Неъмат Аминовнинг раислари, “катта одам”лари шу қадар кўп эдики, баъзида уларни адаштириб ҳам юборардик. Бир қарасанг, у ёш ва керагидан ошиқ даражада ғайратли бўлади. Яна бир қарасанг, раис етмишларни қоралаган кекса одамга айланади. Мункиллаган чолга айланади-ю, Бухоро радиосининг кимдир эски бойдан қолган кўрдеворли, чорбурчак мусулмони ғишт тўшалган ҳовлисида, намозшомгул ва гултожихўроз экилган бир парча ерда донлаб юрган чумчуқларга узоқ тикилиб қолади. Кейин секин овоз беради:
– Ўртоқ Аминў-ўф, бу тараф келинг…
Ўртоқ Аминўф, яъники Бухоро радиоси бош муҳаррири Неъмат Аминов раисга яқинроқ боради:
– Чақирдингизми, домлажон?
– Қаранг, ўртоқ Аминўф, – дея уҳ тортади раис. – Прастой чумчуқ… чиқаду – тушаду, чиқаду – тушаду… бир минутга қирк марта чиқаду-тушаду… бизга бир ойга бир марта йўқ…
– Тузоқ қўйсак-чи, домлажон? – деб сўрайди Неъмат Аминов ичидан тошиб чиқаётган кулгини зўрға босиб. – Чумчуқ гўшти даво дейишади…
– Фойда не, – дейди раис файласуфона сўлиш олиб, – одамизод шу аст, ўртоқ Аминўф, аввал у ёқи ўладу, баъдаз бу ёқи ўладу… баъдаз ўзи ўладу…
Неъмат ака кекса раиснинг қартайган овозини ҳам, лаҳжасини ҳам роса ўхшатиб кўрсатарди. Биз Бухорои шарифда шундай одам борлигига ишонардик, лекин, бари бир, бу одамнинг вилоят радиосига раислик қилгани эриш бўлиб туюларди.
– Лекин ёмон раис эмасди, укажон, – деб куларди Неъмат ака.
– Тилни билармиди ўзи?
– Энди, раис тилни билиши шарт эмас-да, укажон, кейин бу радио бўлса, мухбирлар ёзганини эшитса бўлди-да…
– Эшитармиди, ишқилиб?..
– Йўқ, укажон, эшитмасди… Бизга ишонарди. Биз ишлардик, у киши раислик қиларди.
Неъмат аканинг бошқа ҳикоясида раис бирдан ёшариб қоларди.
Недир байрам куни. Раис ўзининг хонасида зерикиб ўтирибди. Ижодкор ходимлар уй-уйида, ишхонада турли хабарлар ва концертлар ёзиб қўйилган тайёр тасмаларни айлантириб турадиган техник ходимлар қолган, холос.
Тушга яқин обкомдан “ваҳий” келадики, палон колхоздаги Эшматов бошлиқ бригада вилоятда биринчи бўлиб пахта планини бажарибди, Эшматов дегани ҳам бригадир, ҳам механизатор, унга мухбир юборинг, зудлик билан ёзиб келиб, аҳли Бухорони янги меҳнат зафаридан огоҳ этсин.
Раис оғир аҳволда тушиб қолади. Ўзи эплаб ёзолмайди. Бирорта журналистни уйидан чақириб олай деса вақт кетади. Обком топшириғи – кўп қалтис масала, вақтида бажармасанг мансабдан учиб кетасан. Ноиложликдан унинг ўзи, мухбирхонада қалашиб ётган “Репортёр” русумли магнитофонлардан бирини Васянинг елкасига илиб, илғор бригадир яшайдиган колхозга зудлик билан жўнайди. Бориб кўрсаки, иш жуда қизғин – асфальт ётқизилган кенг майдонда уч-тўрт киши, қўлларида паншаха, нам пахтани у ёну бу ёнга ағдариб қуритяпти, пахта терадиган икки-уч мошина ҳам шийпон ёнида далага чиқишга шай бўлиб турибди.
– Ўрт-тоқ биргадир! Ўрт-тоқ Тошматов! – дея овоз беради раис.
Мошиналар атрофида куймаланиб юрган одамлардан бири келади, салом беради. Раис гапни чўзиб ўтирмасдан, унинг бурнига микрофон тутади. Сўнг Васяга имо қилади. Вася магнитофон мурватини бурайди.
– Сиз, ўрт-тоқ Тошматов, бу хўжалик йилига нечча тонна пахта тердинг? – деб сўрайди раис. Жумлани “сиз”дан бошлаб, “сен”да тугатганини сезмайди ҳам.
– Ман – Эшматов… – дейди бригадир ўнғайсизланиб.
– Хай, майли, ўрт-тоқ Эшматов… сиз бу хўжалик йилига неча тонна пахта тердинг?
– Сиз – мухбирме? – деб сўрайди бригадир.
– Мухбир, мухбир… – дейди раис бетоқат бўлиб, сўнг, тағин бу кўргиликларни бошқаларга сотиб юрмасин, деган ўй билан шопирига ўқрайиб қарайди. Куйган калладай тиржайиб турган Вася дарров лаб-лунжини йиғиштириб олади. – Хўш, ўрт-тоқ Тошматов, сиз бу хўжалик йилига…
– Ман – Эшматов… Исмим – Хайрулло, – деб эслатади бригадир.
– Эшматов, Эшматов… Сиз бу хўжалик йилида нечча тонна пахта териб бердинг?
– Ман, Эшматов Хайрулло, бу хўжалик йилида эллик тонна пахта териб бердим…
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 3-сон