га қамалиб олди. Бугун эса кўринмаяпти. Азонда туриб, ҳовлида уймаланиб юрадиган чол бугун қорасини ҳам кўрсатмади. Бахтиёр "ётгандирлар-да" дея безовта қилгиси келмади.
Дарвоза эшиги очилди. Кимнингдир оёқ қадамлари эшитилди. Бахтиёржон туришга эринди. Мавлуда опасининг қораси кўрингач, енгил тортди.
-Бу нима ўтириш, чой-пой ичдингми?,-деди у супага яқинлашиб.
-Бирор нима еб олсангчи? Ишингга бормадингми? Магазин нима бўлди?
-Одам бўлгани билан беэътибор бўлма. Ишингга бор, овунасан. Ғамга ботиб ўтирганинг билан,-шу ерга келганда овози титраб кетди Мавлуданинг,-онам тирилиб келармиди?
Бахтиёр юзини нариги томонга бурди. Бармоқлари кўзларига югурди.
-Дадам қайда? Чой-пой дамлаб бердингми?-туйқус Сайфи ота ёдига тушиб, чор атрофга қаради аёл.
-Сен ётасан пешингача. Дадам хўроз қичқирмай уйғонадилар. -Мавлуда шундай деб Сайфи ота ётоқ қилиб олган ҳужра томон жадал қадам ташлаб борди-да, хона дарчаси олдида отасини чақирган бўлди. Жавоб бўлмагач, эшикни очиб, ичкарига бош суқди.
-Ие, йўқку,-деди ҳайрон бўлиб сўнг эшикни ёпиб Бахтиёржон олдига қайтаркан. Бахтиёр қаддини ростлади. Энди ҳайрон бўлиш навбати унга келганди.
-Бу саволни мен беришим керак сенга,- овози бир парда кўтарилди Мавлуданинг.-Шу уйда туриб сен билмасанг, мен қаердан билай?
Бахтиёр бу саволга жавоб беролмади. Опаси ҳақ эди. У ёш бола эмас. Унга опалари "отамиз суянчиқларидан айрилди, сен эркаксан, қўриқчи бўл, ғамхўрлик қил, фарзандлик бурчингни аъло бажар" деб тайинлаши шарт эмас. Аммо кечадан бери, айниқса Баҳора кетгандан бери ўзгариб қолгани, бирор фарзанди билан гаплашмаётгани аламли эди. Бахтиёржон шунга шаъма қилиб гап бошлаган эди балога қолди. Мавлуда имога маҳтал турган жанжалкаш аёлдай ловуллаб кетди:
-Гапирмасалар гапирмасинлар. "Шумқадам" шунча азиз бўлиб қолдими? Онамизнинг ўлиги устига келган, пойқадами қуриб кетгур шу касофат шунча қадрли бўлиб қолдими? Онагинам-а? Тилла аёл эдилар-а? Дадам онагинамнинг қадрига ҳали ҳам етмабди-я?
Шу дам Бахтиёржоннинг қўл телефони куй таратиб юборди. У шими чўнтагидан телефонни дарҳол чиқариб, ким қўнғироқ қилаётганини билиш мақсадида экранига кўзи тушдию капалаги учиб кетди. Экранчада "ойим" деган титр кўринди.
-Нима бўлди, рангинг оқариб кетди?-укасига яқинлашди Мавлуда ҳамон куй чалаётган телефонга жавоб бермай нигоҳ суқиб турганини кўриб. Бахтиёржон опасига телефонни узатди. Ўзи эса бир пиёла сув ичиш учун ошхонага йўрғалди.
***
💥Шукур амаки хонадони.
Сабоҳат янга ва Ҳалима ая дастурхон атрофида ўтиришибди. Айни дам тушлик қилишаётганди. Ҳалима ая ўзи ва овсини овқатдан бўшаган косаларни четга суриб қўйди, сўнг латта ғилофни чойнак устидан олиб, бирин-кетин пиёлаларга чой қуйди.
-Бу ғавғолар ҳам бошимизда бор экан, келин. Нима қиламиз, бошга тушганини кўз кўради дейишадику?-ҳасрат дастурхонини оча кетди Ҳалима ая.-Баҳоранинг қайнопаларини ақлли, ҳушли десам, ғирт ноодам чиқдику? Куёв ҳам опаларидан қолишмас экан.
Сабоҳат янга чойдан бир-икки ҳўплаб пиёлани дастурхонга қўйди.
-Ҳар хил одам бор экан-да. Билмас экансиз. Баҳора шўрликда нима айб? Бир айби келин бўлиб шу хонадонга кириб борганими?
-Э ҳамма айбни қизимга тўнкашяптида бу одам бўлмагурлар. Номини "шумқадам"га чиқаришди ярамаслар.-томоғида нимадир тиқилгудек бўлиб деди Ҳалима ая.
-Қўйинг, хафа бўлманг, ҳали қилган ишидан афсусланади бари. Келиб шундай элансин-ёлворсин, мени айтди дерсиз. Баҳорахондек қизни икки дунёда ҳам топа олишмайди.
-Мен ҳам анча ўтириб қолдим. Энди борай Анисанинг боласини ухлатиб келгандим. Уйғонган бўлса, йиғлаб-нетиб қолмасин,-шундай дея ўрнидан қўзғалди у. Ҳалима ая шошиб қолди.
-Ўтиринг, борасиз-да, келин. Анисангизга ҳам бир йилдан ошдиёв, а?
-Бир йилу тўрт ой бўляпти. Иши тузук. Бир аёлнинг иккита боласига энагалик қиляпти экан. Яхши дейдику? Э, алкаш эри бир тийинга зор бўлмаганида кетиб қолмасди бегона юртларга. Мусофир жой, ўйлайсиз-да, барибир. Кечалари уни ўйлаб уйқум қочиб кетади. Ишқилиб боласи бошига омон-эсон бўлсин.-Сабоҳат янга ўрнидан турди.
-Кетардингизда?-деди Ҳалима ая уни орқасидан дарвозагача кузатаркан.
-Бормасам бўлмайди, янга. Яна келарман,-у шундай деб дарвоза тутқичига қўл берган ҳ