Хунук илжайиб турган тақдиримга ёзилган инсондан шундай
нафратландимки, хайрлашишни ҳам унутиб уйга жўнадим.
Келиб ҳаммасини онамга айтиб бердим. Ўзимни билмай йиғлардим. У ҳам карахт бўлиб қолди, сўнг отамга айтди бўлган воқеани. Отам эса пинагини ҳам бузмади. Мен ёлвора бошладим, тўйни қайтарайлик, дедим. Онамнинг оёқларига йиқилдим, отамни кўндиринг, дедим. Барибир, кўндиролмасди, кўндирмасди ҳам. Ахир онам битта эмас, олтита қиз туққан. Менинг тўйим қайтса, уларнинг қисматига бу, албатта, таъсир этарди. Хуллас, ҳеч ким рози бўлмади.
Мен бир ҳафта ичида адо бўлдим. Тўйим бўлмаслигини Худодан кечаю кундуз сўрадим. Мени кутиб турган даҳшатларни тўлиқ тасаввур этолмасам-да, кўнглим сезиб турарди. Ҳаммаси ёлғон бўлишини, акаси ҳазиллашган, аслида, ўзи бўлишини жуда истардим. Акс ҳолда, у билан бир уйда яшаш қўрқинчли эди.
Тўй бўлди. Мен ўз тўйимни худди мотамда ўтиргандай ўтказдим. Бу ҳам хатомдир. Балки, бахтимни қувнаб кутиб олганимда…
Тўйдан олдинги азобларим ҳолва экан, ҳаммаси кейин бошланди. Мисли дўзахда ёна бошладим. Қайнакам ҳарбий, ҳар куни ишга кетади. Хотинини севади, битта ўғилчаси бор. Менинг эрим эса ғирт такасалтанг эди. Ҳеч қаерда ишламайди, юриш-туришининг тайини йўқ. Бир-иккита бекорчи ўртоқлари билан тентирагани-тентираган.
Қайнакамга ҳам, бошқаларга ҳам ҳисларимни сездирмаганман. Ҳар ҳолда, шунга ҳаракат қилганман. Аёли ишга кузатаётганда ичимни ит тирнарди, унга шундай ҳавас қилардимки… Ишдан қайтадиган пайти бўлишини интиқиб кутардим. Овқатни унинг учун пиширардим. Ҳар куни минг марта ўлиб, минг марта тирилардим. Баъзан Худога қутқар, деб ёлворсам, баъзида бир уйда яшаётганимга, ҳар куни кўриб туришимга шукр қилардим.
Эримни шу қадар ёмон кўрардимки… Уйга келмасин, деб юрак ҳовучлардим. Ажрашиб кетолмасдим. Суймаганим билан умримни ўтказишга маҳкум эдим. Кўз олдимга беш синглим келарди. Норасидаларнинг тақдири бахтиқароликка бурилмасин дедим. Қанча олов бўлса, ёнишга кўндим.
Эримга бироз меҳр кўрсатмасам, оилам бузилиб кетиши тайин эди. Аммо бунга ўзимни мажбурлай олмадим. Шунда хаёлан эримнинг ўрнига акасини қўйдим. Уни хаёлимда тасаввур қилиб яшай бошладим. Ахир улар ҳаётда шундай қилишди-ку!
Бироз тинчиб яшадим. Баъзан менга ишонаётганларини кўриб ҳайратланардим. Қандай даҳшатли саҳна. Бу орада икки фарзандли бўлдим. Ўзимдан жирканган пайтларим ҳам бўлди. Аммо нега? Нега ўзимдан нафратланай, пок ишқим учунми, ё алдашга, ўзгаларнинг тинчини ўйлаб тамом бўлаётганимгами? Шу ўйлар бироз бўлса-да, таскин берарди.
Қайнакам ва овсиним уй олиб, кўчиб кетишди. Энди шундай азоблана бошладим, асти қўяверинг. Аҳён-аҳёнда яшириб доим олиб юрадиган суратига тикиладиган бўлдим.
Ҳозиргача шундай. У кўзимга бошқача кўринади. Шунча ўтган йиллар уни қалбимдан олиб кетолмади. Ўттиз беш йил олов ичида яшадим. Ўттиз беш йил адойи тамом бўлдим. Бироқ ҳеч кимга чурқ этмадим, номус қилдим. Гоҳ ўзимни, гоҳ уларни айбладим. Бироқ бу ҳеч нарсани ўзгартирмади. Қисмат мени роль ижро этишга мажбур қилди. Ўлмадим. Аммо… Ҳар куни юзлаб сочим оқараётганини, битта томирим чарс узилаётганини ҳис этдим.
Пинҳон қилган гуноҳларимни Худо кечирадими? Билмайман… Аммо шуниси аниқ, буларни ўз истакларим билан қилмадим.