625
Subscribers
No data24 hours
No data7 days
No data30 days
Posts Archive
10 апрель — ўзбек миллий романчилигининг асосчиси, маърифатпарвар Абдулла Қодирий таваллуд топган кун
МАРҒИЛОН
Марғилонга боргим келмайди,
Борсам алам ўрайверади.
“Кумуш яхши юрибдими”, деб
Ҳамма мендан сўрайверади.
Сўрайверар кўча, гузарлар,
Сўрайвериб кўнглим бузарлар,
Кумушойдан, ойгина қиздан
Қандоқ қилиб умид узарлар.
“Яхши”, дейман, “шукур, соғ-омон,
Келиб қолар, дейман, Марғилон...”
Қаролмайман Офтобойимга,
Ич-ичидан куяр, бағри қон.
Сўроқ белгисидек янги ой
Эргашади, тинмай сўроқлар.
Кумушини сўрайди мендан
Кумуши йўқ тилла равоқлар.
Бирдан жимиб, тўхтар ўйиндан —
Қизчаларнинг саволчаси бор.
Юз эллик йил бўлди — қўйнимда
Кумушойнинг рўмолчаси бор.
Марғилонга боргим келмайди,
Борсам қайғу ўрайверади.
“Кумуш яхши юрибдими”, деб
Ҳамма мендан сўрайверади.
✍️ Иқбол МИРЗО
ОЙ ВА ҚУЁШ КАБИ...
Ой ва қуёш каби изчил изма-из
Ҳижрон – зулмат қувиб собитқадаммиз.
Бирлашмоқ қисматда йўқ экан, гарчи
Икки вужуддаги битта одаммиз.
Қўл ушлашиб тушар кўкдан лайлакқор,
Чечакларин жуфтлаб сочади баҳор.
Мен бунда зорман, сен унда интизор,
Икки вужуддаги битта одаммиз.
Бизни гўдак билиб ўйнади тақдир,
Устимиздан кулиб ўйнади тақдир.
Қўлларинг ушлашга қўймади тақдир,
Икки вужуддаги битта одаммиз.
Сенсиз маъносизман, сенсиз кимман, ким,
Ярим ой булутга беркинади жим.
Юрагим нимтадир, эй гўзал ярмим,
Икки вужуддаги битта одаммиз.
Синов бу, деймиз-да, бу кўҳна савдо,
Дунёни унутсин, дедими Худо.
Қиёматни кутсин, дедими Худо,
Икки вужуддаги битта одаммиз.
✍️ Иқбол МИРЗО
