Davronbek Tojialiyev sahifasi
Open in Telegram
Давронбек Тожиалиев — журналист. Ziyouz.com портали асосчиси Блог: davronbek.ziyouz.com Facebook: https://www.facebook.com/davronbekt Twitter: https://twitter.com/ziyouz Youtube: https://www.youtube.com/@davronbekt
Show more1 697
Subscribers
+124 hours
-47 days
-2330 days
Posts Archive
Кўлда дам олгач юқорига Сасивардовон сари йўл олдик. 2800 метр баландликдан қўшни Парда Турсун қишлоғи кўринади. Шу ердан ҳам йўл ўтган бўлиб, 3200 метргача Нива ва УАЗлар юради. Довондан яна 2,5 километр пиёда юриб, 3220 метр баландликдаги чўққига кўтарилдик. Сафар давомида 27,24 км масофа, 45400 қадам босдик, жами 1642 метр кўтарилдик.
Сафар видеоси: https://youtu.be/idpNUCjN_vU
Telegram | Instagram | Youtube | Facebook | X
+9
Бу галги сафарим Наманган вилоятининг Поп туманига бўлди. Чодак қишлоғи Фарғона водийсининг энг кўп бориладиган сайёҳлик марказларидан бири. Чодаксой бўйлаб юқорига кўтарилсангиз, Олтинкон, Гулистон, Сансалак, Қандағон маҳаллаларидаги деярли ҳар бир хонадон дам олиш уйлари ташкил қилган. Йўл-йўлакай сунъий шаршаралар, мини парклар, шиша кўприк, кузатув нуқталарини кўришингиз мумкин.
Поп миллий табиат боғига экологик тўловни қилиб (20600 сўм), сой бўйлаб юқорига Олтинкўл томон юрдик. Боғ постидан Олтинкўлгача 10 км тоғ йўлидан юрилади. Киши бошига 60-100000 сўмга УАЗ машиналарида ҳам бориб-келиш мумкин экан. Биз пиёда бордик. 2530 метр баландликда жойлашган бу тоғ кўлининг сув сатҳи 3-4 метрга камайгани учун асосий майдонининг ярмидан кўп қуриган. Баҳор охири ва ёз бошларида кўлнинг суви тўлади.
Бобоиоб худди Ҳазрати Султон каби кўпчилик зиёрат мақсадида чиқадиган тоғлардан бири. Лекин чўққида бирон кишининг дафн этилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Турли афсона ва ривоятлар бор, холос. Уни саҳоба Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга боғлайдиган ривоятлар ҳам мавжуд. Ваҳоланки, Абдураҳмон ибн Авф Ўрта Осиёга умуман келмаган. Баъзи топонимшунослар “Сувлар отаси” деб таъриф берадиган Бобоиобни ўзбеклар Бойобува деб номлашади.
Қўрғондан чўққигача катта тош уюмлари кўринса-да, яхшигина сўқмоқ мавжуд. Соат 10 да чўққининг энг учига чиқиб бордим. Чўққига триангулятор ўрнатилган бўлиб, у шамолда қулаган. Триангуляторнинг темирлари эса латта бойловчиларнинг латталари билан тўлиб кетган. Чўққида совқотганлар эса бу латталарни ёқиб исинишган.
Денгиз сатҳидан 3770 метр баландликда жойлашган чўққидан Оҳангарон водийси, Чотқол тизмаси ва Камчиқ довони кўриниб туради. Биз чиққан тарафдан эса пастдан булутлар келиб юқорига шиддат билан кўтарилаётганини жонли кўриш мумкин. Биз пастда ёндош чўққиларнинг баландлигидан ҳайратда эдик. Чўққига чиққанда бу тоғлар анча пастда қолиб кетди.
Чўққидан кетгиси келмайди одамнинг. Ерга устун каби ўрнатиб қўйилган маҳобатли тоғлар, рақсга тушаётган булутлар, шунча баландликда ҳам тириклик дардида юрган қушларни томоша қилиб кўз яйрайди.
Соат 11 да тушишни бошладик. То қишлоққача булутлар бизга ҳамроҳлик қилди. Аввалига булутлар ичида юрган бўлсак, сўнг улар бизга соябон бўлди. Йўлда Бахтиёр ака билан хайрлашдик. Овқат тайёр бўляпти, деб яна киришга таклиф қилганди, узримизни айтдик. Хизматлари учун озроқ ҳақ бергандик, олмади, барака топсин.
Юришни бироз тезлаштириб, машинагача етиб олдик. Шошилганимиз сабаби соат 18:00 гача чегарага етиб олишимиз керак эди.
Чўққига пиёда сафар давомида 26 км, 49300 қадам юрдик, жами 2336 метр кўтарилдик, 4245 калория ёқдик.
Марғилон – Қўқон – Дўсти – Ошоба – Бобоиоб
22-23 август 2026 йил
Сафар видеоси: https://youtu.be/C2IQrS75oE4
Чорбоғда дам олиб ўтирсак, қўшнилар чиқишди. Бахтиёр ака шу қишлоқдаги мактаб директори экан. Юринг, мактабни кўрсатаман деб, мотоциклига миндириб олиб кетди. Сўғд вилояти Ашт тумани Ошоба қишлоғи Шивар маҳалласидаги Муқимий номидаги 19-мактабда 245 нафар ўқувчи таълим ўзбек тилида олиб борилар экан. Мактабга киришингиз билан кўм-кўк, салқин боғ сизни қарши олади. Олма, гилос, хурмо дарахтлари мактабга кўрк бериб турибди.
