ва Диккенсларни ўқигансан сен! Қандай қилиб бундай тушунарсиз оламга кириб қолдинг? Иллюзага қамалиб қолдингми?
Хадича ғамгин кулимсиради.
– Сен айтган ҳамма нарсани кўриб келдим-ку, дугон, – деди. – Бундай ҳашаматлар инсон ақлига қўйилган тушов, холос. Жуда мукаммал тушов. Кел, сен мақтаётган ўша концертлар, санъат асарлари ҳақида ўз хулосамни айтаман. Биз қаердан бўлса ҳам пул топсак ва ўша гўзалликларни томоша қилсак деймиз. Бизнинг ҳам болаларимиз ана шундай бетакрор чиройни яратсалар деб орзу қиламиз. Аммо ўша гўзалликнинг моҳияти нима? Унинг қандай аҳамияти бор инсон ва дунё учун? Тафаккур ва туйғунинг ифодаси, юксак ақл ҳосиласи, ўзни англаш йўлидаги машаққат ва изтироблар чизгиси деган ҳар хил жумлалар билан бу нарсаларни таърифлаймиз. Ҳа, сен санъат деб атаётган барча гўзалликлар инсоннинг йўқлик ичидан гўзаллик излаши туфайли пайдо бўлган. Аммо бу топилмаларнинг барчаси мен учун ёлғон таскиндан иборат. Ёдингда бўлса, биз Ҳиндистонга борганимизда икки кун саҳродан юрганмиз уловда. Шунда узоқдан бир нима ялтирар эди. Бизга бу ялтираётган гўзал шаффофлик ўзи аслида мавжуд бўлмаган нарса, яъни сароб деб айтишган. Дугонажон, бизни мафтун қилаётган ва биздан аввал кимдир чизиб қўйган бу гўзалликларнинг барчаси сароб. Аммо собит бир гўзалликлар бор. У гўзалликни инсон ақли ярата олмайди. Ва у ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Мен ана шундай гўзалликни топдим. Шундай чирой ва нур қаршисига бордимки, бу дунёдаги энг мукаммал санъат ҳам унинг олдида ғариб бўлиб қолади.
Феминистлар маликаси қош чимирди.
– Жуда ҳам фантастик олам ҳақида гапиряпсан, Хадича, – деди. – Эҳтимол, англаганларингни қоғозга солсанг, бу ҳам санъат бўларди.
– Йўқ, мен бу ҳолни баён қилишдан ожизман, – деди Хадича. – Мен айтаётган жозибани фақат Роббингга ибодат қилиб топасан. Оддийгина иш – пешонангни саждага қўясан ва шовқинга тўлган оламнинг нақадар ёлғон эканлигини англайсан.
– Йўқ, йўқ! – деб юборди феминистлар маликаси. – Нималар деяпсан! Тасаввур ҳам қилиш мумкин эмас! Мен Исломни биламан. Мусулмонлар ўзларини ҳамма одамлардан устун билишади! Улар танланган уммат, шарафли уммат! Улар инсонларнинг энг асл вакиллари! Тавба қилдим, шундай ҳам худбин бўлиш мумкинми?! Мен бундай тушунчалардан нафратланаман! Бу орийларнинг олий ирқ ғоясига ўхшаш ғоя-ку! Гитлер фашизмни ана шу ғоя устига қурган эди. Бутун дунё олий ирқнинг қули бўлсин деган жирканч ғоя! Исломнинг таълимоти ҳам айнан шундай-ку! Мусулмонлар тинмасдан ўзини мақтайдиган бир гуруҳ, холос. Мен диндан руҳий исканжадан чиқиб кетишдаги бир восита деб фойдаланишларига қарши эмасман. Аммо агар унинг ҳамма қирраларини амалга татбиқ қилсак, инсоният учун зарардан бошқа эмас, ахир! Буни тасаввур қилиш даҳшат!
1 214
Буюк саҳобий, Аллоҳнинг қиличи унвони билан чақирилган Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу дубулғаси остидан кийган арақчин дўпписига Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочларидан бир толани тикиб олиб юрган экан. Ҳатто бир жангда дубулғаси бошидан тушиб кетади ва жангдан сўнг мужоҳидлар бу дубулғани излаб топадилар, чунки унинг ичидаги мўйи муборакни ташлаб кетишга буюк саркарда асло рози бўла олмаган. Энг севикли зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соч толалари тупроқларда қоришиб кетишига унинг қалби, иймони изн бермаган. Нега буни ёдга олдик? Чунки Тошкент ҳимоясига чиққан амири лашкар мулла Алимқул ҳам қўйнида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак соч толаларини ўзи билан олиб юрган. Чирчиқ дарёси бўйида бўлган савашда бир хоин беркиниб келиб унинг қорнидан ўқ узади, лашкарбоши отдан йиқилмайди, жангда давом этади, лекин қон йўқотади, урушда ўрисларни ортга чекинишга мажбур қиладилар, сўнг шаҳар ичига кирганларида Кўкча дарвозаси олдида лашкарбоши ўлимини сезади. Энди унга табиблар ҳам ёрдам бера олмасди, шунда қошига келган ўғлига юзланади. Ўғли отасининг ранги оқарган, қон йўқотган ва беҳол кўриб йиғлайди.
– Йиғлама! – дейди лашкарбоши ўғлига. – Ўляпманми мен? Аллоҳнинг йўлида жон берганлар ўликлар эмас! Сизлар уни ўлик деб ўйлайсизлар, ҳолбуки, улар тирикдирлар! Аллоҳ уларни ризқлантириб туради!
