G'iyosiddin Yusuf
Open in Telegram
Yozuvchi, farzand tarbiyasi bo‘yicha so‘z yurituvchi, noshir Yordamchim: @Kaatib Hamkorimiz: @Bilolschool Ijtimoiy tarmoqlar: https://mssg.me/giyosiddinyusuf
Show more9 044
Subscribers
-824 hours
-217 days
-10130 days
Posts Archive
9 044
2026 йил 7 сентябрь кунги халқаро ҳисоботларга кўра, китобхонлар орасида аудиокитоблар ва электрон форматларнинг оммалашиши анъанавий мутолаа ҳажмини камайтирмаяпти, аксинча илгари кам ўқиган қатламни фаол китобхонга айлантирмоқда.
Манба: Publishing Perspectives — Around the Book World: September 7, 2026.
#янгилик
@GiyosiddinYusuf
9 044
Фарзанд тарбияси шунчаки жисмоний эҳтиёжларни қондириш, қоринни тўйдириш ёки устини бут қилишдан иборат эмас. Бу сабр ва меҳнат талаб қиладиган жараёндир. Кўпинча «болам соғ бўлсин, оч қолмасин» деган моддий қайғу билан ҳалак бўламиз-у, аммо унинг руҳий оламидаги эврилишлар, қалб гўзаллиги ва дунёқарашининг шаклланиши учун етарлича заҳмат чекяпмизми деб ўзимизни тафтиш қилмаймиз. Фарзандингиз сизнинг ҳаёт саҳифасига қолдираётган энг салмоқли ва ўчмас имзоингиздир. Машҳур ёзувчи Виктор Гюгонинг «Келажак болалар қўлида эмас, балки уларни тарбиялаётганларнинг қўлидадир» деган теран фикрида улкан ҳақиқат яширин. Бугун сиз ўша келажакни ўз меҳрингиз ва тафаккурингиз билан шакллантиряпсиз. Сизнинг вазминлик билан айтган ҳар бир сўзингиз, чексиз сабрингиз ва ҳатто ўша уйқусиз ўтган машаққатли тунларингиз фарзандингизнинг шахсияти пойдеворига қўйилаётган мустаҳкам ғиштлардир.Ғиёсиддин Юсуфнинг «Тарбиячи она» китобидан #иқтибос #тарбия @GiyosiddinYusuf
9 044
Repost from Muhammad Temur A’zam
Бир синглимизда ўнг қулоқ олдидаги сўлак безида 22×19 мм ҳажмда ҳосила (ўсимтасимон нарса) аниқланган. Ҳозирда операция ва керакли тиббий текширувлар учун моддий ёрдамга муҳтож.
Имкони борлардан беморга моддий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз. Бир неча кишининг кичик ёрдами ҳам катта кўмак бўлиши мумкин.
Ёрдам бермоқчи бўлганлар учун:
💳 Карталар бемор Хамдамбаева Гулшода номида.
5614 6816 2746 0839
5614 6816 2123 2275
Постни тарқатиш орқали бўлса ҳам ушбу хайрияга ҳисса қўшинг.
9 044
Ёмон феълларимдан биттаси: фақат жума табриги йўллаш ёки маълумот улашиш учун мени эслайдиган кишини блоклаб қўйишим мумкин. Зуҳриддиннинг бошига тушган. 😁
Сабаби шуни деб дииқатим бўлиниши, вақт йўқотишни истамайман.
#Камина_ҳақида
@GiyosiddinYusuf
9 044
🧷🧷🧷
Оталар, қизингизни меҳр-муҳаббатингиз билан ўраб олинг. Йўқса, у меҳрибон ва назокатли аёл бўлиб улғайиши қийин.#Иқтибос @GiyosiddinYusuf
9 044
🧷🧷🧷
Оталар, қизингизни меҳр-муҳаббатингиз билан ўраб олинг. Йўқса, у меҳрибон ва назокатли аёл бўлиб улғайиши қийин.#Иқтибос @GiyosiddinYusuf
9 044
Ўша вақтда бу сўз мен учун оддий болаларча талаффуз эди. Лекин вақт исботладики, жичча... бу сўз мен учун тақдирнинг яширин шакли бўлиб қолди.