Соат 16 да тоққа янада яқинроқ бориш учун йўлга чиқдик. Бизга 7-синф ўқувчиси Жўрабекни йўлбошчи қилиб беришди. Машинамизни олмазор боғлардан бирида қолдириб, денгиз матҳидан 1500 метр баландликдан пиёда йўлга тушдик. Йўлимиз сой бўйидан, асосан олмазор боғлар орасидан ўтди. Майингина ёғаётган ёмғир кайфиятимизни янада аъло қилиб, қийналмай юришга ёрдам берди. Мевалар ҳали пишмаган, боғ остидаги ўт-ўланлар эса ҳалиям ям-яшил. Ёмғирдан сўнг бу жойлар янада яшнайди. Айрим жойларда қулупнай теришяпти.
5 км юриб, денгиз сатҳидан 1950 метр баландликда дарадаги энг охирги боғ-ҳовлига етиб келдик. Қишлоқда шу жойни тавсия этишганди. Бу жойда телефон ишламагани боис ҳовли эгасига хабар қилинмаган эди. Жўрабекка уй эгасидан рухсат сўраб чиқишни, агар шароит бўлмаса, бошқа жой топишимизни айтдим.
Ҳовли эгаси Бахтиёр ака ўзи пешвоз чиқиб, бизни меҳмонга таклиф қилди. Тезда супага гилам ва кўрпача солиб, дастурхон ёзди, борини улашди. Қатиқ ва дўлта шу қадар мазали эдики, бунақасини умримда татиб кўрмаганман. Мезбон "келишингларни билганимда бошқача меҳмон қилардим", дея хижолат чекди. Биз ҳам хабарсиз келганимиздан хижолат бўлдик.
Режа бўйича шу ерда бироз ухлаб, кечаси соат 2 да йўлга чиқишимиз керак эди. Кечга яқин ҳаво ҳарорати 8-10 даражагача тушди. Бахтиёр ака, барака топсин, иссиқ овқат билан ҳам сийлади. Кечқурунга айвонга жой солиб берди.
Кечаси соат 2 да туриб, йўлга тайёргарликни бошладик. Бахтиёр ака чойга уринганди, уни овора бўлмасликка кўндирдик. Пешоначироқларни ёқиб, йўлга отландик. Ҳаво анчагина совуқ. Йўлда ҳаракатсиз қолсак, этни яхшигина жунжиктиради.
Тоғда тунда юришнинг яхши тарафи юқорилаётган тарафингиз тўлиқ кўринмагани учун мия баландликка юриш режимини ёқмайди. Шу сабаб эркин кетаверасиз. "Ўҳҳў, ҳали шу тепаликка чиқаманми", деган хавотир бўлмайди. Йўлда фақат бир жойда чўпонлар қўрғонини кўрдик. Чўпон итлари роса тўполон қилиб ҳуриган бўлса-да, олдимизга келишга қўрқди.
2 ярим соатда Шалдирамоқ деган манзилга етиб келдик. 2900 метр баландликдаги бу жойда сой бошланади. Йўлдаги охирги сув манбаи ҳам шу ерда. Тошдан қўрғон тикланган. Бу жой Бобоиоб чўққисига чиқувчилар учун дам олиш маскани сифатида фойдаланилади. Қўрғонда айвон, 4-5 та кўрпача, овқат қилиш ва чой қайнатиш учун буюмлар мавжуд.
Совқотганимиз учун шу ерда исиниб, чой қайнатмоқчи бўлдик. Аксига олиб, гугурт йўқ, майда ўтин ҳам йўқ. Жўрабек атрофни қидириб ўтин топиб келди. Маҳаллий аҳоли биринчи ошхона дейдиган жойдаги кемтикларни қидириб, гугурт ҳам топдик. Ўт ёқиб, қумғонда сув қайнатдик. Қуруқ чой тополмаган бўлсак-да, қайноққина сув ичиб, ичимизга иссиқ тушди.
Соат 6 яримда ошхонадан чиқиб, чўққи томон йўл олдик. Қуёш чиқиб, жонимизга ора кирди. Бундан кейинги йўл фақат кескин кўтарилишлардан иборат. Йўл шағал ва тошли участкалардан ўтгани, нишаблик юқорилиги боис юриш анча қийин. Чўққигача горизонтал масофа 3 километр бўлса-да, 900 вертикал метр кўтарилиш керак.
2 соатлик кўтарилишдан сўнг ўнглаб юриб, тизма устига чиқиб олдик. Тизма устидан ўтадиган сўқмоқ орқали баланд жойлардан ошиб, чўққи ёқасидаги довонга етиб келдик. 3600 метр баландликда маҳаллий аҳоли иккинчи ошхона ёки шайхнинг даргоҳи деб атайдиган тош қўрғон мавжуд. Бойобува ёки Бобоиоб деб аталадиган зиёратгоҳ шу ерда жойлашган. Тошдан қилинган бу мажмуада 10 га яқин тош уйлар бор.
Бу жойга асосан маҳаллий аҳоли июль-август ойларида чиқади. Улар асосан кечаси чиқиб, чўққидан қуёш чиқишини томоша қилишади. Масканнинг шайхи ҳам мавжуд. Айтишларича, бир неча йил аёл шайх ҳам фаолият юритган. Бахтиёр аканинг айтишича, айрим йиллари чўққига кунига 2500 кишигача кўтарилган. Ҳозир мавсум бўлмагани сабаб, чўққида ҳеч кимни учратмадик.