Бу Қуръон ояти эди. Бақаранинг 154-ояти ва бошқа сураларда бундай башоратлар кўп учрайди. Ўғил кўзёшини тияди. Мулла Алимқул қўйнидан мўйи муборакни олиб ўғлига беради: “Бу Набийимиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва салломнинг соч толалари!” – дейди ва калима шаҳодатни айтиб жон беради.
Бу воқеалар баёнига қадар биз Хадича опа ва феминистлар маликаси орасидаги суҳбат билан танишсак.
– Хадича, – деди феминист хоним. – Мен сени таний олмай қолдим. Умуман, барча дугоналар танимай қолдик. Ахир, сен қандай ҳам замонавий очиқ фикрли аёл эдинг! Ўғлинг қамалганига шунчами? Ахир, бир куни чиқар! Одамларнинг қанчаси қамалади, қанчаси озодликка чиқади? Дарров хурофотга берилишинг нимаси, ахир?
Хадича қаршисидаги бу аёл билан бир вақтлар орасидан қил ўтмас дўст бўлганлигини ўйлади, аммо энди бу хилқат унга жуда бегона. Шу қадар бегонаки, улар орасида масофа миқдорини ҳисоблаб чиқиш имконсиз.
– Дугон, – деди Хадича опа барча фикрларини жамлашга тиришиб. – Сен ва мен энди бошқа дунёга тушиб қолдик. Мени кечирасан. Мен ўзим учун мутлақ ҳақиқат дунёсини кашф қилдим. Энди у дунёни йўқотишни истамайман. Аввал ҳаётим ўйин-кулги, зеб-зийнатланиш, қимматбаҳо дўконларда айланиш ва шу кабилар билан ўтарди. Ўзимизни эркакларга кўз-кўз қилиш билан ҳузурланардик, биласанми, аёл кишининг табиатида ҳеч қачон ўз хатосини тан олмаслик хусусияти бор. Фикримча, ана шу хусусиятни енгиш керак. Мен ҳаракат қиляпман. Аёл киши ҳеч қачон холис бўла олмаслигини билдим. Ҳамиша баҳсга ва эътироз билдирмоққа мойилмиз. Шунинг учун бизни алдаш осон. Алданишимиз осон бўлгани каби ёлғон гапиришимиз ҳам жуда тез. Лекин биз образ яратишга устамиз. Санъат мухлиси қилиб кўрсатамиз ўзимизни. Адабиёт шинавандаси деб одамларга тақдим қиламиз. Эртага ҳамманинг эсидан чиқиб кетамиз. Умуман, эсидан чиқмаганимизда ҳам бизга одамлар ёдида қолиш қандай манфаат беради? Гўрда ётарканмиз, бизни мақтаганларидан сўнг тирилиб чиқамизми? Йўқ, ундай бўлмайди. Мен жуда кўп ўйладим, жуда ҳам кўп...
Хадича гапдан тўхтаб дугонасига қаради. Феминистлар маликаси қоматинини сақлаш учун кўп уринадиганлар хилидан, умуман, гўзал қомат бугун аёллар орасидаги энг долзарб масала эди. Бунинг учун улар кам овқат ейишади, ҳар хил дамламалар ичадилар, ҳатто еган овқатларини қусиб ташлайдиганлар бор, пулдор аёллар эса қориндаги ёғларни олдириб ташлаш учун жарроҳлик столига ётмоқдалар.
1 214
Ниҳоят саҳро ортидан Мадина кўринди. Денгиз эҳромга кирганди. Қадим Ясриб уйларининг томлари, хурмозорлар, масжид қуббалари кўзга ташланди. Денгиз ҳаммадан аввал боришни истарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам равзаларига боришни истарди. Қанчалик тез қадам босмасин, оёқлари ортга юраётгандек эди. Ҳатто карвондан ўтиб кетди. Дўстлари ундан қолмасликка тиришдилар.
Денгиз ўзида эмасди. Кўзидан ёш оқарди. Қулоғи ҳеч бир сўзни эшитмасди. Бу вақт тонг отганига беш соатдан ошиб, қуёш тиккага кўтарилмоқда эди.
Ўн уч киши ридосини елкасидан ўраб шиддат билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиди ҳовлисига етиб келди. Одамларнинг аксари ибодатда, тиловат ва зикрда эди, Денгиз ҳеч кимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари қани деб сўрамади, яшил гумбаз ҳужраси олдига келди, ҳужра эшигига қулф осилган, халифа ёки волий изнисиз ҳеч ким киритилмасди.
Денгиз қулоқларини қоқиб, намозга кирди. Саждага келганда бошини ердан ололмай узоқ йиғлади...
Денгиз равзадан узоқлаша олмай қолди. Таомни унутди. Дўстлари унга хурмо ва сув тутиб турдилар. Денгиз ҳужраи саодат қаршисида йиғлаган кўйи зикр қилмоқда эди... У гўё олов бўлиб ёнар, яқинлашганни куйдиргудек эди...
Байрамжон “Мозий” китобининг бу саҳифаларини ўқиркан, дин ва эътиқод, ҳаёт ва борлиқ ҳақида кўп ҳақиқатларни англаётганини фаҳмлади. Денгизнинг ҳаж сафари ўта ёрқин ва жонли тасвирланган экан. Айниқса, Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари ҳузурида Денгиз мутлақо бошқа одамга айланади. Бир неча кун Мадинада қолади. Ҳар куни тушида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўради. Энг қизиғи, китобда ёзилишича, Денгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чеҳраларини умуман кўра олмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан суҳбатлашаётганлигини яққол идрок этган, насиҳатлар тинглаган. Бу насиҳатларнинг деярли ҳаммаси ҳадис тўпламларида бор экан.
