#ИЗТИРОБ
МУАЛЛИФ: #Назли
14
Эрта тонгдан Маҳлиё кетаман дея нарсаларини йиғди.
— Қанча вақт яшамоқчисан? Дилдора қизининг қўлларидан ушлади.
— София опамнинг таътили тугагунча.
— Уч ойми? Уч ой ўша уйда яшайсанми?
— Ойижон барибир бу ерда зерикаман. Ёз келган бўлса, тун қисқа, кун узун битта ўзим жуда зерикяпман.
— Унда опангни шу уйга чақирайлик. Маҳлиё кескин рад жавобини берди. Опаси чиройли, қош-кўзлари қоп-қора, сочлари узун. Опаси келса Жамшид бирор нарса қилади дея қўрқди. — Йўқ, бу ер бўлмайди, ойижон. Бобо, бувимни ҳам кўрардим, кейин тоғамникига олиб борарди, у ердаги опаларим билан бирга бўламиз.
— Майли, қизим. Лекин бизни қайси вақт соғингсанг келавер хўпми?
— Хўп.
— Мен ишга кетдим, энди.
— Опам келишини хоҳламайманми? Хоҳлайман, лекин қўрқаман... опам бу ерда яшашидан қўрқаман... Мен ҳам қўрққаним учун кетяпман ҳеч бўлмаса уч ой тинчликда яшай. Кейин, кейин адамга айтаман мени бу уйда қолдирмайди.
Орадан бир ой ўтди.
Анча ўзини тутиб олган Зулфиқор ўз ишларини давом эттира бошлади, икки синглисини ўқиши учун пул тўплай бошлади.
— Зулфиқор, ўғлим яхшимисан? Қийналмаяпсанми?
– Ассалому алайкум, Аллоҳга шукр яхшиман. Ўзингиз яхшимисиз, амаки?
— Биз яхшимиз сенга бир гап айтгани келгандим. Хафа бўлмайсан.
— Тинчликми? Зулфиқор қўлидаги қоғозларни столга қўйиб амакисига қаради. — Ҳамкорлар биздан маҳсулот олмасаканми? Ёки бирорта ҳамкоримиз бошқалар билан ҳамкорлик қилишмоқчи эканми?
— Ўғлим, гап бунда эмас. Ҳамкорлар ҳаммаси биз билан. Кеча қуда томондан телефон бўлганди.
— Мунисаларданми?
— Ҳа, келин томондан телефон қилишганди. Амакиси қандай айтишни билмай бироз каловланди.
— Тўйни бекор қилишибдими? Зулфиқор алам билан гапирди.
— Қаердан билдинг? Амакиси Зулфиқорга ҳайрон қаради.
— Мунисанинг охирги вақтлардаги ҳаракатларидан бир нарсани сезгандим. Мана шу эканда, тузук-қуруқ гаплашмайди, олдин доим ёзиб турарди, ойим билан адамдан кейин деярли хабар олмай қўйди. — Нима дейишди, сизга? Зулфиқорнинг жаҳли чиқиб у ёқдан бу ёққа юра бошлади.
— Қизимизнинг ҳамма нарсаси тайёр, ортида сингиллари бор, тезроқ узатишимиз керак деди.
— Нима мени тўй қила олмайди деб ўйлашдими? Ёки ота-онаси йўқ қўлидан бирор нарса келмайди деб ўйлашдими?
— Билмадим, ўғлим. Отаси телефон қилиб айтди.
— Майли, амаки. Зулфиқор стулга ўтирди. — Тақдирмас экан, лекин улар билан гаплашишим керак.
— Ўғлим, гаплашма. Зулфиқорнинг характери тезлигини билиб амакиси бормаслигини айтди. Борса бирор ишкал чиқазади дея қўрқди.
— Амаки, ортиқча бирор гап айтмайман, бораман сабабини биламан келаман. Ёки Мунисадан сўрайман! Қўлига телефонини олди-да хонадан чиқиб кетди.
Машинасига ўтириб ўша таниш нўмерга телефон қила бошлади, узоқ чақирувдан кейин телефонинг ортидан аёл кишининг овози келди.
— Муниса, сизмисиз? Зулфиқор нотаниш овоз сабаб савол берди.
— Мунисанинг онасиман, ким керак сизга?
— Ассалому алайкум, мен Зулфиқорман. Муниса билан гаплашиб олишим керак, мумкин бўлса агар.
— Дадаси рухсат бермайди, бошқа телефон қилманг, амакингизга ҳаммасини айтдик.
— Мен... Зулфиқорнинг гапи тугамасдан қўнғироқ ўчирилди.