+9
Кейинги манзилимиз Шивар қишлоғи бўлди. Қишлоқ йўли текис асфальт қилинган. Алижон аканинг айтишича, бу йўл ҳашар йўли билан аввал бетонланган, сўнг асфальт қилинган. Қишлоқ аҳли кейинги йиллари асфальтни тоғ томон кенгайтиришни режа қилишибди.
Алижон аканинг боғ-ҳовлисида меҳмон бўлдик. Боғ тоғ этагида жойлашган бўлиб, асосан гилос ва олма дарахтларидан иборат. Оғоч мўллигидан офтоб деярли тушмайди. Боғ ичидан ўтган ариқ салқинликни янада орттиради. Ошобаликлар асосан, боғдорчилик ва деҳқончилик билан шуғулланишаркан. Қишлоқни айланарканман, деярли ҳар бир хонадонда гул экилиши диққатимни тортди.
+6
Чегарадан 4 километр юриб, Дўсти шаҳарчасидаги банкдан валюта алмаштирдик. Яна тўғрига юриб, Ошоба қишлоғи тарафга бурилдик. Қишлоқда бизни Жаҳонгир аканинг танишлари Нурали ва Алижон акалар кутиб олиб, Ошобани айлантиришди.
Ошобанинг энг машҳур жойи Чинорбува бўлиб, сой бўйидаги сўлим гўшада минг йиллик чинорлар бўй кўтарган. Айтишларича, бу чинорлар охирги марта Қўқон хони Худоёрхон даврида кесилган. Чинорлар тагида дам олиш маскани бўлиб, Тожикистон ва ўзбекистонлик меҳмонларнинг севимли жойига айланган.
Масканга панно сифатида осилган икки тилда ёзилган ширу шакар эътиборимни тортди:
Аз қадим ўзбегу тожик эт билан тирноқ эрур,
Қон-қариндошлик шиораш, қўлида байроқ эрур.
Она деб айтсам бировин, ул бири менга падар,
Ҳамчу ду чашми сиёҳам, икки халқ ҳам мўътабар.
+7
Бундан 4 йил олдин Тожикистон ҳудудида жойлашган, Қурама тизмасининг энг баланд нуқтаси – денгиз сатҳидан 3770 метр баландда жойлашган, Бобоиоб чўққисига чиқишда 170 вертикал метр қолганда ортга қайтган эдим. Ўшанда тайёргарликсиз, маршрутсиз чиқиш панд берганди.
Ҳар сафар водий-пойтахт йўлининг Камчиқ довонидан ўтарканман, йилнинг аксар қисмида бошига оқ рўмол ўраган ўша гўзал чўққи яна ўзига чорлайверарди. Чала қолган ишни битириш мақсадида ўтган сафарги ҳамроҳлар Жаҳонгир ака, Санжар ва укам Дониёр балан яна Тожикистон сари йўл олдик.
Камчиқ довонидан тушишда Қўқонга етмасдан ўнг тарафга “Садоқат” деб номланган чорраҳа келади. Чорраҳадан ўнгга 5 км юрилса, Ўзбекистон-Тожикистон чегарасига борилади. “Қўқон” чегара пости соат 7:00 дан 19:00 гача ишлайди. Жаҳонгир ака машина билан ўтди. Биз пиёда 30 дақиқада Тожикистон тарафга ўтиб олдик. Машинамиз чиқишига 1 соатча кетди.
Машҳур Испай дараси йўналишида бир неча гўзал манзиллар мавжуд. Сурхат водийсидан кўтарилганда Жиғдон деган чўққи келади. Чўққига олиб борувчи манзил эса ўта гўзал: аввалига ёнғоқзор ўрмондан ўтиб, сойга тушасиз, сўнг Испайсой гўзалликларидан баҳра оласиз. Кейин 1,5 километрлик қор уюмидан ўтиб, сариқ-қизил гулларга макон бўлган водийга чиқасиз. Кўтарилганингиз сари табиатнинг чиройи очилаверади...
Ҳозирча сафар видеоси билан танишинг: https://youtu.be/7IMVayr2E0A
Telegram | Instagram | Youtube | Facebook | X
Арслонбоб водийсидаги ёнғоқзорлар асосан Арслонбоб ва Қизил Ункур қишлоқлари ҳудудида жойлашган. Ўрмонда баландлиги 30 метрдан ошадиган ёнғоқларни ҳам кўрдик. Жами майдони 600000 гектардан ошадиган ушбу ўрмон дунёдаги энг катта ёнғоқзор дея эътироф этилган.
Ривоятларга кўра, Александр Македонский ўз юришларида Арслонбобга келиб, ёнғоқзорларга мафтун бўлган ва уни Македонияга олиб бориб кўпайтирган. Шу сабаб ёнғоқнинг номи “грек ёнғоғи” деб атала бошланган. Ботаникларнинг аниқлашича, айрим дарахтларнинг ёши 1000 йилдан ошади. Арслонбоб ёнғоқзорларида мўйнали ҳайвонлар, жумладан, Шимолий Америка еноти иқлимлаштирилган.
Ўрмондаги дарахтлар давлат ҳимоясига олинган. Уларни кесиш қатъиян тақиқланади. Дарҳақиқат, сафар давомида биронта кесилган дарахтни кўрмадик. Ёнғоқзорлар маҳаллий аҳолига бўлиб берилган. Ҳосилнинг маълум қисми давлатга топширилади, маълум қисми аҳолининг ўзида қолади. Айрим дарахтлар 200-300 килограммгача ёнғоқ беради.