Уйимиз ва қалбимиз ҳувиллаб қолганди. Вақт эса ўз ишини қилди. Ойлар ва кунлар ўтди. Қалбимиздаги яра бутунлай битмаган бўлса-да, Аллоҳ бизга яна қувонч ато этди. Аёлим ҳомиладор, ҳаш-паш дегунча туғруқ вақти ҳам етиб келди. Тонгда аёлимнинг кўзи ёриди. Туғруқ залига чақиришди. Кириб бориб ўғлимни бағримга олдим. Машааллоҳ, Аллоҳим, қудратинг чексизлигига шак-шубҳамиз йўқ. Мен сувдан жасадини топиб олган вақтдаги Имронбекнинг пешонасидаги кўкариш бу чақалоқнинг пешонасида, худди ўша жойида ва худди ўша шаклда турибди. Аллоҳ уни қайтарди... Мен қандай ҳолда йўқотган бўлсам, Аллоҳ уни менга шундай белгилар билан шу ҳолда қайтаргандек ҳис қилдим.
Ва бир ҳақиқатни англадим: инсон ҳаётида йўқотишлар ҳам, неъматлар ҳам бор. Бу тақдирнинг оғир синови сабрни ўргатган бўлса, янги ҳаёт шукроналикни ўргатди. Ҳар бир куним учун Аллоҳга шукр қиламан.
Алҳамдулиллаҳ, ё Аллоҳим, ўзинг буюксан!
Суюнов Дилмурод Муминович
#Ҳикоя
@GiyosiddinYusuf
#Ҳикоя
@GiyosiddinYusuf
9 044
«Жичча»
Бу воқеалар менга ҳаётни ҳар лаҳзада қадрлашни ўргатди. Инсон баъзан қийинчиликлар орқали ўз кучини, иродасини англайди. Ва шу сабабли инсон қадри, ҳар синовдан сабоқ олишни ўргатди.
Ёз фаслининг иккинчи ойи ҳам кириб келди. Мактаб ўқувчиларига ёзги таътил бошланганига анча кун бўлганди. Мен ҳам меҳнат таътилига чиқдим-у, лекин аввалгидек қишлоққа боришга шошмаяпман. Болаларни кунда қистовларига қарамасдан, негадир қишлоққа боргим келмасди. Онам кунора қўнғироқ қилиб, мевалар пишиб етилгани ва бошқа сабабларни айтиб бизни тезроқ қишлоққа келишимизни тайинларди.
Ваниҳоят кунлардан бир кун буни хоҳламайгина қабул қилиб, қишлоққа боришга қарор қилдим. Лекин кўнглимда алланечук хавотир, ғашлик бор эди. Шунга қарамай, уйга қўнғироқ қилиб, «Қишлоққа кетамиз, тайёрланинглар», - дедим. Телефон гўшагидан фарзандларимнинг хурсандчилигидан қийқирган овозлари эшитилди. Уйга келганимда ҳамма хурсанд, фақатгина кенжатойнинг кайфияти йўқ, қовоғи солинган. Янги кийимлар кийганига қарамасдан чеҳраси маҳзун. Унинг кайфиятини кўтариш учун икки минг сўмлик пул узатдим. Уни олиб, камзулининг олдинги чўнтагига солиб қўйди.
Болажоним ҳали эндигина ўн тўққиз ойлик, соғлом ва тендошларига нисбатан бақувват, кенг елкали, билаклари йўғон, кафтлари кенг йигитча. У туғилгунга қадар иккита ўғил ва битта қиз фарзандни ўстирдик, лекин у туғилиши билан хонадонимиз ўзгача файзли бўлиб қолди. Ишдан уйга тезроқ бориш учун шошиламан, у билан кўпроқ ўйнаб ўтиргим келади, ҳатто онасидан қизғонаман. Баъзи кунлари онасининг бағрида ухлаб ётганида секин кўтариб олиб, бошқа хонага олиб чиқиб кетардим. Сезганингиздек, уни жуда яхши кўраман. У ҳам менга бошқача меҳр қўйган. Бир ярим ёш бўлишига қарамасдан, фақат «дада» дейишни билади. Кутилмаганда қалбимда уни йўқотиб қўйиш хавотири пайдо бўлди, ҳаловатим йўқолди. Ўзимча «хавф» деб ҳисоблаган сабабларни бартараф этган бўлдим.