Одилбой ва Хадича опалар ўғиллари маҳкумият остонасида тураркан, Одилбой намоз ўқишни бошлади, Хадича эса мунис ва мушфиқ муслимага айланди. Унинг ўтмиш ҳаётидан хабардор бўлганлар бу воқеани ақлларига сиғдира олмас ва кўпчилик шу гаплар ёлғон ё ҳақиқатлигини билиш учун уларнинг уйига келиб кета бошладилар.
Байрамжон бу фурсатлар “Мозий” китоби саҳифаларида саёҳат қилиб, Хористон халқи йўлбошчиси Денгизнинг ҳаётидан кўп мутаассир бўлди, турли диний китоблар харид этиб, уларни ўқишга киришди. У ҳам масжидга қатнади. Китобхон Байрамжоннинг, унинг янгаси Хадича опанинг тавбаю тазаррулари, кечирган ҳиссиёт ва хулосаларини аввалроқ ўқиган эди, унутмагандир, албатта.
Асаримизнинг бу бобида биз Сизга Денгиз ҳаётидаги воқеаларни тугал равишда баён қилиб беришимиз мумкин эди, аммо шу ўринда Хадичанинг олдига унинг эски дугонаси, Ўзбекистон феминимстларининг маликасиман деб юрган бир аёл келганлигини ҳам айтиб ўтишга эҳтиёж пайдо бўлди. Маълумингизким, баробар ҳолда Усмоннинг қамоқдаги саргузаштлари ҳам эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Усмон бу вақтда Қудратуллоҳ акадан Тошкентни ўрислар қандай босиб олгани ҳақидаги воқеаларни тингламоқда. Қудратуллоҳ ака унга Тошкент босқинига бош-қош бўлган Черняев, аслида, шайтонийлар ташкилотидан топшириқ олгани ҳақидаги воқеа баёнига келган эди.
Биз Черняев шайтонийлардан, яъни бевосита шайтон вазирларидан қандай топшириқ олди, узоқ ўрис ўлкасидан, Петербургдан дашти Қипчоқ ва Қозоқ чўлларини кесиб Тошкентга кириб келиш жараёни қандай кечди – бу ҳақда келгуси бобда ҳикоя қиламиз. Хусусан, Тошкент ҳимояси учун курашга отланган амири лашкар мулла Алимқул қиссаси ҳам ўта таъсирли.
1 214
– Дунё ишларига шўнғиган амирлар, мунофиқлар эгаллаб олаётган давлатдан бирор нажот бор деб ўйлайсанми? – Бистомий ҳазратларининг ёноғи қизариб кетди. – Ислом давлати ич-ичидан емрилмоқда. Унинг номи фақат Ислом бўлиб турибди, лекин... Қолганини айтишга тилим бормайди!
Ҳазрат жим қолди.
– Нафслар ғолиб бўлмоқда, – деди ҳорғин ва ғамгин. – Холислик ўлмоқда. Риё ва ужб олови ловулламоқда. Аллоҳим, бизга ёрдам бер! Хуросон ўз ишини мустақил юритмоқда. Мовароуннаҳрда сомонийлар давлат тепасига келди. Улар ҳам яқин-орада мутлақ ҳукмронликка эришадилар. Насронийлар олами эса бизни пойлаяпти. Ғарбий Рум насронийлари оёққа туриш ҳаракатидалар. Улар Қустантания насронийларидан кўра ашаддийроқ. Улар Исломни бутун ўлкаларига нафрат билан танитмоқдалар. Шарқда, Мовароуннаҳрнинг кунботарида ҳали Исломни билмайдиган инсонлар бор. Улар маъжусийга ўхшайдилар. Гарчи бугун тарқоқ яшаётган эсалар-да, бирор кун келиб мусулмонлар бошидаги катта офатга айланишлари мумкин. Бугун ўзини унутган халифалик эртага икки олов орасида қолишини кўзларим қуёшни кўргандек кўрмоқдаман. Аммо бу ҳақиқатни англайдиган бировни топа олмаяпман. Зотан, гуноҳлар кўпайди, қалблар қорайди, жазо муқаррар бўлиб боряпти. Бу тўфонни инсон зоти тўсиб қолишга қодир эмас. Яқиндагина Қуръон бобида улкан фитна бўлди. Имом Аҳмадга Аллоҳ нусрат берди, у Қуръонга қилинган туҳматга кўксини қалқон этди. Суннат аҳлининг эътиқодини Роббим ҳифз этди, лекин бундай фитналар беҳад кўп ва уларни англамаяпмиз. Сен эса халифалик саройи остонасида юрибсан. Сенга Аллоҳ йўл кўрсатади, сенга хизмат қиладиганлар ўз оёқлари билан остонангга боришади, сен ибодатни ўйла, Қуръонни қалбингга жамла, ҳажга борар экансан, ниятингни қайта-қайта поклаб ол!
Шавволнинг ярми ўтар-ўтмас олд карвонлар ҳаж сафарига отланди.
Денгиз қўшилган карвон Карбалони кесиб ўтиб, ўн тўрт кунда Арабистон тупроқларига кириб борди. Қум барҳанлари, туялар, Аллоҳнинг байтига шошган қалблар, қуёшнинг қизиғи, тунларнинг салқин шамоли, тонгларнинг насими, зулматларни ёритган ой, юлдузлар – Денгизнинг наздида ҳаммаси жуда шукуҳбахш эди. Ҳар бир зарра Аллоҳ таолони зикр қилмоқдаю, у буни тингламоқда.
