#Шубҳа
170-қисм
"Ойбек ёки бошқаси эмас ... сизнинг яхши бўлишингиз менга муҳим. Лекин бу сизни хотиржам қилса, шуни билинг. Ойбек осонликча сиздан воз кечадиган йигит эмас. Ҳатто аллақачон Америкага чипта ҳам олиб бўлгандир", -деб жавоб берганида кўзимдаги ёшларнинг сабаби энди Ойбек бўлди.
Моҳигул опа билан гаплашиб бўлгач меҳмонхона хонасида ёлғиз ўзим, оиламдан қолган синиқ парчаларни йиғиш билан оворадек бўлдим. Оиламдан қолган тақдир синиқлари кесган ери кўз билан кўринмасада, руҳим ҳар еридан оқаётган қонларни сезар эди.
🔦
"Жуда совуққон ва пухта режа билан қилинган кўринади."
"Мен ҳам бу фикрга қўшиламан. Агар Ўзбекистонга ўша пайтлар киргани аниқ бўлса... унда шубҳасиз, қотил- шу одам", -деб Саранинг гапига фикр билдирди Жери.
Тонг қандай отди, билмадим. Иш вақти бошланишини кутиш йиллардек бўлди. Сара ва Жери ишхонага келар- келмас, улар билан телефон конференсияси орқали боғландим. Улардан фикр олар ва бир ёндан Моҳигул опага смс ёзишга ҳам улгураётган эдим.
"Америкада ҳам расмий равишда жиноий иш очилиши керак", -деб Сара сўз олганди.
"Сиз бир неча суриштирувни жиноят иши очмай олиб бордингизми?", -деган савол Жеридан келди.
"Биз шунчаки маълумот йиққан эдик. Энди катта эҳтимол, бу жиноятнинг асл бошланиши ерини топгандекмиз", -деб жавоб берди бошлиғимиз.
"Агар сўнгги сонияда ишлар бошқа томонга ўзгармаса. Унда ишонч билан қотил ёки уни режалаштирган шахс Нажжжжммм..."
"Нажмиддин", -деб Жерига исмни айтишида ёрдам бердим.
"Қийин экан исми?", -деб қўйди.
"Акам у одам билан кураша олмагани учун ўч олиш йўлига ўтган", -дедим кечадан бери шу фикр миямда айланар экан.
"Гайз, (ошналар) бу ақл олмас иш. Ўйлаб кўринг! Бир одам онасини қутқариш ёки отасининг ўчини олиш мақсадида бошқа юртга йўлга чиқади. Ва у ерда тузоққа тушади", -деб ҳаяжонланиб гапирган Жерининг сўзлари, менга "Овга кетиб овланган," иборасини эслатганди.
"Бу ишда бир эмас, бир неча сотқин кишиларнинг бармоғи бор, назаримда. Чунки Миршод уч йил олдин онасининг олдига борган. Ўгай отанинг қилмишларини билиб режа тузган бўлса, бу ишини Миршод ҳам жуда ёпиқ олиб борган. Аммо қаердадир билдириб қўйган", -деб Сара яна тахминларини айтди.