Қишлоққа кетишимиз учун чақиртирилган машина етиб келди. Биз йўлга чиқдик. Олтмиш-етмиш чақиримли йўл босиб, қадрдон қишлоғимизнинг кўчасига бурилдик. Шунда кутилмаганда кенжатойнинг тилидан ширингина оҳангда янги сўз янгради: «жичча», «жичча», «жичча»! Унинг бу сўзидан ҳаммамиз кулиб юбордик, ваниҳоят «дада» сўзидан ташқари янги бир сўз айтилганди.
Қишлоққа етиб келдик. Ҳар доимгидек, бизни меҳр билан кутиб олишди. Ҳовлидаги сўрида чой ичиб, дийдорлашдик. Тунда негадир уйқум бўлмади, аранг тонгга яқин ухлаб қолибман: қисқа вақтли уйқуда туш кўрдим. Тушимда...
Чўчиб уйғондим. Хайрият, тушим экан!
Тонг отди. Бирин-кетин болалар уйғонишди. Ҳовли ўртасига солинган дастурхон атрофида ўтириб нонушта қилдик. Шу пайт жияним қўйларни ҳайдаб, далага отланди. Унинг ортидан бошқа болалар ҳам эргашди. Уларнинг ортидан Имронбек ҳам кичкина таёқ олиб, қўйларнинг ортидан қувиб кетди. Уни аранг тўхтатдим ва биргаликда уларнинг ортидан бордим. Анча бирга айланиб юрдик. Уни толиққанини сезиб, уйга олиб келдим.
Уйга келиб, ухлаб қолди. Тушдан кейин уйғонди ва ҳовлига чиқиб «дада, дада!» деб бақира бошлади. Югуриб олдига бордим. Иссиқдан бошлари терлаб кетган, қовоқлари шишган, лекин кайфияти жуда яхши эди. Уни кўтариб олиб, кийимларини ечиб, ялонғоч қилиб қўйдим, қорнидан ўпдим, у қиқирлаб кулди. Кейин ерга тушмоқчи бўлди, оёғига атрофи очиқ пойабзал кийдириб, қўйиб юбордим. У акаларининг олдига югуриб кетди.
Кун иссиқ бўлишига қарамасдан, онам тандирга нон ёпган экан. Барча болалар иссиқ нонга иштаҳа билан ёпишиб кетишди. Имронбекни онаси олди ва мен уйга дам олишга кирдим. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан аёлим кириб келди. Иссиқ нон олиб, «Еб олинг, маззали чиқипти», – деди. Мен унга хавотир билан «Қорижон қани?» – деб савол бердим. У «Ҳозир» деб ташқарига қайрилди. Шундан сўнг тез ортига қайтиб, «У йўқ!» деди. Тушимдаги воқеалар бошланган кўринади. Хавотирим янада ошди ва югуриб уйимиз олдидан оқиб ўтган ариққа чопдим. Ўзимдан ўзим додлашни бошладим. Ариқ бўйлаб бир неча бор бориб келдим, у йўқ...
Ваниҳоят, у ариқдан топилди, лекин жонсиз ҳолда... Уни қўлимга олиб қарадим, негадир кўзим кўрмаётганга ўхшарди. Пешона қисми бироз кўкарган, юзларига сомон бўлаклари ёпишган, танаси совуқ, оёқ кийимига лой ёпишган. Қўлларим билан оғзини очдим. Оғзида тишланган иссиқ нон бўлаги бор эди...
— Эй Худойим, ўғлимни қайтариб бер, ёлвораман, қайтариб бер! Мени бундай синама, ёлвораман, ё Аллоҳим! Сен буюксан, Аллоҳим, қайтариб бер?! Сенга осон-ку, сен «Бўл!» – десанг, бўлади-ку, ё Аллоҳим, қайтариб бер!!!
Бу илтижолар билан бир вақтнинг ўзида бирламчи тиббий ёрдамни бошладим. Оғзидан нон қолдиқларини чиқариб олиб, сунъий нафас бераман, галма-гал юрагини массаж қиламан, борган сари қувватим камайиб бормоқда. Орадан қанча вақт ўтди, билмадим, тез ёрдам машинасида етиб келган врачларнинг овози эшитилди. «Илтимос, акалар, менга бир миллилитр адреналин беринглар, илтимос, тезроқ!» – деб кўзимда ёш билан ёлвордим. Шунда улардан бири «Врачмисиз?» – деб савол берди ва мен «Ҳа, врачман, тезроқ беринг!» – дедим.