Денгиз билан бирга унинг ўн икки сабоқдоши ҳам ҳажга отланган эди. Денгизнинг ҳамёни ҳам йўқ эди. Шу чоққача у тирикчилик ҳақида қайғурмади. Ҳажга боришим керак деди ва илк карвоннинг ортидан пиёда йўлга отланди. Унинг кетганидан хабар топган дўстлари шомга яқин карвонга етиб олишди. Уларнинг беш нафарида эшак, икки нафарида хачир, қолгани пиёда эди. Хуржунларида қотган нон, бир неча мешда сув, бироз хурмо, талқон...
Хуфтондан сўнг ялангликда карвон аҳли тиккан чодирларига жойлашди. Йигитлар очиқ осмон остида қолдилар. Кўпчилик уларни чодирларга таклиф қилишди. Аммо қабул қилиш хижолатли, қолаверса, ҳозир эҳтиёж ҳам йўқ эди. Карвонбоши улардан хабардор эди. Икки қулга таом кўтартириб келди.
– Йигитлик тақвонинг айни мағзини қўлга киритадиган давр, – деди. – Йигитда ҳиммат бўлади. Ёшлигимда жиҳодга чиқардим. Абдуллоҳ ибн Муборакни кўрганман. Қустантания остонида жанг қилганман. Жабали Ториқ денгизларида ҳам сузиш насиб қилган. Ёшим улғайгач, ҳаж карвони тузишга, одамларга муборак сафарда йўлбошчи бўлишга ният қилган этдим. Роббим муваффақият бериб турибди. Ҳар йили сизлар каби жаҳонгашталар карвонга ҳаж нияти билан қўшиладилар. Уларнинг орасида кимларни кўрмадим: дарвешлар, собиқ мужоҳидлар, ёш болалар, йигитлар, олимлар, орифлар, косиблар... Аллоҳим ҳажингизни қабул айласин! Нимаики камчилик бўлса, хизматингизга ҳозирман.
Ҳаж ишқи йигитларнинг бутун борлиғини эгаллаб олган эди. Улар зарра қадар ҳам машаққат ҳис этмадилар. Маъшуқа висолига шошилган ошиқдек тезроқ Мадинаи мунавварани, Маккаи мукаррамани кўрмоқ иштиёқида эдилар.
Мадинага кириб борарканлар, Денгизнинг ҳуши ўзида эмас эди. У босиб ўтаётган ҳар бир ерини, қадам босаётган ҳар бир қарич тупроқни қачондир кўрганлигини эслар, аммо қачонлигини аниқ тасаввур эта олмасди.
1 214
Шаввол ойи жуда тез ўтди. Бу ойда у халифа махсус қўшинлари таркибида хизмат қилиш истаги билан саройга борди. Халифаликда ғазот юришлари сийраклашиб кетган, бу масалада сусткашлик бўлаётгани учун кўпчилик эътироз билдираётган эди. Шунинг учун халифа жиҳодга хайрихоҳ бўлганларга уруш сирларини ўргатиш, қўшин сифатини ошириш, қуролланиш ва қўшин харажатларини кўпайтириш ҳақида бир неча ой аввал махсус фармон имзолаган эди. Саҳобалар ғазотга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир оғиз даъватлари билан ёппасига қурол кўтариб, барча харажатларни ёнларидан қилиб чиқишарди. Аммо бу урушларга Рум босқинлари мажбурлаган эди. Аббосийлар ичида Ҳорун ар-Рашид салтанатни чўққига олиб чиққан эди, аслида. Шарқу Ғарб, Шимолу Жануб Ислом давлати шавкатини бир овоздан тан олган, Ер юзининг бирор нуқтасида мусулмонлар шаъни ҳақида ножоиз сўз айтиш мумкин бўлмаган, халифа осмондаги булутга қарата: “Эй булут! Қаерга бориб ёғсанг, ёғ! Барибир менинг мулкимга ёғасан!” – деб айтса-да, жиҳодларнинг тўхтаганига рози бўлмаганлар кўпчилик эди. Улар: “Ернинг ҳар қаричида “Ла илаҳа илаллоҳ” калимаси янграмагунча мусулмонларга қилични қинга солишлари мумкин эмас!” – дб гапириб юришарди. Халифа Рум подшоҳи Никофорнинг исёнига қарши қўшин тортиб борганида бутун уммат жўшиб кетди, юз минглаб ёшлар қуролланиб ғазотга ошиқдилар, Қустантанияда Ислом байроқлари ҳилпирайди деган ишончда эдилар, лекин Никофор тиз чўкди, жизъяни ортиғи билан келтириб халифанинг оёқлари остига тўкди, ҳатто йиғлади: “Эй шонли Ислом халифаси! – деди хотинлардек ҳиқиллаб. – Сизнинг динингизда мажбурлаш йўқ. Насроний бўлиб қолишимизга изн бер. Истаган мусулмон учун чегараларимиз очиқ, шахсий хавфсизлигимиз учунгина қўшин сақлаймиз, ҳар бир насроний учун сизга солиқ тўлаймиз, истаган хизматингизни айтинг: қулдек ишлаймиз. Аммо Қустантанияни вайрон қилманг! Шайтон йўлдан урди бизни!..”