Халқимизда ёнғоқ тагида ётма, хушингдан айриласан, ёнғоқ кислород ютиб, карбонат ангидрид чиқаради, деган ёлғон маълумот юради. Аслида эса ундай эмас. 2 соатдан кўпроқ ёнғоқ ўрмонида кезиб ҳеч бир нохушлик сезмадик. Аксинча, тоза ҳаводан нафас олиб, тетик юрдик.
Ўрмондан чиқиб, қишлоқнинг энг гавжум нуқтаси – Кичик Арслонбоб шаршарасига бордик. Бу ерлар водийнинг Шоҳимардон, Водил қишлоқларини эслатади. Ҳар қадамда қурут, қуруқ мевалар, ширинлик, тақинчоқ, эсдаликлар сотиладиган расталар. Шаршара ҳудудига кириш 20 сом (0,23$).
Шаршара яқинида кичик ғор ҳам мавжуд. Кичик Арслонбоб шаршараси баландлиги 35 метр бўлиб, юқоридан оқиб келувчи сойдан тушади.
Асрларга бориб, Арслонбобда ҳам момоқалдироқ чалиб, ёмғир қуя бошлади. Бирданига булут пастга тушиб, ажойиб манзара юзага келди.
Кечга марказга яқин меҳмон уйида 1,5 кг девзира ош буюртма қилдик. Ош жуда зўр чиққанидан бир дона ҳам гуручи қолмади. Тунда шу меҳмон уйида қолдик. Ётоқни дастлаб 500 сомга (5,7$) гаплашгандик. Душ ишламагани учун уй эгаси нархни яна тушириб берди. Ош ва ётоқ жой киши бошига 800 сомдан (9,1$) тўғри келди.
Кечаси билан гурунглашган бўлсак-да, бомдодга бемалол турдик. Гўзал ҳавода нарсаларни йиғиштириб, ватан сари йўлга чиқдик. Ёмғир, булутлар, баъзида кўриниб қоладиган қуёш, ям-яшил тоғу адирлар, дарахтзорлар оралаб, чегарага етиб келдик. Душанба куни бўлгани учунми, бу сафар жуда тез ўтдик. Учқўрғон - Чортоқ - Наманган - Чуст - Поп - Камчиқ довони - Тошкент йўналишида кетадиган бўлдик.
Йўлда Чустдаги "Баҳор" чойхонасида тўхтаб, 1,5 кило девзира ош буюртирдик. 8 кишига 70000 сўмдан (5,8$) тушди. Йўл-йўлакай яна тўхтаб, 17:30 ларда Тошкентга кириб келдик.
4 кунлик бутун сафар давомида барча харажатлар учун 105$ ишлатибман. Кобалтдаги шериклар киши бошига 86$ дан ишлатишибди.
Имконингиз бўлса, саёҳат қилинг. Бир олам таассурот оласиз, тажриба орттирасиз, дунёқарашингиз кенгаяди, танангиз ва руҳингиз саломат бўлади. Кейинги сафарларга кўришгунча.
Тошкент – Камчиқ довони – Учқўрғон – Сари-челек – Арслонбоб – Учқўрғон - Чортоқ - Наманган - Чуст - Поп - Камчиқ довони - Тошкент
2026 йил, 8-11 май
Telegram | Instagram | Youtube | Facebook | X
Қўчқор-ота, Наукент, Бозорқўрғон шаҳарларидан ўтиб, Арслонбоб тарафга бурилдик. Первоя мая қишлоғидан ўтган йўл уникал бўлиб, 1970-йилларда йўлнинг икки тарафига экилган ёнғоқлар ҳозир катта дарахтзорга айланган. 4 километрлик ёнғоқли йўлак соя-салқин, биронта дарахт кесилмаган.
Арслонбоб – Қирғизистондаги Фарғона тизмаси этагида жойлашган жуда сўлим қишлоқ. У ўзининг гўзал шаршаралари, боғлари, дунёдаги энг катта ёнғоқзор ўрмонлари билан машҳур. Авваллари орада чегара бўлмас, бемалол автобуслар қатнар, халқларимиз жуда яқин эди. Ҳозир ҳам икки томон алоқалари яхшиланиб, ўзбекистонлик туристлар оқими анча ошган.
Арслонбоб қишлоғи Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Бозорқўрғон тумани, Арслонбоб-ота айил аймоғига қарашли бўлиб, Фарғона тизмасининг Бобош ота тоғи этагида, денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда жойлашган. Аҳолиси 16000 киши, ўзбек, қирғиз, рус, татар, чеченлар истиқомат қилади. Аҳоли асосан туризм соҳасида муҳнат қилади ва деҳқончилик билан шуғулланади.
Арслонбобда туризм мавсуми асосан июнь, июль, август ойларида давом этади. Асосий келувчилар Қирғизистон жанубидан ва Ўзбекистондан. Қиш мавсумида асосан европаликлар тоғ-чанғи спорти учун Бобош ота тоғларини танлашади.
Арслонбоб номи 11 асрда яшаган тасаввуф олими Арслонбоб ота билан боғлиқ. Аҳмад Яссавийнинг биринчи маънавий устози бўлган сўфий Арслонбобга дафн қилинган деган ривоятлар мавжуд.