Қўлимга берилган шприцни унинг кўкрагига, аниқроғи юрагига санчдим. Мен учун жуда оғир вазият, онаси дори ичирса, бардошим етмасдан, бошқа хонага чиқиб кетадиган одам учун бу охирги нажот эди. Ўтказилган даво муолажалари самара бермади. Бармоқларим билан кўзларини очиб кўрдим. Унинг мунчоқдек кўзларининг қорачиқлари кенгайган, ҳаёт аломатлари йўқ эди. Уни қишлоққа кириб келганимизда айтган сўзлари эсимга тушди: «жичча», «жичча»! У нима демоқчи эди?! «Яна жичча умрим қолди», – демоқчимиди ёки «Яна жичча яшамоқчиман», – демоқчимиди, билмадим. Бу йўқотишни кўтариш учун ўзимда куч қидирардим, лекин топилмади. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Бўғзимдаги аччиқ заҳматни ютиб, онасига қарадим ва «Аллоҳ сабр берсин» дея олдим холос. «Аллоҳ сен билан мени фарзанд билан синади, синовни чиройли сабр билан қарши олайлик», – демоқчи бўлдим, лекин овозим чиқмади.
Энг севимли фарзандимнинг миттигина жағини оқ мато билан боғладим... У мени жуда яхши кўрганидан ўйлаб қолардим: «Бу кенжа фарзанд мен ўлсам, чидармикин, тобутимни кўтаришга бардоши етармикин», – деб. Лекин тақдирни қарангки, бугун мен унинг мурдаси устида ўтирибман... Бир неча кун аввал бирга ўйнаган эдик, унинг юзини ёпинчиқ билан ёпиб, «Қорижон қани?» деб ёлғондан қидирардим, шунда у бирдан юзидан ёпинчиқни очиб «Ажи-ажи» деб бақирарди ва биз бирга мириқиб кулишар эдик. Бугун эса унинг юзини яна мато билан ёпдим, лекин қанча чақирсам ҳам жавоб келмади. Жуда кўп чақирдим, додлаб чақирдим, йиғлаб чақирдим, мато остидан садо чиқмади........
Суд-тиббий экспертизаси ва ҳужжат ишларидан сўнг уни ювиб, кафанладим. Тириклигида ишдан келсам, кўйлагининг олдини кўтариб олиб, уни ечишимни тушунтирарди. Ечиб қўйсам, ваннада чўмилтиришимни талаб қилиб, қўлимдан тортарди. Ҳа, у мени чўмилтиришини яхши кўрарди. Ва мен ҳозир уни сўнгги бор чўмилтиряпман... Ундан ажиб ифор таралди. У эркалик қилиб қочиб кетса, уни ушлаб олиб, ўзим кийинтирардим. Ҳозир эса сўнгги бор кийим кийдирдим...
Жаноза намози ўқилди. Имом «Фарзандингиздан розимисиз?» – деб сўради. Ҳа, розиман, розиман, берган нон-тузимга, берган меҳримга ва оз вақт бўлса ҳам оталик қилганимга розиман...
Жанозадан сўнг қабристонга йўл олдик. Қишлоқ қабристони тепаликда жойлашган. Боламни кўтариб чиқиб боряпман, қадамларим оғирлашиб борарди. Укам ёнимга келди. Бироз кўтаришиб бормоқчи бўлди. «Йўқ», дедим, уни сўнгги дақиқаларгача қўлимда кўтариб, бағримга босиб боргим келди, ҳақиқатни қабул қилишни истамадим. Тепаликнинг юқорисига етиб борганимизда, бирдан боламнинг вазни кескин енгиллашди. Ажойиб! Бир неча бор қараб қўйдим. У қўлимда, лекин вазни сезилмас эди. Мен учун энг оғир дамлар бошланди. Отага фарзандини қабрга қўйишдан (сўнгги манзилга кузатишдан) оғирроқ мусибат йўқ экан. Уни тупроққа қўйиб, ўзим хандақдан юқорига чиқяпман. Кўзимни фарзандимдан узолмасдим. Ичимдан оғир бир хурсиниш ўтди. Оломон тезлик билан қабрга тупроқ тортишди. Бирпасда унинг жасади бир уюм тупроқ остида қолди. Мен эса қабр ёнида ўтириб, дўстим ўқиган «Мулк» сурасини тинглаб, ўғлим ҳаққига дуо қилдим....
