Ҳар сафар менга тўртта келадиган эримнинг калтакларига дош беролмай қайнонамнинг оёқлари остига ялиниб бораман: "Ойижон, мен ҳам бировнинг боласиман-ку! Илтимос, раҳмингиз келсин! Ҳамма жойим қақшаб кетди, бошқа урмасин, ўғлингизни қайтаринг!” Қайнонамнинг ишораси билан эрим калтаклашни тўхтатар эди. Лекин эрим ўз ётоғимизга кирганда қизимиз Иродани эркалата туриб: "Биз қизим билан тинч ухлаймиз-а, қизим! Ойимизни авайламасак, кейин бизга ким қарайди?!” — деб ўзи ухлатар, лат еган жойларимга малҳам суртиб қўярди. Унинг қаҳрини ҳам, меҳрини ҳам тушунмасдим.
Ҳаётим шу тарзда ўта бошлади. Бу орада коллежни ҳам тугатиб олдим. Ҳамма 3 йил ўқиб олган дипломни мен 5 йил ўқиб, дадажонимнинг ёрдами билан олдим. Кўчада ҳамманинг ҳаваси келадиган кўркли келин бўлсам ҳам, уйда ўзимдан ўтганини ўзим билар эдим. Ўз аҳволимга хўрлигим ҳам келмасди. Бувимнинг қўлида тарбия топганим учун эркак киши пир бўлади, деган нуқтаи назар билан улғайганман, шу сабабданми, эримни ёмон ҳам, яхши ҳам кўрмасдим. Нима деб ҳам ёмон кўраман, ахир!? Кўнгил ишига аралашиб бўлармиди.
Кунлардан бир куни қайнонам кўчадан бир гап топиб келди: "Эр-хотин – қўш хўкиз, дейдилар. Рўзғор – ғор, деган гап ҳам тўғри. Битта Жамолимнинг топгани нима ҳам бўлади, кўчанинг бошига чиқиб қурт-сақич сотсанг, ҳарна, рўзғорнинг бир чеккасини кўтаради.” Бошида эрим бунга рози бўлмади, лекин кейин "билганингни қил” дегандек қўл силтади. Қизимни ўйнатиб ўтириб кўчада майда-чуйда сотадиган бўлдим. Қайнонам рост айтган экан, шу кичкинагина "савдо”дан ҳам яхшигина даромад кела бошлади. Лекин маҳсулотимдан кўра ўзимнинг харидорим кўп эканлигини ўша пайтда мутлақо пайқамаган эканман. Буни қарангки, шунча йилдан бери эрини ром этолмаган жувоннинг чиройи бўй йигитларни "қизиқтириб” қўйган эмиш. Маҳаллада ҳамма пичир-пичир гапирадиган бўлди. Қайнопам мени "кўчадаги ҳамма бўй етган йигитлар атрофида парвона” деган айблов билан калтаклатди. Бу сафарги калтакларга дош беролмадим. Қайнонамнинг оёқларига тиз чўкишим ҳам иш бермади. Ёшига тўлмаган қизимнинг чинқириғи дод-фарёдимнинг ичида ҳеч кимга эшитилмасди. Биқинимни сийлаган сўнгги тепкидан кейин дарвоза тақиллаб қолди. Эрим калтаклашдан тўхтади, "дарвозани очмоқчи бўлиб” югурдим. Ҳеч ким йўқ экан. Бу овозни ҳаммамиз эшитган бўлсак-да, ҳақиқатдан ҳам ҳеч ким йўқ эди. Кўчага отилиб чиқиб, қизлик уйим томон югурдим. Онам ички фарёд билан кутиб олдилар: "Тақдиринг бунчалик шўр бўлмаса, қизим! Шунчалик ҳам калтаклайдими!!! Илоё, эрингнинг сени урган қўллари синсин! Илоё, ўша Муҳаббат билан бир балога йўлиқсин!” Ойим биринчи марта Муҳаббат опани қарғади. Бу калтак сабабини ундан кўрди, шекилли.
Шу воқеадан кейин эримнинг хонадонига қайтиб бормадим. Яқинларим шу пайтгача еган калтакларимдан хабарсиз эди. Ҳаммасидан хабар топишганидан кейин бувим қизимни олиб келди. Акам ўқишга ҳужжат тайёрлай бошлади. Бувимнинг таклифи билан мен ҳам ёшлигимдан қизиққан йўналишим – мусиқа факультетига ҳужжат топширдим. Имтиҳонлар тугаб, натижалар чиқишига бир кун қолганда эримнинг бутун қалбини эгаллаган Муҳаббат опани кўчада кўриб қолдим. Қорамағиздан келган бўлса ҳам, нимаси биландир кишини ўзига жалб этиб туради. Самимий табассумими, ўзига ярашиб турадиган кўзларидаги маъюсликми, билмадим, ҳар қалай, истаралигина қиз. У менга меҳрли табассум билан қараб қўйди. Унинг ҳатто киприкларидан ҳам меҳр ёғилар эди. Кийган кийимлари ярашиб турибди. Эримнинг диди чакки эмас: чиройли кўйлак танлабди. Эрим синфдошлари билан йиғинларга борса, уйининг бекасини эмас, қалбининг "бека”сини етаклаб борарди. Учовимиз ҳам битта маҳаллада катта бўлганмиз, бу нарсаларга қандай қилиб кўз юмиш мумкин. Негадир, Муҳаббат опанинг ўрнида бўлиб қолгим келди. Бу қизни – ойим ва қайнонамдан бошқа –бутун маҳалла яхши кўради (гарчи эрим билан ҳалиям алоқа қилишини билишса ҳам). Ўқувчилик кезларим Муҳаббат опа доим бизга бир воқеани айтиб берарди: "Яратган она табиат чиройидан баҳраманд бўлиш учун инсонни яратибди.Аллоҳ Ер юзини инсонларга тақсимлаётганда деҳқонга энг унумдор жойдан, савдогарга одам гавжум жойдан, балиқчига сув бўйидан,чўпонга ўтлоқлар устидан, хуллас, ҳамма ўз ҳолига яраша.