Кобалтдаги шериклар биздан 40 дақиқа олдин келиб, қишлоқ марказидаги кафеда овқатланиб, бугунги боражак манзилларимиз учун УАЗ машина гаплашишибди. Катта Арслонбоб шаршараси, ёнғоқзор панорамаси, Кичик Арслонбоб шаршарасига олиб бориб, қайта олиб келиш - ярим кунлик ушбу жип-тур 3000 сомга тушди (35,5$; 4 кишига 8,9$ дан). Шунингдек, бу манзилларга марказдан Нива, УАЗ, Лабо ва бошқа пикап машиналари қатнайди. Нархи жуда арзон.
Биринчи манзилимиз Катта Арслонбоб шаршарасига 4х4 бўлмаган машиналар бормайди. 8 километрлик йўлнинг ярми ғадир-будур тош йўлдан ўтади. Трейлблейзеримиз бу йўлда ўзини яхши тутди. Шаршаралар ҳудудига кириш 20 сом (0,23$). Ҳудудда дам олиш зоналари, бепул ҳожатхона ташкил этилгани сабаб пулли экан.
Денгиз сатҳидан 1720 метр баландликдан юришни бошладик. Аввал юқорига Катта Арслонбоб шаршарасининг бошланиш жойига чиқадиган бўлдик. 2070 метр баландликда шаршаранинг кўриш майдони жойлашган. Бир метр нариёқда 50 метрлик жар, шаршара ости эса тор дара. Катта Арслонбоб шаршараси баландлиги 80 метр, Бобош ота чўққисидаги қорлар эришидан ҳосил бўлган.
Тоғдан тушиб, шаршара остидаги канъонлар – дарага кирдик. Дара ўртасидан сой оққан. Сойга атрофдаги булоқларнинг ҳам суви қўшилади. Дарадан юқориласангиз, баландлиги 10 метрлик шаршарани кўриш мумкин. Икки йил аввал сел келиб, ундан юқорига чиқадиган йўлакни ювиб кетибди. Ўтган сафар келганимизда, шаршара юқорисидаги йўлакдан чиқиб, дара бўйлаб 500 метр юриб, уч каскадли шаршарани ҳам кўргандик. Ёғингарчилик пайтида бу дарага кирмаслик тавсия этилади – юқоридан тош юмалаши мумкин.
Қишлоқнинг тор кўчалари бўйлаб юриб, Арслонбобни дунёга машҳур қилган ёнғоқзор ўрмон сари кўтарилдик. Арслонбобда табиий ёнғоқзор, пистазор, олмазор, бодомзор ва олчазорлар кўп. 1945 йилдан Арслонбоб ва унинг атрофидаги ерлар давлат қўриқхонаси ҳисобланади.
Қуюқ ўрмон ичидаги дам олиш ҳудудига борганимизда 5 тача машина бор эди. Бу ерда ҳам ҳинд талабаларини кўрдик. Дам олувчилар учун арғимчоқлар ўрнатилган, сўрилар, овқат қилиш учун жойлар, кўчма дўконлар мавжуд. Ўртадаги арғимчоқ қарийб 20 метр юқорига, бобо ёнғоқнинг шохига ўрнатилган. Унга машина аккумуляторини улаб, тортиб юқорига чиқарилиб, қўйиб юборишаркан – яхшигина адреналин. Нархи 100 сўм (1,14$). Анчадан бери бунақа завқни тотмагандим. Кейин ўрмонни айландик.
Сал юқорироққа чиқилса, адирнинг бошига етилади. Шу ердан бутун Арслонбоб панорамаси кафтдек намоён бўлади. Тўғримизда мағрур Бобош ота чўққиси, қишлоқда уйлардан кўра дарахтлар кўпроқ кўзга ташланади. Чап тарафдаги адирда эса қуюқ ёнғоқзорлар – бирон бўш жой кўринмайди.
+9
Сари-челекда кечаси билан ёмғир қуйди. Ёмғирдан сўнг ҳаво янада тозариб, ўпкаларимиз тўлиб нафас олдик. Уй эгаси билан хайрлашиб, Арслонбоб сари йўлга чиқдик.
Аркитдан Арслонбобгача 212 км. Кен-сой чегара пунктигача айни йўлдан юрилади. Ёмғирдан кейин атроф янада яшиллашган, осмон тиниқ. Маза қилиб атрофни томоша қилиб кетиш мумкин. Йўлда шамол таъсирида улкан минора ҳосил қилган оқ қояни кўрдик. Кен-сойдан кейинги 5 километрлик йўл чегара устидан ўтган. 4 қатор симли чегара ортида далада меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар кўриниб туради.
Мен буни реклама, пиар таъсири дейишдан йироқ бўлардим. Қуроновнинг ушбу асари болажонлар орасида жудаям машҳур. Саъдулла 2019 йили биринчи китобни чиқарганда, дизайнига қараб, ёш ёзувчининг ўртамиёна уринишларидан бири деб ўйлагандим. Ўшанда 8 ёшли ўғлим китобни ўқидию, ичига кириб кетди. Кейин ҳам бир неча марта мутолаа қилди. 2-китоб чиққандаям ярим кунда тугатди, сўнг иккисини бирлаштириб яна ўқийверди. Кейин қизларим ҳам ўқиб чиқди. "Қалай экан?" десам оғзини тўлдириб мақтайди.