Никофор жуда айёр эди, у юз минглаб мужоҳиддан иборат Ислом лашкари Қустантанияни эгаллаб олишидан қўрқарди, аммо бу қўшинни ортга қайтса, яна бу лашкарни қайта йиғишга қанча вақт кетишини, ташкилий ишлар беҳад қийин кечишини биларди, гарчи Ҳорун ар-Рашид ғалаба билан Бағдодга кириб борса-да, Никофор ғалаба насронийларники бўлади деб ишонади. Чунки мусулмонларни безовта қилиш, уларнинг ҳаловатини ўғирлаш, унинг назарида, катта иш ва энг буюк иш Қустантанияни қўлда сақлаб қолмоқ эди.
У мақсадига эришди: халифа Никофордан жизъяни олди, унинг йиғлаганига кўнди, атрофда бир қанча амирларни қолдирди ва пойтахтга йўл олди.
Ҳақиқатан, халифа оиласи сиёсий муаммоларга овора бўлиб қолган. Бармакийларнинг салтанат ичида салтанат қургани кўпчиликка маъқул эмас эди. Алалоқибат, бармакийлар хиёнатда айбдор топилиб қатл қилинди. Бу халифа Ҳорун ар-Рашид давридаги йирик кўнгилсизликлардан бири бўлди.
Халифалик саройидаги шариатдан ташқари ишлардан олимлар, сўфийлар рози эмасдилар. Улар давлат ичида Исломга қарши кучлар ўрнашиб олаётганидан хавотирда эдилар. Гарчи аниқ далиллари бўлмаса-да, бошқарувга мунофиқлар аралашмагунча фитна уйғонмайди деб ишонадилар.
Бистомий Денгизнинг сарой қўшини таркибида ҳарбий тайёргарлик кўриш учун боргани ҳақида эшитди. Шомдан сўнг даргоҳга чақирди.
– Денгиз, мен Бистом шаҳрида туғилганман. Ҳажга бориш учунгина она шаҳримни тарк этаман, холос. Бағдодга эса умуман келиш ниятим бўлмаган, зотан, Роббим мен истаган кашфларнинг барчасини ўз шаҳримдан чиқмасимдан ризқ қилиб берди, – деб сўз бошлади. – Аммо тушимда менга Бағдод кўрсатилаверди. Пойтахтда эканимни жуда кўпчилик билмайди. Чунки мен ваъзлар қилмайман, насиҳатларим йўқ. Сукут ва зикрни лозим тутаман. Шогирдларим ҳам кам. Зотан, бу йўл оғир. Унинг юкини кўтариш машаққат. Сен нима учун мендан маслаҳат қилмай халифалик саройига борасан? Нима учун қўшинга кирмоқчисан?
Денгиз хижолатдан бош кўтара олмай қолди. “Хористонда жанг қилиш учун қўшин керак...” – деди ичида. Ҳатто бу ўй ҳам ғўлдираган товушда янгради.
1 214
– Бизлар абдоллармиз, – деди ул зот. – Ер юзида Аллоҳнинг йўлига кирган ҳар кимнинг ёрдамига шошамиз. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, унинг сулбидан одамларнинг барчасини чиқариб, “Мен Сизларнинг Роббингиз эмасманми?” – деб сўраганида барчамиз: “Албатта, Сен бизнинг Роббимизсан!” – деганмиз. Аллоҳ бизлардан руҳ ҳолимизда Ўзига итоат қилиш қасамини, мусулмонлик ваъдасини олди. Дунёнинг ҳаёти мангулик олдида бир неча лаҳзадир. Шу бир неча лаҳзалик ҳаётда ваъдамизга мувофиқ яшамоғимиз лозим. Роббимиз бизга лутф қилди, биз бу ҳақиқатни англадик. Жисм оламининг ўткинчилиги ва руҳ оламининг абадийлигини билдик. Жисм биз руҳларга кийдирилган либослар, холос. Агар бу либосни пок ҳолда сақлаб дунё ҳаётидан яшаб ўта олсайдик, Роббимизга берган ваъдамизга хиёнат қилмаган бўлардик. Аллоҳ кимни муносиб билса, унга қурбат мақомини беради ва уни жисм оламидан руҳ оламига лутф қилиб ўтказади. Биз шулар сафига кирдик. Роббимизнинг изни билан Унга талпинган бандалар ҳақига дуо қиламиз, уларга Аллоҳнинг мададини сўраб берамиз. Биздан ихлос ила дуо сўраганларга дуолар қиламиз. Бу мухлис бандаларнинг насибаси. Ҳаммамиз Роббимизнинг қулимиз. Ҳаммамиз Унинг лутфига кўз тутамиз. Унинг қайтариқларидан қайтамиз. Амрларига итоат қиламиз. Денгиз сен Хористон халқини Роббимизнинг ҳидояти томон даъват этмоғинг керак. Ҳуррият, Аллоҳнинг дини бўлмаса, асло бўлмас! Сўнг қул эканларини ҳам идрок эта олмайдиган у халқни ҳурриятга бошла. Биз ҳамиша Сен учун Аллоҳдан мадад сўраймиз. Ўз ишингда собит туришинг учун сени меҳмон қилмоқдамиз. Сен билан суҳбат қурмоқдамиз. Шуни ёдда тут. Дарвоқе, мени таниб ол: Зуннуни Мисрий деб атайдилар. Булар эса менинг дўстларимдир. Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган, аммо ул зоти шариф алайҳис салоту вас саломнинг силсиласига боғланмоқ умидидаги ҳалқалармиз, иншааАллоҳ. Сенга Аллоҳнинг изни билан ошкораю пинҳона мадад йўллаб тургаймиз. Роббимиз Ўзи истаган бандаларига нусрат ва ғалабалар ёғдириб қўяди. Умид қиламизки, Сен ўша бандалар сафида бўлажаксан!
