Сеҳр.
Маҳфуза ишга кетиш учун дарвозахонадан чиқаётиб рўпарадан келаётган сариқ, чўлоқ аёлга урилиб кетди. Аёл ҳам шартта Маҳфузанинг билагидан маҳкам чангаллаб ўзига тортди: белидан қисиб, икки юзидан ўпиб олгач, "ҳо-ҳо" лаб гап қотди:
-Танидизми мани Маҳфузахон, юрегиз "жиз" этмадими, ичиз "шувилламади" ми, ваййй... қизариб кетганини-чи буни ҳа-ҳа-ҳа... Ман бўлажек эризни опасиманда... айланиб кетей...
Маҳфуза сидирилиб, аёлнинг қўлидан чиқиб, отилиб йўлга тушди...
Уйга қайтиш пайтида юраги увишди, эрталабки сариқ хотинни эслади:
-"Мунча серқатнов бўлмаса, кунига уч маҳал қатнаяптими?! "
Уйга қайтса, ўша аёл эрталабдан кейин яна бир марта келиб кетибди.
Кечки овқат пайтида юраги безиллади, "ишқилиб яна гап очишмасада... "
Кутганидек бўлди: дадаси гап бошлади "ман эркак қуда бўлмишни яхши танийман, юввош одам, мактабда партадошим бўлган, кейинчалик бошқа мактабга ўтиб кетган, лекин эсладим, яхши одамлар улар"
Маҳфуза зўрға чой хўплади.
Секин отасига қаради, падари хотиржам пиёлани айлантириб ўтирибди.
"Турсам бўладими?!"
-Ҳа... Боравер, омийн, тинчлик-сиҳатини берсин"
Эртаси куни куёв бўлмиш-йигит қўшнининг уйига келибди, учраштиришди, уялиб чиқиб кетган Маҳфузанинг ортидан сариқ аёл "ёқти,ёқти, тўй бу ёғи тўўўўй" деб аввалдан ноғора қоқиб ташлади. Нимагадир уйда тўй харакатлари бошланиб кетди. Шундай бўлса ҳам отаси бир қур Маҳфузага ташлади:
-Ҳали ёшман, ўқимоқчиман...
Маҳфузанинг "ўқимоқчиман" дегани "кассетаси чайналган магнитафон" нинг овозидек ғинғиллаб чиқди...
Уй оҳаклаш, таъмир ишлари авж олган кунлар Маҳфуза яна кўп бор "қайнопа" бўлмиш билан дарвозахонада тўқнашиб кетиб, юраверишди...
Бир куни ишдан уйга қайтиб "янги гап" ни эшитди. Дадаси кўча дарвозаси ёнидаги тутни каллаклаётиб, узун тугилган бир нечта ипларни топиб олибди. Ҳаммалари ҳайрон бўлиб қолишди, барча уй аъзоларининг ичида мавҳум ип тўғрисида "бу-нима?" деган савол бор эди.
Ғизиллаб, "қайнопа" бўлмиш келиб қолди. Содда онаси ипни аёлга кўрсатди:
-Бу нима экан, энди айланий, тутга осиб кетишганмиш...
Сариқ аёл эса онасини ўтакасини ёрди:
-Вой қуда ҳола, бекорга Маҳфузахон "тегмайман" диб ирғишламаётган эканда, мана гап қаёғда?! Бу илму-амал... бу зиён! қизийзни йўлларини биров боғлаб қўймаса-шунақа яхши жойлардан келса ҳам "тегмайман" деб оёқ тирармиди?! Худоё худодан топсин, қилган одам, бўйи лаҳадда чирисин, шундоқ оилани кўролмай шу ишни қилган бўлса?!....
Аёл қарғишларни думини думига улаб қарғанаверди, жаврайверди. Онаси бечора эсанкираб зинапояга ўтириб қолди:
-Энди нима қиламан?!
-Нима қиласиз?! Тўйни тезлатинг қуда ҳола, душманлариз ғиж-ғиж экан, яна бир бало қилмасларидан, қиз болани жойига топшириб, қутулинг, бўмаса ўтириииииб қолади-я! "
Аёл кетди. Кетишида ўша узун тугилган ипларни ўзи билан олиб кетди, "мулла топиб ўқитиб, кооотта анҳорга оқизар" эмиш...
Отаси ҳайрон: "йигирма кун олдин ҳам тутни каллаклаган эдим, тутда ҳеч нарса йўқ эди!" дейди ҳолос...
Тузукроқ суриштиришмади ҳам, бир ой ичида тўй ўтди-кетди: Маҳфуза келин бўлган уйини кўриб тўғриси хайрон бўлди, уй- абгор, шифтдаги фанералар кўчган, айвонининг деразаси кўзига ойна ўрнига ёстиқ тиқилган, поллар ғирчиллайди, ниманидир чирқиллагани эшитилади, уй ёнидаги молхонага ўхшаш жойда кимдир бўридек увиллайди, қайноғалар у ёқдан бу ёққа сўкинишиб, тепинишиб ўтади, бидонларнинг шарақлаши кимнидир "хороми, сувни тугатибсан-у" деб қичқириши эшитилади, аёлларми, қиз-невараларми бир-бирини "қанжиқча бу ёққа ке" деб чақиради, "қайнонаси бўлмиш" ни ҳириллаб кимларнидир қувгани, оёғидаги калишини даранглатиб отгани уй ичигача эшитилади.
Маҳфуза "қайерга тушиб қолдим?!" деб ўйлади.
Куёв қаёғдандир магнитафон кўтариб кирди, кнопкаларини босган эди ишламади "ҳорами... га тиқибди-ю" деб сўкиниб чиқиб кетди, кўчада ким биландир ўзича "разбор" қилди.
-"Маҳфузахон, мана уйизгаям кеволдиз, энди сизи опчиқиб аямга топшириб қўйиб кетаман, манам чарчадим, уйимга борааай" деб қийшайиб кириб келди қайнопаси...
"Вой си......
Давоми 8:00 да