Ўғлим китобни синфдошларигаям ўқитди. Мактабларида шу китоб бўйича танловларда ҳам ғолиб бўлди. Кейин билсам, аксар танишларимнинг ҳам болалари худди шунақа қизиқиш билан ўқишибди. Болалар нега бу китобнинг таъсирига тез тушиб қоляпти, деб ўйлардиму, тўғриси, аввал бунақа катта асарлар ёзмаган муаллифдан зўр нарса кутмагандим. Охири ўзим ҳам ўқиб чиқдим.
Болалар учун нормал ҳолат бўлган жараённи менинг миям кўтариши сал қийинроқ бўлди. Гап шундаки, ушбу фантастик қисса воқеалари жудаям тез юз беради. 5-6 та романга сиғадиган самовий воқеаларнинг тезда ҳал бўлиб кетишини қабул қила олмадим. Муаллиф асар давомида илмий маълумотларни илова қилиши ва уни тушунарли тилда баён қилиши эса менга жуда маъқул келди. Бунда болажонлар ўзининг севимли қаҳрамонлари билан фазода саёҳат қилиш билан бирга физика, астрономия, кимё, география, биология, ахборот технологиялари, тарих каби фанлардан ажойиб билимларни ҳам эгаллаб боради.
"Галактикада бир кун" ўзбек замонавий болалар адабиётининг яхши намуналаридан бири. Бунақа асарлар болажонларимиз интеллектини ривожлантириб, дунёқарашини оширади. Ношир учта китоб жамланган тўпламга эзгу ниятда "Нобель оладиган болалар учун" деб таъриф ёзибди. Нобелчи болаларни кўриш ҳам насиб этсин!
Telegram | Instagram | Youtube | Facebook | X
+4
Кеча Ўзбекистонда анчадан бери кўришни орзу қилаётган тадбирга гувоҳ бўлдим. "Янги китоб" лойиҳаси доирасида муаллифларнинг имзо қўйиш маросими ташкил этилибди. Мамлакатимизда китобга, унинг муаллифига имзо қўйдиришга бўлган бунақа навбатни аввал кўрмагандим. Энг қизиғи, китоб арзон эмас. Масалан, энг узун навбат ҳосил қилган Саъдулла Қуроновнинг "Галактикада бир кун" трилогияси нархи 100 000 сўм бўлса-да, юзлаб китобхонлар (болалар, йигит-қизлар, ота-оналар) уни сотиб олиб, муаллиф имзоси учун навбатда туриши мен учун янгилик бўлди.
Сари-челек кўли яқинида машиналар учун тураргоҳ бўлиб, шу ердаги қарағайзорда кемпинг ҳудуди жойлашган. Шу ердан кўлнинг гўзал манзараси очилади. Сари-челек кўли денгиз сатҳидан 1873 метр баландликда бўлиб, Аркит дарёси бошланиш қисмида, денгиз сатҳидан 1925 м баландликда тоғ қулаб, даранинг тўсилиб қолиши натижасида 10 минг йил олдин ҳосил бўлган. Узунлиги 7,5 км, энг кенг жойи 2280 м, энг чуқур жойи 244 м. Кўлда сазан, карп, маринка, сувилон бор. Кўл атрофида сариқ бол челаклари кўп бўлганлиги сабабли кўл Сари-челек (сариқ челак) деб номланган.
Қўриқхонадаги кўллар тизимини кўриш учун бир нечта кузатув нуқталари бўлиб, биз 2606 метр баландликда жойлашган Панорама чўққисини танладик. Бу нуқтагача масофа 9 км, 1100 метр кўтарилиш керак. Бу жойгача отда ҳам бориш мумкин. Бунинг учун 3000 сом (34,3$) эвазига отни кира қилиш мумкин. От минишни билмасангиз, от эгаси ҳамроҳлик қилади. Йўл-йўлакай Туюқкўл, Оромкўл, Эгрикўл, Чойчоккўлни кўриш мумкин.
Сари-челек давлат биосфера қўриқхонаси Марказий Осиёдаги энг гўзал ва бой табиий ҳудудлардан бири ҳисобланади. Қўриқхона 1959 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси сақланиб қолган. Сари-челек қўриқхонасида қор қоплони, қўнғир айиқ, бўри, силовсин, туркистон манули, тоғ эчкиси, тўнғиз каби катта ҳайвонлар, қушлардан лочин, бургут,
қора лайлак, гриффон қуши каби ноёб турлар учрайди. Қизил китобга киритилган ўсимликлар ҳам мавжуд: Семёнов арчаси, Недзвецкий олмаси, Сиверс олмаси, Коржинский ноки, Грейг лоласи ва бошқалар.
Дарвоқе, Қилакўл бўйидаги лолалар майдонига кирганимизни кўрган қўриқхона хизматчилари етиб келиб, бизни огоҳлантирди. Албатта, биз лолаларни босмадик, узмадик. Шундай бўлса-да, махсус сўқмоқ ва йўллардан бошқа жойлардан юриш мумкин эмас ва бу учун жарима қўлланиларкан. Посбон меҳмон эканимиз учун жарима қўлламасдан, бундан кейин бундай қилмаслигимизни тушунтирди.
Қўриқхона ҳудудида балиқ овлаш, кўлларда чўмилиш, олов ёқиш, ов қилиш, ит билан юриш, қурол олиб кириш, гул ва доривор ўсимликларни териш, ҳашарот тутиш, ҳайвон инларини бузиш, муҳофаза ҳудудида чодир тикиш тақиқланар экан. Яқин йилларда Сари-челек кўли ҳудудида моторли катерлар ва қайиқлар сузган экан. Ҳозирда бу фаолият ҳам ман қилинган.
