Қўчқор НОРҚОБИЛ
БОШҚА НАРСА
ҳикоя
– Даданг телефон қилдилар. Эртага келарканлар, айтмадилару, лекин кутиб олишга чиқсанг, яхши бўларди.
– Хўп, самолёт қачон қўнаркан, ойи?
– Нукусдан учиб келадиганини суриштир. Менимча, ўзи битта рейс боров...
– Яхши, ойи. Хавотир олманг. Ўзим кутиб оламан, деб дадамга ҳам ёзвордим.
Зоҳид қўлтелефондан юборилган хабарни дадаси ўқиганлигига ишонч ҳосил қилди.
Машинасини ўт олдириб, кира қилиш учун йўлга чиқди; ҳарнада, оилага ёрдам. Дадаси эса кўпинча хизмат сафарида бўлади, топгани рўзғорга амал - тақал. Ўқиш пулини тўлаш ҳам осонмас.
Дам олиш куни бўлгани учунми, одам кам. Ярим тунгача шаҳарнинг тўғри - эгри кўчаларини санаб чиқди. Ёқилғининг ёртиси, олқиндининг ортиси қилиб бир икки сўм ишлади. Уйга қайтсам бўлар энди, деб турган маҳали тағин буюртма тушди.
Шаҳарнинг бир четида, йўлчироқларига қирғин келган, тор, ўйдим - ўлдим, яхмалак тортган зимистон кўча орқали юриб, тўрт қаватли уй ёнида тўхтади. Қўлтелефонга уланган йўлкўрсатар дастур шу ерга олиб келди.
Машина орқа эшиги очилди. Совуқ ҳаво урилди. Қоронғуда кимнингдир ғунғуллагани ва аёл кишининг жиртаки - жеркинди гапи эшитилди:
– Довдираманг-ей мунча. Тез - тез бўлинг, совуқотиб кетдим. Айтдим-а, камроқ ичинг, деб... Шишанинг ичига кириб кетгандан сўнг шундай бўлади-да.
Орқа ўриндиққа кимдир гупиллаб қулади. Пишиллади. Йигит ўгирилди… Туйқус… рул тутган қўллари титраб кетди. Улов ичида ачитқи ҳид анқиди. Аёл яна нимадир деб тўнғиллади-да, ўзини ичкарига урди.
... Машина қайсидир идорага қарашли далаҳовли дарбозаси олдида тўхтади. Аёл эркакни жеркиб - силкиб, турткилаб - тортқилаб уйғотди.
– И-и-и... ич... ичкари... ичкарига кирма-а-а... Ў... ў... ўз-з-з-и-и-и-мм ҳ-и-и-й-ққ. Бу ёғиг-а-а-а ўз-и-и-и-ммм!
– Ҳали ҳам кираман, деб ўлаётганим йўқ, бунча қўрқмасангиз... Ишқилиб, кулбангизгача эсон - омон етоласизми? – Аёл ўзича, шунчаки ғамхўрлик қилгандай бўлди.
Эркак чайқалиб, “тўфонтўлқин” юриш қилди.
– Ҳайрият-е... Узр укажон, Сиз эътибор берманг. Кетдик!
Машина шаҳарга киргач, йўл четида тўхтади.
– Тушинг, бу ёғига ўзингиз кетинг.
– Бу нима деганингиз? Эсингиз жойидами?
– Туш-е, ҳе, онангни...
Жувоннинг жон - пони қолмади. Қўрқиб кетди. Ташқарига отилиб чиққани ҳамона жойидан шиддат ила қўзғолиб, ўқдай учган улов ортидан карахт ҳолда қараб қолди.
Йигит йиғларди... Симёғочларда порлаган чироқ нурлари кўз ёшлар пардаси ичра хиралашиб, титраб кўринар, у тезлик меъёрига ҳам эътибор бермай қўйганди. Хаёлида эртанги тушлик учун яхши таомлар тайёрлашга берилиб, қўли олти, оёғи етти бўлиб учиб - қўнаётган онаси гавдаланди, чидай олмай ўкириб юборди.
...Эртаси...
Эртаси...
Йўқ, эртасига дадасини кутиб олгани аэропортга эмас, кечаги далаҳовлига борди.
... Орқа ўриндиққа беҳафсала чўккан ота оғир - оғир, ҳансираб нафас олди. Унинг салқи тортган юз терилари пир - пир учди. Машина ичини кечаги ичимлик асорати – исқоти ҳид тутди.
На ўғил, на ота чурқ этишмади. Фақат... фақат Зоҳиднинг кўнглида аллақандай азоб, ҳа, уят ва ўлимдан ҳам оғирроқ, худди улкан тошдай, йўқ, тоғ каби ҳайбатли бир бало чўкиб ётардики, у шу пайтгача бундай оғриқни ҳис қилмаганди.
Йўқ бу оғриқдан ҳам даҳшатли, азобига чидаб бўлмайдиган бошқа нарса эди.
Ҳа, бошқа нарса...