Денгиз бу нуроний зотлар суҳбати ва илтифотидан шодлик ва бахтиёрлик туйди, айни пайтда, нақадар ҳақир ва хор ҳолатидан уни шундай улуғлар жирғасига келтирган Аллоҳга ҳамд айтди.
Суҳбатдан сўнг бир лаҳзада ҳужрага қайтдилар. Барча истироҳатда эди. Ҳазрат сассиз ва садосиз ҳолда чиқди.
1 214
– Доимий зикр ва нафл ибодатлар номи вирд дейилади. Нофилалар доимий бўлмаса, вирдга айланмайди, – деди ҳазрат ниҳоят. – Вирдда бардавом бўлиш бор, унда ихлос ва эҳтимом билан собит туриш бор. Инсон ақли, қалби, нафси ва руҳини мутлақо ибодатга бўйсундирганда у кашф эшикларига яқинлашади. Бу онда Унга Аллоҳ таоло Ўзининг жалол сифатини тажаллий қилади. Жалолият қошида банда сен каби ҳолга тушади. Роббимизнинг жалолияти тажаллийсини инсон кўтариши беҳад маҳол. Устозсиз бу йўлга кирганлар ана шу тажаллий чоғида ҳалок ҳам бўладилар. Бу аслида буюк муждадир. Одам ўзидаги ҳолни англаши унинг учун фойдали. Билки, бугун сенга Аллоҳ жалол сифатидан бир зарра кўрсатди. Уни ақлинг, нафсинг ёки кўзларинг эмас, қалбинг туйди. Руҳинг қабул қилди. Жисминг соғу саломат, аммо қалбинг Роббимизнинг жалоли қаршисида эриб кетгудек ҳолга келди. Бу онда устозларнинг вазифаси ёрдамга етиб келмоқдир. Айрим ҳолларда инсонлар алданадилар. Устозгина бу тажаллий Аллоҳдан эканлигини билади. Бу йўлни босиб ўтган Устоз! Сен асло хавотир олма, Роббимизга бу неъмати учун ҳамд айт! Хаёлингни бир жойга йиғ, хотирингни жам қил! Вирдлардан тўхтама! Агар тўғри ният билан қалбингни холис сақлаб Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолда давом этсанг, ҳайратларга шўнғийсан. Сўнг ҳеч нарсага эҳтиёж сезмай қоласан, бунинг номини истиғно деб атайдилар. Ва сенга сен қилишинг шарт бўлган ишлар китоб ўқитилгандек ўқитилади. Сен яқиний мақомга кўтариласан. Ва Аллоҳ нимани истаса, шу бўлаверади. Гоҳо шогирдлар мақоми устоздан ҳам кўтарилиб кетади. Устоз бу онда шогирднинг ортидан эргашади. Кимки ўзидан ўзган шогирд етиштира олса, бу унга Ҳақ таоло ато этган буюк кароматлардан бири бўлади.
Денгизнинг ақли тиниқлашди. Ҳазратнинг сўзларини қалбига нақшлади.
Ҳақиқатан, Рамазоннинг кейинги кунларида қалбидаги титроқлар кўпайди, ҳузур ва латофат уни эгаллаб келаверди. Бир он ҳам Аллоҳ зикридан айрилишни истамасди.
Қуръон ўқиётганда гўё самоларга кўтарилар, кўтарилган жойларини эса аввал кўргандек эди. Ҳа, у аввал ҳам мақомларга чиққан, лекин англамсиз равишда жазба билан чиққан эди. Энди эса у солик эди, сулук зиналаридан кўтарилмоқда эди. Бу мустаҳкам кўтарилиш эди.
Қадр кечасида таровеҳнинг ўн олтинчи ракати ўқилгач, Бистомий ҳазратлари Денгизни чақирди. Денгиз биринчи сафда, меҳробга жуда яқин жойда эди. Қаердандир: “Денгиз, бери кел!” – деган нидо уни йўқлади. Тасбиҳ айтиларкан, у тезда хонақоҳдан чиқди ва ўз ҳужрасига борди. Ҳужрада Бистомий ҳазратлари ўтирган эди.
– Ўн еттинчи ракатни бошқа жойда ўқиймиз, – деди ҳазрат. Денгизнинг қўлидан ушлади. Худди ота гўдак фарзанднинг қўлидан ушлагани каби. Сўнг эшикка қараб юрди. Эшикдан ташқари чиқдилар, аммо Бағдод жомесининг ҳовлисига эмас, бошқа бир ёруғ саҳнга чиқдилар. Бу баланд гумбазнинг таги эди. Ўнг томонда оппоқ баланд меҳроб, бу жойни оппоқ либосли, юзлари офтоб каби порлаган инсонлар тўлдирибди. Улар Бистомий ва Денгизни кўриб ўринларидан турдилар. Бистомий ҳазратлари Денгизни етаклаган кўйи уларнинг ичидан ўтди. Барча қўлини кўксига кўйиб ҳурмат кўрсатди. Меҳробга келдилар. Имом навбатдаги ракатга такбири таҳрима билан қулоқ қоқди.
Таровеҳ тугади. Жамоат тарқади.
Хонақоҳда бир неча ўн киши қолди. Улар ҳалқа бўлиб ўтирдилар. Бистомий ҳамд ва саловат билан сўз бошлади:
– Бу Денгиз, – деди. Давранинг улуғи бош ирғаб қўйди ва Денгизни ёнига чақирди. Денгиз борди ва унинг қўлини ўпди.