Кўм-кўк майдонлар, ўрмонлар ва табиий гулзорлар оралаб Панорамага чиқарканман, сўқмоқларнинг махсус ковланиб, кенгайтирилгани эътиборимни тортди. Бу ҳаракатланишни янада қулайлаштиради. Бу тажрибани ўзимизда ҳам қўллашни таклиф қилардим.
Йилнинг бу мавсумида қўриқхона жуда яшнаган. Олма ва олчалар гуллаган, анвойи гуллар очилган. Яқиндаги тоғлар ям-яшил тусга кирган, узоқдаги тоғларнинг бошида қор ялтирайди. Қуёш ва булутлар таъсирида кўллар гоҳ зангори, гоҳ мовий, гоҳ ложувард, гоҳ нефрит рангда товланади. Тўғриси, шу пайтгача кўрган кўл маназаралари ичида энг гўзали шу бўлди.
Панорама нуқтасига чиқиб, атрофдаги кўллар ва тоғлар манзарасидан баҳра олдим. Йигитлар келишгач, шу ерда қор сувидан қаҳва тайёрладик. Жуда ажойиб чиқди. Сўнг чўққининг энг баланд нуқтасига кўтарилдик. Пастга тушганимизда шомга яқинлашиб қолган эди. Шу пайтда ҳам кўл ўзгача жилваланаркан.
Сари-челекка келувчилар орасида ўзбекистонликлар қирғизистонликлардан ҳам кўплиги бизни ажаблантирди. Асосан, водий вилоятларидан келишаркан. Бунга сабаб географик жиҳатдан яқинлиги, чегараларнинг бемалоллиги ва Қирғизистондаги нархларнинг арзонлиги бўлса керак. Бу ерда яна Бишкек ва Ўшдан келган қирғизлар, Қозоғистон ва қисман Россия фуқаролари, Жалолободда ўқийдиган ҳиндистонлик талабалар, жуда кам ҳолатда европалик туристларни учратиш мумкин.
Кечқурун ёмғир ёға бошлади. Йигитлар гўшт ва картошка босишди. Овқат маҳал келишиб олдик: ҳеч ким гаджетлардан фойдаланмайди. Шуниси зўр қарор бўлди. Ярим кечагача дилдан гурунглашиб ўтирдик.
Эртанги манзилимиз Жалолободнинг Бозорқўрғон туманида жойлашган ўзбек қишлоғи – Арслонбоб. Бу ҳақда навбатдаги постда ҳикоя қиламан.
Чегара пости олдида машиналар тураргоҳи бўлиб, доимий таксилар туради. Сари-челеккача қанчага олиб борасизлар деб сўрасам, 100$ га олиб бориб, қайта олиб келамиз, яна келишамиз, дейишди. Олиб боришнинг нархи ҳам шу - чунки қайтишда бўш келиши мумкин. 5 кишилик ва 7 кишилик машиналар бор экан. Нархи бир хил. Кен-сайдан Аркит қишлоғигача 126 км бўлиб, йўлнинг асосий қисми асфальтланган. Постдагилар бироз қиммат айтгани рост. Сари-челекда чегарадан Аркитгача 5000 сомга (57,1$ - 1 кишига 14,3$ дан) келган андижонликларни учратдим.
Машиналарга ўтириб, Сари-челек кўллари томон йўлга чиқдик. Биринчи ишимиз бензин қуйиш бўлди. АИ-95 маркали бензин нархи 85 сом (0,97$) экан. Red Petroleum ёнилғи қуйиш тармоғи сифатли – ичида дўкони, қаҳва машинаси бор. Шериклар бензин сифатидан нолишмади.
Норин дарёси бўйлаб, Тошкўмир шаҳарчаси, Жани Жол аҳоли пунктидан ўтиб, тўхтадик. Йўл-йўлакай ҳар бир овул ва маҳаллада масжидлар борлигини кўрдик. Аксарияти кичик масжидлар. Сафар давомида биз кирган масжидларда эса жамоат жуда оз (2-4 маҳаллий аҳоли), имомлар йўқ эди. Қирғизистон муфтийси Абдулазиз қори Закировнинг айтишича, 7,4 миллион аҳоли истиқомат қиладиган мамлакатда ҳозир (2025 йилги маълумот) 4 мингтадан ортиқ масжид фаолият юритади. Шунинг 3830 таси давлат рўйхатидан ўтган.
Масжиднинг шундоқ орқасида, Қорасув дарёсининг нариги қирғоғида Бурана-таш деган эол шаҳар бор экан. Эол шаҳар — шамол таъсирида ҳосил бўлган ғаройиб тош шакллари ва қоялар мажмуаси бўлиб, қояларнинг юмшоқ қисми емирилиб, ғалати устунлар, қўзиқорин шаклидаги тошлар, аркалар ва лабиринтсимон йўлаклар пайдо қилади. Унга ўтиш учун дарёни кечиш керак.
Май - бу жойларда ҳақиқий тозариш, яшариш мавсуми. Атрофдаги қир-адирлар, дов-дарахтларнинг барчаси яшил тусга кирган. Яшиллик шу қадар мўлки, кўзингиз, қалбингиз ором олади. Орада ана шундай яшил қирларга ҳам чиқиб тушдик. Адирларда ўтлаб юрган отларни, қўй-қўзиларни кузатдик.