Унинг борлиги уйимга нафас, сукунатимга овоз бағишларди. Унинг ҳар «дада» деган сўзи мени янгидан яратгандек бўлар эди. Кўп гапирмасди, янги ёд олган сўзи жичча... жичча.
9 044
Ҳар кун ўнлаб саволлар келади, илмим, вақтим етганча уларга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Ҳозир “Ечим” каналимизда 1100 та атрофида савол-жавоб йиғилди.
Ҳар гал кимнингдир муаммосига ечим берганда, унга тўғри йўлни кўрсатганда ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Кимнидир биз қилган хатолардан сақлаб қолиш ҳам хатоларимизга каффорат бўлишидан умидворман.
Шу кунларда “Ечим” лойиҳамизга боғлиқ иккита катта ўзгариш қилиш ҳаракатидамиз. Бу сизу бизга янада қулайлик келтирадиган ишлардир.
@GiyosiddinYusuf
9 044
Фарзандингизнинг устози билан ҳамкор бўлинг
Аввало уни мактабга бераётганда устози билан мулоқот қилиб, у кишидан қониқсангиз, кейин мактабга беринг. Агар болангиз биринчи синф бўлмаса, янги ўқув йили бошланишидан олдин устози билан кўришиб, суҳбатлашиб қўйинг.
Фарзандингизга унинг устозини ҳурмат қилишингиз билан ўрнак бўлинг. У киши ҳақида болангизга асло ёмон гап гапирманг.
Фарзандингизни устозга ишониб топширганингиздан кейин у кишининг ҳар бир ишига аралашаверманг: берган вазифасию қўйган баҳоси, койишига жавоб қилишга уринманг. Шу билан бирга, болангизга бутунлай беэътибор бўлиб, устозга ташлаб қўйманг.
Баъзида устози билан учрашиб, ўқишлари, ўзини тутиши, қизиқишлари ҳақида сўранг. Камчиликлари, оқсаган томонларини бирга тўлдиришга келишинг. Масалан, у қизиққан фанда илғор бўлиши учун бирга ишлашингиз мумкин.
#мактаб
@GiyosiddinYusuf
9 044
Яқинда фаол бўла бошлаган укаларимиз:
https://t.me/sardor_lifecoach
https://t.me/AkbaraliAbdulloh
Ўзим ҳам кузатаман.
9 044
Болаларга замонавий технологиялардан тўғри фойдаланишни ўргатадиган китоб.
#Тез_кунда
@GiyosiddinYusuf
9 044
Менимча, хусусий мактаблар тарбия ва китобхонлик масалаларига ўзига хос тарзда урғу бериш билан бир-биридан фарқ қилишга ҳаракат қиляпти. Энди фанларни аъло даражада ўқитиш, кўп йиллик тажрибага эга устозлар ишлаши ёки қайсидир фанга ихтисослашув деярли барча мактабларда бор.
Шу йилдан Бухоро шаҳрида фаолият бошлаган "Билол академия" номли мактаб ҳам тарбия ва китобхонлик масалаларига алоҳида урғу беришни ният қилган. Шунинг учун 2026–2027 ўқув йилида ҳамкорлик қилишни йўлга қўйдик. Хусусан, ҳар ой камина мактабга бориб, ота-оналар ҳамда ўқувчилар билан тарбия ва китобхонлик борасида суҳбатлар ўтказамиз, иншааллоҳ.
Бухорода ким бор?
@GiyosiddinYusuf | @Bilol_akademiya
9 044
«Ойдин тунлар» | Достоевский
Баъзан Достоевскийни ҳам ўқиб турамиз. Гарчи уни яхши тушунмасак ва мухлиси бўлмасак ҳам.
«Ойдин тунлар» менга муаллифнинг бошқа асари — «Камбағаллар»ни эслатди. Ҳар икки асар Достоевский ижодининг илк босқичига мансуб бўлиб, уларда Петербургнинг диққинафас, кўримсиз бурчакларида яшовчи «кичик одам»нинг изтироблари очиб берилади.