1 214
Зуҳодан сўнг салом билан намоздан чиққач, Денгизни ҳам уйқу элтди. Муаззиннинг пешинга айтган азони уни уйғотди. Пешиндан сўнг ҳам бироз мизғиб олди. Асрдан намозидан сўнг зикр билан машғул бўлди. Шом азонидан сўнг хурмо билан ифторлик қилинди. Одамлар масжид кўчаларини ғала-ғовур билан тўлдирди. Намоз бошлангач, олам сув қуйгандек тинчиди. Фақат Фотиҳа ва зам сура саслари қандил ва гумбазлар ичра кезмоқда эди.
Денгизнинг эътикофи бошланди. У бутун Рамазон эътикофга ният қилди.
Унинг бутун ойдаги кунлари шу тариқа ўтди. Ҳар куни Қуръонни бир марта тўлиқ хатм қилди.
Биринчи кун чўзилган таровеҳ иккинчи кун бироз қисқа бўлди. Таровеҳдан сўнг бироз ухлаб тургач, таҳажжуд ўқиди. Таҳажжуддан сўнг битта хурмо ва бир қултум сув билан оғиз ёпди...
Рамазоннинг биринчи ўн куни тугаши билан Денгиз Аллоҳнинг иноятини сезди. Аср намозидан кейинги зикр, шом намози, сўнг олти ракатлик аввобийн, жамоат билан хуфтон ва таровеҳ, уйқу, сўнг таҳажжуд, таҳажжудда бир пора Қуръонни ёддан ўқиш, саҳарлик, яна Қуръон тиловати, бомдод, яна зикр, шуруқ, Қуръон, зуҳо, уйқу, пешин, сўнг яна қайлула, тўрт ракатлик мандуб суннат, аср намози, Қуръон ва зикр, яна шом намози – шу тариқа кечаётган кун унинг учун кашфлар эшикларини очиб бермоқда эди. Айниқса, ҳар бир оят замиридаги маънодан қалби титроққа тушди.
Рамазоннинг илк ўн куни сўнгида таҳажжудга уйғонган Денгиз бутун вужудини эгаллаган титроқдан ерга йиқилди. Ғужанак бўлиб қолди. У шу қадар чуқур қўрқув ичида эдики, сабабини идрок қилишга ожиз эди. Ҳали бирор марта бу каби қўрқувни у туймаган эди. Аслида, бу қўрқувми, ҳадикми, даҳшатми, ваҳшатми – қандай номлаш лозим? Йўқ, у билмасди.
Юраги кўкрак қафасидан чиқиб кетгудек тепди. Бу тепишдан тўхтамади. Кўзларини очишга мадори етмасди.
“Ёрдам... Ёрдам беринг!..” – дерди у пичирлаб чап кўксини чангаллаган кўйи. Гўё ча кўкси ичига жуда майда бир нарса санчилган, эҳтимол, ўша майда нарса думалоқдир, тинимсиз визиллаб юрагини тешиб чиқмоқчи ҳам, эҳтимол.
“Аллоҳим... Аллоҳим...” – Денгиз қора терга ботди. У ҳужрасига киргани учун ёлғиз эди. Ҳолидан хабар оладиган бирор одам йўқ эди ҳозир. Вужуди ўзига итоат қилмасди.
“Ҳазратим... – деди беихтиёр Бистомийни кўз олдига келтириб. – Ўлиб қоламан!.. Ўлиб қоламан! Ўлишни истамайман!.. Менга ёрдам беринг! Ҳазратим!”
Шу пайт бирдан ҳужра эшиги очилди. Шу қадар шиддат билан очилдики, ҳужра қандили ва токчаларида ёниб турган шам оловлари ўчиб қолгудек бўлиб эгилди. Ичкарига ридосини боши билан бирга ўраган, бутун вужудидан ҳайбат ёғилиб Боязид Бистомий ҳазратлари кириб келди. Буни Денгиз дарров пайқади. Лекин келган инсонни туриб кутиб олишга заиф эди.
Бистомий ҳазратлари Денгизнинг ёнига тиз чўкиб ўтирди. Унинг бошига кафтини кўйди.
– Аллоҳим, Сен Зул Жалолу вал Икромсан! Сен ал-Қаҳҳорсан! Сен ал-Қобизсан! Сен ар-Раҳмонсан! Сен ар-Раҳиймсан! Сен ас-Саломсан! Бандангга раҳм қил! Ё Роббим, Сенинг раҳматинг ғазабингдан устундир! Бизларга раҳм қил! Қулларингга раҳм қил! – деди овоз чиқариб, сўнг пичирлаб яна дуолар ўқишда давом этди.
Бир муддат ўтди ва Денгиз ўзини қуршаб олган қўрқув чекинганлигини сезди. Кўзини очди. Уни чангалига олган ҳиссиёт ё шамолда қолган тутундек тарқалди, ё вужудига қақроқ ерга сингигани каби сингиб кетди.
Бистомий ҳазратларини кўрдию сапчиб ўрнидан турди ва ҳазратнинг қўлини ўпиб, тик оёқда қўл қовуштирди. Аммо ҳали уни қўрқув юки тўла тарк этмагани учун кузда бир ўзи шохда қолган сариқ япроқ каби қалтираётган эди.
– Ўтир, болам, – деди ҳазрат. Денгиз тиз чўккан кўйи ўтирди. Бистомий ҳазратлари бир муддат жим қолди. Кўзларини юмди. Ҳужрада фақат Денгизнинг энтикиб олган нафаси эшитилмоқда эди.
