#ишқ_ва_ишқсизлик.
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
(80-қисм)
🍃
Мен севгини тилла тишга ўхшатаман...
Одатда одамлар соф тилла тиш қўйдирдим, деб мақтанади. Бу ёлғон. Соф тилланинг ўзи тиш бўла олмайди. Чунки жуда юмшоқ... тишликка ярамайди. Лекин стоматологлар тиллага бошқа унсурларни ҳам қўшиб тиш ясашади, мана шу нарса росмана тилла тиш дейилади. Севгида ҳам шундай: унинг ёнида ўзаро ҳурмат, шафқат, ҳаё, андиша каби унсурлар бўлмас экан, бу севги ҳеч нарсага ярамайди ва у росмана севги эмас.
Луқмон Бўрихон
🍃Зайтуна 🍃
07 май 2001 йил.
Жума куни раҳбариятдан бир кунга руҳсат сўрадим, Фарида опа озроқ далолат қилгач, Илҳом Валиевичнинг ўзлари руҳсат бердилар. Шу куниёқ Дилдорларникига кетдим. Борсам, Баҳрия холам бир уй хотин-халажни меҳмон қилаётган экан. Дилдорни-ку ҳар томонга тортқилашяпти, бечорагинани бир ҳовлида кўрсам, бир таванхонада кўраман. Амирчик ўзи тенги болакайлар билан ўйнаб юрибди.
Кийимларимни алмаштирдим-у, дугонамнинг ёнига ошиқдим. Каромат опа деган эски ҳизматчилари бор, тилли жағликкина, шулар қўлимга бир патнис варақи сомса бериб, Баҳрия холам ўтирган катта залга киритиб юбордилар. Кирсам, ҳамма ижикилаб, холамдан мени кимлигимни суриштира бошлади. Тўрда ўтирган оқ қашқар товор кўйлакли онахонга икки марта кўзим тушди. Жилмайиб, ҳар бир харакатимни кузатиб ўтирган эканлар. Ёнларига сомса олиб ўтсам, чойнак томонни кўрсатиб, "аччиқроқ тўқсон беш чой дамлаб келинг, онам!" деб қолдилар. "Хўп" деб қўлим олти, оёғим етти бўлиб, чойнак кўтарганча яна пастга жўнадим.
Дилдор катта одам бўйи бўлиб кетган магнолиялар ёнида ким биландир суратга тушаётган экан, "ҳай-ҳай" лаб мени ёнига чақирди. Қўлимдаги иссиқ чойнакни қаерга қўйишни билмай, бироз туриб қолдим.
-Шошма, шуни шундоққина меҳмонлар ёнига ташлаб, яна қайтиб тушаман- дедим-у ўзим ҳозиргина аччиқ қилиб дамлаган чойни кўтариб, тепага шошдим. Чойнакни тўғри ўша холанинг ёнига кўтариб борибман. Тагига тарелка бериб, яна ортимга қайтдим. Эшик ёнига бориб ўгирилсам, уларга кимдир "келинг, опа мен қуйиб бераман!" деб турган экан. Манзиратни билмаганимга энди ўзимдан ҳижолат тортдим.
Мен ёнига боришимга Дилдор кетиб қолган суратчини яна чақиртириб келди. Икки-уч қайта қучоқлашиб суратга тушдик.
Сал нарида Даврон аканинг ўртоғи Иззат ака бизни кузатиб турган эканлар, Дилдор шошганча унинг ёнига кетди. Мен яна таванхонага қайтдим. Бу сафар қўлимга бир патнис аччиқ-чучук беришди. Кўтариб, яна катта меҳмонхонага жўнадим. Сомсанинг иси тутгани учун ҳаво тозалагани тепадаги винтельяторни ишлатиб қўйишибди, кирсам, ҳамма елпиниб ўтирибди. Бу сафар Баҳрия холам мени патнисим бўшашига ёнларига чақирдилар. Яна бояги онахон ўтирган ерга ҳайрон бўлганча бордим.
-Зайтуна, Дилдор қаерда? Нима қиляпти?
Оҳирги марта пастда Иззат ака билан кўрганимни айтдим. Бояги чой сўратган онахон гапимни дарров оғзимдан илиб олдилар:
-Ҳали, Иззат шу ердами? Машинаси ўзидамикан? Онам, "бир онангизга учраб қўйинг" деб қўёлмайсизми? Баҳриябону, сал олдинроқ турадиган бўлиб қолдим, ҳафа бўлмайсизми?
Баҳрия холам ҳам "вой, унақа деманг, ўзим хижолат тортиб қолдим!" деб узрларини айтдилар. Сўнгра ҳали у ердан узоқлашмасимдан туриб, мени четга тортдилар.
-Иззатни танийсан-а? Секин бориб айтгин, тепага чиқиб турсин. Мен опамни қўлтиқларига кириб, меҳмонлар туриб кетмасдан олиб чиқиб, қўлига топшираман, қон босимлари сал ошиб кетиб қийналяптилар...
"Хўп!" деб ташқарига шошдим, демак бу аёл Иззат аканинг оналари экан-да.
Пастга тушсам, ўғиллари ҳеч қаерда йўқ, Дилдор эса "у бирровга Даврон айтган нарсани олиб кетишга келганди, топиб беришим билан кетди" деб турибди. Оббо энди нима қилдим!
Кўзимга шу атрофда нимадир ҳизмат билан ўралашиб юрган Отабек бир кўрингандек бўлди. Шошиб, кўча томонга чиқдим. У ҳам энди машинасига ўтираётган экан. Ёнига бордим.
-Бир холанинг мазаси қочиб қоляпти, уйларига олиб бориб қўйиш керак!
(Давоми бор)