ига бўлади. Бунисини мен оламан ва фақат мени она дейди!
– Йўқ бермайман!
Райҳонбиби чақалоқни биров тортиб оладигандек бағрига босди. Унисини момоси олиб кетди. Бунисини сизга берсам. Нима мен ичидан бола суғуриб оладиган болахалтаманми?
– Ие, тилингиз чиқиб қолдими? Сиз тили ширин достончи-ю, маталчи эдингиз-ку! Қаттиқ-қаттиқ гапиряпсизми? Югурган-елган мен-у, ўғил туққан бойвучча сиз бўлиб қолдингизми? Мен бўлмасам мана бу эркак сенга қайрилиб ҳам қарамасди. Юрардинг буғдой ўриб, машоқ териб! Сени мана бу хонадонга олиб келган, ўзим емаганни едирган, ўзим киймаганни кийдирган менман!
Райҳонбиби гўдагини бағрига босганча ўтирган каравотидан турди қоматини тик тутиб сўзлади:
– Сизнинг яна бир сўзингиз бор эди.
– Қандай сўз? – деди Ширинбону ҳайрон бўлиб.
– Тоғамга “агар шу жиянингиз олиб беринг деса, шундай қўлимни узатаман-у, осмондан ойни олиб бераман”,-- дегансиз.
Ширинбону кундошининг қулоғига оӣбалдоқ тақаётган дақиқалардаги Нурмурод муаллим билан бўлган суҳбатни эслади. Эслади-ю, бошини эгиб, ерга қаради.
Райҳонбиби сўзини давом эттирди:
– Шундай қўлингизни осмонга узатиб, ойни олиб беринг-да, боламни бағримдан олиб кетинг. Бўлмаса, кўтариб тоғамнинг уйига қайтиб кетсам ҳам бутунлай бермайман.
Бирдан унинг кўзларига ёш келди. Йиғлаб туриб сўзлади:
– Ана олинг, бағрингизга босинг, тарбиялаб ўстиринг, лекин бутунлай тортиб олманг, менга бундай азоб берманг, опа! Эслатилган ваъдадан бироз мулзам тортган Ширинбонуни кундошининг “менга бундай азоб берманг”, дегани яна олдинги ғазабига қайтарди:
– Мен ҳали сенга азоб берибманми? Бирор луқмани яшириб едимми ёки бирор кўйлакни ошириб кийдимми? Ёки бурнингдан баланд гапирдимми? Ё эр-хотинликни навбатма-навбат қилиб, эшик қоқдимми? Сен азоб кўрганинг йўқ! Азобни мана мен кўрдим! Энди навбат сенга келди! Азоб қандай бўлишини энди кўрасан!
Ширинбону тарс-тарс юриб хонадан чиқиб кетди. Фармонбек катта хотинининг орқасидан чиқиб қичқирди:
– Бону, шошманг, Бону! Шодмонбек сизнинг ҳам болангиз, бизнинг ҳам боламиз. Биргалашиб тарбиялаймиз, биргалашиб ўстирамиз.
Ширинбону шарта ўгирилиб қаради.
– Ҳали мен мен, иккаланг сизларми?! Сизлар бир тараф, мен бошқа тараф бўлиб қолдимми?! Бўпти, ким қайси тарафдалигини аниқлайдиган жойлар бор. Ўшалар ҳаммасини ҳал қилиб беради!
Ширинбону ўз бўлмасининг остонасини ҳатлаб ичкари кирди. Югуриб борган эрининг юзига эшикни қарс этиб ёпди. Унинг бу ҳаракати Фармонбекни бадтар ғазаблантириб юборди.
– Ҳали шунақами?! Ҳали аниқлайдиган жойларга борасизми?! Боринг! Аниқланг! Ўша жойлардагилар ҳам қоғоздаги ёзувни ўқишни билар?! Ажрашиб кетган хотин эканлигингиз эсингиздан чиқмасин! Сизга бола тарбиясини ишониб бўладими? Ўзингиз туққанингизни асраёлмадингиз, биров туққанини ўстирасизми?
Ширинбонуни жон томирларигача, суяк-суякларигача қақшаб кетди:
– Нима?