1 214
Денгиз Исломнинг беш рукнидан бири ҳаж эканини ўргангани учун қалбида Макка зиёратига бориш истаги оловлана бошлаган эди.
– Бугун ражаб ойининг ўн еттинчиси, сўнг шаъбон ва рамазон келади. Рамазондан кейин шаввол ва зулқаъда. Зулҳижжа эса ҳаж ойи. Ўнинчи зулҳижжада Арафотда бўлишинг керак. Ҳозирдан тайёргарлик кўр. Ҳамроҳлар изла. Карвонсаройларда ҳаж карвонлари тузилади, уларни топ. Бағдоддан Ҳижозга қадар узоқ эмас...
Рамазон Денгиз учун кашф бўлди. Бутун Бағдодни байрам руҳи қамраб олди: одамлар шодон эдилар. Бутун дунёдан мусулмонлар пойтахтга оқиб келди. Чунки бу ой Қуръон ойи. Ибрат ва насиҳатлар ойи. Шайхлар, зоҳидлар, орифлар, воизлар, қурролар... мусулмонларнинг барча йўлбошчилари муборак ой боис жамланмоқдалар. Улар бу ойда умматга насиҳат ва илм тарқатишда ҳар қачонгидан кўра ғайрат қиладилар. Закотчилар закотлар йиғадилар. Камбағалларнинг кулбаларига ёруғлик киради. Ғариб дилларга қувонч инади. Ислом давлатининг ҳар бир қарич ерида тунлари чироқлари порлайди. Кечалар кундузларга эврилади гўё.
Денгиз ҳазратнинг маслаҳати ва кўмаги билан Бағдод жомесининг бир ҳужрасига жойлашди.
Шаъбоннинг сўнгги куни асрдан сўнг Бағдод ташқарисида бир гуруҳ олим, мударрислар, мадраса ва масжид томлари, мезаналарда яна юзларча кишиларнинг кўзлари кунботарга қадалди. Агар бу оқшом осмонда янги ой – ҳилол кўринмаса, демак, субҳда саҳарлик учун уйғониш йўқ, зотан, Шаъбон ойи тугамаган ҳисобланади.
Қалблар Рамазонни соғинган, кўзлар унинг йўлига интиқ.
Бу сафар Рамазон айни кўкламнинг сўнгги ойига тўғри келмоқда. Баҳорнинг илиқ нафаси, яшил қирларнинг ҳавоси, лолақизғалдоқлар алвони, булбуллар сайроғи, насимлар елиши – мусулмонлар қалбида ибодатга бўлган рағбатни, жамоат бўлиб намозда Қуръон хатм қилмоққа бўлган истакни оловлантириб юборди.
Қуёш зарғалдоқ уфққа бош қўйгач, таранг тортиган камоннинг ёйи каби ҳилол кўринди. У нозлангандек истиғно билан бир муддат пайдо бўлди ва сўнг яна қаергадир яширинди. Буни унга муштоқ бўлганларнинг ҳаммаси кўрди. Бу Рамазон ойи эди. Қувончдан кишиларнинг: “Аллоҳу акбар!”, “Алҳамдулиллаҳ!” – деган саслари самоларга юксалди. Мўминлар Рамазон билан бир-бирларини қутлаб масжидга кирдилар. Муаззинларнинг шом намози учун одамларни чорлаб айтган азони Бағдод ва унинг атрофидаги қир-адирлар бўйлаб таралди.
Масжидларга келаётганлар ҳар кунгидан кўпроқ севинчга тўла эди. Хуфтондан сўнг имомлар ваъз бошладилар. Улар Рамазони шарифнинг фазилатидан сўз очдилар. Қуръон нузули, бу ойнинг шукуҳи, бу ойдаги ғазотлар, мусулмонлар учун бу ой ва унинг рўзаси нақадар улкан неъматлиги айтилди.
– Бизлар рўза тутмоқ дея тийилмоқни биламиз, – деди имом. – Тийилмоқ жимо, таом ва сувдангина эмас, балки ёмон сўзлар айтмоқдан, ёмон сўзлар тингламоқдан, ҳатто қалбга нохуш ўйларни келтирмоқдан тийилмоқдир. Аллоҳ учун бутун вужудимиз, нафсимиз, кўз ва қулоқларимиз, тилимиз ва дилимиз ҳам рўза тутсинки, бу билан Роббимиз қурбатига яқинлашсак, шояд!
Қорилар дуо билан Қуръон хатмига киришдилар. Ярим тундан ошиб кетди. Субҳ яқинлашди. Тиловатлар тўхтади. Дастурхонлар ёзилди. Хурмо, нон, сув тортилди. Ҳамма сувдан ҳўплади, нондан бир бурда олишди, хурмодан оғизларига солишди. Қуръон тиловати руҳларни нурга чўмдирганди.
Шафақ кўкимтир-оқимтир тусга кириб, содиқ субҳдан хабар берди. Муаззинлар саси осмонларни тўлдириб юборди. Фажр намози ажиб хушнудлик ила адо этилди.
Денгиз умрида туймаган роҳат ва фароғатни туйди.
Қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлди. Қуёш чиққач, бироз ўтиб, шуруқ намозини ўқиди. Намоздан сўнг Қуръон ўқиди. Офтоб яна ҳам кўтарилиб, атроф-жавонибни қиздира бошлагач, зуҳо учун ўрнидан турди.
Кўпчилик масжид хонақоҳида ухлар эди. Нимқоронғу хонақоҳ инсон руҳини моддий оламдан узиб олиб, руҳоният дунёсига етаклайди.