Бирида Макар Девушкин, иккинчисида эса номсиз хаёлпараст йигит жамиятдан ажралиб, ўз оламига ёки хаёлларига шўнғийди. Икки асарда ҳам ўхшаш якун топган севги қиссалари ҳикоя қилинган. Бу Достоевскийнинг ёшлик йилларига, унинг муҳтожлик, ёлғизлик ва аёллар билан муносабатдаги тортинчоқлигига жуда яқин.
«Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё» деганларидек, менга «Ойдин тунлар»даги фарзанд тарбиясига доир ўгитлар кўп маъқул бўлди. Айниқса, кўзи ожиз бувининг Настенькага берган тарбияси ва масъулияти эътиборни тортади. Ҳатто буви қизнинг этагини ўз этагига тўғнаб ўтириб бўлса ҳам, унинг орияти, номуси ва ҳаётини асраш ташвишида бўлади.
Буви набирасига бегона ва ёлғиз эркакларнинг кўзига ҳадеб кўринмаслик, замоннинг бузилгани ва эҳтиёт бўлиш лозимлигини қаттиқ уқтиради. Шунингдек, у қизнинг ахлоқини бузадиган, сохта ваъдалар билан ота-она бағридан олиб қочиб, бахтсиз қиладиган нобоб китобларни ўқишдан қайтаради. Бундан мақсад ёш ва ғўр қизни ҳаёт тузоқларидан, ҳиссиётларга кўр-кўрона эргашиб қолишдан ҳимоя қилиш эди…
#Chaqiriq2026 #Mutolaa
@GiyosiddinYusuf
9 044
Ш кунларда янги бир китобимга муқова ишланяпти. Тахмин қилиб топган биринчи кишига битта китоб совға қиламан. Сизнингча, бу қайси китоб?
#Ижод
@GiyosiddinYusuf
9 044
«Пул психологияси» | Морган Ҳоузел
Морган Ҳоузелнинг «Пул психологияси» китоби аудиосини тинглаб бўлдим. Очиғи, баъзи жойларида таржима ғализроқ чиққани учун бўлса керак, тушунишим бироз қийин кечди. Шунга қарамай, китобнинг умумий мазмуни яхши, фойдали, қадриятларимизга ёт нарса тарғиб қилинганини сезмадим.
Китобнинг бош ғояси жуда оддий: молиявий соҳада муваффақиятга эришиш ақл ёки билимга эмас, бевосита хулқ-атворга боғлиқ. Икки мутахассис бир хил билимга эга бўлиши мумкин, аммо бирида сабр ва нафсни жиловлаш бор, иккинчисида эса йўқ. Натижа шунга кўра фарқ қилади. Бу фақат пулга тегишли эмас, бошқа соҳаларда ҳам фақат билим билан эришиб бўлмайдиган марраларга хулқ орқали етиш мумкин.
Яна бир эсда қолган жиҳати: ҳар ким пул ҳақида ўз тажрибасидан келиб чиқиб хулоса қилади. Қашшоқликда ўсган одам билан тўқликда катта бўлган кишининг тўғри деб билган қарори бир-бирига мутлақо тескари бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ташқаридан «аҳмоқона» туюлган харид аслида ўша одамнинг мантиғига тўла мос тушади.
Энг зўр фикрлардан бири эса мана бу: ҳақиқий бойлик кўзга кўринмайди. Биз йўлда кўрадиган қиммат машина ёки ҳашаматли уй — булар бойликнинг белгиси эмас, балки сарфланиб кетган пулнинг кўринишидир. Бойлик бу ҳали ишлатилмаган, ҳисобда турган ва у билан эркин ҳаракат қила оладиган пулингиздир.
Аслида, бундай рақамлар ва тарихий фактларга бой китобларни аудио шаклда тинглаш бироз қийин. Тўхтаб, мушоҳада қилишга улгурмайсиз. Айниқса, бир вақтнинг ўзида машина бошқариб тинглаш ҳам тушунишни қийинлаштирди.
Нима бўлганда ҳам, асарни албатта тавсия қиламан. Иложи бўлса, матн кўринишида ўқинг ёки инглизчасини тингланг. Фойдали бўлишига ишонаман.
#Chaqiriq2026 #Mutolaa
@GiyosiddinYusuf
