Бугун кечгача Мавжудани ҳеч ким безовта қилмади, мана қоронғу ҳам тушди, камеранинг панжарали кичкинагина деразасидан буни англаш мумкин эди, у ердан ташқари умуман кўринмаса-да, ундан тушаётган хира ёруғлик тушмай қўйдими демак қоронғу бўлганини билиш мумкин эди.
Ҳаммаёқ жим-жит, бу ерда ғалати сокинлик ҳукм сурар эди, негадир ғалати, худди бир тўфон олдидан бўлиб турган жимликка ўхшар эди бу. Бирданига қандайдир бақир-чақирлар эшитила бошланди, кимдир вой дейди кимдир дод дейди, кимларнидир олиб чиқиб ҳам кетишмоқда.
Мавжуда ўрнидан туриб кетди, у нима бўлаётганини тушунмас эди.
- Рисолат опааа, - деди у йиғламсираб. - Нима у, нималар бўлаяпти опа? - деб аёлга яқинлашди у.
Рисолат тахта ўриндиққа жойлашиб ётиб олган экан, "вой белим-ей" деб у туриб ўтирди ва яна сигарет ёқди.
- Эътибор берма, бу ерда шунақа, "мужик"ларга "давления" қилишаяпти, қўшимча ишларини очишади, айбини бўйнига олмаганларни бўйнига қўйишади, камерада "лохмачи"лар тепада эса "опер"лар ишлашади шундай, - деб у эшикка яқин бориб қулоғини тутди у.
- "Лохмачи" ким опа? - деб сўради ҳамон қўрқувда турган Мавжуда.
- Уларми, улар "козёллар", ўзлариям қамалган аммо "мент"ларга ёрдам беришади, шундай кун кўришади, ўзимиздаям бор шундай аёллар, сенам бўйнинга олмасанг чақирашади, - деб хиринглади Рисолат. - Ҳазиллашдим, сен қўрқма, сени "делонг" аниқку, ҳаммаси равшан, менимча сенга "давления" қилишмайди, бизга ўхшаган ўғриларга қилишади, наркоманларга қилишади кўпроқ, тушундингми? - деб қайтиб жойига ўтирди Рисолат.
- Сиз ўғирлик билан қамалгансизми опа? - деб сўради Мавжуда.
- Ҳа, шу ўғирлик деб мана тўртинчи марта яна судланишимга тўғри келаяпти, "зона"даги дугоналаримни соғиндим, шу баҳонада бир кўриб келаман-да, - деб яна хиринглади Рисолат.
Мавжуда аввал эътибор бермаган экан, Рисолатнинг тишлари сарғайган, юзи тунд, дағал, худди эркакларни юзига ўхшар экан, гўё бу аёл қамоқда ўтиравериб эркакка айланиб кетгандек эди, ҳархолда Мавжуда шундай тушунди.
Бу ерда хожатхона ҳам алоҳида экан, эрталаб соат айни олтиларда навбатчи ходимлар навбатма-навбат камераларни шарақа-шурқ қилиб очишдида, ҳамма сақланаётганларни бирма-бир ҳожатга ва юз-қўлни ювишга олиб чиқишди. Бу ерда бир кеча бўлган одам ҳидланиб кетар экан, Мавжуда ўзини