Қўриқхонага яқинлашган сари рельеф ўзгариб, тоққа хос бўлган ўсимликлар, оқаётган сой шарқироғи, эртакларни эслатадиган қоялар биз манзил сари янада шошилтирди. Қўриқхона чегарасига етиб келиб, машиналарни регистрация қилдирдик. Аркит қишлоғи қўриқхона ичида жойлашган бўлиб, асосан чорвачилик ва сайёҳларга хизматдан кун кўрар экан. Қўриқхона ҳудудига ит ва эчки киритилмаслиги боис, қишлоқда бу ҳайвонларни боқиш мумкин эмас. Сабаби - эчки ўсимликлар илдизи ва пўстлоқларини еб қўйса, ит кичик ҳайвонларни овлаши мумкин.
Қишлоқнинг охирида қўриқхонанинг иккинчи дарвозаси жойлашган бўлиб, бу ўтказиш пункти соат 18:00 да ёпиларкан. Шу сабаб бугун кира олмадик. Эртага соат 08:00 да очилганда кирадиган бўлдик. Маҳаллий ошхоналардан бирида овқатландик. Бу ер худди бирон чўққига олиб борадиган бейс кампни эслатади. Ошхона атрофида туристларнинг камперлари, ичкарида ҳар хил миллатдаги сайёҳлар. Меню у қадар бой эмас – ош, шўрва, қовурдоқ бор. Кечки овқатимиз 9 кишига 3500 сом бўлди (40$; киши бошига 4,44$).
Ётоқ учун жой қидирдик. Меҳмон уйлари ўртача 1000 сомдан (11,43$) нарх айтишди. Меҳмонхоналар нархи 1500 сомдан (15,71$) бошланади. Сал юқорироқдан яхши меҳмон уйи топдик. Эгаси дастлаб 600 сом нарх айтиб, сўнг 500 сомга (5,71$) туширди. Уйда каравот, телевизор, дам олиш хонаси, ошхона, иссиқ сув, ҳожатхона бор. Бемалол овқат қилиш мумкин. Уй эгаси Женгиш байке ҳам яхши одам экан. Биз сўраган барча нарсаларни муҳайё қилди, яхши маслаҳатлар берди.
Ҳамма мириқиб ухлаганини, кам ухлаган бўлса-да тиниқиб уйғонганини айтди. Сахар пайти атрофдан тинмай қушларнинг овози эшитилади. Ҳаво ҳам дилга ёқадиган - 15 даража. Бомдоддан сўнг яна ухлаб, чой ичгач, соат 10 га яқин қўриқхона чегарасига келдик.
2-постдан қўриқхона ҳудудига машинада ҳам кириш мумкин. Кириш пулли – машина ва одам бошига 150 сом (1,71$). Катта Сари-челек кўлигача машинада тахминан 20 км. Ҳудудга киришингиз билан ёнғоқзор ўрмон бошланади. Бироз юқорилашимиз билан Тяншан лолалари майдонига чиқдик. Қарағайзорлар оралаб юрсангиз, биричи кўл – Қилакўл кўринади. Кўл бўйи ҳам сап-сариқ лолалар билан қопланган. Ҳавза атрофидаги олма дарахтларининг оппоқ гули манзарани янада гўзаллаштиради.
+8
Сўнг бир болакай келиб, "сим карта олмайсизларми?" деб қолди. Тоғ ҳудудида ҳам яхши ишлайдиган MEGA оператори сим картасини сўрадим. Болакай тезда уни телефонимга ўрнатиб берди. Нархини сўрасам, 540 сом (6,17$) деди. Сайтига қарасам, менга берган 80 GB трафикли тарифи ростдан ҳам шу нархда экан. "Ака, меҳмон экансизлар, сизга буни 500 сомга бераман" деди. "Укажон, сен арзон сотяпсан, бундан фойдаям қиласанми?" десам, "ҳа, ака, компания бизга бонус чиқариб беради", деб жавоб қилди. Йигитнинг ростгўйлиги ва ёрдамсеварлигига қойил қолдим.
Машиналаримиз чиқишига 1 соатдан кўпроқ вақт кетди. Машиналар йўлагига 5 тадан автомобиль киритилиб, ҳаммаси текширувдан ўтгандан сўнг бошқаларига навбат бериларкан. Ўзбекистон божхоначилари машиналарни скринингдан ўтказиб, Трейлблейзер ичини 5 дақиқа, Кобалтни 30 дақиқа кўздан кечиришибди. Қирғиз тараф деярли текширмабди. Регистрация ва суғурта учун 120 000 сўм тўланаркан.
+9
Жума намозини Учқўрғондаги Эшондедахон жомеъ масжидида ўқидик. Сўнг чегара постига яқинлашдик. 2 машина алоҳида автомобиллар кирадиган йўлакка юрди. Машинадагилар юкхалталаримизни олиб, пиёдалар йўлагидан ўтдик. Пост янгиланган, шароитлари жуда яхши. Ўзбекистон тарафдан ҳам, Қирғизистон тарафдан ҳам жуда тез ўтдик. Иккала тараф чегарачи ва божхоначиларининг муомаласи жуда яхши. 10 дақиқада қўшни республиканинг Жалолобод вилоятига ўтиб олдик.
Кен-сай (Жалолобод) чегара ўтказув пунктидан чиқишингиз билан улкан флагшток остидаги Қирғизистон рамзи - иккита бақувват қор қоплони ҳайкалига кўзингиз тушади. Унинг ёнида ўтов шаклидаги дўкон ва маъмурий биноларга кўзингиз тушади. Пулимизни шу ерда алмаштирдик. Валюта курси бу ерда яхши экан.
