Хўш, қалай кичкинтойнинг соғликлари яхшими? Янгабону, Райҳонбибилар ҳам эсон-омон юришибдими?
Ҳеч нарсадан бехабар муаллим меҳмоннинг кайфиятини илғамай саволга тутди.
– Яхши, Нурмурод оға, яхши ҳаммаси.
Шундан сўнг Фармонбек яна жимиб қолди. Шундагина Нурмурод муаллим куёви бесабаб келмаганини тушунди.
– Нима гап, Фармонбек, айтаверинг.
– Нурмурод оға, ҳалиги ажрим ҳақидаги қоғозни берсангиз.
– Ие, нега, тинчликми?
– Янгангиз парткомга ариза қилди. Устимга хотин олиб ўзимни ҳам, бола-чақамни ҳам қийнаяпти, партиявий жазо беришингизни сўрайман деб.
– Янгабону оқила ва мард аёл. Сиздан нима ўтди, биздан нима ўтди? Янгабону шундай қадам қўйибдими, дилини қаттиқ оғритгандирсиз, куёв?
– “Болани менга беринглар, ўзим катта қиламан, фақат мени она дейди, бир йил ўтмай бу хотин яна туғади, ўша сизларга бўлади”,- деди. Жиянингиз “бирга катта қилайлик, бирга тарбиялайлик”, деса кўнмади. “Дўхтир даволаёлмади, табибнинг фойдаси тегмади, ўзим даволадим, қош-у, қовоғига қараб яшадим, бола менга”,- деди. Хуллас иккови сиз-биз бўлди.
Муаллим бош чайқади.
– Бермайди. Икки укасини опа бўлиб эмас, она бўлиб тарбиялади. Боласини тишида тишлаб кўтариб далада ишлади. Қўйиб берсангиз урушга кетган акасини пиёда излаб кетади. Ҳали сал ўзига келса кампирдан ҳам боласини қайтариб олади. Жон берса беради, жонига яқинларни бермайди. Янгабону аста-секин ўзига яқинлаштириб тарбиялайверса бўлар эди. Лекин янгабону фақат шу гап учун ариза қилмагандир. Ўзингиз икки аёлни бир кўзда кўрмагандирсиз-да, куёв?
– Тўйда “ болани меҳмонлар ёнига мен кўтариб чиқай”,деди, “йўқ ўзининг онаси обчиқади”, дегандим. Жуда ранжиган экан.
– Сиз ёш хотинни ясантириб, бола кўтартириб меҳмонлар олдига чиққансиз. Райҳонбиби айтмадими, опам чиқа қолсинлар деб.
– Айтувди бечора. Озгина кайфим бор эди, эътибор қилмабман.
– Эҳ, дўстим, катта хотинингиз оқила ва мард, кичиги меҳнаткаш, фаросатли... Худо ол қулим деб турган жойда тарозуни тўғри ушламабсиз.
– Айтманг, муаллим оға, хатойимни кеч тушундим, энди нима қилай, бошим қотиб қолди. Қулоқ қилиб Сибир-мибирга жўнатиб юборса додимни кимга айтаман?
– Энди Худо деб туринг. Қоғозни янгабонудан олганман, ўзининг қўлига бераман.
Муаллим чуқур ўйга толди. Унинг хаёлларини чойнак-пиёла кўтариб кирган қизалоқ бўлиб юборди.
– Қизим янгангни чақир.
Кириб келган Саидабону эрига савол назари билан қаради.
– Янгабонунинг ажрим ҳақидаги